ADOLAT 24

Учрашувлар самарали кечди

Инсон бахтли яшашга ҳақли. Кундалик турмушдаги муаммо ва камчиликлар одамларнинг фаровон ҳаётига соя солмаслиги керак. Ҳар қандай камчиликни ўз ўрнида бартараф этиш, халқ олдида масъул бўлган мутасадди шахснинг бурчидир. Президентимиз бошчилигида юртимизда халқ фаровонлиги йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, фуқаролар билан бевосита мулоқот қилиш тизимининг йўлга қўйилгани ҳам ватандош­ларимиз учун қулай ҳаётни, умргузаронлик қилишнинг юқори даражасини таъминлашга қаратилган.

Шунга монанд, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан аҳоли турмуш даражасини янада яхшилаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш мақсадида мутасаддилар томонидан олиб борилаётган ишлар, бу борада йўл қўйилган камчилик ва нуқсонлар атрофлича ўрганилаяпти. 

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Абду­ғани Умировнинг Нишон туманида сайловчилар билан учрашувлари ҳам ғоят самарали кечди. Депутат тумандаги “Нурчи” маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси билан юзма-юз мулоқот уюштирди. Жайрон қиш­лоғи аҳлини кўпдан буён мобил алоқадан етарли фойдалана олмаслик муаммоси қийнаб келарди. Депутат бу жумбоқни “Ucell” уяли алоқа компанияси мутасаддилари билан гаплашиб, тез кунда бартараф этишга келишди.

Шунингдек, депутат аҳоли билан мулоқоти жараёнида кўпгина кишилар томорқа экинларини суғоришда жиддий муаммоларга дуч келишаётганини маълум қилишди. Депутат бу муаммони туман ҳокими билан гаплашиб, очиқ бюджет платформасидан маблағ ажратиш учун овоз тўплаш тендерига киритишга келишиб олди. 

Депутат Махфират Хуш­вақ­то­ва Муборак тумани ҳокимлиги мажлислар залида маҳалла раислигига кўрсатилган номзодлар билан суҳбат ўтказди. Жойларда ўтадиган сайловлар ҳар томонлама муқобиллик ва ошкоралик асосида ўтишини таъминлаш лозимлиги юзасидан керакли тавсия­лар берди.

Шунингдек, депутат Муборак туманидаги ҳарбий қисмда бўлиб, Президентимизнинг 2019 йил 12 сентябрдаги “Ўзбекистон Респуб­ликаси фуқароларининг ҳарбий хизматни ўташ тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори ижроси қандай бажарилаётганлиги билан қизиқди. Ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оилалари билан суҳбатлашди. Ҳарбий шаҳарчада истиқомат қилаётган аёлларнинг бандлигини таъминлаш, фарзандларини мактабгача таълим муассасаларига қамраб олишда камчиликлар борлиги аниқланди. Депутат шу ернинг ўзида 2 нафар ҳарбий хизматчининг фарзандини болалар боғчасига жойлаштиришга кўмак­лашди.

Махфират Хушвақтованинг Миришкор туманида сайловчилар билан учрашувлари ҳам унумли бўлди. Фуқаролар томонидан қилинган мурожаатларнинг айримлари депутат томонидан ўз жойида ҳал этилган бўлса, баъзилари назоратга олинди. 

Депутат Дилшод Ҳамзаев Қамаши туманидаги “Сабозор” МФЙ раиси Мусурмон Сатторов, ҳоким ёрдамчиси Зафар Саидов иштирокида аҳоли билан мулоқот қилди. Сифатли гул етиштираётган Бахтиёр Бозоров билан учрашди. Тадбиркорнинг маълум қилишича, ўз ер участкасида етиштираётган гулларини Франция, Голландия, Испания давлатларига экспорт қилаётган экан. 

Депутат тумандаги “Чим” МФЙда бўлганида, бу ерда оз эмас, 115 та оила гулчилик билан шуғулланаётганига гувоҳ бўлди. Депутат Очил Раҳмонов хонадонида бўлиб, етиштирилаётган гулхайри, иссиқхонада парвариш қилинаётган лимон кўчатларини кўздан кечирди. Хонадон соҳиби биргина гулларнинг ҳар килосини 80 минг сўмдан сотаётгани ва экспорт қилаётганини мамнуният билан таъкидлади. Очил Раҳмонов иссикхонани кенгайтириш учун кредит масаласида муаммо бўлаётганлигини депутатга билдирди. Депутат бу муаммони масъуллар билан гап­лашган ҳолда ҳал этди. 

Депутат “Работ” МФЙда яшовчи Қўчқор бобо Кўчимов хонадонида бўлиб, бу ерда турфа навли узум етиштирилаётганлигининг гуво­­ҳи бўл­­ди. 

