ADOLAT 24

Устозга муносабат шуми?

Юртимиз ижтимоий тармоқларида ўқувчи ўқитувчини дўппослагани акс этган видеолавҳа тарқалди. Суриштирувларимиз натижасида маълум бўлдики, турли баҳс ва мунозараларга сабаб бўлаётган ушбу воқеа Наманган вилоятининг Косонсой туманидаги 29-умумтаълим мактабида рўй берган. «Баҳорис­тон» маҳалласида жойлашган мазкур мактабда 46 педагог 744 ўқувчига таълим-тарбия беради.

– Раҳбар этиб тайинланганимга саккиз ой бўлди, – дейди мактаб директори Абдусами Раҳимбоев. – Ўзим жисмоний тарбия ўқитувчисиман. Мактабимизда содир бўлган нохуш ҳодиса ҳаммамизга қаттиқ таъсир қилди. Келгусида бундай ҳолатларга йўл қўймасликка ҳаракат қиламиз.

Воқеа тафсилотлари очиқланганида, тас­вирда акс этган жанжал дарс вақтида ўқувчи ўз мобил телефонидан фойдаланиб, синфдошлари фикрини чалғитиши билан бирга, ўқитувчининг машғулот ўтказишга халал бериши натижасида содир бўлгани маълум бўлди.

Физика ўқитувчиси тартиббузарни бир неча маротаба тартибга чақирганига қарамай, «қулоқсиз» ўз билганидан қолмаган. Охир-оқибат ўқитувчи ўқувчини мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари ҳузурига олиб боришга мажбур бўлган ва мактаб маънавиятчисидан ўқувчига тарбиявий мавзуда суҳбат ўтказишини сўраб, ўзи дарсни давом эттириш учун синфхонасига қайтган.

Бироқ, бироздан сўнг тартиббузар яна физика хонасида пайдо бўлади ва устозга мушт ўқталиб, ҳужум қилади. Синфдаги бош­­қа ўқувчилар кўмаги билан жанжалга чек қўйилган.

Синф камерасига муҳрланган мазкур видео тасвирлар кимнингдир «ташаббуси» билан ижтимоий тармоқларга чиқиб кетган. Оқибатда, то расмий ташкилотлар муносабат билдиргунга қадар, юз берган жанжал борасида турли-туман гап-сўзлар авж олган.

Косонсой тумани ҳокимлигидан хабар беришларича, мазкур воқеа Ички ишлар ва халқ таълими бўлими ходимлари томонидан ўрганилган. Тартиббузар вояга етмаганлиги боис унинг ота-онаси Ўзбекис­тон Республикаси МЖТКнинг 47-моддаси 1-қисми билан маъмурий жавобгарликка тортилган.

7 октябрда мактабда содир этилган нохуш ҳолат юзасидан кенгайтирилган йиғилиш ўтказилди. Унда туман ҳокимининг ўринбосари, халқ таълими бўлими, ИИБ вакиллари, «Баҳористон» маҳалла фуқаролар йиғини фаоллари, ўқитувчилар ҳамда ота-оналар қатнашдилар. Юз берган нохуш ҳодиса таълим-тарбияда йўл қўйилган камчиликларнинг оқибати эканлиги таъкидланди. Шунинг учун педагоглар ва ота-оналар масъулиятини ошириш, «Мактаб-маҳалла-оила» ҳамкорлигини мустаҳкамлаш юзасидан тадбирлар белгиланди.

Бу, яхши, албатта. Аммо шунга ўхшаш воқеа бошқа мактабларда такрорланмаслигига ким кафолат беради? Демак, Халқ таълими вазирлигидан ҳам воқеага муносабат билдириш, қолаверса, педагогик жамоаларнинг масъулиятини ошириш, ота-оналар ва кенг жамоатчилик билан ҳамкорликни мус­таҳкамлаш бўйича чоралар кўриш талаб этилади.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

Наманган вилоят кенгаши матбуот котиби

ТАҲРИРИЯТДАН: ОТАНГГА ТИК БОҚМА.

УСТОЗИНГГА-КУ, ИНЧУНИН…

Одатда, отага қўл кўтарган фарзанд “оқпадар” дейиларди.

Устозига қўл кўтарганни-чи, бундай тубан “шогирд”ни ким деб аташ керак? Ахир устоз отадек улуғ, баъзи ҳикматларга кўра эса, отадан ҳам улуғ эмасми? Демак, отадан ҳам улуғ Устозга қўл кўтарган кас камида икки карра оқпадар экан-да!..

