ADOLAT 24

Аждодлардан мерос улуғ тилимиз

Мамлакатимизнинг қонун йўли билан муҳофаза қилинадиган мустақиллик рамзларидан бири — ўзбек тилида халқимизнинг менталитети, ҳарактери, анъаналари, урф-одатлари, қад­риятлари акс этади. Ўзбек тилини миллий бойлигимиз сифатида асраш, уни келажак авлодга бус-бутун етказиш аждодлар руҳи олдидаги маънавий бурчимиз ҳисоб­ланади.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Ҳозирги кунда Янги Ўзбекистонни барпо этишга қаратилган эзгу интилиш ва ҳаракатларимиз ҳал қилувчи босқичга кўтарилмоқда. Бу йўлда миллий ўзлигимиз, ғурур-ифтихоримиз тимсоли бўлган она тилимиз, ҳеч шубҳасиз, беқиёс куч-қудрат ва илҳом манбаи бўлиб хизмат қилади”.

Мамлакатимизда барча соҳада бўлгани каби тилимиз тараққиётида ҳам муҳим ўзгаришлар юз берди. Ўзбек тилининг халқаро обрўси ошиб, фаол мулоқот воситасига айланиб бормоқда. Турли даражадаги расмий учрашув ва музокараларда тилимиз кенг қўлланаётгани, хориждаги қатор таълим даргоҳларида, илмий муассасаларда ўзбек тили марказлари ташкил этилиб, уларда она тилимизни ўрганишга қизиқувчилар сони кўпайиб бораётгани бунинг яққол далилидир.

“Давлат тили ҳақида”ги қонун она тилимизнинг бор гўзаллиги ва жозибасини тўла намоён этиш билан бирга, уни илмий асосда ривожлантириш борасида ҳам кенг имкониятлар яратди. Олимлар ва мутахассислар томонидан илм-фан ва турли соҳаларга оид энцик­лопедия ва луғатлар, дарслик ва ўқув қўлланмалари чоп этилди.

Мумтоз адабиётимиз намуналари, беш жилдлик “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” бу борада амалга оширилаётган ишларнинг энг муҳимларидан биридир. Ушбу луғат саксон мингдан зиёд сўз ва сўз бирикмасини, фан, техника, саноат, маданият ва бошқа соҳаларга оид атамаларни, шеваларда қўлланиладиган сўзларни ўз ичига олган.

Ҳар йили 21 октябрь юртимизда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун сифатида кенг нишонланади. Ушбу санага бағиш­ланган тадбирларда “Давлат тили ҳақида”ги қонуннинг ижроси юзасидан амалга оширилаётган ишлар атрофлича таҳлил этилиб, галдаги вазифалар белгилаб олиниши анъанага айланган.

Ўзбек тилининг бой имкониятлари бугунги кунда тилшуносларимиз томонидан чуқур ўрганилмоқда. Хусусан, тилимизнинг ахборот-коммуникация технологиялари, интернет тармоғи, аниқ фанлар, тиббиёт, иқтисодиёт ҳамда бошқа махсус термин ва тушунчаларни талаб қиладиган соҳаларда ҳам кенг қўллана бош­лагани унинг имкониятлари улканлигини кўрсатмоқда.

Тилимизни эъзозлаш, ёш авлодни она тилига ҳурмат руҳида тарбиялашда буюк аждодларимизнинг ҳаёти ва фаолияти катта ибрат мактабидир. Бунга улуғ мутафаккир Алишер Навоий ижоди яққол мисол бўла олади. Буюк шоир нафис шеърияти орқали тилимизнинг беқиёс гўзаллигини ҳамда бой имкониятларини намоён этган. “Муҳокамат ул-луғатайн” асари Алишер Навоийнинг нафақат буюк шоир ва мутафаккир, балки ўзбек адабий тилининг тарғиботчиси ва фидойиси эканидан далолат беради.

