ADOLAT 24

Сўқоқда нима гаплар?

Ҳар йили ёзнинг иссиқ кунларида касбдошлар билан юртимизнинг сўлим оромгоҳларига чиқиб дам оламиз. Бу йил Паркент тумани Сўқоқ қишлоғига йўл олдик. Сўлим чойхоналардан бирига кирар эканмиз, темир супачада 3 нафар нуроний отахон бир пиёла чой устида ҳангома қилиб ўтиришган экан. Ўзимизни таништириб, уларнинг дуосини олдик. Кимлигимизни билганларидан сўнг сергаклашишди. 

Сўқоқда қандай янгиликлар, муаммолар бор, деб сўрамасимиздан илгари чоллардан бири – Холдор Расулов гап бошлади:

– Сўнгги 15 йил ичида туманимизга бешта ҳоким келиб кетди. Буларнинг ичида Акбаржон Сулаймонов халқнинг меҳрини қозонган ҳоким эди. Аммо уни ҳам ишдан олишди. У халқнинг дардини эшитар ва муаммоларимизни адолат билан ҳал қиларди. Бугунги ҳоким Шоҳруҳ Шоаҳмедов икки йил ичида анча ишлар қилди. Лекин бизнинг баъзи муаммоларимиз унга етиб бормаётибди, шекилли. 

Паркент туманида аҳоли энг зич яшайдиган қишлоқ Сўқоқ ҳисобланади. У минг йиллик тарихга эга. “Чашма” булоғи бор. Бир вақтлар узоқ-узоқлардан келиб, “Чашма” булоғи атрофини илоҳийлаштиришга уринганларни, хўроз, қўй сўйиб қурбонлик қилганларни, дарахтларга дастрўмол, рўмолчаларни боғлаб, ният қилганларни ҳам кўрдик. Ахлоқ-одобга оид ҳадис намуналарида, ота-боболаримизнинг васиятларида сувга тупурма, сувга супурма, хуллас, сув­ни ифлос қилма дейилган. Бу васиятларга халқимиз амал қилиб келарди. Бундан 30-40 йил олдин Самарқанд, Бухоро, Хоразм, Фарғона водийсидан меҳмонлар келиб қолишса, албатта, улар билан “Чашма”га чиқардик. У пайтдаги табиат бошқача эди. Ҳаммаёқда сариқ, қизил султон, олча, ёввойи олмалар, ёнғоқ, турфа гиёҳ ўтларни кўриб, ҳавасингиз келарди. “Чашма” суви оқиб ўтган ариқларда маринка балиқлари, кўлмак­ларида қурбақа, итбалиқлар бўлиб, табиатнинг бир бўлаги эди. Булбул, каклик, сава, читтак, укки, чумчуқ, қорашақшақ, бедана каби сайроқи қушларни айтмайсизми? Эрта баҳорда ҳар хонадонга қалдирғочлар учиб келарди. Қани, улар? Ҳавас билан яшадик. Шукр қилдик, шунга яраша парвардигор ризқ-насибамизни тўкис қилиб берди. Энди эса баъзилар ҳавас билан эмас, нафсига қул бўлиб яшамоқдалар. Илгариги бойлар ён-ат­рофга қайишарди. Ҳозирги янги бойлар оғзингдагини тортиб олиш пайида. Нафс балосига йўлиққанлар, ҳовлилари ичига ҳовузлар, Европадагидек ҳаммомлар, кимўзарга данғиллама дала ҳовлилар қурмоқдалар. Уйи­дан чиқадиган, ишлатиб бўлинган сизот сувларни ариққа тўғирлаб қўйишган. Ахир бошқалар ана шу “Чашма” сувларидан ичишадику!.

– Ана, “Чашма” булоғидан паст­­га қараб келсангиз, сой бўйига чойхоналар қуриб олган янги ўзбекларни кўрасиз. Ҳар бирида 10 тадан ўн бештагача каравоти бўлса, бир кунда Сўқоққа ўртача 1,5 минг нафар дам олувчилар келиб-кетади. Улардан сўнг сойдан баклажка, целлофан халталар, ахлатлар, хатто болалар памперси дейсизми, ҳар бало оқиб келмоқда. Буларни назорат қиладиган ташкилот борми? – деб гап­­га қўшилади Содиқ Орифжонов.

Отахонларнинг гапларига аниқлик киритиш учун “Чашма” томонга йўл олдик. Йўл-йўлакай шу ерда яшовчи одамлар билан суҳбатлашдик. 

– Пастдан тегирмонгача 10 та, ундан юқорида “Чашма”гача 10 та чойхона жойлашган, – дейди Холдор Расулов. 

Ариқ бўйидан борар эканмиз, ён-атроф­даги яшил оламнинг аста-секин эррозияга учраётганлигини, авваламбор, ариқларда сув камайганлигини, унинг атрофидаги кўлмаклар ўрнида дам олиш учун чиққан табиат шайдоларидан қолган турли озиқ-овқат чиқиндиларини, тош ўчоқларда қолган кул уюмларини, ағдарилиб ётган бир неча бақатеракларни, қуриб кетган гиёҳ ўтларни, сой устига ўрнатилган каравотларни кўрдик. “Чашма”дан чиққан ариққа уланган ўнга яқин диаметри 5 сантиметрдан 20 сантиметргача бўлган қувурларни кўриб ажабландик.

