ADOLAT 24

Таълим ислоҳоти йўлидаги адолатли қадам

Жорий йилда Ўзбекистонда мактаб дарслик­лари ижараси нархи 2-3 бараварга қимматлашгани ва биринчи чоракдан кейингина янги китоб­лар чиқарилиши тўғрисидаги хабарлар фуқароларимиз ўртасида турли баҳс-мунозаралар шаклланишига сабаб бўлди. Халқ таълими вазирлиги эса кўпчиликнинг норозилигига сабаб бўлаётган мавжуд вазиятни шунчаки қоғоз нархлари ва транспорт харажатлари ошгани билан изоҳлади. Ваҳоланки, муаммоларга изоҳ эмас, муносиб ечим топиш керак эди.

Мактаб дарсликлари болаларнинг умумий ўрта таълим олишида муҳим ўрин тутишини ҳисобга олиб ҳамда мактаб ўқувчилари ва уларнинг ота-оналарини, қонуний вакилларини қўллаб-қувватлаш, ижтимоий адолатни таъминлаш мақсадида давлат раҳбари Вазирлар Маҳкамаси ва Халқ таълими вазирлигига мактаб дарслик­лари ва машқ дафтарларини бепул ижарага беришни тезкор йўлга қўйиш юзасидан топшириқ берди.

Давлат раҳбарининг мазкур ташаббуси кенг жамоатчилик томонидан хурсандчилик билан қабул қилинди. Бир эмас, бир нечта фарзанди мактабда таҳсил оладиган ота-оналарни ўқув йили бошиданоқ ўйлантириб турган муаммоли вазиятга батамом барҳам берилди.

“Адолат” СДП давлат раҳбарининг мазкур ташаббусини эркин ва адолатли фуқаролик жамияти қуриш йўлида, халқ билан ҳамнафасликда амалга оширилган муҳим қадамлардан бири, деб ҳисоблайди. Зотан, илмлилик маърифатга, илмсизлик эса жаҳолатга йўл очади. Кам таъминланган, кўп болали оилаларнинг яшаш шарт-шароитлари ҳам ҳисобга олинганда, мактаб дарсликлари ижара нархларининг бундай кескин равишда оширилиши сифатли таълим йўлига катта тўсиқ бўлиб хизмат қилиши эҳтимолдан холи эмас эди. Ваҳоланки, Ўзбекистон Рес­публикаси Конституциясининг 41-моддасида «Бепул умумий таълим олиш давлат томонидан кафолатланади», деб қатъий белгилаб қўйилган.

Бир сўз билан айтганда, дардига дармон истаган халқининг хоҳиш ва истакларини амалга оширган, уларни қийнаб келаётган муаммоларга барҳам бериш йўлида амалга оширилган ислоҳотлар ўз навбатида фуқароларнинг давлатга бўлган ишончи, меҳри ва садоқатини янада мус­таҳкамлайди.

«Адолат» СДП Матбуот хизмати

Tegishli xabarlar

“Конституциявий ислоҳотлар – инсон шаъни ва қадр-қиммати учун”

admin

ЭРТАГА НИМА БЎЛАДИ?

admin

НЕГА КИТОБ ЎҚИШ КЕРАК?

admin