Бугунги кунда миллий қадриятимиз — тилимизнинг мулоқот доираси кенгайиб бормоқда. Биргина ҳарбий соҳани олиб қарайдиган бўлсак, тубдан такомиллашиб, маънавий жиҳатдан ҳам юқори даражага кўтарилганига гувоҳ бўламиз. Ҳарбий қисмларда шахдам қадамлар ташлаб, она тилимизда қўшиқ куйлаётган аскарларни кўриб, ўзбек тилида жаранг­лаётган саф қўшиқларини эшитиб, беихтиёр қувониб кетамиз.

Ҳозирги глобаллашув жараёнида дунёнинг баъзи халқлари ўз она тилидан мосуво бўлиб, тарихи ва келажагидан узилиб қолаётгани кўпчиликка маълум. Қайсики халқнинг тили таназзулга юз тутса, ўша халқнинг инқирози муқаррардир. Шунинг учун ўз қад­рини билган миллат она тилини ўзини асрагандай асрайди, унинг тараққиёти, тақдири учун муттасил курашади.

Бундан неча асрлар муқаддам буюк тилшунос олим – Маҳмуд Қошғарий она тилимизнинг араб тили билан тенг пойга қилаётганидан фахрланган эди. Она тилимиз ўша даврда ана шундай юксак мавқега эга бўлиши учун яна шунча йўл — такомил босқичини ўтаган бўлиши шубҳасиз. Миллатни миллат қилувчи, унинг буюк тамаддунга, тарихга дахлдорлигини англатиб, кишилар қалбида фахр-ифтихор туйғусини уйғотувчи ҳам, авлодлар ва аждодлар зиммасидаги олий бурчни эслатиб турувчи ҳам она тилимиздир. Шундай экан, ўзбек тилининг давлат тили деб эълон қилингани халқимизнинг дунё халқлари орасида ўз ўрнини топганининг нишонасидир.

Мамлакатимизда яшовчи фуқароларга таълим олиш, тилини эркин танлаш ҳуқуқи берилган, ушбу ҳуқуқларни рўёбга чиқариш мақсадида давлат тили ва бошқа тилларда умумий ва олий маълумот олиш кафолатланган. Мамлакатимизда мактаб таълими 7 тилда — ўзбек, қорақалпоқ, рус, қозоқ, қирғиз, туркман ва тожик тилларида олиб борилмоқда.

Олий ўқув юртларида айрим махсус фанларни, хусусан, техник ва халқаро мутахассислик­лар бўйи­­ча ўқитиш чет тилларда олиб борилишининг ташкил этилиши, чет эл олий ўқув юртлари филиалларининг юртимизда фаолият юритишига шароитлар яратиб берилиши, битирув-малакавий ишлари, магистрлик ва докторлик диссертацияларини давлат тилида ёки бошқа тилда ёзиши ва ҳимоя қилиши мумкинлиги чет тилларнинг мамлакатимизда кенг қўлланилишини қўллаб-қувватлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Институтимизда ҳам бу борада бир қатор ишлар йўлга қў­йилган. Барча талабаларга “Ўзбек тилининг соҳада қўлланилиши”, “Давлат тилида иш юритиш” каби фанлар ўтилади, шунингдек, ўзга тилли гуруҳларда “Ўзбек тили” фанидан машғулотлар олиб борилади. Бундан ташқари, хорижий тиллар ва гуманитар фанлар факультетининг “Ўзбек тили ва адабиёти, ижтимоий гуманитар фанлар” кафедраси мавжуд бўлиб, ушбу кафедрада 19 нафар иккинчи курс магистрантлари “Ўзбек тили ва адабиёти” мутахассислиги бўйи­­ча таҳсил олишмоқда.

Акрам Бегматов,

Ўзбекистон — Финляндия

педагогика институти ректори

Tegishli xabarlar

Ўзбекистон — Туркия: Стратегик ҳамкорлик алоқалари янада кенгаяди

admin

ЗАМОНАМИЗНИНГ ЗАБАРДАСТ АДИБИ Халқ ёзувчиси, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон давлат мукофотлари лауреати, профессор, “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши аъзоси, жамоат арбоби Муҳаммад АЛИ адабий портретига чизгилар

admin

КЎЗГУ ҚАРШИСИДАГИ ҲАЁСИЗ «АЁЛ» ВА ҒУРУРСИЗ «ЭРКАК»

admin