ADOLAT 24

Депутатнинг бир куни (Хоразм, Бухоро, Қашқадарё вилоятлари мисолида)

 “Адолат” СДП Хоразм вилоят кенгаши раиси, Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Хоразм вилоят филиали директори, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Тоҳир Палвановнинг Хива шаҳар 6-сонли умумтаълим мактабида тумандаги “Гули райҳон”, “Катта куч” маҳалласида яшовчи сайловчилар билан сайёр қабули бўлди.

Очиқ мулоқот шаклида бўлиб ўтган қабул давомида фуқароларни қийнаб келаётган, жумладан, тиббиёт, бандлик, коммунал ва бошқа соҳалар бўйича бир қатор муаммо ва камчиликлар сайловчилар томонидан баён этилди.

Лобархон Бобожонова кўпдан бошидаги қаттиқ оғриқ безовта қилиб келаётгани тўғрисида баён этди. Мурожаатчи турмуш ўртоғи чет элда ишлаётгани учун таъминотда қийинчиликлар бўлаётгани хусусида гапириб, моддий томондан ёрдам сўради. Депутат Т.Палванов бу масалага ойдинлик киритиб, мурожаатчига тегишли ҳужжатлар асосида тикув машинаси олиб берадиган бўлди. Саломатлиги бўйича қилган мурожаатига асосан, вилоят Онкология марказида бепул тиббий кўрикдан ўтказилди ва керакли муолажа олиши белгиланди. 

Юлдуз Абдримованинг соғлигидан қилган шикояти ҳам қаноатлантирилиб, ушбу мурожаатчи ҳам вилоят Онкология марказида текширувдан ўтказилди ва керакли тиббий ёрдам кўрсатиладиган бўлди. 

Гулнора Жабборованинг турмуш ўртоғи ҳамда ўзи қанд касаллиги билан қийналиб келаётгани хусусидаги баёни ҳам эътиборга олиниб, ўрганиш ишларидан сўнг муаммо бартараф этиладиган бўлди.

Маъмура Худойберганова 2-босқич қанд касалига дучор бўлган саккиз яшар ўғлига қараб турганлиги учун нафақа тайинланишида амалий ёрдам сўради. Т.Палванов жойнинг ўзида тегишли ташкилот билан суҳбатлашди ва мурожаатчининг фарзанди касалликнинг оғир босқичида эмаслиги боис, нафақа тўланмаслиги маълум бўлди.

Шоҳноза Сапаева саккиз яшар қизининг соғлиги яхши эмаслиги, оёқлари, боши ва кўзларида оғриқ безовта қилаётгани тўғрисидаги мурожаати, Шаҳноза Матчанованинг 9 яшар қизининг бошида оғриқ безовта қилаётгани тўғрисидаги мурожаатлари қаноатлантирилиб, кўп тармоқли вилоят болалар шифохонасида текширувлардан ўтказилди ва керакли тиббий муолажалар белгиланди.

Ёрқиной Жуманиёзованинг бир неча йилдан буён ишсиз эканлиги борасидаги мурожаати ҳам депутат томонидан эътиборга олиниб, вилоят бандлик бош бошқармаси директори номига депутатлик сўрови чиқариладиган бўлди.

Мақсуда Сапарованинг онаси Назирабиби Абдуллаева 2019 йилдан буён онкологик касаллик билан оғриб, аҳволи ёмонлашиб бораётгани, моддий томондан қийинчиликларга дуч келаётгани тўғрисидаги мурожаати ҳам эъти­борга олинди ва унга вилоят Онкология марказидан зарур бўлган барча тиббий ёрдамлар бериладиган бўлди. 

Бир сўз билан айтганда, депутат Т.Палвановнинг бир кунлик хизмат сафари, ҳар бир сайловчиси билан дилдан ва самимий муомаласи, аниқланган муаммоларни жойнинг ўзида тезкор ҳал этаётганлиги унинг халқ хизматидаги ҳақиқий ноибларидан бири эканлиги кўрсатади. 

