“Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши ва партиянинг Бухоро вилоят Кенгаши ташаббуси билан Бухоро шаҳар “Арк меҳмонхонаси”нинг конференция залида “Янги Ўзбекистоннинг тинчлиги, фаровонлиги ва тараққиёти йўлида бирлашайлик” мазусидаги конференция бўлиб ўтди.
Конференцияда партия Сиёсий Кенгаш раиси Баҳром Абдуҳалимов, вилоят партия кенгаши аъзолари ва фаоллари, ОМҚП депутатлари, маҳаллий Кенгаш депутатлари, Республика маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими вакиллари, кенг жамоатчилик, ёшлар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди.
Тадбирни энг аввало партия вилоят Кенгаши раиси М.Ҳамидов кириш сўзи билан очиб, сўзни партиянинг Сиёсий Кенгаши раиси Б.Абдуҳалимовга берди.
Б.Абдуҳалимов ўз сўзида мамлакатимизда тинч-осуда ҳаётни, ислоҳотларни, амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларини кўролмаётганларнинг ғаразли ниятлари ҳар биримиздан ҳушёрликни, турли ёт чақириқларга теран фикр, чуқур мулоҳаза билан ёндашувни тақазо этишини таъкидлади. Қайд этилганидек, дунёдаги турли тазйиқ ва агрессияларнинг янгича моҳиятига назар ташлаб, оқилона хулоса чиқарган, нотўғри мақсадларни англаб етган мамлакатдагина тинчлик-осойишталик, фаровонлик барқарор бўлади. Чунки, бугун дунёда кечаётган глобаллашув жараёнлари, мафкуравий ва вертуал курашлардан ёш авлод онгини ҳимоя қилиш муҳим вазифаларга айланиши зарурлиги айтиб ўтилди. Таъкидланганидек, Президентимиз Ш.Мирзиёев ҳар бир маърузаси ва чиқишида бу масалага алоҳида эътибр қаратиб, бугун ўзбек оилаларида мавжуд ибратли қадриятларни ривожлантириш, оила ва маҳаллада тинчлик ва маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш муҳимлигини айтиб ўтишлари бежиз эмас.
Тадбирда Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Мархабо Пардаева “Янги Ўзбекистоннинг тинчлиги, фаровонлиги ва тараққиёти йўлида бирлашайлик” мавзусида маъруза қилди. Маърузада қайд этилганидек, кейинги йилларда мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида салмоқли ишлар олиб борилмоқда. Амалга оширилаётган ислоҳотларнинг моҳиятида ҳам инсон манфаатлари устуворлик қилиб, фуқароларнинг ҳаётидан рози бўлиб яшашлари йўлида барча шарт-шароитлар яратилгани айтиб ўтилди.
Конференция давомида сўзга чиққанлар томонидан тинчликка раҳна солиш, жамият равнақи ва халқ фаровонлигига зиён етказиш, юртдошларимиз орасида ўзаро низолар келтириб чиқариш мақсадида амалга оширилаётган ҳаракатларни ўз вақтида англаб, уларнинг таъсирига тушмаслик чораларини кўришимиз кераклиги ҳақида айтилди. Озодликни соғиниб, озодлик йўлида курашиб ўтган ота-боболаримизнинг машаққатли меҳнатини қадрига етиб, орзу умидларини ва интилишларини рўёбга чиқаришимиз лозимлиги таъкидланди.
Тадбир жараёнида партиямизнинг фаол ёшлари ҳам сўзга чиқиб, ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтдилар.
Фикр ва мулоҳазаларга, таклиф ва тавсияларга бой бўлган тадбир сўнгида йиғилганларнинг қизиқтирган саволларига атрофлича, ҳаётий мисоллар билан масъуллар томонидан жавоблар қайтарилди.
Мухтасар ЗОХИДОВА,
“Адолат” СДП Бухоро вилоят Кенгаши матбуот котиби