ADOLAT 24

ШОЯД МАСЪУЛЛАРГА ЕТИБ БОРСА…

Ҳурматли таҳририят ходимлари!

Ёшим етмишда бўлса ҳам энг севимли машғулотим – газета мутолаа қилиш. Айниқса, “Адолат” газетасининг ҳар бир сонини қолдирмасдан ўқиб боришга ҳаракат қиламан. Ундаги рукнларнинг ранг-баранглиги менга манзур бўлди. Газетада ёритилаётган мақолалар, “Адолат” СДП депутатлари томонидан амалга оширилаётган ишлар, олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар туфайли жойларда кўп йиллар давомида йиғилиб қолган муаммоларнинг ҳал қилинаётганлигидан хурсанд бўламан. Одамларнинг оғирини енгил қилиб, моддий жиҳатдан қийналиб қолган, кам таъминланган, имконияти чекланган одамларга ёрдам берилаётганлиги катта савоб.

Газета саҳифаларида эълон қилинаётган мақолалар, одамларнинг муаммосини ҳал қилиш йўлидаги мухбирларнинг ҳаракатлари туфайли кўпчиликнинг ташвиши арияпти.

Жумладан, Даврон Аҳмаднинг “Юзи ялтироқ, орқаси қалтироқ уй ҳангомалари” мақоласида айни ҳақиқат ёритилган. Унинг бундай жонкуярлигидан маҳалламизнинг кекса-ёш, барча аҳолиси хурсанд. Даврон Аҳмад ва у каби фидоий журналистларнинг барчасини дуо қиламиз, шу билан бирга, кексалар номидан ўз миннатдорлигимни билдираман.

Мақолада ёритилган салбий ҳолатлар шояд масъул шахсларга етиб борса ва уларни бартараф этишса, деган умиддамиз.

Фарҳод МИРЗАЕВ,

Тошкент шаҳар, Олмазор тумани, “Мойариқ” маҳалласи,

“Фусункор” кўчаси, 3-уй.


Газетанинг мазкур йилнинг 5 август кунги 29-сонида чоп этилган “Юзи ялтироқ, орқаси қалтироқ уй ҳангомалари”, 30-сонидаги “Сўқоқда нима гап­лар?” сарлавҳали танқидий мақолалар бизни ҳам мулоҳазага чорлади. Мустақиллик туфайли мамлакатимизда катта бунёдкорлик, ободонлаштириш ишлари олиб борилаётган бир пайтда наҳотки пойтахтимиз яқинидаги, Паркент туманининг “Сўқоқ” қиш­лоғидаги “Чашма” булоғи атрофи қаровсизликдан ташландиқ ҳолга келган бўлса? Мақолада баён этилган бу ҳолатга мутасадди раҳбарлар нега газета орқали жавоб беришмаяпти? Бу масъулиятсизлик ортида кадр танлашда таниш-билишчилик ёки соҳа мутахассисларининг етишмаслиги ётади. Нима бўлганда ҳам бундай лоқайдликни кечириб бўлмайди.

Биз истиқомат қилаётган маҳаллада ҳам камчиликлар талайгина. Бизни бир савол қизиқтиради: нега маҳалладаги муаммоларни бартараф қилиш учун шу маҳалла фуқаролари ҳокимият ёки бошқа масъул ташкилотлар эшигида навбатда туриб, раҳбарларнинг ваъдасига вафо қилишларини ойлаб интиқлик билан кутишлари керак? Ишонч билан сайлаб қўйган депутатларимиз, сектор раҳбарлари – халқнинг ишонган вакиллари эмасми? Афсуски, улар ҳатто қайси маҳалла аҳлида қандай ҳал этилмаган муаммо, тўғриланиши керак бўлган камчиликлар борлигини билишмайди ҳам. Қани эди таж­рибали журналистлар биз яшаётган “Қўштут” ва “Ҳофиз Кўҳакий” маҳаллаларига ҳам келишса, бизларни қийнаётган муаммоларни ўз кўзлари билан кўришса, Олмазор туманининг баъзи бир мутасаддилари ўз вазифаларига қанчалик совуққонлик ва эъти­борсизлик билан қарашаётганлигининг гувоҳи бўлишар эди. Илтимосимизни ерда қолдирмассизлар, деган умидда мактуб йўлловчилар:

 Олмазор туманининг “Қўштут” ва “Ҳофиз Кўҳакий” маҳаллаларининг бир гуруҳ фуқаролари номидан:

 Т. ТЎХТАЕВ, И.НАБИЕВ, А. ЗУХУРОВ… (жами 10 имзо)

Tegishli xabarlar

Келажакка овоз берамиз

admin

ҲАЛИ ҲАМ КЕЧ ЭМАС…

admin

Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси лойиҳаси муҳокамада: Ҳар бир таклиф эътиборга олинади

admin