ADOLAT 24

“УРИБ КЕТДИ… ТЎҚНАШДИ… ВАФОТ ЭТДИ…”

Инсон доим янгиликларни эшитишга эҳтиёж сезади. Ёдингиздами, бир пайтлар аксарият кишилар телевизорда намойиш этиладиган бадиий фильм, концерт ва турли кўрсатувларни томоша қилишга имкон топа олмаса ёки бунга хоҳиш-истаги бўлмаса-да, “Ахборот” дастурини атайлаб кўрарди ва шу орқали мамлакатимизда, дунёда рўй берган муҳим янгиликлардан хабардор бўлиб борарди. “Ахборот” ишончли манба ҳисобланарди.

Ҳозирги даврда эса ахборот-коммуникация технологиялари юксак даражада ривожланди, интернет барча соҳани қамраб олди. Телевидениеда ҳам каналлар кўп. Улардан ҳар бирида ўзига хос информацион дастурлар бор. Мисол учун, “Sevimli” телеканалда “Zamon”, “ZO‘R” ТВда “Bu kun”, “Mening yurtim” телеканалида “Markaziy studiya”…

Эфирга узатиладиган ҳар қайси янгиликлар дастуридан, гарчи айрим муҳим хабарлар ўрин олмаса-да, биринчилар қаторида содир этилган йўл-транспорт ҳодисалари тафсилоти баён қилиниб, шунга доир ачинарли лавҳалар кўрсатилади. Бундан мақсад огоҳликка даъватми ёки телевизор қаршисида ўтирган ёшу қарининг эътиборини тортиш ва кўнглида хавотир уйғотишми?

Ахир автоуловда ишга ёки бирон юмуш билан кўчага чиқиб кетган фарзандини қанчадан-қанча ота-она юрак ҳовучлаб кутиб ўтиради. Шундай вазиятда телевизорда автоҳалокат лавҳалари берилиб турса, улар қандай аҳволга тушади? Бу томошабин руҳиятига салбий таъсир қилмайдими?

Ҳа, кечки пайт кўпчилик оила даврасида кўрадиган ахборот-информацион дастурлар ор­қали тарқатилаётган хабарларда йўл-транспорт ҳодисалари мунтазам ёритилади, автоҳалокат туфайли мажақланиб кетган машиналар тасвири кўрсатилади, одам ёки одамлар ҳалок бўлгани айтилади. Агар йўл ҳаракати хавфсизлигига бағишланган махсус кўрсатув бўлса, буни тушуниш мумкиндир, лекин кенг оммага мўлжалланган янгиликлар дастурида йўл-транспорт ҳодисалари “мана, кўриб қўйинглар, шунча одам ўлиб кетди” қабилида намойиш этилишини оқлаб бўлмайди.

Ички ишлар вазирлиги ЙҲХБ Матбуот хизматининг маълумотларига кўра, 2022 йилнинг 6 ойида Ўзбекистонда 3 559 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилган, уларда 2775 киши жароҳат олган, 784 киши ҳалок бўлган. Шунинг ўзи бизга хулоса чиқариш учун етарли эмасми? Ҳар бирининг ипидан игнасигача билишимиз шартми?

Ачинарли томони, ҳозирги пайт­­да телеканаллардаги ахборот-информацион дастурлардагина эмас, ижтимоий тармоқларда ҳам йўл-транспорт ҳодисаларини узлуксиз, кимўзарга бериб бориш трендга чиқди.

“…Тошкентда йўлни кесиб ўтаётган пиёда “Lacetti” уриб юбориши оқибатида вафот этди; Қамчиқ довонида юк машинаси ва “Damas” тўқнашди. 4 киши ҳалок бўлган; Фарғонада “Damas” ҳайдовчиси қувиб ўтиш қоидасини бузиши оқибатида икки киши ҳалок бўлиб, икки киши тан жароҳати билан шифохонага ётқизилди; Самарқандда катта тезликда машина бошқарган 17 ёшли ўсмир синглиси ва унинг дугонаси ҳаётига зомин бўлди; Жиззахда содир бўлган йўл-транспорт ҳодисасида 5 киши ҳалок бўлди; Сурхондарёда “Damas” 83 ёшли пиёдани уриб юборди; Тошкентда юк машинаси билан тўқнашган “Matiz” ҳайдовчиси вафот этди…”

Ижтимоий тармоқларда берилаётган бундай хабарларни узоқ давом эттириш мумкин. Истаймизми-йўқми, кўпчиликда текин томошага ўчлик, ижобий эмас, негадир салбий ахборотларни эшитишга мойиллик бор. Мана шундан айрим интернет нашрлари, хусусий телеканаллар устомонлик билан фойдаланишга ҳаракат қилади. Жабрланганларга ёрдам кўрсатилиши эмас, уларга йўл-транспорт ҳодисаси имкон қадар бўрттириб кўрсатилиши муҳим ҳисобланади. Негаки, шу йўл билан томошабинлар, ижтимоий тармоқдан фойдаланувчилар сони кўпайтирилади.

Албатта, батафсил, узлуксиз ёритилиши ҳисобига йўл-транспорт ҳодисалари камайиб қолмайди. Биз бу мавзуда сукут сақлаш, йўл-транспорт ҳодисаларига бепарво қараш керак, деган фикрдан йироқмиз. Бироқ, автоҳалокат туфайли одамлар бошига тушган мусибат, жароҳатланиш ва ўлим ҳолатлари телевидение, ижтимоий тармоқларда ҳаддан ортиқ ёритилиши инсон руҳиятига ёмон таъсир кўрсатиши, фуқароларни хавотирга солиши, жамиятда салбий фикрлар шаклланишига олиб келишидан кўз юмиб бўлмайди.

Сиз бунга нима дейсиз?

Суюндик МАМИРОВ,

“Adolat” мухбири

Tegishli xabarlar

“Адолат” СДП – “Судьялар мақоми тўғрисида” Қонун ишлаб чиқиш ташаббускори

admin

«Адолат» номи билан сиёсий майдондамиз

admin

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ ШАВКАТ МИРЗИЁЕВНИНГ “ЯШИЛ” ЭНЕРГЕТИКА СОҲАСИДАГИ ЙИРИК ҚЎШМА ЛОЙИҲАЛАРНИ ИШГА ТУШИРИШГА БАҒИШЛАНГАН ТАНТАНАЛИ МАРОСИМДАГИ НУТҚИ

admin