Тил – инсонни ҳайратга солувчи муҳташам мўъжиза, тенгсиз тилсим, ноёб неъмат. Тил, энг аввало, дунёни кўриш, эшитиш, билиш, идрок этиш воситасидир, у ёки бу миллат маданиятининг шаклларини белгиловчи, миллатни миллат сифатида танитувчи, фикрни қуроллантирувчи, ташқи олам билан инсон ички олами ўртасида “воситайи робитайи оламиёндур”. Тил муайян миллатнинг маърифати, маънавияти, маданияти инъикосидир.
Машҳур француз тилшуноси Фердинанд де Соссюр сўзлари билан айтганда, “Тил – ижтимоий ҳодиса, ҳар бир она тилида сўзлашадиган одамда мавжуд бўлган нутқ фаолияти қобилиятининг бажарилишини, ишлашини таъминлаш учун жамоа томонидан қабул қилинган зарур конвенсиялар йиғиндиси”.
Олимлар тилшунослик тараққиётининг турли босқичларида тилнинг миллий ўзига хослиги ғоясига мурожаат қилишди. Буларнинг барчаси хилма-хил ва кўп томонлама хулосаларни ишлаб чиқишга ёрдам берди. ХХ аср охирларида “Тилни фақат белгилар тизими сифатида эмас, балки жонли мулоқотга асосланган очиқ тизим сифатида ўрганувчи, бошқа тизимлар – жамият, инсон, маданият, руҳият кабилар билан узвий алоқадорликда таҳлил этувчи, инсонни тил ичида ёки тилни инсон ичида таҳлил этишга йўналтирилган қарашлар ва таълимотлар мажмуи” (Д.Худойберганова) ҳисобланувчи антропосентрик парадигма вужудга келди, яъни тилни ўз соҳиби, унинг миллий менталитети, миллий маданияти билан бирга тадқиқ этиш барқарорлашди. Мазкур ёндашувда тил инсон учун, унинг ҳаётий фаолиятида ривожланиши учун аҳамияти нуқтаи назардан ўрганилади. Бугунги глобаллашув даврида тилни ўрганишда унинг маданият билан муносабатини ёритиш муҳимдир. “Зеро, инсон, тил ва маданият эт-у тирноқдек бирликни ҳосил қилади. Тил миллатнинг ғурури, мавжудлик шарти, халқнинг руҳи, миллий маданият кўрсаткичидир.” (Ф.Усмонов). Ҳар бир миллат кишисининг ўз тафаккури, ўзини қуршаб олган оламни ўзига хос кўриш тарзи, нигоҳи бор.
Миллий нигоҳ дунёқараш эмас, дунёга қараш ва уни кўришдир. Бу миллий нигоҳ таъсирида тафаккурда образ, рамз, тушунчалари ҳосил бўлади. Профессор Ёрқинжон Одилов тилнинг аҳамиятини таъкидлаб, шундай дейди: “Инсон бирор нарсанинг моҳиятини билиш учун аввал шу нарсанинг хосса ва хусусиятларини аниқлайди. Бунда унга махсус ном остида рамзланган мавжуд билимлари ёрдам беради. Агар тафаккурда мавжуд билимлар махсус ном билан рамзланмаганда эди, инсонда билимнинг ўзи бўлмасди. Демак, билимлар рамзланган номлари билангина тафаккурда мавжуд… Агар англанган нарсанинг номи бўлмаса, яъни нарсага ном берилмаса, тафаккурий тушунчаларни бир-биридан фарқлаб бўлмайди. Тушунчаларни фарқламаслик эса тафаккурнинг ўзини “ишдан чиқаради”, идрокдаги интизомни бузади.”
Демак, инсонни қуршаб олган атрофидаги олам унинг лисоний хотирасида махсус ном билан рамзланади. Муайян номларга рамзланган тушунчалар эса унинг тили воситасида намоён бўлади ҳамда улар лингвомаданий кодлар – “махсус лисоний ифодалар” орқали бошқа тушунчалардан фарқланади. Шундай экан, у ёки бу миллат менталитети, маданияти, оламнинг идрок этишдаги интизоми унинг тилида яққол ифодаланади.
Ўзбек тили – ўзбек халқининг маданияти маҳсули. Чунки ўзбек тили – ўзбек миллатининг ўзбекона тафаккури ва тасаввурлари жамланмаси. Халқнинг руҳи унинг тилида воқеланиб, у фақат унгагина тегишли ва унгагина тушунарли бўлади.
