ADOLAT 24

1 МАЙДАН ҚОНУНЧИЛИКДА ҚАНДАЙ ЎЗГАРИШЛАР БЎЛАДИ?
Янги йўл ҳаракати қоидалари жорий этилади
Янги таҳрирдаги Йўл ҳаракати қоидалари 2022 йил 1 майдан амалга киритилади.

Норезидентлар учун даромад солиғи 20 фоиздан 12 фоизга туширилади
2022 йил 1 майдан норезидент шахснинг Ўзбекистондаги манбалардан оладиган даромадлари бўйича даромад солиғи 12 фоиз миқдорида белгиланади (илгари 20 фоизгача).

Чет эл фуқароларига Ўзбекистонда кўчмас мулк олишлари енгиллашади
2022 йил 1 майдан рўйхати Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган хорижий давлатлар фуқароларига Ўзбекистонда яшаш гувоҳномасини талаб қилмаган ҳолда, янги барпо этилаётган қуйидаги кўчмас мулк объектларини сотиб олиш тарзида инвестиция киритиш ҳуқуқи берилади:

  • Тошкент вилояти, Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида – қурилиш даврида тузилган шартномаларга асосан қиймати 150 минг АҚШ доллари эквивалентидан, фойдаланишга қабул қилинган кўчмас мулк объектларида қиймати 180 минг АҚШ доллари эквивалентидан кам бўлмаган кўчмас мулк объектлари;
  • бошқа ҳудудларда – қурилиш даврида тузилган шартномаларга асосан қиймати 70 минг АҚШ доллари эквивалентидан, фойдаланишга қабул қилинган кўчмас мулк объектларида қиймати 85 минг АҚШ доллари эквивалентидан кам бўлмаган кўчмас мулк объектлари.
    Бунда, мазкур кўчмас мулк объектларини сотиб олиш хорижий давлатлар фуқароларига Ўзбекистонда доимий рўйхатдан ўтиш ва яшаш гувоҳномасини олиш учун асос бўлмайди.

Пенсия бўйича муҳим янгилик
2022 йил 1 майдан:

  • “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари”га киритилганларга ва жазони ўтаб озодликка чиққан фуқароларга бериладиган тўловлар ҳар ойнинг 5-санасигача молиялаштирилади ҳамда АТ “Халқ банки”нинг сайёр кассалари томонидан маҳаллаларга етказилади;
  • АТ “Халқ банки” томонидан пенсия, нафақалар ва моддий ёрдамни фуқароларга нақд етказиш хизматлари учун Пенсия жамғармаси ва бюджетдан 1 фоиз банкка хизмат ҳақи тўлаб берилади;
  • пенсия, нафақа, компенсациялар ва моддий ёрдам пулини банк карталари орқали олувчиларга ҳар ойлик пенсия ва нафақа пулининг 1 фоизи миқдорида қўшимча тўлов жорий қилинади;
  • 2022 йил 1 сентябргача ҳарбийлаштирилган пенсиялар тизими автоматлаштирилади ва пенсия варақаларини юритиш амалиёти бекор қилинади.

Янги давлат хизматлари йўлга қўйилади
2022 йил 1 майдан:

  • “Автомобиль тарихи” маълумотларини шартномавий асосда ДХМ, ЯИДХП (my.gov.uz) ёки веб-сайтлар ва уларнинг иловалари орқали аниқлаш бўйича давлат хизмати йўлга қўйилади;
  • автотранспортни техник кўрикдан ўтказиш жараёнида автотранспортнинг босиб ўтган масофаси ҳақидаги маълумотлар, жумладан, техник кўрикдан ўтказувчи тадбиркорлар томонидан ҳам мажбурий тартибда ахборот тизимига киритилади.

Иқтисодиёт тармоқларида ишлаётган фуқаролар суҳбат асосида ОТМга
ўқишга қабул қилинади
Камида 5 йил иш стажига эга фуқароларга суҳбат натижаларига кўра табақалаштирилган тўлов-контракт асосида ўқишга кириши учун тавсиянома берувчи вазирлик, идора ва йирик хўжалик бирлашмалари рўйхати ҳар йили 1 июлгача тасдиқланиб, ОАВда эълон қилинади.
Вазирлик, идора ва йирик хўжалик бирлашмалари ҳар бир ўқув йили учун марказий ва ҳудудий тузилмалари ҳамда тизим ташкилотларидан 100 нафаргача талабгорга тавсиянома бериши мумкин.
Тегишли тавсияномага эга фуқаролар ҳар йили 20 июлдан 10 августгача Давлат тест марказининг махсус электрон тизими орқали рўйхатдан ўтказилади.
Суҳбат жараёни ҳар йили 20 августдан 30 августгача бўлган муддатда ташкил этилади.
Натижаларга кўра, 100 баллик баҳолаш мезонида 55 балл ва ундан юқори балл тўплаган абитуриентлар ОТМ ректори (директори) буйруғи билан табақалаштирилган тўлов-контракт асосида талабаликка тавсия этилади.
Тавсияномалар фақатгина берилган ўқув йили учун амал қилади.
Низом олий ҳарбий ва ҳарбийлаштирилган таълим муассасаларига, Ўзбекистондаги хорижий ва нодавлат олий таълим ташкилотларига ҳамда уларнинг филиалларига нисбатан татбиқ этилмайди.
Мазкур тартиб 2022 йил 1 майдан кучга киради.


Лобар Розимова,
“Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот маркази масъул ходими

Tegishli xabarlar

ЎЗЛИКНИ АНГЛАШ ЙЎЛИДА (Шахсий фикр)

admin

Вазирдан асослантирилган жавоб тақдим этиш сўралди

admin

Сайловчилар билан учрашувлар

admin