Янги Ўзбекистонни бунёд этишдек ғоят масъулиятли даврда, Ватан равнақи, халқ фаровонлиги йўлида муҳим қонун ва қарорлар қабул қилинаётган тарихий жараёнда Конституциявий ислоҳотлар Ватанимиз тақдири ва келажаги учун ғоят муҳим аҳамиятга эга масалага айланди. Албатта, Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг асосий мақсади юртдошларимиз учун фаровон ва муносиб турмуш шароитларини яратишдир. Бунга мустаҳкам пойдевор бўлиб, шубҳасиз, мамлакатимизда инсон ҳуқуқларининг кафолати бўлмиш такомиллаштирилган Конституциямиз хизмат қилади.
Шу нуқтаи назардан мамлакатимизда рўй бераётган сиёсий-ҳуқуқий ўзгаришлар ҳаммани бирдек фаоллаштирмоқда, Конституцияга ўзгартиришлар киритиш юзасидан ўз фикрини, қарашларини эркин билдириш имкониятини яратиб берди. Менинг ҳам ўз соҳамга доир, иш фаолиятимда учратган, дилимга тугиб юрган, ўйлантирадиган масалалар бўйича таклифларим бор.
Тан олишимиз керак, нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш, халқимизга бу соҳада қонуний хизматни ташкил этиш борасида, умуман, нотариат соҳасида юртимизда кўплаб ишлар амалга оширилди. Лекин замон илдамлаяпти, янги қарашлар, янги талаблар, янги эҳтиёжлар юзага келаяпти. Уларни ҳаётга татбиқ этиш учун эса қонуний асослар зарур бўлади.
Масалан, 2019 йил 9 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида нотариат тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Ушбу фармонга кўра, 2020 йил 1 январдан бошлаб босқичма-босқич хусусий нотариуслар ташкил этилди ва барча хусусий нотариуслар 2020 йил 21 январдан ташкил этилган Ўзбекистон Республикасининг Нотариал палатасига аъзо бўлди. Бу, албатта, фуқароларнинг ижтимоий ва мулкий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш сифатини, мулк ҳуқуқларининг ҳимоя қилиниши даражасини янада оширди. Ана шундай ислоҳотлар туфайли ҳозирги кунда мамлакатимизда 900 нафардан ортиқ хусусий нотариуслар аҳолига хизмат кўрсатиб келишмоқда.
Хусусий нотариуслар фаолияти йўлга қўйилгач нотариат соҳасида эркин рақобат муҳити шаклланди, сарф-харажатлар кескин қисқарди, нотариал хизматларнинг сифати ва тезкорлиги ортди, навбатлар ва ортиқча оворагарчиликлар камайди, аҳолининг нотариал хизматларга бўлган талабини қондириш, ортиқча бюрократия ва коррупция ҳолатларига барҳам беришга шароит яратилди. Шу билан бирга, соҳадаги ислоҳотлар натижасида миллий нотариат тизими нуфузини янада ошириш, уни халқаро майдонга чиқариш, соҳага оид халқаро ташкилотлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, ўзаро ижобий иш тажрибаларини нотариат амалиётига тадбиқ этишга йўл очилди. Ўзбекистон Нотариал палатаси 2021 йил 3 декабрь куни Халқаро Нотариуслар иттифоқи (ХНИ)га аъзоликка қабул қилинди.
Шу ўринда таъкидламоқчиманки, ХНИга аъзо бўлган аксарият давлатларнинг конституцияларида нотариат тизими – инсон ва фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминловчи ҳамда ҳимоя қилувчи муҳим институт сифатида мустаҳкамлаб қўйилган. Хусусан, Австрия, Германия, Украина, Греция, Словения, Боливия, Россия, Белоруссия, Аргентина, Бразилия, Панама ва бошқа давлатлар конституцияларида нотариат соҳасига оид нормалар киритилган.
Бизнинг Асосий қонунимизда шундай нормалар акс этмагани боис, Ўзбекистон нотариати тарихида нотариат тизими бир неча маротаба давлат тизимидан нодавлат тизимига, такроран нодавлат тизимидан давлат тизимига, яна давлат тизимидан нодавлат тизимига ўтказилган. Бу эса давлат маблағларининг ортиқча сарфланишига, тизим ривожланишида барқарорлик йўқолишига, хусусий секторга ишончсизлик уйғонишига омил бўлди ва бошқа шу каби салбий оқибатларни вужудга келтирди.
Бизнинг Конституциямизга ҳам нотариат соҳасига оид ҳаётий нормалар киритилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Бу келгусида тизим барқарорлигини кафолатли таъминлаш, фуқаролар ва соҳа ходимларининг тизимга бўлган ишончини янада кучайтиришга хизмат қилади.
Таклифим Ўзбекистон Республикаси Конституциясига:
Фуқароларга, корхона, муассаса ва ташкилотларга юридик ёрдам бериш учун адвокатура фаолият кўрсатади. Адвокатура хизмати одил судловни амалга оширишнинг бир бўлаги бўлиб, ўз ишида мустақил ва эркин фаолият юритади. Адвокатурани ташкил этиш ва унинг иш тартиби қонунчилик ҳужжати билан белгиланади.
Нотариат тизими давлат ва хусусий нотариуслардан ташкил топади. Нотариат фаолияти оммавий хизмат кўрсатишдан иборат бўлиб, уни ташкил этиш қонунчилик ҳужжати билан тартибга солинади, деган тарзда ўзгартириш киритишни таклиф этаман. Ва бу фикрим инобатга олинади, деган умиддаман.
Кенжабой Холмонов,
хусусий амалиёт билан шуғулланувчи
нотариал идора нотариуси