Ҳозирги глобализация жараёнлари бир мамлакат ўз қобиғида ривожланиши мумкин эмаслигини, мамлакатлар ўзаро ҳамкорликда янги ютуқларга эришиб, юқори чўққиларни забт этиши мумкинлини исботламоқда.
Сўнгги йилларда Евроосиё минтақасидаги сиёсий-иқтисодий ўзгаришлар ва чақириқлар ШҲТга аъзо мамлакатлар ўртасида глобал масалалар тўпланиб қолганлиги, уларни ҳал этишда конструктив ёндошувларни янгича усул ва воситалар орқали ҳал этиш, бунинг учун барча ички ва ташқи имкониятларни ишга солиш долзарблигини кўрсатди. Шу билан бирга, дунёда кечаётган сиёсий, иқтисодий, гуманитар ва маънавий-маърифий ўзгаришлар Евроосиё минтақасида ўзаро ҳамжиҳатлик билан ҳамкорлик қилишни тақозо қилмоқда. Ҳозирги таҳликали вазиятда йирик ва ўрта мамлакатлар бир ёқадан бош чиқариб, мавжуд муаммоларни коллегиал ҳал қилиш чораларини кўриши ҳар бир мамлакатнинг манфаатига мос тушади. Зеро, биргаликда, ўзаро манфаатли ва тиғиз ҳамкорликда алоқаларни янгича форматда йўлга қўйишгина дунёдаги таҳликаларга жавоб бўлади. Шунинг учун ШҲТнинг Самарқанд саммитида кўрилган масалалар ва қабул қилинган қарорлар ушбу ташкилот аҳамиятининг ошишига жиддий туртки бўлди.
ШҲТ Евроосиё минтақасида нуфузли ўринга эга бўлган ҳар бир аъзо мамлакатнинг ички ва ташқи муаммоларига биргаликда ечим топишдаги бирлашуви, пандемия шароитида ва ундан кейинги даврда давлатлар ўртасидаги жуда кўп масалалар “осилиб” қолгани боис ҳамкорликни тиклаш ва янги поғонага кўтариш эҳтиёжини кун тартибига қўйди.
Чунки халқаро савдо, транспорт ва логистика, энергия ресурслари, инновация ва бошқа йўналишларда ҳамкорликнинг сусайиши, муаммолар ўз ечимини кутиб ётгани ҳар бир мамлакатни ўйлантириб тургани айни ҳақиқат. Тўпланиб қолган муаммолар ечимини топиш Самарқанд саммитининг бош қамрови бўлиб қолди. Ушбу саммитда давлатлар раҳбарларининг юзма-юз учрашуви ва ўзаро келишуви ташкилотнинг алоҳида янги мақомга эга бўлишини белгилаб берди.
ШҲТнинг Самарқанддаги саммити бўлиниш ёки келишмовчилик майдони эмас, аксинча, тинчлик, ҳамкорлик ва тараққиёт йўлида мулоқот ва ўзаро яқинлашиш маконига айланди. ШҲТ саммитида 15 давлат, шу жумладан, барча аъзо давлатлар раҳбарлари, кузатувчи мамлакатлар (Беларусь, Эрон ва Мўғулистон), меҳмон давлатлар (Туркия, Туркманистон, Озарбайжон) Президентлари, Саудия Арабистони, Қатар ва Мисрнинг юқори даражадаги вакиллари иштирок этди.
Самарқанд саммити иштирок этувчи 15 давлат келишуви икки томонлама ва кўптомонлама форматларда ҳамкорликнинг амалдаги алоқаларини мустаҳкамлаш ва янги муҳим жиҳатларини қамраб олиши билан аҳамиятли ҳисобланади. ШҲТ ижтимоий-иқтисодий алоқаларнинг манфаатли майдонига айланишига шак-шубҳа йўқ. Чунки ўзаро манфаатли ҳамкорликдан ҳар бир аъзо мамлакатлар ўзлари учун зарур бўлган натижаларни қўлга киритиши аниқ.
Саммит доирасида қарорларда, биринчидан, ташкилотнинг янгидан ислоҳ қилинишини назарда тутилган бўлса, иккинчидан, янги имкониятларни ишга солишга қаратилган муҳим келишувларни қабул қилиш ва реализация этилиши билан характерланади. Учинчидан, ҳар бир мамлакат аҳолисининг турмуш фаровонлигини ўстириш – пировард мақсад қилиб белгиланган.
