ADOLAT 24

Юзи ялтироқ, орқаси қалтироқ уй ҳангомалари

Жорий йилнинг эрта баҳоридан “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида пойтахтимизнинг барча туманларида мевали ва манзарали дарахтлар, буталар кўчатлари ва гуллар экилди. Бу лойиҳа амалга оширилганидан сўнг шаҳримиз янада яшарди. Ана шу жараённи ёритиш мақсадида Чилонзор туманига йўл олдим. Ўзбекистон Миллий банкининг собиқ биноси ҳудудидан ўтар эканман, 10га яқин 7-8 йиллик қарағай дарахтлари шафқатсизларча кесиб кетилганлиги мени ажаблантирди. Бутун Ўзбекистон, республика аҳли кўчат экиш, юртни яшил масканга айлантириш ниятида турган бир пайтда Чилонзор тумани “Бешёғоч” маҳалласидаги бу манзарани кўриб, фотокамерани қўлга олиб, кузатишда давом этдим. Ишонасизми-йўқми, баъзи кўчаларда кўчат, гул экиш нари турсин, йўловчилар йўлкалари йўқлигидан лол қолдим.

“Фурқат” берк кўчаси, “Сувсоз”, “Бешёғоч-1” ўнқир-чўнқир кўчаларидан юрар эканман, чанг-тўзонда учиб келаётган енгил автомашиналарга чап бериб, жажжи неваралари билан кетаётган отахонни кўриб, унга ўзимни таништирдим. Кайфияти йўқлигиданми, гаплашгиси ҳам келмади, лекин пичинг қилди:

– Мухбир экансиз, кўчаларга киринг, йўлларга қаранг. Мана, шу йўлларнинг асфальт қилинганига 20-30 йил бўлди, баъзиларига ундан ҳам олдин асфальт ётқизилган. Маҳалламизга ёғингарчилик пайтларида келинг. Кўчаларимизда мутлақо юриб бўлмайди.

Отахоннинг гапларидан сўнг кўчаларни айланишда давом этдим. Алмисоқдан қолган, бир-бирини суяб турган чириган ёғочларга ўрнатилган, йўлдан ўтадиганларга хавф солиб турадиган тунги ёритқичлардан ҳайратга тушдим. Ахир ҳайратланмай бўла­дими, пойтахтнинг қоқ марказида аҳвол шундай бўлса?…

Ҳайдовчилардан бири машинасини тўхтатиб, мени шаҳар мутасаддиларидан бири деб ўйлади чоғи “Кўчаларга қарасаларинг бўлмайдими, юриб бўлмай қолди. Ҳали у чуқурга тушасан, ҳали бунисига. Топган пулимиз машина таъмирига кетяпти. “Magic City” – “Сеҳрли шаҳарча” қурилди, бало бўлди. Айниқса, байрам кунлари “Сеҳрли шаҳарча”га фарзанд­лари билан дам олишга келган ота-оналар машиналарини маҳалламиз ҳудудига пала-партиш қўйиб кетишади. На чиқа оласан, на кира оласан. Тез ёрдам ходимлари турли касалликка чалинган беморларга ўз вақтида ёрдам беролмай қийналмоқда”, деди у.

“Бешёғоч” кўчасидаги кўп қаватли 8-уйнинг атрофи чакалакзор бўлиб, 3 томони ташландиқ, тўкилиб ётган ҳужрачалардан иборат. Уй этагида отахонлар суҳбатлашиб ўтирган экан. Салом-алик­дан сўнг улар бирин-кетин арз-додини айта бошладилар:

– Гусейнов Аҳмадман, – деб таништирди улардан бири ўзини. – Шу уйнинг 8-квартирасида тураман, ёшим 67 да. Уй 1938 йилда қурилган. 1995 йилда томдан ўт чиқиб, ёнғин бўлганди, ўшанда домнинг электр тизими, томи, яроқсиз ромлардан баъзиларини алмаштиришди, холос. Канализация қисми янгиланмади, капитал таъмир ҳам қилинмади. Ертўлаларга кириб бўлмайди. Болалар ўйнайдиган майдонча ҳам йўқ.

