ADOLAT 24

Тоҳир САИДОВ: “Актёр томошабиндан олдинда юриши лозим”

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, таниқли кино ва театр актёри Тоҳир Саидовни танимаган-билмаган одам бўлмаса керак. У театр саҳнаси, телевизор экрани орқали томошабинлар хонадонига, юрагига кириб борган. Актёр Вильям Шекс­пирнинг “Гамлет” асарида Гамлет, “Қирол Лир”да масхарабоз, Алехандро Кассанонинг “Дарахтлар тик туриб жон беради” асарида Маврисио, Усмон Азимнинг “Кундузсиз кечалар” спектаклида Сезгир, Эркин Хушвақтовнинг “Қаллиқ ўйини” асарида Чоннама, “Ўн саккизинчи квадрат” фильмида майор Алиев, “Сув ёқалаб” фильмида ўртанча ўғил, “Илҳақ”да Мардон раис каби жуда кўп­лаб эсда қоларли образлар яратган. Бугун актёрнинг рафиқаси Дилобар Саидова саҳифамиз меҳмони. У билан суҳбатимиз икки санъаткорнинг умр йўллари, 35 йиллик серфайз ҳаёти ҳақида бўлди.

– Дилобар, сиз гўзал Наманганнинг Уйчи туманида камол топгансиз. Тоҳир Саидов эса олис Хоразмнинг Янгибозор туманидаги “Боғолон” қишлоғида туғилиб ўсган. Хоразмликлар қўшни вилоятдагилар билан суҳбатлашиб қолишса, ўз шевасида санъаткорни фахр билан “Бизарнинг Тойиримиз” деб алқашади. Сизнинг бу атамага муносабатингиз қандай?

– Қани эди ҳар бир инсон халқнинг, одамларнинг шунчалик меҳрига сазовор бўлса! Мухлисларнинг эътирофига эришиш – ҳар бир санъаткорнинг орзуси. Турмуш ўртоғим халққа танилгунча озмунча меҳнат қилмадилар. Бир институтда, бир факультетда ва битта курсда таҳсил олганимиз туфайли у кишининг орзу-мақсадларидан яхши хабардорман. Ҳар бир топширилган ролни жон-дилидан бажариши, унинг муваффақиятли чиқиши учун кундузнинг роҳатию кечанинг ҳаловатидан кечиб қилинган меҳнат машаққатлари – буларнинг ҳаммаси обрў ёки шуҳрат қозониш учун эмас, балки ўз вазифасига масъулият ва ҳалоллик билан ёндашишдир. Натижаси эса битта: томошабиннинг “Актёр ролни зўр ўйнабди!” деган баҳоси. Актёрга кераги ҳам шу – мухлислар муҳаббатини қозониш. 

– Талабалик инсон хотирасида ҳаёт дафтари зарварақларининг энг ёрқин рангларида жилоланади. Уни варақласангиз, Тоҳир Саидов қай ҳолатда гавдаланади?

– Содда, самимий, ҳожатбарор, қишлоқнинг меҳнаткаш боласи… Ўз тилида айтганда, “чаққонгина”. Энг асосийси, ёлғон гап унинг луғатида йўқ эди. Кўнглидагини борича гапириб қўя қоларди. Ўша пайтларда мен у кишига: “Тоҳир, ҳали таниқли, роса катта одам бўласан”, дердим унинг келажагини тахминлаб. Ишқилиб, биринчи курсимиз бир-биров билан, ўқитувчиларимиз, дарслар тартиби, институт шарт-шароитлари билан танишишдан бош­ланди. Бу орада пахтага бордик. Пахта териш, этакларни кўтариб, тарози ёнига олиб бориш ишларида Тоҳир ака менга ёрдамлашиб юрдилар. Ўқишлар бошлангач, домламиз Абдулла Қаҳҳорнинг “Анор” ҳикоясини саҳналаштиришни иккаламизга топширдилар. Уни тайёрлаш жараёнида анча дўстлашиб қолдик. Иккинчи курсга ўтганимизда ҳазиллашиб, “Менга тегасанми? Сени самолётда Хоразмга олиб кетаман”, дердилар. Иккаламиз бир-биримиз билан уришиб-талашиб юрар, “сен”лашиб гаплашар, дўстона муносабатда эдик. Баъзи ёшларга ўхшаб, паркларга бориб, учрашиб ҳам юрмаганмиз. Охирги курсда янги йилни кутиш тараддудида юрсак, Хоразмдан бу кишининг отаси, аммаси ва тоғаси келиб қолишди. Билсам, улар Наманганга совчиликка боришаётган экан. Дадам: “Наманган республикамизнинг бу чети бўлса, Хоразм у чеккаси, у ёқларга қиз беролмайман”, деб уларни қайтарган эканлар. Кейин яна боришган, яна рад жавобини беришган…

– Ота-онангиз сизларнинг турмуш қуриш ҳақидаги аҳду паймонингиздан хабардормиди?

