ADOLAT 24

ҲАР БИР МУРОЖААТ ОРТИДА ИНСОН ТАҚДИРИ БОР

Депутатлик гуруҳларида (Жиззах, Андижон, Сурхондарё вилоятлари мисолида)

Халқ депутатлари Шароф Рашидов туман Кенгашидаги “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзолари амалдаги қонун ҳужжатлари, давлат ҳамда ҳудудий дастурлар ижросининг жойлардаги таъминланиш даражаси юзасидан депутатлик ва жамоатчилик назоратини олиб бориш, фуқароларнинг дарду ташвишини эшитиш, муаммоли масалаларга қонуний ечим топиш, шунингдек, уларга ҳар томонлама кўмаклашиб, ҳар бир шахснинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга эътибор қаратишмоқда. 

Партиянинг “Муаммо билан юзма-юз” лойиҳаси доирасида партия ходимлари, депутатлар ҳамда маҳалла фаолларидан иборат ишчи гуруҳлари тузилган ҳолда маҳаллалар кесимида фуқаролар билан очиқ мулоқот ўтказилиб, уларнинг муаммолари ўрганилиб, ҳар бир муаммони ижобий ҳал этиш учун амалий ишлар олиб борилмоқда.

Шундай очиқ мулоқотлардан бири тумандаги “Мўлканлик” маҳалла фуқаролар йиғинида ўтказилганда, ушбу ҳудудда яшовчи аҳоли томонидан маҳалладаги “Қўштепа”, “Мўлканлик”, “Пиллакор” кўчаларининг таъмирталаблиги юзасидан ишчи гуруҳга мурожаат қилинди.

Халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Шоира Акбарова муаммони ўрганиб чиқиб, масалани ҳал этиш юзасидан туман ҳокимлиги ва туман йўл қурилиш пудрат корхонасига мурожаат қилди. Натижада “Қўштепа” ва “Мўлканлик” кўчалари асфальт қилиниб, “Пиллакор” кўчасига шағал ётқизилди.

Депутат томонидан пaртиянинг “Бир aдoлaтчи – юз aёлгa ҳимoячи” лoйи­ҳaси дoирaсидa мубoрaк Қурбoн ҳaйити aрaфaсидa ўз ҳисоби ва ҳомийлар маблағлари ҳисобидан “Мўлкaнлик” мaҳaллa фуқaрoлaр йиғинидa истиқoмaт қилувчи 20 дaн oртиқ кaм тaъминлaнгaн вa эҳтиёжмaнд oилaлaр ҳолидан хабар олиб, уларга истеъмoл мaҳсулoтлaридaн ибoрaт сoвғaлaр тaрқaтилди.

Тумандаги “Истиқлол” маҳалла фуқаролар йиғинидаги Усмон Носир кўчаси 73-уйда яшовчи кўп фарзандли, ижтимоий кўмакка муҳтож фуқаро Фахриддин Арзиқулов томонидан уйининг том қисмини ёпишда амалий ёрдам сўраб мурожаат бўлди. Унинг мурожаати Ш.Акбарова томонидан ўрганилиб, туман ҳокимлигига мурожаат қилинди. Натижада фуқаро Ф.Арзиқулов “Темир дафтар”га киритилди ҳамда ҳомийларни жалб қилган ҳолда 100 дона шифер олиб берилди.

“Мулканлик” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Зарифа Мансурованинг фарзандини даволатиш мақсадида қилган мурожаати асосида унга фарзандининг соғлигини тиклаш учун депутатнинг шахсий маб­лағи ҳисобидан моддий ёрдам кўрсатилди. Қолаверса, мазкур маҳаллада истиқомат қилувчи Дилафруз Ибрагимованинг ўғли, 1-гуруҳ ногирони Сардор Зиятовга эшитиш мосламаси олишда амалий ёрдам сўраб қилган мурожаати асосида депутат томонидан туман тиббиёт бирлашмасига депутатлик сўрови чиқарилди ҳамда унга эшитиш мосламаси бериладиган бўлди.

Бугунги кунда ёшларни иш билан таъминлаш долзарб вазифадир. Бу борада депутат Шоира Акбарова томонидан партиянинг “Бир ойда – бир иш ўрни” лойи­ҳаси доирасида 15 нафар ишсиз ёшлар ўз мутахассислиги бўйича ишга жойлаштирилди.

– Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг муҳим масалалари устида бош қотириб, зарур таклифларни илгари суришда умумий мақсадларимиздаги ҳаётий ва халқчил хусусиятларни ҳам намоён қила олишимиз лозим, – дейди депутат Шоира Акбарова. – Қолаверса, аҳоли орасида электоратимизни шакллантириш, хусусан, ёш кадрларни иш билан таъминлаш, коммунал хизматлар кўрсатилишини тартибга солиш, фуқароларимиз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, бир сўз билан айтганда, ижтимоий адолат тамойилларини амалга ошириш юзасидан бошлаган амалий ишларимизни давом эттириш олдимизда турган долзарб масала ҳисобланади.

Дарҳақиқат, халқнинг ишончли вакили бўлишнинг ҳам ўзига хос масъулияти ва мажбурияти бор. Уларни виждонан бажарган депутатларгина халқ эъзозига ва ҳурматига сазовор бўлишади. 

Жиззах вилоят кенгаши матбуот хизмати

**

Нилуфар уйли бўлди

Кейинги йилларда маҳаллий Кенгаш депутатлари зиммасидаги масъулият янада ошди. Сайловчилар ўзларини қийнаётган масалалар юзасидан асосан ўз вакилларига мурожаат қила бошлашди. Ҳудудлардаги мавжуд муаммолар депутатларни жамоатчилик орасига чуқур кириб боришга ундамоқда. 

Халқ депутатлари Андижон вилоят Кенгашидаги “Адолат” СДП депутатлик гуруҳга жорий йилнинг 6 ойи давомида сайловчилардан 151 та мурожаат келиб тушди. Улардан 104 таси ёзма, 44 таси оғзаки, 3 таси электрон кўринишда. Мурожаатларнинг ҳар бири назоратга олиниб, масъул ташкилотлар билан биргаликда ечим топиш чоралари кўрилмоқда. Шу кунгача 58 та мурожаат ижобий ҳал этилди, 33 тасига ҳуқуқий тушунтириш берилди, 9 таси узоқ муддатли ижрога қаратилди.

Шу ўринда аниқ мисолларга тўхталсак. Асака тумани “Арғин” МФЙ “Жонон-2” кўчасидаги хонадонларда яшовчи фуқаролар томонидан электр сими ва ёғоч устунларининг эскирганлиги, бу қиш фаслида электр таъминотида узилиш­ларга сабаб бўлаётгани айтилди. 

Ўрганиш натижасида сайловчиларнинг ташвиши ўринли экани маълум бўлди. Депутатлик сўровига асосан «Андижон электр тармоқлари» корхонаси томонидан мазкур кўчага 20 дона бетон устунлар олиб келиб ўрнатилиб, симлар янгиланди. 

Андижон шаҳаридаги “Соғлом авлод” маҳалла фуқаролар йиғинида ўтказилган учрашувда сайловчилар депутат Иброҳимжон Митиллаев олдига 38-мактабгача таълим муассасасини таъмирлаш масаласини қўйганди. МТМ биноси ҳақиқатан ҳам талаб даражасида эмасди. Бу масала депутатлик гуруҳининг шу йил февраль ойидаги йиғилишида ҳам муҳокама қилинди. Натижада бюджет маблағлари ҳисобидан реконс­трукция қилиниб, 180 ўриндан 380 ўринга мослаштирилди. 

Мурожаатлар орасида фуқароларнинг шахсий муаммолари ҳам эътибордан четда қолмайди. Масалан, Асака туманидаги “Фаровон” МФЙ ҳудудида яшовчи Роҳилахон Тожибоева оиласи кам таъминлангани, ўзининг ногиронлиги, 3 та фарзанди билан моддий жиҳатдан қийналиб қолганлигини билдирган.

Ушбу мурожаат Асака тумани 4-сектор раҳбарлигида фуқаронинг яшаб турган жойига бориб ўрганилди. Оила чиндан ҳам кўмакка муҳтожлиги маълум бўлди. Ҳомийлар томонидан озиқ-овқат маҳсулотлари, иситиш печи олиб берилди. 1 сотих томорқасида иссиқхона ташкил қилинди. Натижада оила аъзоларининг бандлиги ҳам таъминланди.

Андижон шаҳар 88-оилавий ётоқхонада яшаб келаётган фуқаро Нилуфар Усмонова уй-жой масаласида мурожаат қилган. У бошқалар каби ўз яшаш уйи бўлишини истайди. Бироқ моддий томондан имкони йўқ эди. Н.Усмоновага Хўжаобод тумани “Мустақилликнинг 27 йиллиги” МФЙ ҳудудидан 2 сотихли ер ажратилиб, ҳомийлар томонидан 3 хонали уй қуриб берилди. Қўрғонтепа туманидаги “Олтин водий” МФЙда яшовчи фуқаро Муҳайё Нурматованинг мурожаати ҳам уй-жой масаласида. Ўрганиш натижасида унга шу йилда қуриб битказиладиган уйлардан бири бериладиган бўлди.

