ADOLAT 24

ТИЛ “ҚАБРИСТОН”И КЕНГАЙМОҚДА…(ми?) ёхуд тил байрами арафасидаги ўйлар

Бир қарашда кимгадир эриш туюлар. Лекин бор ҳақиқат шу: тил “қабристон”и, сўз “қабристон”и бор ва у кун сайин кенгаймоқда. Агарда шу кетиш бўлса, яқин йилларда ўзимиз, ўз қўлларимиз билан жуда ҳам чуқур қабр қазиб, ичига ўзимизни, миллатни – тилимизни кўмамиз!

Биз “жадал суръатлар” билан бунга қараб интилмоқдамиз. Ҳозир болаларимиз тонгда кўзларини очишганиданоқ бир вақтлар бизга айтишганидек “нонушта”га эмас, балки “завтрак”ка чақирилади. Кейин эса фалон “этаж” (қават)дан пастга қараб йўрғалашади. Шу аснода бобо ёки бувиси хайрлашса, “ответ” (жавоб) қилишга ҳам улгуришади. “Успеть” (улгурмай) қилолмай қолса, телефонидан SMS юбориб қўя қолади.

Ўзимиз ҳам набираларни боғча ёки мактабга, ўғил-қизларни ишларига юборганимиздан кейин биқинимизда пайдо бўлган оғриқ сабабини билиш учун “почка”(буйрак)мизни кўрсатгани докторга қараб чопамиз. Ёки “оптом” (улгуржи) нарса олгани бозорга йўл оламиз. Лекин бозорда ўзимиз истаган “коричневий” (жигарранг) туфли тополмай “нервничить” (асабийлашиб) қилиб қайтиб келамиз. Шу даражада “нервничить” (асабийлик) қиламизки, исталган жойдан топиш мумкин бўлган “носки” (пайпоқ) ҳам эсдан чиқиб қолади. Сўнг “аптека” (дорихона)дан “нерв” (асаб)ни “успокоить” (тинчлантириш) қилиш учун “таблетка” (хапдори) оламиз. Уйга қайтиб келгунимизча “обед” (тушлик) бўлиб қолади. Ноилож, қошиқ-“вилка” (санчқи)ни олиб, овқатлана бошлаймиз. Шу орада эшик тақиллаб, “сосед” (қўшни)миз “холодес” (лиқилдоқ) кўтариб чиқади. Энди “обед” ҳам “вообше” (умуман) “королевски” (шоҳона) бўлиб кетади. “Сосед” билан “обед” (тушлик) қилгач, бироз суҳбатлашиб ўтирамиз. Кейин гапимиз бир ердан чиқиб, унинг викуп(бўлиб тўлаш)га олган машинасида “братан”ларни (оғайни) йўқлагани чиқиб кетамиз. Йўлда “сосед”нинг доимий “клиент”лари олдига кириб, суҳбатлашишга ҳам “успеть” (улгурамиз) қиламиз. Хуллас, анчадан бери кўрмаган жойларимизда “гулять” (айланиб, сайру саёҳат) қилиб, ярим кечаси уйга қайтамиз.

Бу вақтда телевизорда тил байрами муносабати билан концерт бўлаётган экан…

…Ана шунақа гаплар, азиз миллатдошим. Биз ўз қўлларимиз билан тилимизга, миллатга қабр қазимоқдамиз. Шунинг баробарида тил байрамини иншонлашга ҳам улгурамиз. Қайси тилнинг байрамини, деган савол туғилади. Наҳот ногирон, касалманд бўлиб қолган тилга байрам уюштирсак, базму жамшид қилсак? Шунинг баробарида ўн-йигирма йиллар мобайнида қайси имлога ўтишни келишолмай, бир-биримиз билан талашиб-тортишиб юрсак… Буни қандай тушуниш мумкин?

“Тараққиёт” аталмиш машина бор. Бу шундай машинаки, йўлида учраган бор нарсани босиб кетаверади. Ушбу аждаҳосимон машина асрлар мобайнида шундай қилиб келган ва ҳозир ҳам мана шу йўлдан бормоқда. Бу балки ҳаётнинг ёзилмаган қоидасидир. Бир вақтлар форсий ва арабий сўзлар туркий тилимиздаги айрим сўзлар қайсидир маънода ўлишига, айрим ҳолларда эса ривожига хизмат қилди. Йўқотишимиз баробарида тилимизга бир қатор сўзлар ҳам кириб келди. Жумладан, биз “молоқи” (сут), “қўлбости” (колбаса), “ўтуг” (утюг), “товар иши” (товариш) каби сўзларимизни йўқотдик. Архаик сўзлар қаторига қўшдик. Интернет, компьютер, чип ва яна алламбало сўзлар луғатимизга ўрнашиб олди. Лекин бугун бу машина шу даражада жадаллашмоқдаки, мажбурий равишда тилимизни майиб-мажруҳ қилмоқда. Қабристон, тил қабристони, сўз қабристони кенгаймоқда. Кейинги икки аср кўплаб миллатларнинг тилларини ана шу қабристонга тиқиб юборди. Тиллар йўқ бўлиб кетди. Айнан шуниси жуда ҳам қўрқинчли. Ана шундан қўрқиш, тилимизни асраш керак, миллатдош!

Кимдир мақолани ўқир экан, нимадан ҳам қўрқардик, ахир тил тўғрисидаги қонун бор, биз тил борасида зўр қонунни қабул қилиб қўйганмиз, дейиши мумкин. Қўшиламан, қонунимиз бор. Келинглар, азиз миллатдошлар, ҳеч бўлмаса ана шу қонун ишлаши учун, тил бутлиги учун боримизни берайлик, уни ҳимоя қилайлик.

Рустам ЭМИН,

шоир

Tegishli xabarlar

БУ ЙИЛ ИҚТИСОДИЁТИМИЗДА ҲАЁТИЙ УЙҒОНИШ ВА ЮКСАЛИШ ЙИЛИ БЎЛАДИ

admin

“Абдулла Орипов” бадиий фильмининг тақдимоти ўтказилди

admin

Конунчиликдаги ноқулайликлар фуқаро фойдасига ҳал этилиши қатъий белгиланмоқда

admin