ADOLAT 24

ҲУДУДЛАРДАН ХАБАРЛАР (Андижон, Бухоро, Қашқадарё, Жиззах, Фарғона ва Тошкент шаҳри)

Сафимиз кенгаймоқда

“Адолат” СДП аъзолари сафи кенгайишида “Партия патронажи” лойиҳасининг роли ортиб бормоқда. Жумладан, “Адолат” СДП Андижон вилоят кенгашига партия сафига кириш истагида бўлган аксарият мурожаатлар айни шу йўл билан ечимини топ­моқда.

 Андижон давлат тиббиёт инс­титути ўқитувчи ва талабалари орасида “адолатчи”лар кўпчиликни ташкил этади. Мазкур илм даргоҳида ўтказилган партиявий тадбирлар талабаларда қизиқиш уйғотмоқда. Куни кеча 10 нафар йигит-қиз аъзолик билетини қўлларига олишди. Энди улар “Ёш адолатчи” сифатида биз билан биргаликда иш олиб боради. 

– “Адолат” СДПнинг Сайловолди дастурида биз, бўлғуси шифокорлар фаолияти билан боғлиқ қатор вазифалар кўрсатилган, – дейди талаба Сарвиноз Ҳамидова. – Бу менда қизиқиш уйғотди. Шу сабаб “Адолат”ни танладим. Жамоатчилик орасида фуқароларнинг тиббий маданиятини юксалтиришга қаратилган тадбирларда фаол иштирок этишни ўз олдимга мақсад қилиб олдим.

Андижон вилоят кенгаши матубот хизмати

Ётоқхонада кутубхона иш бошлади

Президентимизнинг “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида қатор тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, республикамиз бўйича китоб тарқатиш бўйича кўпдан-кўп акция­лар уюштирилмоқда, эл орасида ардоқли инсонлар турли таълим мас­канларида бўлиб, китобхонлик тадбирларини ўтказмоқдалар.

Ана шундай тадбирлардан бири халқ депутатлари Бухоро шаҳар Кенгаши депутатлари Абдурауф Аҳмедов, Гулчеҳра Равшанова ҳамда Бухоро шаҳар ҳокими ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Маърифат Умарова ҳамкорлигида Бухоро шаҳридаги “Садриддин Айний” МФЙ “Саноатчилар” кўчасида янгидан ташкил топган ижтимоий Аёллар ётоқхонасида бўлиб ўтди.

Албатта, хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларда етакчилик сифатларини ривожлантириш, ташаббусларини рағбатлантириш, жамиятда тутган ўрни ва ролини оширишга қаратилган чора-тадбирларнинг аҳамияти беқиёсдир. Юртимизда ижтимоий аҳволи ва турмуш шароити оғир, ишсиз ва ижтимоий фаол бўлмаган хотин-қизларни ҳар томонлама ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш, уларга давлат томонидан манзилли тарзда кўмаклашиш борасида тизимли ишлар йўлга қўйилган. Шундай саъй-ҳаракатларнинг яна бир кўриниши сифатида мазкур Аёллар ётоқхонасида кутубхона ташкил этилиши аёлларимиз учун ажойиб совға бўлди.

Бухоро вилоят кенгаши матбуот хизмати

Оилавий шифокор пункти ташкил этилди

Халқ депутатлари Косон тумани Кенгаши депутати Лобар Абидова фуқаролардан тушаётган мурожаатларда кўтарилаётган муаммоларни ўз вақтида ҳал этишга алоҳида эътибор қаратади. Шу боис сайловчилар партиядошимизга ўзларини қийнаб келаётган турли масалалар юзасидан оғзаки ва ёзма равишда мурожаат қилишади.

Яқинда “Пудина” маҳалласидан бир гуруҳ фуқаролар бандлик масаласида депутатга мурожаат қилишди. Депутат ташаббуси билан маҳалладаги ишсиз фуқаролар рўйхати шакллантирилиб, 25 нафар ишсиз фуқаролар турли йўналишдаги мавсумий ишларга жалб этилди.

Шунингдек, маҳаллада истиқомат қилаётган кам таъминланган Лола Турсунованинг 3 хонали уйи ҳам депутат ёрдамида тўлиқ таъмирлаб берилди. Уйга керакли рўзғор буюмлари ҳомийлар томонидан ҳадя этилди.

Дарвоқе, депутат ташаббуси билан қишлоқ одамларининг яна бир орзуси ушалди. “Пудина” маҳалласида оилавий шифокор пункти ишга туширилиб, 2 киши доимий иш билан таъминланди.

Бундан ташқари, депутатга ишга жойлашишда амалий ёрдам беришини сўраб мурожаат қилган, шу йил олийгоҳни тугатган Динара Муродуллаеванинг ҳам талаби қондирилди. Депутат саъй-ҳаракати билан фуқаро Динара Муродуллаева 89-умумтаълим мактабида ўқитувчи сифатида иш бошлади.

Қашқадарё вилоят кенгаши матбуот хизмати

Аҳоли ичимлик суви билан таъминланади

Мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг туб моҳиятида “Инсон манфаатлари – ҳамма нарсадан устун” тамойили ва “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган эзгу ғоя мужассам.

