ADOLAT 24

Эзгу мақсад йўлида бирлашамиз

“Адолат” социал-демократик партияси ташаббуси билан Урганч давлат университетида “Янги Ўзбекистоннинг тинч­лиги, фаровонлиги ва тараққиёти йўлида бирлашайлик!” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.

Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, “Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати ҳамда партиянинг ҳудудий, маҳаллий кенгашлари ходимлари, “Аёллар қаноти” ва “Ёш адолатчилар” қаноти етакчилари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари, бошланғич партия ташкилотлари раислари, партия хайрихоҳлари, ҳамкор ташкилотлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тадбирни ўтказишдан мақсад – мамлакатимизда инсон қадри учун яратилаётган имкониятлар, шарт-шароит­лар, тинчлик, фаровонлик каби неъматларнинг қадрига етишга ундаш, дунёда кечаётган таҳликали замонда интернет тармоғи орқали тарқатилаётган ғаразли маълумотлар, турли бузғунчи ғоялар, одоб-ахлоқни емирувчи манфур иллатлардан фуқароларимизни, айниқса, ёшларни асраш, оилалар тинчлиги, хотиржамлиги ҳамда маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, аёллар ва ёшлар жиноятчилиги ва ҳуқуқбузарлик­ларининг олдини олиш, бир сўз билан айтганда, ёшларда ҳуқуқий маданиятни юксалтиришдан иборатдир.

Тадбирда дастлаб Урганч давлат университети фаоллар залида талабалар томонидан ташкил қилинган “Беш бармоғимда – беш хил ҳунар” мавзусида қўл меҳнати маҳсулотлари кўргазмаси намойиш этилди.

Шундан сўнг тадбир муассасанинг “Маданият саройи”да давом этди. Тадбирни Урганч давлат университети Ёшлар билан ишлаш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича проректори Санжар Давлетов кириш сўзи билан очиб берди. 

Мамлакатимиз фаровонлиги йўлида “Адолат” СДП ташаббуси билан илғор ғоялар ҳаётга татбиқ этилиб, самарали натижа бериб келаётгани хусусида сўз юритди.

Шундан сўнг “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари Абдукамол Рахмоновнинг мавзуга доир фикр ва мулоҳазалари тадбир иштирокчиларининг диққат марказидан жой олди.

Давлатимиз раҳбари ҳар бир маърузаси ва чиқишида ёшлар масаласига алоҳида эътибор қаратиб, ўзбек оилаларида мавжуд ибратли қадриятларни ривожлантириш, оила ва маҳаллада тинчлик ва маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш муҳимлигини таъкидлаши бежиз эмас. Давлатимиз раҳбарининг “Ўз болангни ўзинг асра!” деган даъвати бугун ҳар бир оилага кириб бориб, ҳаёт аъмолига, эзгу вазифага айланмоқда.

Ёши улуғ кексаларимиз тинч­лик ва осойишталик ҳукм сурган жойдан файз-барака аримайди, дейишади. Бу нақлни оила ва маҳалла ҳаётига боғлайдиган бўлсак, тинч ва осуда оилада доим қут-барака бўлади. Бугун дунёда, айниқса, қўшни давлатлардаги нотинч, беқарор вазият, “уруш ўчоғи”нинг тобора кенгайиб бораётгани, терроризм, сепаратизм ва экстремизмнинг кўплаб давлатлар ривожига тўсиқ бўлаётгани бу масаланинг нақадар долзарб эканини англатади. Юртимизни ана шундай бало-қазолардан асрашнинг муҳим шарти фарзандларимиз қалбини маънавият ёғдуси билан ёритиш, оилаларда маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, юрт тинчлигини кўз қорачиғидек асраб-авайлашдан иборат эканлиги тадбир давомида қайд этиб ўтилди.

Савол-жавоблар, фикр ва мулоҳазалар қизғин тус олган тадбир давомида партиянинг дас­тур ва мақсад-вазифаларини ҳаётга татбиқ этишда фаол иштирок этаётган ёшлар партия томонидан ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Санъаткорларнинг Ватанни мадҳ этувчи куй ва қўшиқлари тадбирга кўтаринкилик бағиш­лади.

Tegishli xabarlar

Товар айрибошлашдаги техник тўсиқлар бартараф этилади

admin

Референдум – умумхалқ овози

admin

Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун

admin