– Ҳар йили узумчиликнинг ўзидан 150 миллион сўмгача даромад қиламиз, – деди Қўчқор бобо. – Иссиқхонада етиштирган помидор ва сабзавот, полиз экинларидан 40 миллион сўмгача фойда оламиз.

Дарвоқе, шу куни депутат Дилшод Ҳамзаев Ғузор туманидаги “Савбоғ” МФЙда умргузаронлик қилаётган уруш қатнашчиси, 1924 йилда таваллуд топган Эрназар бобо Ҳасанов билан ҳам учрашди ва у кишига алоҳида ҳурмат-эҳтиром кўрсатди. Президентимиз ва давлатимиз томонидан уруш қатнашчиларига кўрсатилаётган ғам­хўрлик, берилаётган имконият ва имтиёзлар ҳақида тушунтириш берди. Эрназар бобо Президентимизнинг олиб бораётган халқпарвар сиёсатидан мамнун эканлигини фахр билан эътироф этди. 

Ҳумоюн Рўзиев,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати ёрдамчиси

**

Кейинги йилларда аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини янада ошириш долзарб вазифалардан бирига айланди. Айни шу мақсадда амалга оширилаётган ислоҳотлардан фуқаролар хурсанд.

Аммо Андижон туманидаги “Март” маҳалласида яшовчилар бу борада ташвишда. Сабаби, маҳалла ҳудудидаги 1-оилавий поликлиника таъмирталаб, бу масала такрор-такрор кўтарилса-да натижа бўлмаяпти. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мавлуда Адҳамжонова сайловчилар талаби билан ҳудудда бўлди. Ўрганиш жараёнида мазкур поликлиника талаб даражасида эмаслиги аниқланди. 

– Шу йилнинг ўзида давлатимиз раҳбари аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш борасида бир неча бор катта йиғилишларда гапирди, вазифаларни белгилаб берди, – дейди МФЙ фаоли Муборак Нурматова. – Биз эса ҳали-ҳамон қишлоғимиздаги оилавий поликлиника қачон замонавий қиёфага кирар экан, деб ўтирибмиз. Ўз вакилимизга айни шу масалада мурожаат қилдик.

Депутат М.Адҳамжонова масалани атрофлича ўрганиб, ижобий ечим топишини билдирди. 

Андижон вилоят кенгаши матбуот хизмати 

**

“Атанган гузар” Наманган шаҳрининг марказдан олисдаги маҳаллалардан бири. У Янгиқўрғон тумани ҳудуди билан чегарадош. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Дилмурод Исмоилов бу галги учрашувларни шу ердан бошлади.

Дастлаб маҳалла фаоллари билан мулоқот ўтказилди. Унда парламент аъзоси мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида рўй бераётган янгилик­лар ҳақида сўз юритди. Қонунчилик палатаси депутатлари ишлаб чиқаётган лойиҳалар, амалга оширилаётган назорат фаолияти ҳам диққат марказида турди.

– Сайловчилар билан учрашув ниҳоятда қизиқарли ва савол-жавобларга бой бўлди, – дейди “Атанган гузар” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Одилжон Мамажонов. – Фаолларимиз, айниқса, юртимизда инсон қадрини улуғлаш борасида амалга оширилаётган ишларни қўллаб-қувватладилар. Давлатимиз раҳбарининг аҳолига тиббий хизмат кўрсатишни янада яхшилашга қаратилган ташаб­бусларининг катта аҳамиятга эга эканлиги таъкидланди. Шу билан бирга, мазкур соҳада анчагина камчиликлар ва муаммолар борлиги очиқ-ойдин айтилди.

Маҳалла фаоллари шу ҳудуддаги 7-оилавий поликника фаолияти талабга жавоб бермаслигини айтдилар. Д.Исмоилов МФЙ раиси ва жамоатчилик вакиллари иштирокида ушбу тиббиёт масканини кўздан кечирдилар ва чиндан ҳам филиал биноси эскириб, авария ҳолатига келганлигига ишонч ҳосил қилдилар. Бу ердаги моддий-техник негиз ҳам замонавий даражадан ортда. Филиал мудири Гулнора Маҳмудова ушбу муаммолар юзасидан юқори ташкилотларга бир неча марта мурожаат қилганлигини билдирди. Бироқ ҳозиргача ҳеч қандай натижа йўқ. Оқибатда аҳоли даволаниш учун шаҳар марказидаги муассасаларга қатнашга мажбур бўлмоқда.

Депутат ёрдамчиси Акмалжон Ҳайдаровга поликлиника филиалидаги ҳолат бўйича маълумотнома тайёрлашни топширди. Шу асосда сўровнома тайёрланади ва вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига киритилади.