– Йў-ўқ, қаёқда дейсиз! Айтолмаганман. Дадам бош ҳисобчи бўлиб ишлар, касбига мос оғир, босиқ, ичидагини ташқарига чиқармайдиган, аммо меҳрибон киши эдилар. Онам кутубхонада ишлардилар. Оилада уч ўғил, уч қиз бўлиб, уларнинг каттаси мен эдим. Шунинг учун бўлса керак, ота-онам мени бошқача яхши кўришарди. Совчилар рад этилавергач, уйга хат ёздим. У пайтларда ҳозиргидай мобиль телефонлари бўлмагач, нима муаммо бўлса, мактуб орқали гаплашардик. Бу ҳам бир тарафдан мен учун қулай бўлди: чунки, отам билан ўртамиздаги ҳаё пардаси юзма-юз туриб ичимдагиларни айтишга йўл қўймасди. Хатимда Тошкентда қолиб, ижод қилмоқчи эканлигимизни, унинг ишончли йигитлигини, барибир кимгадир турмушга беришларини, аммо мен у одам билан яшолмаслигим мумкинлигини тушунтирдим ва неча кунлаб жавобини кутдим. Кутсам, хат ўрнига дадамнинг ўзлари кириб келдилар… ва буларнинг столим устидаги суратларини кўриб, кўнгил ришталари боғланганини тушундилар шекилли… Кўзлари жиққа ёш эди, индамасдан яна орқасига қайтдилар… Булар яна совчиларини юбордилар. Ҳозиргидай эсимда, совчилар ҳам дадамга раҳмлари келиб, бизни койишган. Аммалари: “Қиз қурғай бу… Унинг отасини кўрсанг эди. Юрагим вайрон бўлди отасининг аҳволига, сенга Хоразмда қиз, сенга ўзингларда йигит қуриб кетганмиди?!” деб роса уришганлар. Учинчи марта совчи борганида Тошкентда яшашимизни билиб, розилик беришган.

– Тоҳир аканинг ота-онаси: “Артист ўғлимизни ўзимизнинг “Боғолон” қишлоғининг энг хўшрўй, сара қизига уйлантирамиз”, дейиш­маганми?

– Йўқ, қайнонам раҳматли роса мулойим аёл бўлган эканлар. Улар 38 ёшгина умр кўрганлар, булар мактабда ўқиб юрган пайтлари оламдан ўтган эканлар. Қайнотам жуда кенг феъл, деҳқон бўлсалар ҳам кўп китоб ўқиган, фарзандларини жон-дилдан яхши кўрадиган, уларнинг раъйини қайтармайдиган, ҳар бир хоҳиш-истакларини бажариб, уларнинг қувончидан куч оладиган одам эдилар.

 Бугунги ёшлар менинг тўйим зўр бўлди, фалонча чет эл машиналари хизматда бўлишди, деб мақтанишса, Тоҳир ака “Бизнинг тўй ҳамманикидан зўр бўлган, Дилобар. Наманганда тўй бўлган, “ЯК-40” самолётида Тошкентга учганмиз, бизни тантанали кутиб олган курсдош­ларимизга отам раҳматли кафеда тўй қилиб берганлар. Кейин яна “ТУ-154” самолётида Урганчга учганмиз ва Янгибозорда катта тўй тантаналари давом этган. Ким шундай тўй қила олган менинг деҳқон отамдан бошқа!” деб ҳалигача мақтаниб юрадилар.

– Хоразмнинг тили, таомлари, урф-одатлари Наманганникидан анчагина фарқ қилади. У ерда нималарга кўникишга, қандай одатларни ўзгартиришга тўғри келди?