ШҲТ саммитида, энг аввало, иқтисодий масалаларни ҳал қилишга алоҳида эътибор қаратилди.
Рақамларга эътибор берадиган бўлсак, 2021 йил якунларига кўра, ташкилотга аъзо мамлакатларнинг ўзаро савдо алоқалари 8 трлн. доллар, савдо айланмаси эса салкам 800 млрд. долларни ташкил қилди.
ШҲТ саммитида кўрилган биринчи масала – савдо-сотиқ муносабатларини ривожлантириш. Шунингдек, ўзаро инвестицияларни жалб этиш ва шу орқали ишлаб чиқариш ҳамда хизмат кўрсатиш соҳаларидаги ҳамкорликни кучайтиришга устувор аҳамият берилди.
Ҳозирги кунда ШҲТ Марказий ва Жанубий Осиё, Евроосиё ва Шарқ мамлакатларини бирлаштиради. ШҲТнинг эътиборли жиҳати шуки, бу ташкилотга аъзо мамлакатлар – Хитой, Россия, Ҳиндистон дунё иқтисодиётида салмоқли ўрин эгаллайди.
Айни пайтда ушбу ташкилотга аъзо бўлиш ва ҳамкорлик қилишга қизиқувчи мамлакатлар сони ортиб бормоқда. Масалан, ШҲТ иштирокчилари қаторига иқтисодиёти ривожланган қатор Араб давлатлари, ўз ташаббусларига кўра, аъзо бўлиши кўзда тутилган. Афғонистон ва Беларусь ҳам ташкилотга тўлиқ аъзо бўлиш учун ариза берди.
Эрон Ислом Республикасининг ташкилотга тўлақонли аъзо сифатидаги мажбуриятлари тўғрисидаги Меморандум имзоланди. Миср Араб Республикаси ва Қатар давлатига мулоқот бўйича шериклар мақоми берилди. Беларусь Республикасига ШҲТнинг тўлақонли аъзоси, Баҳрайн Подшоҳлиги, Кувайт Давлати, Мальдив Республикаси, Бирлашган Араб Амирликлари ва Мьянма Иттифоқи Республикасига мулоқот бўйича шериклар мақомини бериш жараёнлари бошланади.
“Биз хавфсизликнинг яхлитлик тамойилига қатъий риоя қиламиз. ШҲТнинг фаолияти кенг ҳамкорликка йўналтирилган бўлиши лозим. Марказий Осиё ШҲТнинг “географик ядроси” мақомини сақлаб қолиши кераклигига ҳам ишончимиз комил”, деб таъкидлади Президентимиз Шавкат Мирзиёев.
Истиқболда ШҲТга аъзо мамлакатлар сонининг ортиб бориши, унинг дунё аҳолисининг ярмидан ортиғини ташкил этиши, жаҳон иқтисодиёт даражаси учдан бирини ташкил этишини башорат қилиш мумкин. Ҳозирда эса, дунё аҳолисининг деярли ярмини бирлаштирган ШҲТ ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришнинг истиқболли майдончасига айланиб бормоқда.
Иқтисодий таҳлиллар шуни кўрсатадики, мамлакат ташқи савдо айланмасининг умумий ҳажми қанчалик кичик бўлса, унинг ШҲТ мамлакатлари билан савдо улуши шунчалик юқори бўлмоқда. Масалан, Хитойнинг ташқи савдо айланмасида бу кўрсаткич атиги 5,7 фоизни, Ҳиндистон – 15,5 фоизни, Россия – 24,6 фоизни, Покистон – 24,8 фоиз бўлса, Қирғизистон – 76,4 фоиз, Тожикистон – 62,5 фоиз, Ўзбекистон – 50,1 фоиз, Қозоғистон – 50 фоизни ташкил этади.
