ADOLAT 24

ИЛМ ВА АДОЛАТНИ МАЁҚ ҚИЛГАН ОЛИМ

Инсон ҳаётининг мезони унинг босиб ўтган ҳаёт йўли билан ўлчанади. У йўл турлича бўлиши мумкин. Ҳалимбой Бобоевнинг ҳаёт йўли анча салмоқли ва мураккаб бўлди. Мураккаблиги шундаки, у Иккинчи жаҳон уруши авжига чиққан ва халқимиз ҳаётининг мусибатли даврларида – 1942 йил август ойининг 10 кунида дунёга келди. У туғилган вақт ёз фаслига тўғри келса-да, худди қишнинг изғиринли кунларидек одамлар ҳаётига совуқ таъсир қилиб турган бир пайтлар эди. Бир томондан уруш, иккинчи томондан қаҳатчилик, очарчилик ёш Ҳалимбой Бобоевнинг тетапоя бўлиб ўсишида анча қийинчиликлар туғдирди. Аммо унинг тиришқоқлиги, меҳнаткашлиги, интилувчанлиги ўз йўлини топиб олишда мустаҳкам замин бўлди.

Ўша оғир йиллар унинг учун катта мактаб вазифасини ўтади. У меҳнат фаолиятини 1959 йили 17 ёшида 704-сонли “Ўзгидроэнергияқурилиш” трестининг дурадгорлигидан бош­лади. 1961–1964 йилларда армия сафида хизмат қилди. Ҳарбий хизматдан кейин меҳнат фаолиятини “Ўзбекметаллургия” заводининг ишчиси сифатида давом эттирди. Лекин болалигидаёқ унинг қалбидан жой олган ҳуқуқшунос бўлиш орзуси уни тарк этмади.

Пировардида, 1965–1970 йилларда Тошкент давлат университети юридик факультети талабаси бўлиш бахтига муяссар бўлди.

Олий маълумотли ҳуқуқшунос Ҳалимбой Бобоев шундан кейин атиги бир йил Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармасининг катта инс­пектори, тезкор навбатчиси вазифаларида фаолият юритиб, 1971 йилдан ҳозирга қадарлик меҳнат фаолиятининг қолган қисмини таълим-тарбия ва илм-фанга бахшида этди.

Жумладан, Тошкент давлат университети юридик факультетининг аспиранти, ўқитувчиси, катта ўқитувчиси, хорижлик талабалар билан ишлаш бўйи­­ча декани, малака ошириш курс­лари декани, доценти, кундузги бўлим бўйи­­ча декан муовини, “Давлат ва ҳуқуқ назарияси” кафедрасининг мудири лавозимларида самарали меҳнат қилди. 

1991 йилдан бошлаб Тошкент давлат юридик институтининг кечки ва сиртқи бўлимлар бўйича проректори, “Давлат ва ҳуқуқ назарияси” кафедраси мудири, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясининг проректори, Тошкент давлат юридик институти ректори, Тошкент давлат юридик институтининг “Давлат ва ҳуқуқ назарияси” кафедрасининг мудири, Юристлар малакасини ошириш марказининг “Давлат-ҳуқуқий фанлари” кафедраси мудири ва бошқа лавозимларда фаолият юритиб келмоқда.

Бугунги кунда саксон ёшини қаршилаётган Ҳалимбой Бобоев юзлаб илмий ва илмий-публицистик асарларга муаллифлик қилди, Бурҳониддин Мар­ғинонийнинг юриспруденциянинг асо­си бўлган машҳур “Ҳидоя” асарини ўзбек тилига таржима қилишда фаол иштирок этди, айниқса, таълим-тарбия масалаларига алоҳида эътибор қаратган жонкуяр раҳбар ва атоқли олим сифатида халқимизнинг қалбидан жой олди. Юридик фанлари доктори, профессор, “Ўзбекистон Рес­публикаси фан арбоби” фахрий унвони соҳиби бўлди.

Ҳ.Бобоев эркин фуқаролик жамиятига асосланган ҳуқуқий демократик давлат қурилиши жараёнларида, шунингдек, жамоат ишларида ҳам фаол иштирок этиб, «Адолат» социал-демократик партияси ҳаётида ҳам муҳим из қолдирди. 

Партияни тузиш ташаббускор гуруҳ ўзагида йирик жамоа арбоблари қаторида Тошкент давлат юридик инс­титути ректори, профессор Ҳалимбой Бобоевнинг фаол иштироки партия тарихига муҳрланди. Ташаббускор гуруҳ саъй-ҳаракатлари билан унинг фаол иштирокида Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси ва республикамиз барча вилоятларида ташаббускор гуруҳлар тузилиб, таъсис Қурултойига тайёргарлик кўрилди. Партиянинг Низоми, Дастури ва Қурултойнинг ўзбек халқига мурожаатномаси лойиҳалари ишлаб чиқилди.

Шундай қилиб, 1995 йил 18 февраль куни Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси Ўзбекистондаги илк ва ягона социал-демократик партия сифатида ташкил этилди. Ўшанда партия Сиёсий Кенгаши котибларидан бири бўлиб Ҳалимбой Бобоев сайланди ва 1999 йилга қадар беш йил давомида жамоатчилик асосида шу лавозимда фаолият юритиб, партиянинг оёққа туриши, ташкилий ва ғоявий жиҳатдан ўсишида фаол иштирок этди.

“Адолат” социал-демократик пар­тия­­си Ҳалимбой Бобоевнинг партия ҳаётидаги фаол ташкилотчилик ва раҳбарлик даражасидаги иштирокини, эл-юрт, кенг жамоатчилик орасида танилишига, сафдошларимиз сонининг орттиришига қўшган беғараз хизматларини қадрлаб, 2018 йилда партиянинг олий мукофоти – “Адолат” кўкрак нишони билан тақдирлади. 

Ҳали ҳам жамият олдидаги ўз масъу­лиятини унутмаган, айниқса, ёш авлодни она-Ватанга муҳаббат, инсонпарварлик ғояларига садоқат, юксак фидойилик ва меҳнатсеварлик руҳида тарбиялашдек шарафли ишларда фаоллик ва намуна кўрсатиб келаётган Ҳалимбой Бобоевни 80 ёшлик умр йўллари билан қизғин таб­риклаймиз. Зеро, у босиб ўтган илм ва маърифат йўли узоқ йиллар жамият учун нафи тегишига тилакдошмиз.

Абдукамол Рахмонов,

“Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши

раиси ўринбосари

Tegishli xabarlar

Сайловолди учрашувлари якунига етди (ЖИЗЗАХ ВИЛОЯТИ)

admin

АҚЛ-ИДРОК БИЛАН ИШ ЮРИТАЙЛИК

admin

Транспорт иншоотлари лойиҳаси кўриб чиқилди

admin