– Хонадонда Тоҳир аканинг икки нафар опаси турмушга чиқиб кетишган, қайнотам, икки қайнукам, икки қайнсинглим истиқомат қилишарди. Бор-йўғи бир ҳафтагина яшаганмиз. Ўшанда ҳам уйқучи бўлганман. Уйғонганимда икки нафар қайнсинглим барака топгурлар ҳовлиларни супириб-сидириб, сув сепиб, ҳамма ёқни чиннидай қилиб, дастурхон безаб, мени кутиб ўтиришарди. Шунақа яхши кўришарди мени, гўёки азиз меҳмондай эдим. Ҳозир ўйласам, уялиб кетаман, аммо шунақа яхши хонадонга, меҳр-оқибатли одамларга келин бўлиб тушганимни ҳалигача фахрланиб, ҳаммага мақтаниб, айтиб юраман.

– Иккалангиз бир спектакль ёки кинода роль ижро этганмисизлар?

– Ҳа, 2018 йилда режиссёр Аҳмад Ўнарбоевнинг “Опа” деган фильмда эр-хотин ролини ижро этдик, ўша йили яна Ҳилол Насимовнинг “Ҳаёт” фильмида ҳам бирга суратга тушдик. Унда мен Фарҳод Абдуллаев билан, у киши Лола Элтоева билан эр-хотин образларини яратдик. Нечоғлик томошабинларга манзур бўлган-бўлмагани уларга ҳавола.

– Мана ҳозир Фарҳод Абдуллаев билан эр-хотин образини яратганингизни айтаяпсиз. Шундай вазиятда Тоҳир аканинг ғаши келиб ёки рашк қилиб, муаммо чиқармайдиларми?

– Йўқ ҳозир, айнан ҳозир норозилик билдирмайдилар, чунки актёрлик фақатгина саҳнада, фильмдагина ўз вазифангни бажариш, ўзгалар қиёфасини ишонарли қилиб яратиб бериш эканини яхши тушунадилар, бунинг устига, умримизнинг ярим асрдан кўпроғини яшаб қўйдик. Аммо ёшлигимизда, талабалик давримда мен анчагина яхши фильмларда кинопробадан ўтиб, ролларга таклиф қилинганман. Бу киши эса тўйимиз бўлмаган бўлса ҳам менга рухсат бермаганлар. Охирги курсда ўқиётганимизда ҳам собиқ Ҳамза театрида экспериментал спектакль қўйишмоқчи бўлишган. Режиссёр Латиф Файзиев мени “Бой ила хизматчи” спектаклидаги Жамила ролига таклиф қилганлар. Репетицияларига бориб юрганман, аммо бўлғуси турмуш ўртоғим норози бўлганлари учун роль ижро этмаганман.

Май ойида иккаламизни ҳам режиссёр Носир Атабоев Ўзбекистон давлат сатира театрига ишга таклиф қилдилар, сизларга тўй саёҳати бўлсин, деб Доғистонга ижодий сафарга кетаётган жамоа билан менга ҳам кичкина роль бериб, бизни ҳам юборганларини ҳамон миннатдорлик билан эслайман. 

– Ёш оилада иқтисодий қийинчиликлар, тушунмовчиликлар бўлиши табиий. Уларни енгишда муҳаббатнинг ўзи етарлими?

– Мен ёшлигимда жиддий қийинчиликлар кўрдим, деб айтолмайман. Иккаламиз ҳам узоқ вилоятдан келганимиз учун ижарада турардик. Ўшанда, аввало, ижара уй топилгани қувонч бағишлади, кейинчалик оилавий ётоқхонага кўчиб ўтдик, бунга ҳам бошпанали бўлганимиз учун роса қувонганмиз. Буларнинг ҳаммасини табиий қабул қилганмиз. Чунки у пайтлари ётоқхона олиш ҳам жуда қийин эди-да. Шу бир хонали ётоқхонада 3 фарзандимиз туғилди. Қийналдим, деган фикр хаёлимга ҳам келмаган. Энг муҳими, аҳил эдик, мақсадимиз бор эди. Фарзандларимиз соғлом камол топишди. Кейинчалик турмуш ўртоғим ишлайдиган Ўзбек Миллий академик драма театридан уй беришди. Токи 2013 йилгача шу 2 хонали уйда яшадик, ундан кейин ҳовлига кўчдик. Менинг фик­римча, ҳаётда инсоннинг қаерда, қандай уйда яшаши эмас, аҳиллиги, олдига қўйган мақсади йўлидаги интилиши муштарак бўлиши, ҳар бир нарсада бахтни ҳис қилиши муҳим. Шоҳона уйларда яшаётган ёшларнинг ажрашиб кетаётганининг сабаби ҳам борига сабр-қаноат ва шук­рона қилмаслик бўлса керак, деб ўйлайман. Биз учун мол-дунё ҳеч қачон бирламчи бўлмаган, аммо Яратганга шукрки, ҳозир ҳеч кимдан кам эмасмиз. Ҳолбуки, ўша пайт­ларда ҳам ўзимизни бировдан кам кўрмасдик.

