ADOLAT 24

ТОЙ ЎРНИГА ФИЛ, ТАНГА ЎРНИГА ДОЛЛАР…

Воажаб, кейинги пайтлар тўйларимизда ўйлаб топилаётган янгидан-янги одатларни кўриб ҳайратдан ёқа ушлайсиз. Мана бунга бир мисол: ўғил боланинг суннат тўйи­­га яқингача тойчоқ етаклаб борилган бўлса, энди навбат ростакам филга етиб келибди. “Э, буёғи қандоқ бўлди? Ясатилган, безатилган тойни бир-икки соат ижарага олиб турардик, филни қаердан топамиз?” деган устма-уст савол пайдо бўлади кишида.

Албатта, филларнинг ватани ҳисобланган Африкага ёки Ҳиндистонга боришингиз шарт эмас. Талабга кўра таклиф деганларидек, суннат тўйга филни циркдан олиб борасиз. Ҳайвонот боғидан бунинг ҳечам иложи йўқ. Улкан жониворнинг ўрни бўшлиги дарров сезилиб қолади. Циркда эса ҳайвон ўргатувчи ҳам, филни уёқдан-буёққа олиб бориб келадиган транспорт воситаси ҳам бор. Дарвоқе, пул бўлса, чангалда шўрва дегани билан бутун бошли филни сизга ишониб ҳеч ким бериб қўймайди. Қўлга ўргатилганига қарамасдан фил ёввойи ҳайвонлигига бориб тўйхонани остин-устин қилиб, меҳмонларга шикаст етказмаслиги учун унинг ёнида “дрессировщик” бўлгани яхши-да. Тўйболани фил устига миндириб, тўйхонани айлантиришни ҳам қойиллатади.

Яқинда ижтимоий тармоқларда “Суннат тўйга тойчоқ, туя тополмасангиз” сарлавҳаси остида тарқалган видеолавҳада кўриниб турибдики, карнай-сурнай ва ўзбекча куй-қўшиқ садолари остида устига тўйболани миндириб, тўйхонани айлантириб юрган фил бечора қаерга келиб қолганини англай олмасдан қайта-қайта ўкиради. Бола худди ерга йиқилиб тушадигандай фил устида омонатгина ўтирибди. Атрофдаги аёллар қўл телефонида тасвирга олиш билан банд.

Хўш, суннат тўйдаги бунақа антиқа томошанинг кимга, нимага кераги бор? Ҳа, бугунги тўйларимиз пойгага, кимўзар мусобақага айланиб қолмоқда. Манманлик, “мен сендан камми” қабилида иш тутиш яхшиликка олиб келмайди.

Биз янги замонда, янги давр­­да яшаяпмиз. Бугун дунё шиддат билан ўзгариб бораяпти. Аммо шунга қарамасдан ўзбекнинг ташвиши ҳамон ўша-ўша: кимўзарга тўй қилиш, маърака ўтказиш. Кейин қарзга ботиб қолсаям майли. Асосийси, расм-русумларни, урф-одатларни ортиғи билан бажарса, ўзини эл олдида обрў орттиргандек ҳис этади.

1960 йилда тасвирга олинган “Маҳаллада дув-дув гап” комедиясида Ойпошша ўғлини уйлантириш учун довруғи етти маҳаллани тутадиган дабдабали тўй қилишни истайди ва кулгига қолади. Бу фильмни ҳаммамиз қайта-қайта кўрганмиз. Айтинг-чи, тўй масаласида орадан ўтган 60 йил мобайнида нима ўзгарди? “Эл қатори” деб аталадиган “меъёр” йилдан-йилга ошиб, унча-мунча одамнинг “бели”ни чиқариб юбораяпти.

Янада ажабланарли томони шуки, ўйлаб топилган янги одатлар тезда урфга айланиб бораяпти. Никоҳ тўйида бир тўда куёвжўраларнинг келин-куёв қаршисида ярим яланғоч бўлиб (кўйлак-майкаларини ечиб ташлаб) ўйинга тушишида бирон маъни борми? Ёки тўйхонага кириб келган келин ва куёвнинг мусиқага бачкана йўрғалаши, беўхшов қилиқлар қилиши меҳмонларнинг олдида уятли ҳолат эмасми?

Биз “яхши кунимизда хизматда бўлади” деб шоу-бизнес вакилларига нисбатан ҳурматда бўламиз. Яқинда ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарга кўра, таниқли хонандалардан бири ўғлини уйлантирибди. Тўйда шоу-бизнес вакиллари меҳмон бўлибди. Тўй эгаси тўйга ташриф буюрган айрим ҳамкасбларининг устидан доллар сочибди. Демак, яқин орада тўйларда доллар сочиш ҳам урфга айланса ажабмас.

Пул одамнинг чеккан заҳмати, меҳнати, пешона тери эвазига топилади. Уни ўзининг манманлигини кўрсатиш учун бировларнинг устидан сочиш, хор қилиш нонкўрлик ҳисобланади. Ахир пул ҳам бир неъмат-ку.

Маърифатпарвар Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Тўйга исроф қилинатургон оқчаларни ўқумоқ йўлиға сарф қилсангиз!” деган даъватини, афсуски, орадан юз йил ўтиб ҳам чуқур англаб етмаяпмиз.

Топиш-тутишининг камлигидан, моддий қийинчиликдан нолийдиган одамларнинг тўйини кўрсангиз, улар ҳам тўкин дас­турхон ёзишади. Гўё тўй эгасининг мақсади неча йиллаб, не-не машаққат билан йиққанини бир неча соат ичида ҳавога совуриб юборишдангина иборатдай…

Мамлакатимизда тўйлар, оилавий тантаналар ва бошқа маросимларни ортиқча сарф-харажатларсиз ва дабдабасиз ўтказиш бўйича қанчадан-қанча чора-тадбирлар белгиланган, лекин уларнинг самараси сезилмаяпти.

Аслини олганда, тўй ва маросимлар шахсий иш эмас, мамлакат ва миллат тақдирига дахлдор масала. Шу сабабли халқимизнинг миллий табиатига мутлақо ярашмайдиган, оилаларнинг моддий аҳволини оғирлаштирадиган, уларнинг тур­­мушини издан чиқарадиган бемаъни ҳолатларга, ўйлаб топилаётган янги одатларга барҳам беришни ҳаётнинг ўзи талаб этмоқда.

Бугун дунёқарашимиз, фикрлаш тарзимиз ҳам ўзгариб бораяпти. Шунга қарамасдан, айрим юртдошларимизнинг ўй-ташвиши, муаммоси тўй ёхуд маъракани қандай ўтказишдан, бунинг учун, аввало, пул тўплашдан иборат бўлиб қолаётганидан кўз юма олмаймиз.

Мухтасар айтганда, ҳар бир нарсада меъёр бўлгани маъқул. Тўй ва маъракаларимиз ихчам, исрофгарчилик ва дабдабага йўл қўйилмасдан ўтказилса, айни муддао бўлар эди.

Суюндик МАМИРОВ,

“Adolat” мухбири

Tegishli xabarlar

Боқий шаҳар абадияти

admin

Тошкент шаҳрида реновациянинг мустаҳкам қонунчилик асослари бўлмагунча унинг асосида янги қурилишларни амалга оширмаслик тарафдоримиз

admin

АТОҚЛИ ҚОРАҚАЛПОҚ ШОИРИ ВА МУТАФАККИРИ АЖИНИЁЗ ҚЎСИБОЙ ЎҒЛИ ТАВАЛЛУДИНИНГ 200 ЙИЛЛИГИНИ КЕНГ НИШОНЛАШ ТЎҒРИСИДА

admin