Шу уйнинг 7-квартирасида 20 йилдан бери яшайман, – дейди Ким Алексей. – Сизгача бир неча бор ҳокимиятдан, ободонлаштириш бўлимидан, Халқ қабулхонасидан, “Бешёғоч” МФЙдаги ҳоким ёрдамчиси Абдулазиз Аҳмаджонов келишди, суратга олишди, эшитишди, ҳал қиламиз, деб ваъда беришди. Амалий ишдан эса дарак йўқ. Ушбу 8-уйда 18 та хонадон бўлиб, аксари нуронийлардан иборат. 20 га яқин невараларимиз билан оғир аҳволда яшаймиз. Маҳалламизда бирорта боғча йўқ, қўшни маҳаллада 3 та боғча бор экан. Уй атрофини айланган бўлсангиз керак. У ерлардаги ҳуж­раларда тайи­­ни йўқ одамлар яшашади. Баъзи ҳужралар ахлатга тўлиб ётибди. Каламуш, сичқон ва ҳар-хил жонзотлар макон қилиб олган. Ёғингарчилик пайтларида канализация қопқоқларидан ахлат чиқиб, ҳамма ерга бадбўй ҳид тарқалади. На ҳокимият вакиллари, на туман Давлат санитария-эпидемиология назорати маркази ходимлари ҳолимиздан хабар олишмайди. Мана, сизга “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”даги аҳвол.

Суҳбатимизга яна Аҳмад ака қўшилди. 

– Мана, қаранг, 50-60 йиллик занг дарахтидан биттаси тенг иккига бўлиниб ётибди. Иккинчиси илдизидан чириган. Қаттиқ шамол бўлган куни бу уйда яшовчилар ҳаммамиз юрагимизни ҳовучлаб турамиз. Бу ҳақда ҳамманинг хабари бор. Лекин амалий натижа йўқ. Ёки дарахт ағдарилиб, албатта, битта-яримтани майиб қилиши керакми? Кейин тергов ишлари бошланиб, жавобгарларни қидиришадими? Нега бизда шунақа? Уйимиз орқаси шох-шаббалар, ўтлар қуриб ётган жойга бирорта ўткинчи сигарет қолдиғини ташлаб юборса, ўт ичида қолиб кетамиз.

Буларни эшитиб бўлгач, “Беш­ёғоч” МФЙдаги 18-уй атрофини айландим.

– Ассалому алайкум, блогерга ўхшайсизми? – сўради неваралари билан юрган онахон. – Кўп йиллардан бери мени бир муаммо қийнаб келади. 18-уйда Ўзбекистон халқ шоири Туроб Тўла, Ўзбекистон Респуб­ликасида хизмат кўрсатган санъат арбоби Мақсуд Шайхзода, Ўзбекистон халқ артисти Анатолий Қобилов, Ўзбекитон халқ ёзувчиси Михаил Шевердин ва бошқа олимлар, давлат хизматчилари яшашган. Бундан 40-50 йил олдин “Беш­ёғоч” МФЙ шаҳримизнинг энг обод маҳаллаларидан бири бўлган. Бугунги кунда уйнинг кўча томони обод, орқа томони эса кўриб турганингиздек. Сиз анҳорнинг у қирғоғидаги маҳаллага ўтиб кўринг, фарқни кўрасиз. Осмон билан ерча фарқ бор.

– Сабаби нима деб ўйлайсиз? – деб сўрадим. 

– Илгари бизнинг маҳалламизда олиму фузалолар, алломалар яшаган бўлса, ҳозир у қирғоқда замонамизнинг валломатлари яшайди.

Кўпчиликнинг илтимосига кўра Анҳор каналининг у қирғоғидаги маҳаллага ўтдим. Бу ерлар Яккасарой тумани “Юнус Ражабий” МФЙ ҳудуди бўлиб, кўчаларидан юрар эканмиз кетма-кет жойлашган ҳашаматли уйлар, кўчанинг икки томонида экилган манзарали дарахтларни кўриб, ҳавасим келди. Озода пиё­далар йўлаги дейсизми, кўча ёқасида экилган турфа гуллар дейсизми?! Бир неча кўча бошида туман ободонлаштириш ташкилоти ишчиларининг чор-атрофни тоза­­лаётганини кўриб хурсанд бўлдим. Лекин мен билан мулоқотда бўлган мунис онахон, нуроний отахонларнинг саволларига жавоб топа олмай қайт­дим.

Газетамиз халқнинг юқорида кўтарилган ҳақли эътирози ва саволларига Тошкент шаҳар ҳокимлиги, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бош­қармаси, Чилонзор тумани ободонлаштириш бўлими ва бошқа мутасадди раҳбарлардан жавоб кутади.

Даврон АҲМАД,

фахрий журналист. (Суратлар муаллифники)

Tegishli xabarlar

Шундай яшар одатда одам…

admin

“Конституциявий ислоҳотлар – инсон шаъни ва қадр-қиммати учун”

admin

Фракцияларнинг қўшма йиғилиши: Ҳукумат ҳисоботи муҳокама қилинди

admin