Сўнгги 5 йил ичида Ўзбекистоннинг ШҲТ мамлакатлари билан савдо айланмаси 1,7 баравар, экспорт ҳажми 1,2 баравар, импорт ҳажми 2 баравар ўсди. Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг ШҲТ мамлакатлари билан савдо айланмасининг мамлакат ташқи савдо айланмасидаги улуши ҳам 47 фоиздан 50 фоизга ошди. Биргина 2021 йилда ШҲТ мамлакатлари билан савдо айланмаси 24 фоизга ошди ва 21,2 миллиард долларни, экспорт 29 фоизга 7,2 миллиард долларни, импорт 21 фоизга ўсиб, 13,9 миллиард долларни ташкил этди. ШҲТ мамлакатлари билан савдо айланмасининг ўсиш тенденсияси 25 фоизга ошди ва 14 миллиард долларга етди. Шу билан бирга, экспорт 24 фоизга ўсиб, 4,6 миллиард долларни, импорт эса 23 фоизга ўсиб, 9,4 миллиард долларни ташкил этди.
Президентимиз ташаббуси билан ишлаб чиқилган ҳужжатлар қаторида:
– ШҲТ доирасида минтақалараро савдони ривожлантириш бўйича қўшма тадбирлар режасининг янги форматини ишлаб чиқиш;
– ШҲТга аъзо давлатлар ишбилармон доиралари ўртасида саноат кооперациясини рағбатлантириш дастурини амалга ошириш;
– ШҲТга аъзо давлатларнинг ўзаро алоқадорликни ривожлантириш ва самарали транспорт йўлакларини яратиш бўйича ҳамкорлигининг концептуал асосларини қарор топтириш;
– ШҲТга аъзо давлатлар ваколатли органларининг “ақлли” қишлоқ хўжалиги ва агроиқтисодиёт соҳасидаги ўзаро ҳамкорлиги концепциясини яратиш алоҳида эътиборга молик.
Ўзбекистон томонининг ШҲТ халқаро транспорт ва логистика Ассоциациясини шакллантириш ташаббуси муҳим аҳамият касб этади. Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан ШҲТга аъзо давлатлар ўртасида ўзаро боғлиқликни ривожлантириш ва самарали транспорт йўлакларини яратиш бўйича ҳамкорлик стратегияси лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Амалдаги ҳолатларни юмшатиш, ўзаро тушуниш, манфаатли келишувни амалга ошириш, ҳамкорликнинг янги йўналишларини амалга ошириш мақсадида Президентимиз Шавкат Мирзиёев муҳим халқаро ва дипломатик ташаббусларни илгари сурди.
Масалан, 2017 йилда ташкил этилган “Марказий Осиё: бир ўтмиш ва умумий келажак, барқарор тараққиёт ва ўзаро фаровонлик йўлидаги ҳамкорлик” халқаро конференциясида Самарқандда минтақавий яқинлашиш жараёнини бошлаб берган “Самарқанд руҳи” шаклланди, натижада яхши қўшничилик ва ишонч муҳити яратилди, Марказий Осиё ўзаро манфаатли ҳамкорлик ва барқарор ривожланиш маконига айланиши реал воқеликка айланди.
Рустам Ҳасанов,
иқтисодиёт фанлари доктори, профессор
**
15-16 сентябрь кунлари дунё ҳамжамиятининг нигоҳи Ўзбекистонда бўлди. Самарқанд шаҳри йирик сиёсий халқаро тадбир – Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг навбатдаги саммитига мезбонлик қилди. ШҲТнинг навбатдаги саммити айнан Самарқандда ўтказилишида чуқур рамзий маъно бор. Чунки Самарқанд ўрта асрлардаёқ илм-фан, таълим, санъат ва маданият ўчоғи, савдо-иқтисодий алоқаларнинг муҳим кесишган нуқтаси бўлган. Ушбу шаҳар кўплаб тарихий, йирик ижтимоий-сиёсий жараёнларга гувоҳ бўлган. Шу маънода айтиш мумкинки, Самарқанднинг бой тарихий мероси ШҲТнинг навбатдаги саммити фонида янги тўлқинга эга бўлди.
Давлатимиз раҳбари замонамизнинг долзарб муаммоларини баҳамжиҳат ҳал этиш, янги хавф-хатар ва ижтимоий ларзалардан ҳимояланиш учун энг аниқ ва мақбул йўл – бу самарали халқаро ҳамкорлик эканлигини таъкидлаган ҳолда, “муваффақиятли минтақавий ҳамкорлик модели”ни эътироф этди. Ушбу модел негизида улкан географик маконни қамраб олган ва сайёрамиз аҳолисининг қарийб ярмини бирлаштирган, дунёдаги энг йирик минтақавий ташкилот ҳисобланган ШҲТ ҳамжамияти турибди. Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг муваффақият гарови эса минтақавий хавфсизликни таъминлаш орқали кўп томонли ҳамкорликни илгари суриши ҳисобланади.
