ADOLAT 24

ФАОЛ ВА ФИДОЙИ ДЕПУТАТЛАР ХОВОСДА

“Адолат” социал-демократик партияси вилоят кенгаши ташаббуси билан “Депутат ўз ҳудудида” лойиҳаси доирасида Ховос туманидаги “Афросиёб” маҳалла фуқаролар йиғинида Сирдарё вилоят кенгаши депутатлари аҳоли билан учрашув ўтказди. Учрашувда депутатлар фуқароларни қийнаб келаётган муаммоларни ўрганди.

Мулоқотда айрим йўллар, кўчалар асфальтланиши кераклиги, дренажлар таъмирталаб бўлиб қолганлиги сабабли уларнинг ўрнига янгиларини бунёд этиш зарурлиги, аҳолини иш билан таъминлаш, уюлиб ётган чиқиндиларни чиқариб ташлаш, 11 та кўчадаги яроқсиз бўлиб қолган 50 та бетон устунлар ўрнига янгиларини ўрнатиш кераклиги, аҳоли учун кутубхона барпо этилиши муҳимлиги, шунингдек, ётиб қолган ногиронларга тиббий воситалар ва дори-дармон масаласида ҳамда боғча ташкил этган хусусий тадбиркорларга банкдан кредит олишда амалий ёрдам кўрсатилиши ҳақида сўз юритилди. Бу муаммоларнинг ҳаммасига ечим топиш депутатларнинг келгусида амалга оширадиган режаларига киритилди.

“Адолат” СДП вилоят кенгаши раиси Жамол Комилов, вилоят кенгаши депутатлари Дилфуза Умирова, Салоҳиддин Элмуродов, “Афросиёб” МФЙ раиси Хушбек Худойшукуров ҳамда туман ҳокими ёрдамчиси Нурбек Раззоқовлар сўзга чиқиб, маҳаллада истиқомат қилаётган аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш, камчиликлар ва муаммолар изчиллик билан ўрганилиб, уларни бартараф этиш учун бор куч, имкониятлар ишга солинишини таъкидладилар. 

Депутатлар “Афросиёб” МФЙ раиси Хушбек Худойшукуров ва хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчи Лола Насриддинова ҳамроҳлигида муаммолар мавжуд бўлган кўчаларга бориб, аҳволни бевосита ўрганишди.

Жумладан, “Бекобод” кўчаси қишда лой, ёзда чанг бўлиб, аҳоли учун қийинчилик туғдиради. Томорқадан фойдаланиш мавсумида маҳалладаги аҳолининг бир қисми томорқаларига оқова сув етиб келмаслиги ҳамда куз-қиш ва баҳор мавсумида маҳаллада сув кўтарилаётгани боис дренаж тизимини қайта тиклаш зарурлиги ҳам аниқланди. Собиқ 1-“Д” давлат хўжалиги учун хизмат қилган марказий таъмирлаш устахонаси биноси, ёзги кинотеатр, маданият уйи ташландиқ ҳолда ётибди. 

– Маданият уйининг айрим хоналари таъмирланса, хотин-қизлар учун чеварчилик бўйича ўқув курсини очиш, турли маиший хизматлар фаолиятини йўлга қўйиш мумкин, – дейди куюнчаклик билан Л.Насриддинова. – Фақат бунинг учун тадбиркорларга имконият яратиб, ёрдам бериш керак бўлади.

Депутатлар маҳаллада истиқомат қилувчи ногиронлар Ғойиб Султонов ва унинг ўғли Алимардон яшаётган уйда ҳамда Шоира Султонованинг хонадонида бўлдилар. Шифокор депутатлар Ғойибназар Райимназаров ва Орифжон Қудратов уларнинг касаллик тарихи билан боғлиқ ҳужжатларни ўрганиб, муолажалар ўтказиш бўйича керакли тавсияларни беришди ҳамда уларга “Адолат” СДПнинг эсдалик совғаларини топширишди.

Маҳаллада хусусий тадбиркорлар Баҳодир Рустамов ва Хуршида Нурматовага қарашли “Болажон” ва “Лолажон” деб номланган хусусий мактабгача таълим муассасалари фаолият кўрсатади. Депутатлар мазкур МТМлар фаолиятни янада яхшилаш учун зарур бўлган кредит олиш­лари масаласида тадбиркорларга ҳуқуқий маслаҳатлар бердилар. 

Умуман олганда, шу куни “Афросиёб” МФЙ ҳудудида яшовчи фуқаролар ўзлари ишонч билдириб сайлаган депутатларнинг доимий эъти­бори ва ғамхўрликларида эканликларини яна бир бор ҳис қилдилар. 

 Ҳасан АБДУВОҲИДОВ,

партия фаоли

Tegishli xabarlar

ОСИЁ СИЁСИЙ ПАРТИЯЛАРИ: ҲАМКОРЛИКНИНГ ЯНГИ БОСҚИЧИ

admin

Она тили умуммиллат мулкидир…

admin

ЎҚИТУВЧИНИ ҚАЧОНГАЧА АЙБЛАЙМИЗ? Устозлар ўқувчиларни ўқитсинми, тарбияласинми ёки кўчага чиқиб назорат қилсинми?!

admin