ADOLAT 24

Ўзимиздан бошлайлик

Тил ҳар бир миллатнинг кўзгуси, мукаммал алоқа воситаси, унинг ҳақиқий сарчашмасидир. Дарҳақиқат, тил бор экан, миллат барҳаётдир. Тилнинг Онага қиёсланиши замирида ҳам олам-олам маъно мужассам. Инсон ўз онасини ҳар дақиқа, ҳар сонияда кўрмасдан, унинг соф муҳаббатини, меҳрини туймасдан яшай олиши мумкин эмас.

Бугунги кунда ер юзида 5600 дан ортиқ тил мавжуд бўлиб, шундан 200 тасигина давлат тили сифатида қабул қилинган. Уларнинг орасида ўзбек тилининг ҳам борлиги унинг нақадар мукаммаллигининг ёрқин далилидир.

Шу ўринда ҳақли савол туғилиши табиий: наҳотки, бой ўзбек тили бирор-бир жойга ном қўйиш учун яроқли бўлмаса?! Aфсус, барчамизга маълумки, шаҳримиз кўчаларидаги кўплаб дўконлар, супермаркетлар, емакхоналар, гўзаллик салонлари, боғчаларга қўйилган номлар ўзбекча эмас. Қарши шаҳридаги кўчаларни айланиб, дўконлар, маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари пеш­лавҳалари ёзувларини кўриб ажаб­ланасан, киши. Негаки, уларнинг кўпчилиги хорижий тилларда. Нақадар ачинарли ҳолат бўлишига қарамай, биз бунга одатий ҳол сифатида кўникиб яшаб келмоқдамиз. Aхир биз Ўзбекис­тонда яшаяпмиз-ку! Нима учун жой номларини ўзбек тилида номламаймиз? Бунинг учун ким айбдор: давлат органларими ёки ўзимизми? Расмларга қаранг, Қарши шаҳрининг Ўзбекис­тон кўчаси бўйлаб юрар экансиз, аксарият бинолар пештоқида ўзбекча эмас, рус ёки инглиз тилидаги номларга кўзингиз тушади.

Хулоса қиладиган бўлсак, ҳар биримиз давлат тилига бўлган эъти­борни мус­тақилликка бўлган эъти­бор деб, давлат тилига алоҳида эҳтиром ва садоқатни она Ватанга эҳтиром ва садоқат деб билишимиз, шундай қарашни бугунги ҳаётимиз қоидасига айлантиришимиз лозим. Бундай ҳаракатни барчамиз ўзимиздан, ўз оиламиз ва жамоамиздан бош­ласак, ўзбек тили ҳар томонлама ривожланишига бевосита ҳисса қўшган бўламиз.

Сарвиноз КАРИМОВА,

“Адолат” СДП Қашқадарё вилоят кенгаши фаоли

Tegishli xabarlar

ШОЯД МАСЪУЛЛАРГА ЕТИБ БОРСА…

admin

ЎЗЛИКНИ АНГЛАШ ЙЎЛИДА (Шахсий фикр)

admin

«Конституция билимдон»лари вилоят босқичида беллашишди

admin