Қувурлар ётқизилганлигига 3-4 йил бўлибди. Бу қувурлардан “Сўқоқ” аҳолиси сув ичиб, томорқасини суғораётганига нима дейсиз? Бунақасини “Кумушкон”даги бир қанча булоқларда, “Нанай”даги Қайнар булоқда, “Хумсон”даги Хумсон булоқ бўйларида ҳам кўрмаган эдик. 

Бугунги кунда Экологик партия­­ ва унинг аъзолари “Табиатни фидойилар сақлаб қолади!” шиори остида турли хил ташаббуслар билан чиқаётган пайт­­да партиянинг туман вакиллари ва прокуратура ходимлари қаерга қарашаяпти?

Отахонлар, маҳаллий аҳолининг саволларига жавоб олиш учун Паркент тумани экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўлимидаги бош мутахассис Азиз Зикир­хўжаевга мурожаат қилдик. У юқоридаги салбий ҳолатлар улар ҳудудига алоқаси йўқлигини важ қилиб, чойхона эгаларига эса тегиб бўлмаслигини айтди. 

Тадбиркор дегани – бу қонунларни бузиб, ўзбошимчалик билан исталган ишини қилиши мумкин, табиатга қирон келтирсин, дегани эмас-ку.

Паркент тумани санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлими ходимлари қачонгача юқоридан буйруқ кутиб ишлашади?

Фермерлар билан суҳбатлашишга тўғри келди. “Етти қир” фермер хўжалиги аъзоси Фаҳриёр Ҳасанбоев бундай дейди:

– Бизнинг тарафларга қувурлар ётқизилмаган. Бизнинг фермер хўжалик сойнинг охирида жойлашган бўлиб, “Чашма”нинг бу ердан узоқлиги 10 километр келади. Бундан беш йил олдин ариқлардан сув ичиб, узумзор, боғларимизни суғорар эдик. Сув муаммоси йўқ эди. Баъзи учарлар “Чашма” йўлига қувур ётқизиб, сувни ўзиники қилиб олишди. Қувурлар орқали олинаётган сув­нинг ортиқчаси исроф бўлмоқда, шунинг натижасида бизга сув етиб келмаяпти. Сиз сентябрь, октябрь ойларида келинг, ана ўшанда сув учун даҳанаки жанг­ларни кўрасиз. 

“Чашма” фермер хўжалиги аъзоси Мирсолиҳ Ҳосилов, “Тоғсар Равшан” фермер хўжалиги аъзоси Ҳасан Миркаримов Фаҳриёрнинг гапларини тасдиқлашди. 

Бу ерларда илгари сувлар тенг тақсимланган.

Бу ҳақда “Чашма”, “Ҳуррият” маҳалла фуқаролар йиғини раислари Элёр Раупов ва Нодир Холтаев билан суҳбатлашдик. 

– “Чашма”, “Ҳуррият”, “Чинор”, “Улуғбек” МФЙ аҳолиси “Чашма” булоғидан сув ичиб, боғдорчилик қилишади. Илгари колхоз-совхоз негизида сувдан фойдаланувчи уюшмалар бўларди, – дейди Элёр Раупов. – 2017-2018 йилларда унинг номи сув истеъмолчилар уюшмасига айлантирилди. Туманимиз бўйи­­ча 10 та сув истеъмолчилар уюшмаси бўлиб, мироблар аҳолига сувни ерига қараб, ҳар йили май ойидан октябрь ойигача нав­бат билан тартибли равишда етказиб беришган. 2020 йилда сув истеъмолчилар уюшмаси тугатилиб, унинг фаолияти туман сув хўжалигига ўтказилди. 

– Шундан бошлаб сув эгасиз бўлиб қолди. Ариқлар қазилмай кичрайиб кетмоқда. Кимдир сувга зор, кимдир эса уни хор қилмоқда, – деди Нодир Холтаев.

Раис ва маҳалла фаоллари билан суҳбатлашар эканмиз, улар сувни тенг тақсимлаш, экологиянинг бузилмаслиги учун “Сўқоқ”нинг табиатини сақлаб қолиш борасида бир неча лойиҳалари борлигини айтишди. Бу ҳақда туман ҳокими ва мутасадди раҳбарлар биргаликда иш кўрсалар мақсадга мувофиқ бўларди. Бугунги кунда атроф-муҳит муҳофазаси давлат, жамият ва ҳар бир фуқаронинг вазифаси бўлишга эришиш, бу масалалардаги қонунчилик талабларини сўзсиз бажариш, аҳолининг экологик маданиятини ошириш энг асосий масалалардан ҳисоб­ланади. Она табиатни келгуси авлод учун асраш ҳар биримизнинг инсонийлик бурчимиздир.

Даврон АҲМАД

Муаллиф олган суратлар

Tegishli xabarlar

Юз билан юзлашаётган “МУШТУМ” яна чоп этила бошланди

admin

Президентликка номзоднинг сайловчилар билан учрашувлари давом этмоқда

admin

Марказий Осиё – КАДҲК: минтақалараро ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари

admin