– Актёрнинг болалиги, ёшлиги ҳақида нималарни биласиз?

 – Қайнотамнинг гапларидан, Тоҳир аканинг хотирлашларидан билишимча, жуда шўх бола бўлган эканлар. Шу билан бирга, меҳнатдан қочмайдиган, қишлоқда мол боқиш, қўй боқиш, ўт ўришми, далага чиқишми – ҳаммасини уддалайдиган ўдли-шудли йигит бўлган. Айниқса, ҳозиргига ўхшаб ёшлигида ҳам қизларга, сингилларига, синфдошларига жуда меҳрибон бўлган эканлар. Пахта терими мавсумига боришса ҳам қизларни ҳимоя қилиб, биров гап отмаслиги учун ҳимоячи бўлиб юрар эканлар. “Бўладиган бола бошидан маълум”, дейишади-ку. Ҳозир ҳам аёлларга, хотин-қизларга ҳурмати баланд. Қизларини ҳам жуда яхши кўрадилар. Хорижда съёмкада юрган бўлсалар ҳам улар билан ҳар куни гаплашиб, ҳол-аҳволини билиб, оиласи тинчлигидан хабардор бўлиб турадилар.

– Тоҳир Саидов – актёр. Шу билан бирга, сизнинг турмуш ўртоғингиз ҳамдир. Актёр актёрни тўғри тушуниши мумкин, аммо аёл баъзида жуфти ҳалолини бегона нигоҳлардан ҳам қизғанади. Бу туйғу сизни қийнамаганми?

– Йўқ, десам ёлғон гапирган бўламан. Ҳатто бир гал, яъни “Кўнгил кўчалари” сериали суратга олинаётган кунларнинг бирида қизларим мактабдан йиғлаб келишган. Синфдошлари даданг рус қизи билан ижарада яшар экан, деб масхара қилишибди. Бу менга ичимдагиларни тўкиб солишга баҳона бўлдими, билмайман. Сериалда бу киши рус қизи билан бирга нотўғри йўлга қадам босган эркак образини ижро этаётган эдилар. Ўшанда росманасига жаҳлим чиқиб, жанжал қилганман, сценарийларини ҳам йиртиб ташлаганман. Ҳатто режиссёр Маҳкам Муҳамедовнинг олдига ҳам борганман, спектакл­нинг ғоясини ўзгартиришга, бу эпизодларни чиқариб юборишга мажбур бўлишган.

– Тоҳир Саидов оилада қандай инсон? Унда ёшликдаги, талабаликдаги хислатларидан қай бири сақланиб қолган?

– Тоҳир ака изланувчан санъаткор. У “Актёр томошабиндан 4-5 қадам олдинда юриши керак”, деб ҳисоблайди ва ўзи ҳам шунга интилади. Ҳар қандай одамнинг тақдири вақт измида. Хоҳлайсизми, йўқми, ёши улғайган сари унинг ёшликдаги шўхликлари вазминлик, улуғворлик, мулоҳазакорлик каби хислатлар билан ўрин алмашади. Тоҳир акада ҳам шундай. Аммо ҳазилкашлиги, тиниб-тинчимаслиги, тўғрисўзлиги, меҳрибонлиги, қўли очиқлиги ўша-ўша. Ёшлигимизда оиламиз учун “Эр-хотин – қўш ҳўкиз” бўлиб ҳаракат қилардик, ҳозир бозор-ўчарни ўғлим билан бирга қиламиз. У киши кўнгилларига тушса нимадир кўтариб келадилар, бўлмаса йўқ. Ижодга шўнғиганлар, уйга тинчлик истаб, дам олиш учун келадилар, десам муболаға бўлмас. Вақт тегирмони айланиб, оила ташвишлари отадан ўғилнинг зиммасига ўтди. Баъзида дам олиш кунлари нимадир таом тайёрлашни яхши кўрадилар. Бу кишининг дўст-ёри жуда кўп. Илгари Фатхулла Маъсудов, Абдураим Абдуваҳобовлар билан чақ чақлашиб ўтиришарди. Улар ўтгач, анча тушкунликка тушиб қолдилар. Ҳозир яна дам олиш кунлари қишлоқдошлари, турли соҳа вакиллари – дўстлари ҳовлимизга файз киритишади. Тоҳир аканинг ўзи Тошкентда яшасалар ҳам хоразмлик дўстлари, қишлоқдошлари, синфдош­лари билан ҳамиша бирга. Юртига, юртдош­ларига муҳаббати жуда кучли.