Умуман олганда, биз халқ вакилларининг жамоатчилик орасида бўлишимиз ўз самарасини бермоқда. Зиммамизга юклатилган асл вазифа ҳам мана шу. Бизга йўлланган мурожаатлар ортида фуқароларни қийнаётган муаммолар ва инсон тақдири ётганини унутмаймиз. 

Насибахон Тўйчиева,

халқ депутатлари Андижон вилоят Кенгаши депутати

Ички йўллар асфальтланмоқда

Партия депутатларига ўз муаммолари билан мурожаат қилаётган фуқаролар сонининг тобора ошиб бораётганлиги, энг аввало, мурожаатларнинг ижобий ҳал этилаётганлиги, муаммоларнинг жойи­­да ечимини топаётгани билан боғлиқдир. Сурхондарё вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлик гуруҳлари ҳам сайловчилар ишончи ўлароқ зиммасига юклатилган вазифаларни фаоллик билан амалга оширмоқда. Жумладан, халқ депутатлари Сари­осиё туман Кенгашидаги депутатлик гуруҳи аъзолари ҳам халқ манфаатларини рўёбга чиқариш, аҳолининг таклиф ва муаммоларини ўрганишга аълоҳида эътибор қаратмоқдалар.

Тумандаги 13-Тоғ гавҳари сайлов округидан сайланган халқ депутатлари Сариосиё туман Кенгаши депутати Шавкат Сурхоновга тумандаги “Феруз” МФЙ фуқаролари томонидан маҳалланинг ички кўчаларига тош-шағал ётқизилиб, асфальтлаш зарурлиги хусусида мурожаат келиб тушган эди. Депутат муаммони атрофлича ўрганиб, туман “Йўлқурилиш” корхонаси мутасаддиларига депутатлик сўрови юборди. Депутатлик сўровига мутасаддилар томонидан ижобий жавоб қайтарилиб, маҳалланинг ички кўчаларига тош-шағал ётқизилди ва айни пайтда асфальтлаш ишлари олиб бориляпти. Депутатимизга тумандаги “Кончилар” МФЙга фуқаролари билан юзма-юз мулоқотларда фуқаролар маҳаллада ичимлик суви йўқлиги, мазкур муаммони ҳал қилишда амалий ёрдам беришини сўраб мурожаат қилишган эди. Депутатимиз ушбу муаммони ўрганиб чиқиб, туман “Сувоқова” унитар корхонасига мурожаат қилди. Кўп ўтмай “Кончилар” МФЙга ичимлик суви келди. Шунингдек, депутат жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида партия­нинг “Ҳар ойда – бир иш ўрни” лойи­ҳаси бўйи­­ча 8 нафар ёшни ишга жойлаштиришда амалий ёрдам кўрсатди.

Депутат Абдулла Жалиловга ҳам тумандаги “Алишер Навоий” МФЙ фуқаролари билан юзма-юз мулоқотларда мурожаатлар келиб тушди. Хусусан, аҳолининг маҳалладаги ички кўчалар носозлиги юзасидан қилган шикоятлари ўрганилиб, депутат ташаббуси билан 800 метр ички кўчалар асфальт қилинди. Шунингдек, депутатга Сариосиё туманидаги “Саъди Шерозий” МФЙ ҳудудида истиқомат қилувчи бир гуруҳ фуқаролар маҳалладаги электр трансформаторини алмаштириш тўғрисида мурожаат қилиб, амалий ёрдам сўрашди. Мазкур муаммо юзасидан ҳам депутат туман Электр тармоқлари корхонаси раҳбарига депутатлик сўрови юборди ва айни пайт­­да маҳаллага янги трансформатор ўрнатилди.

Бундан ташқари, тумандаги “Саъди Шерозий” МФЙда “Аёллар дафтари”, “Темир дафтар” ва “Ёшлар дафтари”да рўйхатда турувчи бемор фуқаролардан даволаниш учун амалий ёрдам сўраб қилинган мурожаатларга кўра депутат томонидан маҳалладаги тўрт нафар аёлга даволаниши учун ордер олиб берилди. Шунингдек, депутат ташаббуси билан мазкур маҳаллада ишсиз юрган етти нафар ёшга туман АТ “Микрокредитбанк”дан кам фоизли кредит ажратилиб, улар тадбиркорликка жалб қилинди.

