ADOLAT 24

Ҳудудлардан хабарлар: (Тошкент шаҳри, Андижон, Жиззах, Бухоро вилоятлари)

Ўқув биноси ва ётоқхона қурилиши кечикмайдиган бўлди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги «Адолат» СДП фракциясининг нав­батдаги йиғилишида Ўзбекистон Республикаси «Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2022 йил 1-ярим йиллигидаги ижроси тўғрисида»ги ахбороти тингланган эди.

Йиғилишда депутат Ойдин Абдуллаева томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 16 октябрдаги «Ўзбекистон давлат консерваторияси ҳузуридаги Ботир Зокиров номидаги Миллий эстрада санъати институтини ташкил этиш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ институт ўқув биноси ҳамда талабалар ётоқхонасининг қурилиб, эксплуатацияга топширилиши кечикаётгани, бу ҳолат янги 2022-2023 ўқув йилининг бошланишига тўсиқ бўлаётгани билан боғлиқ масалани кўтарди.

Ушбу масалани атрофлича ўрганиб, жойида ҳал этиш мақсадида Молия вазирлиги, Маданият вазирлиги мутасаддилари депутат Ойдин Абдуллаева билан биргаликда Б.Зокиров номидаги Миллий эстрада санъати институтига ташриф буюрдилар.

Аниқланишича, буюртмачи Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ва пуд­ратчи ташкилот – «Косон қурилиш сервис» МЧЖ ўртасида бажарилган ишларда моддий маблағ етишмаганлиги туфайли бинони топшириш ортга суриб келинган.

Ҳолатни ўрганиш чоғида муаммолар батафсил аниқланиб, депутат О.Абдуллаева аралашуви билан муаммо ечим топди.

Камола ТОШХЎЖАЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати ёрдамчиси

**

Андижон. “Адолат” СДП Андижон вилоят кенгаши фаолиятида аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш кенг ўрин эгаллайди. Ҳудудларда ўтказилаётган чуқурлаштирилган тиббий кўрик тадбирларида иштирок этаётган шифокор сафдошларимизнинг таъкидлашича, жамоатчиликнинг тиббий маданиятини юксалтириш натижасида фуқароларда ўз саломатлигига эътибор ошиб бормоқда.

Шаҳрихон туманидаги “Дўлан” маҳалла фуқаролар йиғинида ташкил этилган ана шундай тадбирда 400 нафардан ортиқ фуқаро иштирок этди. Тор соҳа мутахассислари томонидан аниқланган беморларни соғломлаштириш чора-тадбирлари белгиланди. Шунингдек, нуроний отахон ва онахонлар ҳолидан ҳам хабар олинди.

– Йил бошидан Андижон давлат тиббиёт институтидаги шифокор сафдошларимиз томонидан вилоятдаги деярли барча туманларда ана шундай тадбирлар ташкил этилмоқда, – дейди “Адолат” СДП Андижон вилоят кенгаши раиси Мадаминжон Мадазимов. – Ижтимоий кўмакка муҳтож 50 дан ортиқ бемор бизнинг ёрдамимиз билан соғломлаштирилди. Тиббий маданиятни оширишга қаратилган сайёр тадбирлар ижобий самара бермоқда.

Эътиборлиси, бўлғуси шифокорлардан иборат волонтёрлар гуруҳи тиббий кўрик тадбирларини ташкиллаштириш ва жамоатчилик орасига кириб боришда тарғиботчи сифатида фаол. Улар ҳар бир хонадонга кириб бориб, фуқароларни соғлом ҳаётга бошламоқдалар.

Андижон вилоят кенгаши матбуот хизмати

**

Жиззах. Бугунги кунда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизнинг чекка ҳудудларида ҳам кенг кўламдаги ислоҳотлар амалга оширилиб, йиллар давомида тўпланиб қолган муаммолар ҳал этилмоқда.

Бу янгиланишлар тўлқини энг олис қишлоқларга ҳам етиб бориб, маҳаллалар обод бўлиб, аҳоли турмуш даражаси яхшиланиб бораяпти. Олиб борилаётган ишлар кўлами ва аҳамиятини ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайди.

Мана шундай ободончилик ишларидан бири Зомин туманидаги “Бирлик” маҳалла фуқаролар йиғинида ҳам амалга оширилмоқда.

 Халқ депутатлари Зомин туман Кенгаши депутати Акрам Худойназаров ташаббуси билан мазкур маҳалла фуқаролар йиғинидаги “Фидойи” кўчасининг 500 метр қисмига асфальт ётқизилди.

Айтиш жоизки, тумандаги “Бирлик” маҳалласи “Фидойи” кўчасида истиқомат қилувчи фуқаролар ёмғирли кунларда кўчага чиқишда қийинчиликка дуч келишарди. Чунки ёзда чанг, қишда лой кўчалардан юриш одамларга, айниқса, мактаб болаларига қийинчилик туғдираётган эди.

Депутатимизнинг хайрли иши – маҳалла аҳлининг оғирини енгил қилгани барчага қувонч улашди.

Жиззах вилоят кенгаши матбуот хизмати

Бухоро. «Адолат» СДП Пешку туман кенгаши раиси, халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Фарҳод Болтаев томонидан партиянинг «Муаммо билан юзма-юз» лойиҳаси доирасида тумандаги «Хуррам» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи аҳоли иштирокида «Депутат қабули» ўтказилди.

Аҳоли муаммоларини ўрганиш ва уларни бартараф этиш мақсадида бўлиб ўтган қабулда аҳоли томонидан бир қатор мурожаатлар келиб тушди. Жумладан, ҳудуд аҳолиси томонидан электр қувватини етказиб берувчи симёғочларнинг яроқсиз ҳолатда эканлиги айтилиб, янгисига алмаштириш кераклиги, имтиёзли кредит олиш бўйи­­ча ҳамда ҳудуднинг ички йўлларини асфальтлаштириш каби турли муаммолар бўйича депутатдан амалий ёрдам сўралди.

Учрашувда маҳалла аҳолиси томонидан билдирилган аксарият мурожаатлар ва таклифлар шу жойнинг ўзида бартараф этилиб, муддат талаб қилинадиганлари бўйича эса масъул мутасаддилар белгиланиб, тегишли ташкилотларга депутат Ф.Болтаев томонидан депутатлик сўровлари чиқарилди ва ижроси назоратга олинди.

Бухоро вилоят кенгаши матбуот хизмати

Tegishli xabarlar

Ҳар ким экканини ўради

admin

Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар Хавфсизлик кенгашлари котибларининг иккинчи йиғилиши иштирокчиларига

admin

Янги Меҳнат кодексида ходимлар учун қандай афзалликлар белгиланган?

admin