Парламент аъзоси яна бир қатор маҳаллаларда, ташкилот ва муассасаларда ҳам сайловчилар билан учрашди.

Мулоқотларда “Адолат” СДП Наманган вилоят кенгаши раиси ўринбосари Ёрқиной Ҳожиматова иштирок этди.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

Наманган вилоят кенгаши матбуот котиби

**

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги «Адолат» СДП фракция­­си аъзоси Гулруҳ Агзамова Сергели туман ҳокими маслаҳатчиси А.Жабборов, депутат ёрдамчиси Ш.Шомуродов, «Адолат» СДП Тошкент шаҳар кенгаши матбуот котиби М.Бобоназарова билан биргаликда Сергели туманидаги «Нурҳаёт», «Хонобод», «Қумариқ», «Файз­­ли», «Жалоир» маҳаллаларида бўлиб, МФЙ раис­лари, туман ҳокимининг жойлардаги ҳоким ёрдамчилари, оила ва хотин-қизлар бўйича, ёшлар ишлари бўйича мутахассислар иштирокида мавжуд муаммолани ўрганди.

Ўрганишлар жараёнида «Нурҳаёт» маҳалласида яқинда ишга туширилган Сергели туман тиббиёт бирлашмасига қарашли 10-сонли оилавий шифохона (филиали) стационар даволаниш маскани билан яқиндан танишилди. Ушбу филиал қуввати келгусида «Нурҳаёт» маҳалласига чегарадош маҳаллалар аҳолисининг тиббий ёрдамга бўлган эҳтиёжини қондиради. Шунингдек, ушбу даволаниш масканининг ҳовлиси қаровсиз ҳолда эканлиги аниқланди. Бу ерни ободонлаштириш ва келган беморларга қулайлик яратиш учун ҳовлига ўриндиқлар ўрнатиш бўйича тавсиялар берилди. Ушбу ҳудуд 2-сектор тасарруфда бўлгани сабабли бевосита ундаги масъулларга бу бўйича таклифлар берилди.

Шунингдек, Сергели туманида жойлашган 7-сонли умумтаълим мактаби ҳам кўздан кечирилди. Бу мактаб депутат Гулруҳ Агзамова ташаббуси билан давлат инвестицион дастурига киритилиб, 15 млрд. 215 миллион сўм маб­лағ эвазига капитал таъмирланишга тушган. 950 ўринга мўлжалланган мактаб таъмири жорий йилнинг 15 августига қадар якунланиши белгиланган. Айни вақтда таъмирлаш ишларини «Me`mor Home» МЧЖ олиб бормоқда.

Депутат Гулруҳ Агзамова билан туман тиббиёт бирлашмаси бўлими бошлиғи С.Хусанова мулоқоти давомида Тошкент вилояти Зангиота туманининг айрим маҳаллалари, хусусан, “Файзли”, “Хонобод”, “Жалоир”, “Қумариқ” ва бошқа жами 13 та маҳаллалари пойтахт таркибига қўшилгани муносабати билан кўплаб муаммолар юзага келаётгани, ушбу қўшилган ҳудудлар аҳолисида буйрак етишмовчилиги, жигар циррози хасталиклари ҳаддан ортиқ қайд этилгани маълум бўлди. Депутат ушбу масалаларни ўз назоратига олишини билдирди. «Кўҳна Жалоир» маҳалласи чегарасида давлат инвестиция дастури бўйича 180 ўринли боғча қурилиши режалаштирилганлиги тўғрисида МФЙ раис­лари ва болалар боғчаси қуриб берилиши юзасидан мурожаат қилган фуқарога маълумот тақдим этилди.

Шундан сўнг маҳалла ҳудудидаги 352-сонли умумтаълим мактабига ташриф буюрилди. 352 ўринга мўлжалланган мактабда 549 нафар ўқувчи таҳсил олаётгани мактаб биносини кенгайтиришга эҳтиёж борлигини кўрсатди. Шу билан бирга, мактаб ҳудудида спорт майдончаси қуриш, мактаб ошхонасида замонавий шарт-шароитларни яратиш бўйича зарур тавсиялар берилди. Мактаб директори, шу маҳалладан сайланган туман депутати Вазира Сулаймонова, маҳалла ёшлар етакчиси Хусан Маҳмудов ушбу тавсиялар асосида келгусида амалга оширилиши лозим бўлган ишларни белгилаб олишди. 

Шоҳруҳ Шомуродов,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати ёрдамчиси

Tegishli xabarlar

ЭРТАГА НИМА БЎЛАДИ?

admin

БЕРУНИЙ ДАҲОСИГА ЮКСАК ЭҲТИРОМ

admin

Эркинликнинг яшаш қонуни – курашмоқ Омон Матжон таваллудининг 80 йиллигига

admin