ADOLAT 24

“ҲАЛИЯМ ЁШ… ҲАЛИЯМ ЧИРОЙЛИ…” Ҳалима опага (ҳикоя)

Хизматга туҳмат ёмон: буни бошидан ўтказган яхши билади. Ўзбек­овуллик Карим муаллимнинг кенжатойи Икром пойтахтда кимё фани бўйича мактаб ўқувчилари орасида ўтказилган билимлар беллашувида қатнашиб, бир олам таассуротлар билан тўлиб-тошиб қайтиб келди-ю, ўзига хос “ҳисобот” маҳали кутилмаганда наинки фақат бобоси, балки бобосининг энг яқин жўрасининг ҳам ғазабига дучор бўлди-қолди. Ваҳоланки, аввалига ҳеч нарса қувончу ҳаяжон қуёши порлаб турган кайфият осмонига қора булутлар чиқиб, момоқалдироқ гумбурлашидан, чақинлар чақнашию муздай жала қуйишидан шоҳидлик бермаётган эди. Билъакс, ҳаммаси рисоладигидай кетаётган эди.

Одатдагидай, иккала жўра новвот чой устида гурунглашибгина ўтиришган эди. Аҳмад бобонинг бир мақтаниб қўйгиси келдими, сафардан эндигина қайтган, ҳали нафасини ростлаб ҳам улгурмаган неварасини хонага чорлади, сўнг намойишкорона ғурур ила – жуда яхши кўриб кетган пайтларидаги одатига кўра “сиз”лаб, албатта – сўрадики: 

– Хўш, Икромтой, сўйланг, қай юртларда бўлдингиз, қай зотларни кўрдингиз? 

Табиийки, Икромтой деганлари булбулигўё бўлиб “Тошкентга саё­ҳат” тафсилотлари баёнига тушди. Ҳали ҳаммаси яхши эди, яхши ҳамми, ажойиб эди; буни юзи ёришиб кетган Аҳмад бобонинг мамнуният ила тинмай бош ирғашию чақнаб турган кўзларидан ҳам илғаса бўларди. Бироқ гап орасида бийрон невара тушмагур: 

– … Ҳа, айтгандай, театрга кираётиб Нафисахонимни кўриб қолдим, – деса бўладими. 

Аҳмад бобо аввалига нотўғри эшитдим шекилли, деган хаёлда сал сергакланди, илло, бундай гумонга бориш қулоғи оғирлаша бош­лаган қарияларда тез-тез учраб туради; аммо, айни сонияда қандайдир савқи табиийси ила чурвақа невараси айнан ўша номни тилга олганлигини аниқ-тиниқ туйди: исм қулоқлари тагида акс-садо янглиғ бир неча бор янгради… Бирдан безовталаниб қолган чолнинг юзидаги шоён табассум сўнди, ўзини йиғиштириб­роқ ўтирди, жўрасига қараб, унинг ҳам туйқус жиддий тортганини, ранги сезиларли даражада қорайиб кетганлигини кўрди. Неварасининг бошқа сўзларини эшитмаётган Аҳмад бобо шошиб сўради: 

– Кимни дединг?

Бундай эътибордан оғзи қулоғига етган Икромтой янада жўшди, ўз қаҳрамонлигидан ўзи ҳузурланган кўйи тезкор жавоб қайтарди:

– Ўзимизнинг Нафисахонимни-да. Сизларга….

Раҳмат бобо ортиқ чидай олмади, кафтини хонтахтага урди:

– Алдама!  

Икромтой ажабланди:

– Нега энди? Кўрдим. Мана, қиш­лоқдошлардан салом айтиб, бирга расмгаям тушдим.  

Икромтой сумкасидан сурат чиқариб кўрсатди. Дарҳақиқат, унда Икромтой кимсан машҳур шоиранинг ёнида турарди  

Донг қотган қариялар қўллари қалтираб, суратни олишди, унга узоқ термулиб қолишди. Алоҳа Аҳмад бобо оғир хўрсинди:

– Ҳалиям ёш…

Раҳмат бобо пичирлади:

– Ҳалиям чиройли…

Ажабки, иккала қариянинг ҳам товуши титрарди…

“Қулт” этиб ютиниб олган Раҳмат бобо туйқусдан Икромтойга ёвқараш қилди: 

– Ўтрикниям оларкансан-да. Бобонгга тортмапсан лекин. Ахир сен ким-у, Нафисахоним ким! Шундай улуғ шоира келиб-келиб… келиб-келиб сен билан расмга тушадими? 

Аҳмад бобо пичинг қилди:

– Одам қуриб қолгандай…  

Мақтов эшитишга чоғланиб турган Икромтой гарангсиб-каловланиб қолди, кейин ягона исботи – фотосуратга қўлини ниқтаганча эътироз билдиришга уринди: 

– Мана, ўзларингиз кўриб турибсизлар-ку! Бу мен, бу…  

Дарҳақиқат, исбот шундайгина чолларнинг кўз олдида турарди, моддий. Чўнтагидан қабариқ кўзойнагини олиб тақиб, суратга диққат билан қараган Аҳмад бобо ўйлай-ўйлай, ахийри махфий сирнинг тагига етгандай қаноат ила писанда қилди: 

– Исбот эмиш… Бу… ҳалиги… компьютерда расмдаги бир одамнинг бошини олиб, бошқага қўйса бўларди дердинг-ку… 

– Фотошопми? – гап ўзани қаёққа кетаётганини англамаган Икромтой баттар каловланди. – Фотомонтаж­ми?

