ADOLAT 24

Тарих илмининг фидойиси

Қаҳрамон акани биринчи марта 1989 йили Тошкент шаҳридаги Талабалар шаҳарчасида учратганман. Ўшанда мен ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ) хорижий филология факультетининг биринчи курсида, у киши эса тарих факультетининг сўнгги курсида ўқир эдик.

Қаҳрамон ака менда ҳақиқий зиё­­ли инсон сифатида таассурот қолдирган. Унинг билимга чанқоқ ва ўта тиришқоқлиги юриш-туришидан шундоққина кўриниб турарди. Нуқул ҳар хил юмушлар билан банд бўлиб, қаергадир шошгани шошган эди. Бундан ташқари, у кишини университет кутубхоналарида, шунингдек, ҳар хил маънавий-маърифий тадбирларда ва илмий анжуманларда ҳам тез-тез учратиб турардим.

Қаҳрамон ака тарих факультетини битиргандан сўнг, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Тарих институтида аввал аспирантура, сўнгра эса докторантурада таҳсил олди. Мен ушбу йиллар давомида Қаҳрамон ака билан учрашмаган бўлсам-да, лекин у кишининг кўп қиррали илмий фаолиятини кузатиб, нашр қилган мақола ва китобларини мунтазам ўқиб борар эдим. У кишининг илмий ютуқлари ҳақида хабар топсам, гўёки ўзимнинг ютуғимдек қабул қилардим.

Ҳозир ҳам Ўзбекистон тарихининг забардаст олими сифатида Қаҳрамон ака Ражабовнинг илмий фаолиятидан яхши хабардорман. У киши турли тарихий-илмий мавзуларда самарали ижод қилмоқда. Масалан, “Босмачилик ҳаракати”нинг аслида миллий истиқлол ҳаракати эканини, мустабид совет тузуми эркимиз учун курашган ота-боболаримизни халққа ёмон кўрсатиш мақсадида атайлаб ушбу ёрлиқни ўйлаб топганини ҳам илк бор Қаҳрамон аканинг мақолалари орқали билиб олганман. У кишининг докторлик диссертацияси ҳам айнан шу мавзуда, яъни “Туркистон минтақасида совет режимига қарши қуролли ҳаракат (1918-1924 й.)” деб номланган бўлиб, унда муаллиф тарихий ҳақиқатни сохталаштирмаган ҳолда, борича кўрсатиб берганини кўпчилик билмаса керак.

Тарихчи олим диссертация натижалари асосида миллий истиқлол курашининг кўзга кўринган намояндалари – Шермуҳаммадбек ва Мадаминбек қўрбошиларнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида китоблар ёзди. Айнан Қаҳрамон аканинг саъй-ҳаракатлари туфайли мамлакатимизда миллий озодлик ҳаракатига нисбатан ўзгача назар шакл­ланди: Эргаш қўрбоши, Мадаминбек, Шермуҳаммадбек ва миллий озодлик ҳаракатининг бошқа йўлбошчилари ҳақида мустабид совет тузумининг уйдирмаларига барҳам берилмоқда.

Қаҳрамон ака Ражабов илмий қизиқишлари фақат миллий-озодлик ҳаракати билан чекланиб қолмасдан, балки турли тарихий давр ва муаммоларни қамраб олади. У кишининг “Мустақил Туркистон фикри учун мужодалалар (1917-1935 й.)”, “Бухорога қизил армия босқини ва унга қарши кураш”, “Раззоқ бобо ерлари”, “Фарғона водийсидаги истиқлолчилик ҳаракати: моҳияти ва асосий ривожланиш босқичлари (1918-1924 й.)”, “Назир Ражабов”, “Файзулла Хўжаев”, “Усмон Хўжа”, “Нас­руллоҳхон”, “Иброҳимбек қўрбоши” каби ўнлаб китоблари нашр этилган. Умуман, Қаҳрамон аканинг Туркистондаги жадидчилик ва истиқлолчилик ҳаракатлари, совет режимининг қатағон сиёсати, Ўрта Осиё шаҳарлари тарихи, Туркистон АССР, БХСР ва ХХСР тарихи ҳамда Туркистондаги тарихий шахс­лар ҳаёти тўғрисида 100дан ортиқ китоблари ва 1200 дан ортиқ илмий ва оммабоп мақолалари эълон қилинган.