Тил ва маданият, тил ва тафаккур ўртасидаги алоқа масаласи ўз долзарблигини йўқотмайдиган масалалардан ҳисобланади. Антропосентрик парадигма доирасида ривож топаётган тилшунослик ушбу масала билан, яъни лисоний бирликларни миллат маданияти билан алоқадорликда тадқиқ этади. Лингвомаданиятшунослик филологик фан сифатида олдиндан танланган маънавий қадриятлар тўпламини ва маълум бир миллий-маданий жамоанинг тилшунослик тажрибасини ўрганади, тил ва маданиятнинг ўзаро боғлиқлик белгиларига бевосита эътибор қаратади. Тил ва маданият ўртасидаги муносабат муаммолари лингвомаданиятшунослик доирасида устунлик қилади. Миллатнинг миллий-ментал хусусиятлари, миллий менталитетга хос турғунлашган ахлоқ қоидалари, қадриятлари, халқнинг миллий тафаккури билан боғлиқ жиҳатлари тил соҳиби мансуб тилнинг лингвомаданий бирликларида ёрқин акс этади, келгуси авлодга миллатнинг ана шу миллий-маданий билимлари лингвомаданий бирликлар воситасида етказилади. Қудратли куч, тил бойлиги бўлган сўз ҳақидаги ўзбек халқ мақолларига назар солсак, унда ўзбек миллатига хос бўлган ақлий ва руҳий дунё мужассамлашганининг гувоҳи бўламиз. Жумладан, “Иссиқ кийим танни илитар, Иссиқ сўз жонни илитар”, “Таом лаззати ўзида. Одам лаззати – сўзида”, “Тилингда бўлса болинг, Кулиб турар иқболинг”, “Одам сўзи билан синалар, ош – тузи билан”. Мақолларда фикр аниқ, ифода лўнда, хулоса тугал бўлади. Мазкур мақоллар ҳам нутқимизнинг ихчам, равон, теран ва мазмунли бўлишига ёрдам беради. Шунинг учун ҳам халқимиз “Сўз кўрки – мақол”, деб бежиз айтмаган.
Доно халқимиз айтганидек, “Тилни боғла дил билан, дилни боғла тил билан”, “Элни севсанг, элча гапир”.
Сўз мулкининг султони Алишер Навоий ҳам дунёни қалам билан олди. Ҳа, “Тил тиғи қилич тиғидан ўткир”. Шу боис “… дил жарчиси”, “…ақл безаги”, “…ақл тарозиси”, “…дил калити”, “…дил таржимони” саналувчи бебаҳо бойликни асраш, ардоқлаш, эъзозлаш, уни келажакка безавол етказиш ҳар биримизнинг бурчимиздир.
Она тилимиз – ўзбек тилига бўлган меҳрнинг дилдан бўлиши шарафдир, уни тилда ва амалда кўрсата олиш масъулиятдир.
Халқларнинг бир-бирини ўзаро тушуниши учун лингвистик тадқиқотлар зарурати, миллий маданиятлар мулоқоти аллақачон умумэътироф этилган ҳақиқатдир. Мустақиллик йилларида, айниқса, давлатимизнинг бугунги тараққиётида тилга бўлган эътибор ҳар қачонгига нисбатан ортди. Мамлакатимизда амалга оширилаётган маънавий соҳадаги ислоҳотлар самарасини ошириш зарурати тилшунослик соҳасидаги ишларни ҳам сифат жиҳатдан янги босқичга кўтаришни талаб қилмоқда.
Тилимизни миллий онг ва миллий тафаккурнинг ифодаси сифатида тадқиқ этиш унинг бетакрор жозибасини кўрсатишга қаратилган изланишларни фаоллаштиришни тақозо этади.
Тил келгуси авлодга миллатнинг миллий-маданий билимларини етказар экан, уни халқ менталитети, тафаккур тарзи, оламни идрок этишидаги ўзига хосликлари, миллий қадриятлари, урф-одатлари, яшаш тарзи билан узвийликда янада теран тадқиқ қилиш мақсадга мувофиқдир.
Зоҳида Муқимова,
Ўзбекистон Республикаси ФА Ўзбек тили, адабиёти ва
фольклори институти докторанти,
филология фанлари бўйича фалсафа доктори