Агар Ўзбекистоннинг ШҲТдаги раислиги фаолиятига эътибор қаратсак, “ҳар биримиз кучли бўлсаккина ШҲТ кучли бўлади”, деган шиор остида тадбирлар кўрилганига гувоҳ бўламиз. Чунки амалга ошириб келинаётган фаол ва очиқ ташқи сиёсат бугунги кунда яхши қўшничилик ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасида ижобий жараёнлар рўй бераётган Марказий Осиё минтақасида амалга ошмоқда.
Президентимизнинг “Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммити: ўзаро боғлиқликдаги дунёда мулоқот ва ҳамкорлик” мақоласини ўқиганимизда, “Самарқанд руҳи” тўғрисида билдирилган фикрлар эътиборни тортади. “Шанхай руҳи” ушбу ташкилот Хартиясида ёзиб қўйилган принципларда ўз аксини топган. Хусусан, унинг асосий принципларидан бири – унинг учинчи бир давлатларга қаратилмагани, иккинчиси – ўзаро манфаатларни ҳурмат қилиш, инобатга олиш ва тенг ҳуқуқлилик бўлса, учинчиси – қарор қабул қилишда консенсус тартибига амал қилиш ҳисобланади. “Самарқанд руҳи”да эса, мақолада таъкидланганидек, тарихан шаклланган тушунчага кўра, Самарқанддан туриб қаралганда, дунё тарқоқ эмас, балки яхлит ва бўлинмас бўлиб кўринади. “Самарқанд руҳи” деган ноёб феноменнинг мазмуни ҳам асли шунда мужассам бўлиб, у халқаро ҳамкорликнинг, жумладан, ШҲТ доирасидаги шерикликнинг принципиал жиҳатдан янги форматини шакллантириш борасида мустаҳкам пойдевор бўлиши мумкин.
Боз устига, Янги Ўзбекистоннинг фаол дипломатиясида Самарқанд мамлакатимизнинг энг муҳим халқаро ташаббусларини илгари суриш учун ноёб платформа бўлиб хизмат қилмоқда. Сўнгги йилларда шаҳарда қатор йирик форумлар муваффақиятли ўтказилди. Ушбу платформалардан олинган туртки ШҲТ маконининг ядроси бўлган Марказий Осиёда ҳамкорликнинг янги форматларининг шаклланишига хизмат қилгани ҳолда яхши қўшничилик, дўстлик ва очиқлик муҳитида минтақавий ҳамда глобал ривожланишнинг долзарб масалалари муҳокамасини кўзда тутадиган «Самарқанд руҳи»да ўзининг яққол ифодасини топган.
Таъкидлаш ўринлики, Марказий ва Жанубий Осиё ҳамда Евроосиё минтақасида жойлашган, айни пайтда нуфузи жиҳатидан дунё аҳолисининг қарийб ярмини ташкил этадиган мамлакатлар раҳбарларининг бир доирада жамланиши, айтиш мумкин бўлса, бугунги глобал, геосиёсий зиддиятлар авжига чиққан ва ҳар қандай истиқболни олдиндан тахмин этиш тобора қийинлашаётган бир даврда ўз актуаллиги билан барчанинг диққат-эътиборида тургани, шубҳасиз. Зеро, давлатлар ўртасидаги ўзаро ишончсизлик жараёни жаҳон иқтисодиётини тушкунлик гирдобига ташлади. Дунёнинг турли нуқталарида давом этаётган қуролли можаролар савдо ва инвестиция оқимларини издан чиқариб, озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлигини янада кескинлаштирди, нарх-навонинг кўтарилишига сабаб бўлди. Боз устига, иқлим ўзгариши, табиий бойликлар ва сув ресурслари танқислигининг ортиши, биохилма-хилликка путур етиши ҳамда хавфли юқумли касалликлар тарқалиши инсониятни хавотирга солиб қўйди. Бундай пайтда фақат конструктив мулоқот ва ўзаро манфаатларни ҳисобга оладиган кўп томонлама ҳамкорликкина вазиятдан чиқишнинг ягона йўли бўла олади.