Қаҳрамон аканинг Бухорода 1756–1920 йилларда ҳукмронлик қилган манғитлар сулоласи ҳақида ёзган асарлари ҳам диққатга сазовордир. Биз – мустабид совет даврида таҳсил олган авлод, тарих дарс­ликларида манғитлар ҳақида салбий фикрларни ўқишга одатланиб қолган эдик. Уларда манғит амирлари нуқул золимлик ва ёвуз­ликда айблаб келинган. Афсуски, ҳозир ҳам аксарият тарихчилар манғитлар сулоласи тарихини негадир фақат қора бўёқларда тасвирлашни яхши кўришади. Улардан фарқли равишда Қаҳрамон эка ўз тадқиқотларида манғит амирлари орасида одил ҳукмдорлар ҳам ўтганини, хусусан, “маъсум амир” номи билан шуҳрат қозонган Амир Шоҳмурод ва унинг ўғли Амир Ҳайдар фаолиятини холисона ёритишга муваффақ бўлди.

Яқинда Қаҳрамон аканинг ман­ғитлар сулоласининг яна бир вакили, Бухоро амири Насруллоҳ ҳақидаги рисоласини катта қизиқиш билан ўқиб чиқдим. Асарда ниҳоятда тўғри таъкидлагани каби, амир Насруллоҳ Бухоро амирлари ичида энг иқтидорли, салоҳиятли ҳукмдор бўлган. Рисолада Насруллоҳ даврида қатор ҳарбий ва маъмурий ислоҳотлар ўтказилганлиги, натижада, давлатнинг куч-қудрати ва мавқеи ошганлиги холисона очиб берилган.

Жорий йилнинг апрель ойида Қаҳрамон ака Ражабов билан қизиқарли бир илмий лойиҳага қўл урдик: Бухоро вилояти Вобкент туманининг бой тарихи, бетакрор қад­риятлари ҳамда ноёб маданий меросига бағишланган “Вобкент тарихи: қадимдан то ҳозирги кунга қадар” мавзуидаги республика илмий-амалий конференцияси ташкил қилдик.

Мазкур анжуман арафасида “Вобкент тарихи” номли илмий-оммабоп тўплам нашр этилди ва у анжуман иштирокчиларга тарқатилди. Конференция ишида 40 га яқин олимлар илмий маъруза билан иштирок этди. Конференция давомида янграган илмий маърузаларда Вобкент туманининг асрлар давомида миллий маънавиятимиз равнақига қўшган улкан ҳиссасига эътибор қаратилди. Туман жуда бой ва қадимий ўтмишга эга бўлса-да, бироқ, ана шу тарих ҳозирги кунга қадар чуқур тадқиқ этилмаган ва шу боис, илмий тадқиқотларни жонлантириш бугунги кундаги энг долзарб вазифалардан бири ҳисоб­ланади.

Анжуманда Қаҳрамон ака Ражабов ҳам ўзининг “Муҳаммад Наршахий – Туронда тарих илмининг бобокалони ёхуд Бухоронинг буюк тарихчиси” номли маърузаси билан иштирок этди. Маърузада муаллиф Наршахий қолдирган буюк илмий мерос ҳақида, унинг нафақат Бухорода, балки бутун Туркистон ва Турон ҳудудида тарих илмига асос солган буюк тарихчи олим эканлиги, “Бухоро тарихи” асари эса Туркистоннинг қадимги ва илк ўрта асрлар тарихи бўйича нодир манба ҳисобланиши ҳақида тўлқинланиб гапириб берди. Қаҳрамон ака Ражабов ўз маърузаси охирида машҳур тарихчи юртдошимиз Наршахий номини абадийлаштириш мақсадида Ўзбекистон Фанлар академия­­си Тарих институти ҳамда Бухоро шаҳридаги олий ўқув юртларидан бирини унинг номи билан аташни таклиф қилди. “Шундай қилсак, биз тарихий адолатни тиклаган бўламиз!” – дея даъват этди Қаҳрамон ака Ражабов…

Фурсатдан фойдаланиб ўзининг 60 йиллик юбилейини нишонлаётган ажойиб инсон, забардаст олим, тарих илмининг фидойиси Қаҳрамон ака Ражабовга узоқ умр, мус­таҳкам соғлиқ, улкан ижодий муваффақиятлар тилайман!

Қодир ЖЎРАЕВ,

сиёсий фанлар доктори

Tegishli xabarlar

Хотин-қизларнинг тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиниши таъминланади

admin

ИККИНЧИ ЖАҲОН УРУШИ ҚАТНАШЧИЛАРИНИ РАҒБАТЛАНТИРИШ ТЎҒРИСИДА

admin

«Бор меҳримиз сенга, акция давом этади болажон!»

admin