– Ҳар дам олиш куни мезбонлик қилиш сизга ҳам осон бўлмаса керак? Бу сизга малол келмайдими?

– Йўғ-эй. Меҳмонларнинг ўзлари биргалашиб ҳовлимиз тўридаги ёзги ошхонамизда ош қилишади, суҳбатлари узоқ чўзилади. Бизга умуман халақит беришмайди. Агар бир дам олиш куни дўстлари келишмаса, Тоҳир ака дам олгандай бўлмайдилар, зерикадилар.

– Актёрнинг қайси роли сизга кўпроқ ёқади?

– Тоҳир ака қайси образни яратсалар ҳам уни бутун вужуди билан ижро этишга ҳаракат қилади. Хоҳ у ижобий образ бўлсин, хоҳ салбий. Кино ёки театрни томоша қилган киши уни ёмон кўриб қолиши ёки меҳри ошиши мумкин. Бу ҳам актёр маҳоратидан нишона. Ҳамма роллари орасида “Гамлет” образи талқини менга кўпроқ маъқул. Унинг премьерасига борганимдаёқ шундай хулосага келганман.

– Актёр ўзига таклиф қилинган ролларни ижро этиш-этмаслик масаласида сизнинг фик­рингизни инобатга оладими?

– Баъзида маслаҳатлашадилар, фикримни сўрайдилар, баъзида эса йўқ. Бу унинг иши. Ўз имконият даражасини ва салоҳиятини фақат актёрнинг ўзи билади. Мен унинг ижодий ишларига аралашмайман ҳам, халақит ҳам бермайман. Ўз навбатида у ҳам менга нисбатан шундай. Иккаламиз ҳам эркин ижод қилиш тарафдоримиз.

– Бир савол бермоқчиман-у, малол келадими, деб истиҳола қилаяпман…

– Бемалол.

– Истеъдодли талаба бўлгансиз. Оилада икки актёрнинг бири муваффақиятга эришиши учун иккинчиси ўз истеъдодини қурбон қилиши шартми?

– Оилада имкониятга қараб иш кўрилади. Тўғрироғи, ким учун нима муҳим бўлса, шуни танлайди. Мен учун болаларимни ўз меҳрим билан парвариш қилиб, катта қилишим жуда аҳамиятли ва бирламчи эди. Аёл бўла туриб, болаларни турмуш ўртоғимга ёки энагага ташлаб, ишимни давом эттира олмайман-ку. Аёл қайси касб эгаси бўлишидан қатъи назар, биринчи нав­батда унинг аёллик, оналик вазифалари бор. Уларни бажаришга тайёр бўлмаганлар оила қурмаслиги керак. Икки қизим ва бир ўғлимни меҳр билан улғайтириш менинг бурчим эди. Бунинг устига онанинг фарзандларига бўлган меҳри касбига бўлган муҳаббатидан устундир. Болаларим сал улғайгач, улар тарбия­сини, назоратини кўздан қочирмаслик, уларга вақтим бемалол бўлишини инобатга олиб, Ўзбекистон радиосига сухандон бўлиб ишга кирдим. Буни мендан турмуш ўртоғим талаб қилгани йўқ, бу – ўз танловим эди. Бундан асло афсусланмайман. Мана, бугун нафақадаман, ҳечдан кўра кеч деганларидай, энди санъаткор сифатида ижодга шўнғидим. “Интиқом” сериалида роль ижро этдим, бугунги кунда “Она сурати” сериалида ҳам ўзига хос образ яратаяпман. Бундан Тоҳир ака ҳам хурсанд бўлаяптилар.

– Икки санъаткор фарзандларининг санъатга муносабатлари қандай?

