ADOLAT 24

Коррупция билан боғлиқ жиноий жавобгарлик кучайтирилмоқда

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракция­сининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда дастлаб депутатлар томонидан “Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида”ги Ўзбекис­тон Рес­публикаси қонунининг 19-моддасига ўзгартиш ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.

Қонуннинг 19-моддаси гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни ишлаб чиқариш ва тайёрлашни тартибга солишга қаратилган бўлиб, янги қонун лойиҳасига кўра, қонунда белгиланган мақсадларда ишлаб чиқариш ва тайёрлаш юридик шахслар томонидан муайян прекурсорларни ишлаб чиқариш ва тайёрлаш учун лицензиялари бўлган тақдирда рухсат бериш назарда тутилмоқда. Бундан ташқари, гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни ишлаб чиқариш ва тайёрлашни амалга оширувчи юридик шахслар қонунчиликка мувофиқ давлат рўйхатидан ўтказилиши белгиланмоқда. Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан чуқур муҳокама қилиниб, аниқлаштирувчи саволлар берилди. Жумладан, маҳсулотни ишлаб чиқариш ва сотишда вужудга келиши мумкин бўлган ноқонуний ҳолатларнинг назоратини кучайтириш бўйича депутатлар томонидан бир қатор таклифлар берилди.

Кун тартибидаги навбатдаги «Давлат божи тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди. Қонун лойиҳасининг 11-моддасига кўра, айрим нотариал ҳаракатлар амалга оширилганда давлат божини тўлашдан озод этиш кўзда тутилмоқда. Хусусан, жисмоний шахсларга қу­йидагилар учун меросга бўлган ҳуқуқи тўғрисида гувоҳнома берганда:

– Ватанни ҳимоя қилиш чоғида, бошқа давлат ёки жамоат вазифаларини бажараётганлиги муносабати билан ёхуд инсон ҳаётини қутқариш, давлат мулкини ва ҳуқуқ-тартиботни муҳофаза қилиш бўйи­­ча фуқаролик бурчини адо этиш муносабати билан ҳалок бўлган шахсларнинг мол-мулки учун;

– уй-жой (квартира) учун ёки уй-жой қурилиш кооперативидаги пай учун, агар улар мерос қолдирувчининг вафот этиш кунигача бирга яшаган, турар жойда қайд этилган бўлса ва мерос қолдирувчининг вафотидан кейин ҳам шу уй-жойда (квартирада) яшаётган бўлса;

– банклардаги омонатлар, шахсий ва мулкий суғурта шартномалари бўйича суғурта суммалари, давлат заём облигациялари, иш ҳақи суммалари, шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағидаги пул маблағлари учун давлат божи тўлашдан озод этиш кўзда тутилмоқда.

Кун тартибидаги Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига коррупцияга оид жиноятлар учун жавобгарлик муқаррарлигини таъминлашга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойи­ҳаси фракция аъзолари томонидан муҳокама қилиниб, коррупция содир этган шахсларга жазо чоралари муқаррар эканлиги ҳамда жазо чораларини кучайтириш зарурлиги бўйи­­ча таклиф ва фикрлар билдирилди.

“Адолат” СДП Сайловолди дастурида илгари сурилган мақсад-ғояларидан бири, бу коррупцияга қарши курашиш ҳисобланади. Коррупция ҳар қандай давлат ва жамиятни сиёсий-иқтисодий ривожлантиришга жиддий зарар етказиши, инсон ҳуқуқ ва эркинлик­ларининг поймол бўлишига сабаб бўлувчи салбий иллатларга қарши курашиш бугунги кунда барча ташкилотлар олдида турган муҳим вазифалардан бири эканлиги фракция томонидан алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Таклиф этилаётган қонун лойиҳасига кўра: (пора олиш) а) жуда кўп миқдорда; б) уюшган гуруҳ манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса, — ўн беш йилдан йигирма йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилиши белгиланмоқда.

Йиғилишда муҳокама этилган қонун лойиҳалари бўйича депутатлар томонидан партия позициясидан келиб чиққан ҳолда таклиф ва муносабатлар билдирилди ва кун тартибидаги масалалар юзасидан фракциянинг тегишли қарорлари қабул қилинди.

Миршод ҚЎЛДОШЕВ,

“Адолат” СДП Ижтимоий тармоқлар билан ишлаш 

бўлими бошлиғи

Tegishli xabarlar

⚡️Тезкор хабар

admin

Ҳофиз анъаналарининг давомчиси

admin

ТИЛ – МИЛЛАТ КЎЗГУСИ

admin