Замира АБДУЛЛАЕВА,

Хоразм вилоят кенгаши матбуот котиби

**

Ҳар бир мурожаат эътиборда

«Адолат» СДП Бухоро шаҳар кенгаши раиси Ж.Жўраев, халқ депутатлари Бухоро вилоят Кенгаши депутатлари О.Рафиева, Г.Равшанова ҳамда Бухоро шаҳар Кенгаши депутати А.Собиров партия­нинг «Муаммо билан юзма-юз» лойиҳаси доирасида шаҳардаги «Тўқимачи» МФЙда яшовчи аҳоли билан очиқ мулоқот ўтказиб, уларни қийнаётган муаммолар ҳамда таклифларни ўрганди.

Учрашув чоғида фуқаролар томонидан турли мазмунда мурожаатлар бўлди. Жумладан, ҳудудда истиқомат қилувчи Зулхумор Шаропова иш билан бандлик масаласида депутатлардан амалий ёрдам сўраб, мурожаат қилди. Яна бир фуқаро Мавлуда Раҳмонова пластик жарроҳлик амалиёти учун маблағи етмаётганлигини маълум қилиб, депутатлардан ёрдам сўради. Ушбу маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи яна бир фуқаро Зилола Севинова 2009 йилда туғилган ўғли Фарҳод Абдумуқимовнинг қўли травматолог врач томонидан нотўғри операция қилинганини айтиб, қайта операция қилишда амалий ёрдам сўради.

Депутатлар муаммоларни тинглар экан, ўзларининг бу борада таклиф ва тавсияларини билдирдилар ҳамда уларнинг ечимлари хусусида тўхталдилар. Шу билан бирга, депутатлар фуқаролар мурожаатларига ечим топиш мақсадида тегишли ташкилотлар билан биргаликда керакли вазифаларни белгилаб олдилар.

Бухоро вилоят кенгаши матбуот хизмати

**

22 Фуқаро ишли бўлди

Юртимизда Янги Ўзбекистонни барпо этиш борасида кенг қамровли ишлар олиб борилаяпти. Партиямиз дас­турида белгиланган вазифаларнинг самарали бажарилиши, халқ билан мулоқотларда кўтарилган масалалар ечимининг ўз вақтида таъминланиши “Адолат” СДП нуфузини янада оширишини чуқур англаган халқ депутатлари Қарши шаҳар Кенгаши депутатлари ўз фаолиятларини замон талабларига мос равишда олиб боришга астойдил ҳаракат қилишмоқда. 

Жумладан, депутат Акмал Бегматов “Чармгар” МФЙда яшовчи фуқаролар билан тез-тез мулоқот уюштириб, одамларнинг дарду ташвишларини енгиллатишга ҳисса қўшаяпти. Депутат жорий йилнинг 10 июнида Нормурод Каримов хонадонида бўлганида, оила етакчиси даволаниш учун ордер олишда ёрдам сўраган эди. Депутат вилоят соғлиқни сақлаш бош­қармаси орқали унга ордер олиб берди. 

Шунингдек, депутат А.Бегматов “Буюк Турон”, “Темирйўлчилар” маҳалласида яшовчи кам таъминланган ва боқувчисини йўқотган оилаларнинг 14 нафар фарзандлари ҳамда уйда ўтирган 8 нафар хотин-қизларнинг бандлигини таъминлашда беғараз ёрдам кўрсатди. Натижада 22 нафар фуқаро ижтимоий фойдали меҳнат билан шуғуллана бош­лади. 

               Қашқадарё вилоят кенгаши матбуот хизмати

Tegishli xabarlar

Коронавирус янги штамми қанчалик хавфли?

admin

Ҳикмат

admin

САВДОГАР ниқобидаги ФИРИБГАР

admin