– Камола қизим ва ўғлим Навфал иккаласи Тошкент кимё-технология институтини тугатишган. Ҳилола қизим Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг телевидения ва радио режиссёрлиги факультетини тугатиб, бугунги кунда “Маҳалла” телеканалида эфирга узатувчи рёжиссёр вазифасида фаолият олиб бораяпти. Турли касб эгалари бўлишса ҳам санъат нонини еганлари учунми, санъатни қадр­лашади, санъаткорларга ҳурматлари баланд. Қизларим ёшлигида мусиқа тўгаракларига қатнашгани ҳисобига бўлса керак, овозлари тиниқ, кичиклигида қўшиқ айтишарди, аммо ҳозир айтишмайди. Улар ҳам биз каби оилаларига меҳрибон, фарзандлар улғайтиришаяпти. “Ота-она болага сенга тарбия бераяпман, деб тарбиялай олмайди. Уларнинг ўзлари ибрат аслида”, деган фикр нечоғлик тўғри эканини ўз ҳаётимда кўраяпман.

– Актёр қандай инсонлардан узоқроқ юришни маъқул кўради?

– Ғийбатчи, ёлғон гапирадиган, сўзида турмайдиган, иккиюзламачи, мужмал одамларни ёқтирмайдилар. Мард, тўғрисини гапирадиган, бир сўзли инсонларни қадрлайдилар, дўстлари ҳам шундай кишилар. Тоҳир аканинг бирон марта бировни ёмонлаб, ғийбат қилиб ўтирганларини кўрмаганман.

– Ишдаги зиддиятлар, кўнгилсизликлар, баъзиларнинг ноҳақдан кўнгилларини оғритган паллаларида тушкунликка тушиб, сизга дилидагини тўкиб, енгиллашадиган пайтлари бўладими?

– Ҳаётда ҳар қандай ҳолат бўлиши мумкин. Аммо ишдаги майда-чуйда гап-сўзларни уйда гапириб ўтиришни ўзларига эп кўрмайдилар. У кишининг шиори: “Уйдагиси уйда, ишдагиси ишда қолсин!” Кўнгилхираликлардан бизни аяйдилар, менимча. Қолаверса, майда гап­ликни ёқтирмайдилар. Муаммолари оғир юк даражасида юрагида тошдек қотиб, оғирлик қилган пайтлари бўлса, шунда мен дардкашга айланишим мумкин. Бундай ҳоллар камдан-кам бўлади.

– Сизга гул совға қиладиларми?

– Фақат томошабинлар берган гулларни уйга олиб келишлари мумкин. Ўзлари айнан мен учун гул сотиб олмаганлар. Бундан хафа ҳам бўлмайман. Негаки у киши романтик инсон эмас. Аммо туғилган кунларимда автомобиль олиб берганлар, бир гал яна уни янгисига алмаштириб берганлар. Топган-тутганини уйга олиб келадилар, болаларимизни, невараларимизни яхши кўрадилар, ишдан бўшади, дегунча уйга чопадилар – шунинг ўзи мен учун меҳр гулдастаси!

– Актёрдан нимани кутасиз? Унинг қандай камчилиги бор, деб ўйлайсиз? 

– Мен турмуш ўртоғимни муҳокама қилишга ҳақли эмасман, уни борича ҳурмат қиламан. Аммо… аёл сифатида ишдан вақтлироқ келиб, “Юр, Дилобар, иккаламиз у ёқ-бу ёққа бориб, айланиб, суҳбатлашиб, ўтириб, дам олиб келайлик”, дейишларини жудаям хоҳлайман…

– Бахтлимисиз?

 – Инсонга бахтни ҳис қилиш учун кўп нарсанинг кераги йўқ. Аёл учун жуфти ҳалолининг уни қадрлаши, она учун фарзандларининг соғлиги, келини, куёвларининг ҳурмат қилиши, невараларининг хонадонини тўлдириб юриши, оиласининг, юртининг тинчлиги бахтдир. Яратганга шукрки, буларнинг ҳаммаси менда бор. Демак, баралла айта оламанки, мен бахтлиман!

– Бахтингизга кўз тегмасин, илоҳим! Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур!

“Adolat” мухбири Саодат МАТЯҚУБ қизи суҳбатлашди

Tegishli xabarlar

Barcha tadbirkorlik subyektlari diqqatiga!

admin

ШҲТнинг аҳамияти, нуфузи ва мавқеи ортиб бораверади

admin

Улуғларини улуғлаган юрт

admin