Маҳаллий Кенгаш депутатларининг аҳоли билан юзма-юз мулоқот қилаётгани, уларнинг дардини эшитиб, яшаш шароитлари билан танишиб, аниқланган муаммолар мутасаддилар билан биргаликда бартараф қилинаётгани натижасида юртимизда юз бераётган ижобий ўзгаришларни фуқаролар шахсий ҳаётида сезмоқда, ўз вакилларига бўлган ишончи ортиб бормоқда.

Жумладан, Зомин тумани “Фаровон” МФЙдаги “Бирлашган” қишлоғи аҳолиси ичимлик суви муаммоси бўйича халқ депутатлари Жиззах вилоят Кенгаши депутати Муҳаммади Эгамназаровга мурожаат қилишди. Депутат томонидан муаммо ўрганиб чиқилди. Маълум бўлишича, “Бирлашган” қишлоғида истиқомат қилувчи 40 га яқин хонадон тоза ичимлик суви билан таъминланмаган экан.

Мазкур масалани ижобий ҳал этиш юзасидан депутат М.Эгамназаров томонидан туман “Сувоқова” корхонасига депутатлик сўрови юборилди. Сўров асосида “Сувоқова” корхонаси томонидан 400 метр тармоқ тортилиб, аҳоли тўлиқ ичимлик суви билан таъминланадиган бўлди.

Достон ЗОКИРОВ,

Жиззах вилоят кенгаши бош мутахассиси

Суд мустақиллиги таъминланади

«Адолат» СДП Фарғона шаҳар кенгаши раиси Шаҳноза Аҳмедова томонидан Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий марказининг Фарғона филиали маънавият залида «Суд мустақиллигини тўлиқ таъминлаш – энг муҳим вазифаларимиздан бири бўлиши зарур» мавзусида тадбир ўтказилди. Унда Фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро суди раиси Улуғбек Орипов ҳамда Мажбурий ижро бюросининг Фарғона шаҳар бўлими ижрочиси Сардорбек Холиқов суд-ҳуқуқ тизими борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар хусусида сўз юритдилар.

Бугунги кунда оилавий ажримлар, алимент, эр-хотин муносабатлари актуал мавзулардан бирига айланган. Турли сабабларга кўра оилада юзага келган ажримлар бевосита болалар тақдирига таъсир кўрсатади. Бу ўринда боланинг моддий таъминоти билан боғлиқ алимент масаласи эр-хотин муносабатларини янада чигаллаштириб юборади.

Мавзу доирасида мутахассислар ўз иш фаолияти давомида кузатган кўплаб мисолларни келтириб, алимент тўловчилар сони кескин ошиб бораётгани, ажримларни камайтиришга қаратилган чора-тадбирлар, давлат томонидан ажратилаётган имтиёзли кредитларни тўлаш жараёнида фуқароларнинг масъулиятини ошириш, кафил бўлаётган шахснинг мажбуриятлари, қариндошлар ўртасидаги турли низолар ва бошқа масалалар юзасидан тўхталиб ўтишди.

– Суд фаолияти сифатини ошириш мақсадида амалдаги «Судлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунини такомиллаштириш орқали фуқаролик, жиноий, иқтисодий ва маъмурий ишлар бўйича туман, шаҳар судлар негизида умумий юрисдикация судларини ташкил этиш, адвокатларнинг мақомини янада кўтариш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш механизмларини кучайтириш, умуман, суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотларни кенгайтириш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Қолаверса, бу борада амалда кузатилган турли ҳолатлар юзасидан таклифлар бериб бормоқдамиз. Муҳими, аҳоли ҳуқуқ-манфаатларини ҳимоя қилишда адолат устуворлигини таъминлашдир, – деди суд раиси Улуғбек Орипов ўз сўзида.

Тадбир иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан атрофлича жавоб олишди.

Фарғона вилоят кенгаши матбуот хизмати

Ҳуқуқий маданият шаклланишида партияларнинг ўрни

Партиянинг Яккасарой туман кенгаши раиси Ф.Саидов, халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари М.Аҳмадов ва Ж.Насруллаев иштирокида Стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва техник жиҳатдан тартибга солиш илмий-тадқиқот институтида «Жамиятда юксак ҳуқуқий маданиятни шакллантиришда сиёсий партияларнинг ўрни» мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

Тадбирда сўзга чиққанлар томонидан «Адолат» социал-демократик партиясининг энг муҳим дастурий вазифаларидан бири – жамиятда ҳуқуқий маданиятни шакллантириш ва мамлакатимизда ҳуқуқий таълим ва билимлар тарғиботини тубдан яхшилаш, қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ижрочиларга етказиш, аҳолини қабул қилинаётган қонунларнинг мақсади, мазмун-моҳиятидан кенг хабардор этиб бориш эканлигига алоҳида эътибор қаратилди.

Фарҳод САИДОВ,

Яккасарой туман кенгаши раиси

Tegishli xabarlar

Barcha tadbirkorlik subyektlari diqqatiga!

admin

Эл хизматига бахшида умр

admin

Мозийга яширинган хазиналар

admin