Шанхай ҳамкорлик ташкилоти мана шундай улкан имкониятларга эга бўлган ҳамда халқаро иқтисодий ва сиёсий муносабатлар тизимида тобора муҳимроқ аҳамият касб этиб бораётган нуфузли халқаро тузилмадир.
Эътиборлиси, Ўзбекистон ташкилот доирасида аниқ ва амалий ташаббусларни илгари суряпти. Айтайлик, Ўзбекистон раҳбарининг транспорт ва ўзаро боғлиқлик, энергетика, озиқ-овқат ва экология хавфсизлиги, инновациялар, рақамли трансформация ва «яшил иқтисодиёт» каби муҳим йўналишлардаги ташаббуслари амалга ошса, ШҲТ доирасидаги иқтисодий ўсиш кўрсаткичлари бир неча баравар юксалади, ташкилотнинг обрў-эътибори ҳам янада ортади.
ШҲТ доирасида миллий манфаатларимизга жавоб берадиган кўп томонлама ҳамкорликни кенгайтириш бўйича илгари сурилган барча таклиф ва ташаббусларимиз минтақадаги барқарорлик ҳамда ҳамкорликни мустаҳкамлашнинг устувор йўналишларига тўлиқ мос келади. Чунончи, сўнгги йилларда Ўзбекистон ШҲТ доирасида янги ҳамкорлик платформаларини ишга тушириш бўйича қатор ташаббусларни илгари сурди: Президент фармони билан Тошкентда ШҲТ Халқ дипломатияси маркази очилди, Ташкилотга аъзо давлатлар темир йўл маъмуриятлари раҳбарларининг учрашувлари механизми йўлга қўйилди, Самарқандда «Ипак йўли» туризм ва маданий мерос халқаро университети барпо этилди. Бу эса, ўз навбатида, пойтахтимизда муқаддам очилган Минтақавий аксилтеррор тузилмасига қўшимча сифатида Ўзбекистоннинг айни жабҳадаги аҳамиятини янада кучайтирди. Шуниси эътиборлики, ташкилотга раислик дунёга очилаётган Ўзбекистонга ўзини янги форматда намоён этиш имкониятини берди. Хусусан, Ўзбекистон нафақат кўп томонлама кооперацияни мустаҳкамлаш, балки ҳар бир давлат билан ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш ва кенг қамровли шериклик учун янги йўналишларни белгилаб олиш тажрибасига эга бўлди.
Шу ўринда яна бир жиҳатга алоҳида эътибор қаратиш жоиз. Ўзбекистон минтақада тинчликни сақлаш борасидаги ташаббусларнинг доим олдинги сафларида бўлиб келган. Айниқса, бугунги замонавий дунёда ҳамон нотинчлик сақланиб қолаётган Афғон муаммоси давлатимиз раҳбарининг доимий эътиборида. Айтиш ўринлики, давлат раҳбарлари, ШҲТ йиғилишида Афғонистондаги мураккаб вазиятни кенг муҳокама этдилар. Чунки ушбу давлатда тинчлик ўрнатиш ШҲТнинг барча аъзолари учун стратегик масаладир. Саммит – ушбу муаммони муҳокама қилиш учун жуда қулай дипломатик платформа бўлди. Хусусан, Афғонистон билан ўзаро муносабатлар, жафокаш афғон халқига ҳар томонлама ёрдам ва кўмак беришни кучайтириш фикрида барча давлатлар собит қолди.
Бир сўз билан айтганда, ШҲТнинг Самарқанд саммити ўзбек дипломатиясининг, ташқи сиёсатининг яна бир ютуғи бўлди. Зеро, истиқлолимизнинг ўтган даврида ҳеч қачон мамлакатимизда бунчалик кўп – 14 давлатнинг раҳбари бир даврага музокара ва фикрлашув учун йиғилган эмас. Ҳеч қачон ШҲТ доирасида рекорд даражада – 44 та битим имзоланган эмас. Бу, ҳеч шубҳасиз, давлатимизнинг халқаро миқёсда обрў-эътибори ортиб бораётганидан далолат беради.
Тошпўлат МАТИБАЕВ,
халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати,
социология фанлари доктори, профессор