ADOLAT 24

Ўзбошимчаликми, ёки яна “салла билан калланинг” ўрни алмашдими?

Сўнгги вақтларда ҳар икки куннинг бирида таълим билан боғлиқ у ёки бу муаммога ё кўзинг тушиб қолади, ёки ўз кўзинг билан кўриб қоласан, ё эшитиб қоласан. Бирига ажаблансанг, бирига “ёқа ушлайсан”. Биридан қувонсанг, бошқа хабар дилингни хуфтон қилади. “Бирга қараб фикр қил, бирга қараб – шукр қил”, деганлари шу бўлса керак-да.

Йил бошидан буён давлатимиз раҳбари томонидан ўтказилаётган қатор видеоселекторларнинг мавзуси ва мазмуни таълим-тарбия, ёшлар масаласи билан боғлиқ бўлмоқда. Президент таъкидлаганидек, таълим соҳасидаги камчиликлар халқ таълими тизимида барча ёндошувларимизни тубдан қайта кўриб чиқиш, уларни мутлақо такомиллаштиришни талаб қилади. Шу боис, мактабларнинг ҳам ички, ҳам ташқи қиёфасини янгилаш, таълим сифатини мутлақо янги босқичга олиб чиқиш бўйича катта ислоҳотларни бош­лаш зарур.

Шу ерда қиёфа тушунчасига алоҳида тўхталмоқчиман. Мазкур тушунча форс ва араб тилларида ташқи кўриниш, юз, афт, қадди-қомат, ўзини тутиш, шаклу шамойил, рӯй, чеҳра, сиймо, сурат каби маъноларни билдиради.

Шу ўринда, ўқувчиларнинг ташқи кўриниши, қиёфаси бугун кўпчиликни ўйлантираётган, баъзи ҳолларда “ваколатли мутасаддиларнинг” қалтис ҳаракатлари натижасида кўпчиликнинг эътирозига сабаб бўлаётган мавзу кун тартибидан ўрин олаётгани ҳам бежиз эмас.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 15 августдаги “Давлат таълим муассасалари ўқувчиларини замонавий ягона мактаб формаси билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 666-сон қарори билан Низом тасдиқланган бўлиб, унга асосан умумтаълим масканларида ўғил ва қиз болаларнинг ташқи кўринишлари бўйича қатор талаб­лар қўйилган.

Жумладан, ўғил болаларнинг сочи 2-3 см узунликда бўлиши кераклиги, пирсинг, татуировка, соқол ва сочни ёрқин рангларга бўяш мумкин эмаслиги белгиланган. Қизлар учун пирсинг, татуировка, макияж, узун тирноқлар, тирноқлар бўёғи, узуклар, 3 смдан ортиқ пошнали оёқ кийимлари, бир қулоққа бир нечта сирға тақиш тақиқланган ва юбка узунлиги тиззадан 5-15 см пастда бўлиши кўрсатилган.

Ўринли савол туғилади. Бу ҳужжатдан кимнинг хабари бор? Агар мактаб маъмурияти айнан шу Низомнинг 4-бобига эътибор қаратганида ўқувчилар томонидан ички тартиб-қоидалари бузилганида огоҳлантириш; кундалик дафтарига қайд этиш; тушунтириш ишларини олиб бориш учун ота-онасини хабардор қилиш; фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва таълим муассасасидаги йиғилишларда ота-оналар иштирокида муҳокама қилиш каби чораларни қўллаган, ўзининг обрўсини тўкмаган бўлар эди. Ушбу Низомда ҳуқуқ-тартибот органларига ҳеч қандай ваколат берилмаган бўлса, ички ишлар органлари ходимлари қўлларига қайчи олиб соч қиртишлаш ваколатини қайдан ўзлаштириб олдилар? Ё сочни калталашга қайчи, пирсингни олишга омбир, татуировкани куйдиришга зажигалка, макияжни ўчиришга нам салфетка, тирноқ бўёғини кетказишга ацетон, туфлининг пошнаси 3 смдан ошганини арралашга арра каби арсеналлар жамланмаси бўйича аниқ кўрсатма борми?

