ADOLAT 24

ЛОҚАЙДЛИККА НИСБАТАН ЖАВОБГАРЛИК БЕЛГИЛАНСИН!

Бугун ижтимоий тармоқлар орқали хотин-қизларимизга бўлаётган турли тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг ортиб бораётганлигининг гувоҳи бўлмоқдамиз. Табиийки, бундай ҳолатлар ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан кескин муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Тошкент вилоятининг Қуйичирчиқ туманида содир этилган қотиллик, яъни хотинини боғчада, болалар қаршисида бўғиб, азоблаб, калтак­лагани, кейин эса ушбу жанжал қизнинг ота уйида пичоқланиши билан якунлангани жамиятимиз ҳар бир аъзосининг дилини ларзага келтирди десак, янглишмаган бўламиз. Шу ўринда бир савол туғилади. Агар мазкур мудҳиш воқеанинг гувоҳлари, ўша жараёнларни томоша қилиб, совуққонлик билан кузатган, видеотасвирга олган фуқароларимиз ўз вақтида зарур чораларни кўрганда эди, жараён ҳақида ички ишлар вакиллари ёки масъул идораларга тезкор хабар берганда эди, балки фожианинг олди олинган бўлармиди?!

Чунки, юқоридаги ҳолатни, унда айбланувчи ва жабрланувчи, ҳаттоки гувоҳ сифатида иштирок этганларнинг хатти-ҳаракатини ҳеч қандай мезон ва ҳуқуқий нормалар билан оқлаб бўлмайди. Бу инсон ҳаёти ва унинг шахсий дахлсизлигига нисбатан энг тубан лоқайдлик ва жиноятдир.

Мамлакатимизда сўнгги йилларда суд-ҳуқуқ соҳасида бир қатор ижобий ўзгаришлар кузатилган бўлса-да, юқоридаги каби ҳолатлар, фуқаролар томонидан ўзбошимчалик билан бир-бирларини жазолашлари, яъни “самосуд” қилаётганликлари ва атрофдаги инсонларнинг томошабин бўлаётганликлари ачинарли ҳолдир.

Бундай салбий вазиятларда айрим фуқароларимизнинг “менга нима” қабилида иш тутаётганликлари ва жаҳл отига миниб, ўз йўлини йўқотган юртдошларимиз мудҳиш жиноят содир этишларига жим қараб туришлари тузатиб бўлмас хатоларга йўл очмоқда.

Касални даволашдан олдин унинг олдини олиш энг тўғри йўллигини ҳисобга олсак, бундай вазиятларда, аввало, барчамиз масъулиятни ҳис қилган ҳолда, бу менинг ватандошим, бу менинг маҳаллам, бу менинг акам ёки опам деб йўл тутмоғимизни замоннинг ўзи тақозо этмоқда.

Зеро, бугун биз душмандан эмас, бепарво ва лоқайд инсондан қўрқиш кераклигига гувоҳ бўлмоқдамиз.

Бундай салбий ҳолатларнинг олдини олиш, жамиятда хотин-қизларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш борасида бир муҳим таклифни ўртага ташлаган бўлардим. Яъни, қонун бузилиш ҳолатларига гувоҳ бўлиб, бепарволикка йўл қўяётган воқеа иштирокчиларига ҳам жазо қўлланилиши лозим деб ҳисоблайман. Қонунчиликдаги нормаларда лоқайдликка жазо муқаррарлиги мустаҳкам белгилаб қўйилиши шарт.

Зеро, жамият ривожи ва юрт тинчлигига ҳар бир инсон дахлдор бўлиши билан бир қаторда атрофдагиларнинг ҳаёти ва манфаатларини таъминлашда ҳам ҳар биримиз масъулмиз.

Бир сўз билан айтганда, инсон ўз хатти-ҳаракатлари билан бошқа бир инсоннинг умрига зомин бўлмаслиги, унга дахл қилмаслиги лозим. Биз инсон қадри улуғланган Янги Ўзбекистонни барпо этаётган эканмиз, аввало, инсон ҳаётига, унинг орзу-умидларига дахл қиладиган иллатларни жамиятдан таг-томири билан юлиб, улоқтириб юборишимиз лозим.

Мен ҳар бир ватандошим, миллатдошимни буюк аждодларнинг авлоди сифатида биз учун ёт бўлган салбий иллатларга қарши аёвсиз курашишга ва бепарволикдек жаҳолатни ҳаётимиздан бутунлай супуриб ташлашга чақираман.

Гулнисо САИДОВА,

“Адолат” СДП Аёллар ва ёшларнинг сиёсий фаоллигини

ошириш бошқармаси бошлиғи

Tegishli xabarlar

“Яшил макон”: Дов-дарахтлар — табиат ва жамиятнинг бойлиги

admin

Қани бизнинг Қаҳрамонлар?

admin

Баҳром АБДУҲАЛИМОВ: ПРЕЗИДЕНТ САЙЛОВИ ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОНГА ХОС СИЁСИЙ-ҲУҚУҚИЙ МУҲИТДА, МИЛЛИЙ ҲАМДА ХАЛҚАРО ҚОНУНЧИЛИК  ТАЛАБЛАРИГА МОС РАВИШДА ЎТКАЗИЛДИ 

admin