ADOLAT 24

“Аҳоли кайфияти — ислоҳотларимиз ва сиёсатимизнинг кўзгуси”

Маълумки, бугунги кунда маҳаллаларда ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли ҳамда ёшлар етакчилари фаолият юритмоқда. 2022 йил – Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йилида уларнинг маҳалла раислари, фаоллари билан баҳамжиҳат, бамаслаҳат ишлаши учун барча шарт-шароитлар яратилди. Оила, ёшлар, хотин-қизлар ва кекса авлод вакиллари билан ишлаш тизими янги даражага олиб чиқилиши натижасида маҳаллаларни қўллаб-қувватлаш ишлари янада такомиллаштирилди, маҳаллабай ишлашга масъул бўлган шахс­лар фаолияти самарали ташкил этилиб, ўзаро ҳамкорлик таъминланди. Бизнинг маҳалламизда ҳам мазкур ислоҳотларнинг самаралари яққол сезилмоқда.

Яқинда ўз ташаббусимиз билан нуронийларимиз ҳақидаги маълумотларни тизимлаштирдик. Натижада бугунги кунда маҳалла ҳудудида истиқомат қилаётган 43 нафар нуронийлар, ногиронлиги бўлган 11 нафар хотин-қизлар доимий эътиборимизда.

Маҳалла ҳудудида яшовчи кам таъминланган, ижтимоий аҳволи оғир 61 нафар хотин-қизлар “Аёллар дафтари”га киритилган бўлиб, шундан 30 нафари ўзини ўзи банд қилган ва уларга субсидиялар ажратиш режалаштирилмоқда. Уларнинг бир қисми мономарказда ошпазлик, сартарошлик, тикувчилик бўйича таълим олмоқда. Баъзиларига имтиёзли кредит ажратилган, баъзиларига кредит ажратилиш арафасида. Боқувчиси бўлмаган, эҳтиёжманд хотин-қизларнинг 35 нафарига бир миллион икки юз минг сўмдан пул маблағлари йўналтирилди. “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”га киритилган хотин-қизларга 66 маротаба бепул озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди. Ногиронлиги бўлган хотин-қизларнинг 10 нафарига бир миллион икки юз минг сўмдан пул маблағи берилди. Ёлғиз яшовчи нуронийга жарроҳлик амалиёти учун беш миллион олти юз йигирма минг сўм миқдорида пул маблағи ажратилди. Қолган хотин-қизларга йилнинг охиригача бир марталик моддий ёрдам берилиши режалаштирилмоқда.      

Шунингдек, маҳаллада аниқ­ланган муаммоларга ҳам ҳамжиҳатликда ечим топилаяпти. Масалан, ҳудудда дарахтзорлар барпо этиш, тунги ёритгич чироқлари ўрнатиш ва ички йўлларни таъмирлаш бўйича тегиш­ли ташкилотлар билан ҳамкорликда иш олиб бораяпмиз.

Маҳалламизда “Кексалар ҳафталиги” ҳам юқори савияда ташкил этилди. Ёлғиз, ногирон кекса отахон-онахонлар шифокорлар томонидан чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Кексаларни эъзозлаш, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш тадбирлари ташкил этилди. Кекса авлод вакиллари ўртасида “Бир пиёла чой устида ширин суҳбатлар”, “Дийдор ширин” мавзуларида тадбирлар ташкил этилди. Маҳалламиздаги лицейда кекса авлод вакиллари иштирокида “Ота-онам дуоси – олтиндан қиммат”, “Қариси бор уйнинг париси бор”, “Қизим! Сизга айтар сўзим бор”, “Олтин олма – дуо ол!”, “Хонадон файзи” мавзуларида тарғибот тадбирлари ўтказилди. Шунингдек, “Нуронийлар ёшлар нигоҳида” ҳамда “Буюк аждодлар билан фахрланмоқ авлодларга шарафдур!” “Бобомнинг айтишларича!” мавзуларида иншо танловлари бўлиб ўтди. 25 нафар кекса отахон ва онахонларнинг Нурота шаҳрига зиёрати ташкил қилинди.   Нуронийларнинг бой ҳаётий ва касбий тажрибалари билан ёш авлод вакилларини таништириш мақсадида “Касбим – фахрим” мавзусида кекса авлод вакиллари билан ёшлар учрашувлари ташкил қилинди.

Яқинда Президентимиз раислигида бўлиб ўтган маҳаллаларда тизимли муаммоларни ҳал қилиш бўйича видеоселектор йиғилишида бош­ланган ислоҳотлар, амалга оширилаётган лойиҳаларнинг барчаси инсон қадрини таъминлаш орқали аҳолини рози қилишга қаратилгани яна бир бор таъкидланди. Президентимиз йиғилишда “Барча ҳоким ва вазирлар эшитиб олсин. Президент сиёсати ва талаби шундай: ҳеч бир фуқаро ўзининг муаммолари билан ёлғиз қолмаслиги керак. Аҳоли кайфияти – ислоҳотларимиз ва сиёсатимизнинг кўзгуси. Катта-кичик бўладими, аҳолимиз кўтарган ҳар бир муаммога ўз вақтида муносабат билдириш, уларни босқичма-босқич ҳал қилиш барча даражадаги раҳбарларнинг энг устувор вазифаси бўлиши шарт ва зарур”, деб айтдилар.   

Юртбошимизнинг селектор йиғи­нида куйиниб айтган ушбу гапларидан сўнг олдимизга янада катта мақсадларни қўйдик. Маҳалламизнинг ташаббусли бюджет лойиҳасини ишлаб чиқиш, унинг янада кўркам ва обод бўлишига, ҳар томонлама ривожланишига ҳисса қўшиш асосий вазифамиз. Албатта, маҳалла аҳлининг розилиги учун бор куч-ғайратимизни сафарбар этамиз.

Ҳилола РЎЗИМУРОДОВА,

Навоий шаҳар “Зиёкор” маҳалласи фуқаролар йиғини раиси,

халқ депутатлари туман Кенгаши депутати

Tegishli xabarlar

⚡️Тезкор хабар

admin

«Конституция билимдон»лари вилоят босқичида беллашишди

admin

Устоз

admin