Агар шу каби “қурол-аслаҳа” билан ёшларни тўғри йўлга бошласак, билимини ошириб, чин инсон қилиб вояга етказа олсак, ўзгалар қўлида “қўғирчоқ” эмас, ўз юртида одам бўлишига ҳисса қўшолсак, сафингизда бўлишга тайёрман.

Ҳамма гап ўз жойимизда эмаслигимизда. “Саллани олиб кел”, деган жойда каллани ҳам қўшиб олиб келишимизда. Ахир Президент айтиб турибди, умуман, ўқитиш методикаси, дарсликлари, партадан тортиб биносигача, сифатидан бошлаб савиясигача, ўқитувчининг маънавий қиёфасидан тортиб ўқувчининг мақсадигача, ҳар иккисининг хоҳиш-иродасидан тортиб, ота-оналарнинг жавобгарлигигача тўлиқ қайта кўриб чиқамиз. Чунки, булар ўзгармаса жамият ўзгармайди.

Демак, яна ўқитувчи дарсни билим беришдан эмас, давоматдан бош­лайди, директор ўқувчининг кўзига қараб эмас, сочи ёки оёғидаги пошнани сантиметрлар билан ўлчайди. Янада ишонч ҳосил қилиш учун баданидаги суратлардан маъно излайди.

Албатта, бу каби “ўз касбига фидоийлик” ўқувчилар томонидан тан олинмайди. Чунки уларнинг ўзлиги, ўзига хослиги, ичидаги ғурурли “мен”и камситилади. Шахсиятига тегилади. Уларнинг тилида “тиллашадиган” тилмоч, сурати ва сийратини бирлаштирадиган “сирдош” топилмайди. Лекин айбдор топилади. Ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан вояга етмаган болаларни тарбиялаш ва ўқитиш бўйича мажбуриятларини бажармаслик, шу жумладан, вояга етмаган шахс томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилишига олиб келган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади (300 минг сўмдан 1,5 миллион сўмгача). (Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддаси).

Ачинарлиси, юқорида қайд этилган ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган қатор механизмларнинг қоғозда жорий қилиниб, ҳаётга татбиқ этилмагани кишини ўйлантиради.

Хусусан, туман, вилоят ва рес­публика даражасида Мактаб таълимини ислоҳ қилиш кенгашлари қани? Ахир кенгашлар соҳага оид ишларни халқ билан кенгашиб, ўқитувчилар, ота-оналар ва мутахассисларнинг фикрлари асосида ташкил қилиши, ҳар бир янгиликни улар билан бамаслаҳат киритиши лозим эди-ку?

Мактабларда маънавий муҳитни тубдан яхшилаш бўйича янги концепция ишлаб чиқиш вазифаси қўйил­ганига ҳам сезиларли вақт ўтди.

Кўпгина ташаббуслар ярим йўлда қолиб кетаётгани учун ҳам овозимиз фарзандларимизга етиб бормаяпти. Ота-оналар ожизлигини ўқитувчидан қидирса, ўқитувчи жавобгарликни қонундан ахтаради. Ҳуқуқ-тартибот органлари ўқувчиларни тартибга чақириб куч ишлатса, бу каби ҳолатларни элга овоза қилиш истагидагилар тандир олдида ҳозиру нозирлар.

Бир ҳақиқатни унутмаслигимиз керак. Гап ҳар биримизнинг фарзандимиз ҳақида. Унинг инсонийлигида ва қандай таълим-тарбия олиши ҳақида…

Яна бир гап. Ҳамманинг ўз ўлчови ва ўз қаричи бор. Бу эса бошқа мавзу.

Гулруҳ Агзамова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Tegishli xabarlar

ҲОКИМ СЕКТОРИДА АҲВОЛ ШУНДАЙ БЎЛСА…

admin

ИНСПЕКТОРЛАРНИНГ ХАТОСИ ўзларига қимматга тушди

admin

ЭРТАГА НИМА БЎЛАДИ?

admin