ADOLAT 24

Мозийга яширинган хазиналар

Швециядаги Кунгэльв шаҳарчаси ўзининг ноёб осори атиқалари – тарихий маданияти, тошдан бунёд этилган қадимий қалъалари билан бутун дунёга маълум ва машҳур десак, муболаға бўлмайди. Шундай машҳур қалъалардан бири 1308 йилда Норвегия қироли Хокан V (1270-1319) томонидан бунёд этилган.

Кунгэльв шаҳар герцоги Эрик Магнуссон акаси Вальдемар билан тил бириктириб, кичик укаси Биргерга қарши Швеция тожи учун кураш олиб бораётган бир пайтда Хокан V Кунгэльв герцоглигининг чегара ҳудудида дастлаб ёғочдан ҳарбий истеҳком барпо эттирган. Чегара ҳудудида жойлашган ёғоч истеҳком бироз вақт ўтиб тошдан қайта қурилган ва у Швециядаги энг мустаҳкам қалъалардан бирига айланган. Қалъа коменданти вилоятнинг аввал жанубини, сўнг шимолий қисмидаги ерларни ўзлаштириб олганидан сўнг истеҳком Боҳус қалъа­­си номини олган.

Қалъа ташқи душманлардан ҳимояланиш мақсадида мудофаа девори билан, деворлар орти эса ҳандақлар билан ўраб олинган. Одатда қадимий қалъаларда дарвозалар кўп бўлмаган, бунга сабаб четдан келган босқинчилар ҳужуми ёки ички сотқинлик ҳамиша хавф солиб турган. Боҳус қалъасининг ҳам фақат битта дарвозаси бўлиб, у қирол арки яқинида жойлашган. Қалъа деворига катта ҳажмдаги тошлар терилган бўлиб, унинг баъзи жойларида мустаҳкам истеҳкомлар, буржлар ва аскарлар юриши учун махсус йўлаклар бўлган. Қалъанинг шимолий-ғарбий миноралари тўртбурчак, қолган учтаси юмалоқ шаклда. Қалъанинг ғарбий қисмида “Қизил минора”, яъни черков жойлашган. Ташқи истеҳкомлар тартибсиз етти бурчак ҳосил қилган. Қалъанинг юқори қисмида қиролнинг яқинлари учун тўй маросимлари ўтказиладиган ҳашаматли хона, пастки қаватида эса сиёсий маҳбуслар сақланиб, қатл эттириладиган зиндон мавжуд.

1344 йилда Эрик Магнуссоннинг ўғли Хокан Норвегия қироли деб эълон қилингач, Боҳус унинг даврида муҳим истеҳкомлардан бирига айланган. 1389 йилга келиб қалъа ҳарбий асирлар сақланадаган қамоқхонага айлантирилади. Бу ерда илк бор Мек­ленбург қироли Альбрехт ҳибсда ушланган.  

Ўрта асрларда Боҳус қалъаси кўп маротаба ташқи душманлар томонидан қамал қилинган бўлса-да, ҳеч бири уни ишғол этолмаган. Кўп йиллар давом этган қамаллардан бири 1531 йилда Дания қироли Кристиан II томонидан амалга оширилди. Скандинавия етти йиллик уруши вақтида (1563-1570) шведлар қалъага беш маротаба ҳужум уюштириб, уни ишғол этиш мақсадида қаттиқ жанг олиб борди. Айниқса, 1566 йилнинг март ойида қалъа жиддий синовларни бошидан ўтказди. Нильс Бойе ва Нильс Стуре қалъани эгаллаш мақсадида тўрт маротаба қамал қилади. Фақат охирги, бешинчи уринишдагина шведлар асосий минорани эгаллашга муваффақ бўлишади. Қамал вақтида қалъанинг жуда кўп қисми портлатилиб қаттиқ зарар етказилади. Қайта-қайта ҳужумлар оқибатида қаттиқ шикастланган қалъа 1595, 1605 ва 1645 йилларда таъмирланади.

1658 йилда Роскильде шартномасига кўра Боҳус қалъаси Швеция ихтиёрига ўтди. 1675-1679 йилларда, яъни Дания-Швеция уруши пайтида қалъа яна Гюлленлёве қўмондонлиги остида Норвегиянинг ўн минг аскари томонидан икки ой давомида қамал қилинади. 1678 йили Г.Стенбок ёрдамга келиб, қалъани душманга таслим бўлишдан асраб қолишга муваффақ бўлади. Ўзаро урушлар оқибатида хароба ҳолга келган қалъа муҳандис Эрик Дальбергнинг режасига кўра қайта тикланди. Чарлз XII даврида қалъадаги барча ҳарбий қурол-аслаҳалар Сундсборгга олиб келинади. Қиролнинг мақсади Дания ва Норвегия билан чегарани мус­таҳкамлаш эди. Подшонинг ўлимидан сўнг қуроллар қалъага қайтарилади.

XVIII асрга келиб қалъа асосан қамоқхона вазифасини ўтади. Бора-бора Боҳус қалъаси таназзулга юз тутди. 1788-1789 йиллардаги Дания-Швед уруши вақтида Боҳус яна Дания ихтиёрига ўтди. Ҳарбий можаролар поёнига етган бир пайтда шведлар Боҳус қалъасини ер билан яксон қилишга қарор қилди. Ерли аҳоли томонидан қалъа тошларини кўчириб олиш бошланди. 1838 йилга келибгина қирол Карл Юхан маданий ва тарихий мерос ҳисобланган Боҳус қалъасининг вайрон қилинишини тақиқлади. 1925 йилдан Боҳус қалъаси қурилиш бошқармаси томонидан қаттиқ назорат остига олинди ва 1934 йилдан қайта тиклаш ишлари бошлаб юборилди. Қалъанинг асосий дарвозаси қайта тикланиб, Густав V монограммаси асосида безатилди. Ҳозирги кунда ҳам Боҳус қалъасида қайта таъмирлаш ишлари давом этмоқда.

Жумагул ХОЛМИРЗАЕВА,

Швеция, Гётиборг шаҳри

Tegishli xabarlar

Адолатли ҳаёт тарафдоримиз

admin

Биргаликда коррупциясиз жамият қурамиз

admin

Муборак Қурбон ҳайитини нишонлаш тўғрисида

admin