Шунингдек, халқ депутатлари Сари­осиё туман Кенгаши депутати Қумриддин Насриддинов ташаббуси билан тумандаги “Шарқ юлдузи” МФЙдаги 2,5 километр узунликдаги ички йўлларга тош ётқизилди. 

– Ҳудудимизда 2 ярим мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Ички кўчалардаги ўйдим-чуқур йўллар йўловчи-ю ҳайдовчига бирдек ноқулайлик туғдирарди. Аҳвол қор-ёмғирли кунларда, айниқса, оғирлашарди. Ўйдим-чуқур йўллар кишини ҳолдан тойдирар эди, – дейди “Шарқ юлдузи” МФЙ фуқароси Алламурод Азизов. – Мана, бугун кўчаларимиз обод бўлди. Маҳалладошларимизнинг қувончи чексиз. Оғиримизни енгил қилиб, йўлларимиз равон бўлишига ҳисса қўшган депутатимизга чексиз миннатдорлигимизни билдирамиз.

Депутатга тумандаги “Наврўз” МФЙдаги фуқаролардан ҳам ички йўлларни таъмирлатиб бериш юзасидан мурожаатлар бўлган эди.

– Ушбу муаммо юзасидан бир қатор мутасадди ташкилот вакилларига мурожаат қилган эдик. Натижа бўлмагач, депутатга мурожаат қилишга қарор қилдик. Ўз фаоллиги, жонкуярлиги билан сайловчилар ишончини қозонган депутат бу масалани ижобий ҳал қилишга астойдил киришди, – дейди “Нав­рўз” МФЙ раиси Умурзоқ Мавлонов. – Натижада муаммо ўз ечимини топди. Ниҳоят, депутат ташаббуси билан маҳалламиздаги кўчанинг 1500 метр қисмига тўлиқ тош-шағал ётқизилди. 

Депутат томонидан ана шундай ишлар “Қорасув” МФЙдаги кўчаларда ҳам амалга оширилди. Туман “Йўлқурилиш” ташкилоти билан ҳамкорликда мазкур маҳалланинг ички кўчаларидан 1700 метр йўлга тош-шағал ётқизилди ва асфальт қилинди. Шунингдек, депутат маҳалладаги хорижда бўлиб қайтган беш нафар ишсиз ёшларга тадбиркорлик қилиши учун банкдан имттиёзли кредит олишига кўмаклашди.

Айни пайтда, депутатлик гуруҳи раҳбари Абдулла Жалилов ташаббуси билан жорий йил олти ойи мобайнида Ҳаракат дастури ва дастурдан ташқари умумий ҳисобда депутатлик гуруҳларида 2 та масала, доимий комиссияларда 1 та масала, сессияларда 1 та масала кўриб чиқилди, 7 та мансабдор шахслар ҳисоботлари эшитилди. Бугунги кунда туман Кенгашидаги депутатлик гуруҳи томонидан 5 та масала навбатдаги сессиялар муҳокамасида кўриб чиқиш учун тақдим этилди.

– Халқ депутатлари шаҳар Кенгаши сессиялари ва доимий комиссиялар йиғилишлари муҳокамасига масалалар киритишда сусткашликка йўл қўяётганимизни ҳам танқидий баҳолаш жоиз, – дейди депутатлик гуруҳи раҳбари Абдулла Жалилов. – Чунки ҳудудий дас­турлар ижросидаги иштирокимиз айнан маҳаллий Кенгаш сессиясига киритган таклифларимиз ва уларнинг рўёбга чиқиши орқали ҳам белгиланади.

Аҳоли томонидан келиб тушаётган ҳар бир мурожаат назоратга олинаётганлиги, уларнинг аксарияти ижобий ҳал қилинаётгани жойларда фаолият олиб бораётган партия фаоллари ва депутатларимизнинг аҳоли ишончини қозонишига ҳамда электорат вакиллари ва кенг жамоатчилик ўртасида партиянинг сиёсий обрўси янада ошишига ҳисса қўшиши табиий.

Гулшод Турсоатова,

Сурхондарё вилоят кенгаши 

матбуот котиби

Tegishli xabarlar

Президент бошчилигида тез тиббий ёрдам сифатини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисидаги йиғилишда кўриб чиқилган масалалар

admin

2022/2023 ЎҚУВ ЙИЛИ УЧУН ДАВЛАТ ОЛИЙ ТАЪЛИМ     МУАССАСАЛАРИГА ЎҚИШГА ҚАБУЛ ҚИЛИШНИНГ ДАВЛАТ БУЮРТМАСИ ПАРАМЕТРЛАРИ ТЎҒРИСИДА

admin

Жаҳон Берунийни қайта кашф этади

admin