Чуқур тин олган Аҳмад бобо хулосасини эълон қилди: 

– Буям ўшанақа… шоп…

“Ҳа”, деган туяга мадад. Раҳмат бобо ҳам шу заҳоти жўрасининг фик­рини маъқуллади: 

– Қип-қизил ўшанақа… 

– Шоп, – жўрасига ёрдамга келди Аҳмад бобо. 

– Ўша-да, – барибир нотаниш сўзга тили келишмаган Раҳмат бобо мутлақо ўрни бўлмаса ҳам негадир қадим ўзбек мақолиниинг бир қисмини орага тиқди: – “Шап-шап” дегунча…

Бунга нима дейиш мумкин энди? Куппа-кундуз куни бир эмас, икки қария томонидан туҳматга қолган, фотошопчига чиқарилган Икромтой нимадир демоқчи бўлиб, бир неча марта оғиз жуфтлади, аммо тилига бирон жўяли сўз келавермагач, қўлини силтадию, жаҳл билан хонадан чиқди-кетди…

Раҳмат бобо суратни кўзларига яқин олиб келди. 

– Қара-я, қара, – гап билан ўртоғини ўйиб олиш имкониятини қўлдан бермади Аҳмад бобо. – Қариб, кўзинг кетиб қоптими десам, ёшлигингдаям гўр эмасдинг ўзи. Нафиса бекорга сени “тўрткўз” демасди. 

– Ҳечам-да, – жириллаб эътироз билдирди Раҳмат бобо. – У мени сираям унақа демаган. Буни ғайирлик қилиб ўзинг тўқиб чиқаргансан.  

– Сенинг нимангга ғайирлик қилардим? – ҳужумни давом эттирди Аҳмад бобо. – Мана сен лекин мени унинг ёнида кўрсанг бўлди, кўзинг чақчайиб, бошингдан тутунинг чиқиб кетарди.

Даҳанаки жанг авжига чиқадигандай эди. Бироқ туйқус иккала қария худди буйруқ берилгандай бирдан суратга қарашди ва жим бўлиб қолишди. 

Ниҳоят, орадан не фурсат ўтиб Аҳмад бобо маъюс шивирлади:

 – Сенга айтмагандим, жўра… бозор куни бориб, узоқдан кўриб келдим. Ҳалиям чиройли…

Раҳмат бобо оғир хўрсинди:

– Биламан. Мен чоршанба боргандим. Роса қарадим… узоқдан…. Ҳалиям ёш…

Иккала чол яна машҳур шоиранинг суратига узоқ тикилиб қолишди.

– Биз синфдош бўла туриб, унинг ёнига яқинлашолмай юрсак-у, – ўпкалаб гапирмоқчи бўлган Раҳмат бобонинг ногоҳ ўпкаси тўлди, кўзлари ғилтиллади, – тирранча неваранг бориб… 

– Шуни айт… Алам қилади-да…

Ўзини қўлга олишга уринаётган Раҳмат бобо беихтиёр жўрасининг фикрини аниқроқ ифодалади:

– Одам… қизғанаркан…

 Аҳмад бобо тиззасига урди:

– Бўлмаса-чи… У ким-у…

Туйқус Раҳмат бобо аста суратга ишора қилди:

– Ҳассаси кўринмаяптими… Қизғиш эди…  

Аҳмад бобо маъқуллаб бош ирғади:

– Ёнғоқдан тайёрланган… Анов тирмизак ҳассаниям шоп қилгандир-да… 

– Унингдан кутса бўлади…

Яна бир муддат жим ўтиришди. Ҳар икковининг нигоҳи ўз-ўзидан суратга бориб қоларди. 

Ниҳоят Аҳмад бобо хўрсинди:

– Ҳалиям ёш…

Раҳмат бобо бош ирғади:

– Ҳалиям чиройли…

Ой тўлган оқшомлари Ўзбековул ўзгача чиройли бўлиб кетади. Борлиқ аввал сутга чайиб олиниб, сўнг ҳарир пардага ўралгандай гўё…. Бироқ бу тун овул кўчаларини бемақсад кезган, сўнг, гупиллаб ураётган юраклари кўкрак қафасларига сиғмай қолгач, “ҳайё-ҳуйт” деганча кенг далага бош олиб чиқиб кетган икки қизғанчиқ қария нечукдир ҳеч нарсани, ҳаттоки атроф-жавонибнинг фусункор ҳуснини илғамаётган кўзларидаги армон ёшларини бир-бирларидан яширганларича ора-сира “Ҳалиям ёш… Ҳалиям чиройли…” деб шивирлаб қўйишар, бу дил розларининг кимга тегишли эканлигини эса фақат ўзлари билардилар…

Абдуқаюм Йўлдошев

(2017 йил) 

Tegishli xabarlar

СИЁСИЙ ҚАТАҒОН ҚУРБОНИ БЎЛГАН ЮРТДОШЛАРИМИЗ ҲАЁТИ ВА ФАОЛИЯТИНИ ЎРГАНИШ, ТАРҒИБ ЭТИШ ҲАМДА УЛАРНИНГ ХОТИРАСИНИ АБАДИЙЛАШТИРИШ БОРАСИДАГИ ИШЛАРНИ КЕНГАЙТИРИШ ТЎҒРИСИДА

admin

РЕПЕТИТОРГА эҳтиёж ҚАЧОН йўқолади?!

admin

Сайловолди учрашувлари якунига етди (ЖИЗЗАХ ВИЛОЯТИ)

admin