Нақадар кўнгилчан халқмиз. Наманганда ўқувчи ўқитувчига қўл кўтарди! Устозига! Биз эса… “Синф камерасига муҳрланган мазкур видео тасвирлар кимнингдир «ташаббуси» билан ижтимоий тармоқларга чиқиб кетганидан” ёзғирамиз. Шундай “ташаббус” қилганларга раҳмат-ей! Бу видео тасвирни кенг ёйган ижтимоий тармоқларга икки карра балли-ей. Зеро, акс ҳолда ўтираверардик бундай қабиҳликдан бехабар ҳолда, ойни этак билан ёпи-иб. Ёпиғлиқ қозон ёпиғлигича қолаверарди. Нари борса ҳа, маънавияти паст бир ўқувчи синф­­да безорилик қилибди, деган хабарни чала-чулпа эшитиб қолардик. Табиийки, мазкур мактабнинг директор жаноблари “Келгусида бундай ҳолатларга йўл қўймасликка ҳаракат қиламиз”, дея қисир ваъда ҳам бериб қўярди. Буни қаранг-а, ҳаракат қилармиш­лар! Сиз ахир директорсиз! Шу жамоанинг раҳбарисиз, ҳурматли жисмоний тария ўқитувчиси! Ўз ходимингизни, жамоангиз аъзосини, Ўқитувчини бир мишиқи боладан (тўғрироғи, болалардан, видео тасвирни кўрдик ахир) ҳимоя қилолмасангиз, нима қилиб ўтирибсиз директорлик курсисида? Ўқитувчингизга қўл кўтарилди-ку! Куппа-кундузи, дарс пайтида-я! Ҳеч кимнинг бузишга ҳаққи йўқ, муқаддас саналадиган дарс пайтида-я! Жар солмайсизми, дод демайсизми, “SOS!” деб бақирмайсизми, ҳеч бўлмаса амалдаги қонунлар талабларига қатъий амал қилган ҳолда бир муштумзўр болакайни тавбасига таянтира олмайсизми? Чақирмайсизми участка инспекторини, тиббий экспертизани! Нуқул “воя­­га етмаган бола… бола” дейсиз. Боладан бало чиқса-чи? Ўзингиз бунга шоҳид бўлиб турибсиз-ку. Ахир эскидан қолган гап бор, ярани кесиб даволайдилар, акс ҳолда яра ўрнини мадда босиб кетади.  

Ахир, биродарлар, ёмон иллат юқумли бўлади. Бирники ўнга, ўнники туманга… Бугун сувдан қуруқ чиққан “қаҳрамонча” ортидан лак-лак “тақлид­­чи қаҳрамончалар” чиқиб келмайди, деб ким кафолат бера олади? Ё ўшандаям педагогик жамоаларнинг масъулиятини ошириб, ота-оналар ва кенг жамоатчилик билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича чоралар кўриб юраверасизларми?..

Чоралар… Тадбирлар… Ҳа, ана, нари борса бола ёки унинг ота-онаси узр сўрар. Бу ишни қойиллатамиз-ку. Шу билан… бўлдими? Кейинги фавқулодда ҳодисага қадар “Бағдодда ҳамма ёқ тинч” бўлаверади-да, а?..

Ҳаммамизни ҳам Ўқитувчи ўқитган. Ҳаммамизга ҳам Устоз­лар таълим берган. Ҳазрат Навоий ҳикматини ўқийлик ва уқайлик ахир:

“Ҳақ йўлида ким сенга бир ҳарф ўқитмиш ранж ила,

Айламак бўлмас адо

онинг ҳақин юз ганж ила”.

Ўқитувчи-устозларни бугун ҳимоя қилайлик. Астойдил ҳимоя қилайлик. Орўсини тўкмайлик, аксинча, кўтарайлик. Осмон қадар. Шу бугундан, шу лаҳзадан. Акс ҳолда кеч бўлади…

Tegishli xabarlar

Коррупцияга қарши курашда Тошкент руҳи

admin

“Дўстлик” фестивалини ўтказиш ДАСТУРИ

admin

ИЖТИМОИЙ ХИМОЯ  ЭЪТИБОР МАРКАЗИДА (Наманган, Фарғона, Қашқадарё, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри)

admin