Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 26 апрель куни туризм хизматлари кўламини кенгайтириш ва инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Дунёда пандемия пайтида ўрнатилган чекловлар бирин-кетин камаяётгани туфайли туризм индустрияси тиклана бошлаяпти. Жорий йилнинг биринчи чорагида юртимизга хориждан 610 минг нафар ёки ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2 баравардан зиёд туристлар келган. Кейинги ойларда янада кўп туристлар келиши кутилмоқда.
Йиғилишда барча имкониятларни ишга солиб, туризм соҳасида пандемиягача бўлган кўрсаткичларни тиклаш, хизматлар кўламини кенгайтириш чора-тадбирлари муҳокама қилинди.
Жумладан, сайёҳларнинг авиақатновларга бўлган талабини қондириш мақсадида 1 июлдан бошлаб, “Зиёрат туризми” дастури доирасида хорижий авиакомпанияларга кўрсатиладиган хизматларга 50 фоизгача чегирмалар жорий қилинади.
Мутахассислар сайёҳлик ва туризм иқтисодий ривожланишнинг ҳаракатлантирувчи кучи экани ҳақида якдил фикр билдирмоқда. У янги иш ўринлари яратиши баробарида (ICAO маълумотига кўра, 2017 йилда ҳар 10 иш ўрнининг биттаси шу соҳага тегишли бўлган) ижтимоий ривожланишга эш бўлади. У кўплаб кишилар ва соҳаларни ўз ичига олувчи ижобий циклдир.
Туризм хизмат кўрсатишга асосланган иқтисодиётни яратиш ва ривожлантиришни рағбатлантиради ҳамда Тошкентдаги йирик меҳмонхоналардан тортиб, Самарқанддаги кичик хостеллар, халқаро аэропортлардаги бутиклар, Бухоро ва Хиванинг хушманзара кўчаларидаги кичик ҳунармандчилик дўконларигача қамраб олади.
Хўш, шундай экан, туризм ривожланишига қандай омиллар ва энг яхши амалиётлар ёрдам бериши мумкин?
Визасиз саёҳат
Грузия сўнгги бир неча йилда чет эллик туристлар сонини уч баробар оширгани билан тилга тушди. Яъни Грузия дунёнинг аксарият мамлакатлари фуқаролари учун визани бекор қилгани тўғри иш бўлди. Бу сайёҳлар сонининг кескин ошишига сабаб бўлди – илгари мамлакатга ҳар йили 100 мингдан камроқ сайёҳ келган бўлса, улар сони сўнгги 20 йилда қарийб 6,5 миллион кишига етди.
Европага, айниқса, Франция билан Испанияга дунёда энг кўп туристлар келиб-кетаётганига ҳам ўтган асрнинг 90-йиллари бошида eвропаликларга чегаралар очилгани сабаб бўлган.
Ўзбекистонга келган чет эл фуқароларининг аксарияти қариндошларини зиёрат қилиш учун келганини қайд этган (87,8 фоиз). Ўтган йили мамлакатимизга 6 миллион 748 нафар турист ташриф буюрган бўлса, жорий йилда уларнинг сонини 7,5 миллионга етказиш кўзда тутилган.
Бу саъй-ҳаракатларда «оилавий меҳмон уйлари»нинг ўзига хос ўрни ва аҳамияти бор. «Оилавий меҳмон уйлари» фаолияти йўлга қўйилганига эндигина бир йилдан ошган бўлса-да, уларнинг сони 900 дан ортди. Авваллари фақат Бухоро, Хива, Самарқанд каби тарихий шаҳарларимиз турист ва маҳаллий аҳоли билан гавжум бўлса, бугунга келиб, юртимизнинг кўплаб гўшалари инсонларга завқ берадиган мафтункор қадамжоларга айланди.
Барқарор тараққиёт концепциясининг асосий устуворлиги шундан иборатки, унда нафақат экологик омил, балки вақт омили ҳам ҳисобга олинади. Узоқ келажак истиқболлари учун қаратилган барқарор ривожланиш модели ҳозирги ва келажак авлодлар манфаатлари тенглигига асосланган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Биринчи саммитида сўзлаган нутқида ташкилотнинг 2016-2025 йилларга мўлжалланган Ҳаракат дастурини қўллаган ҳолда иқлимнинг глобал ўзгаришига, тупроқ деградациясига, фойдаланиладиган ерлар камайиб бораётганлигига, чўлланиш ва қурғоқчилик масалаларига алоҳида тўхталиб ўтган эди.
Бундай глобал ва минтақавий муаммоларни ҳал қилишда барқарор туризмнинг, шу жумладан, зиёрат туризмининг роли беқиёсдир. Барқарор туризм шундай соҳаки, у жамият эҳтиёжларини қондиради ва муваффақиятларни сақлаб қолади, келажак учун имкониятлар яратади.
Маълумки, Ўзбекистонда кўплаб диний марказлар жойлашган, шу жумладан, исломнинг муқаддас китоби Қуръон сақланаётган Ҳазрати Имом мажмуаси, буюк ҳадисшунос аллома Муҳаммад ал-Бухорий мақбараси ва бошқалар.
Бундай масканларга борганда зиёратчи нафақат муқаддас жойлар билан муносабатда бўлиб, кўнглида ҳаловат ҳис этади, кўп асрлик маданий ва диний анъаналар, урф-одатларни англаб, ўрганади, ҳозирги ва келажак авлодларга етказади.
XXI аср бошларига келиб глобал ижтимоий-экологик муаммолар ва таҳдидларнинг кучайиб бориши, айниқса, иқлим ўзгариши, тупроқ деградацияси, сув муаммолари, чиқиндиларнинг кўпайиб бориши, биологик хилма-хилликнинг камайиши ва бошқалар барқарор тараққиёт йўлига қаратилган Ислом маданияти ва фалсафасини кенг тарғиб қилишни тақозо этади. Зиёрат туризми эса бундай жараёнларни амалга оширишда муҳим омиллардан бири ҳисобланади.
Собиқ Иттифоқ даврида олиб борилган бир томонлама технократик сиёсат натижасида инсон омили иккинчи даражага қўйилди. Ислом динидаги инсонпарварлик тамойилларини, табиатга, жонзотларга, умуман бутун борлиққа бўлган фалсафий қарашларни, ислом маданиятидаги бой, ижтимоий-гигиеник ва экологик анъаналарни халқ орасида тарғиб қилиш катта тўсиқларга учради.
Мустақилликнинг биринчи кунларидан бошлаб диний обидаларни қайта тиклаш, азалий урф-одат ва анъаналаримизни кўз қорачиғидек сақлаш, буюк аждодларимизнинг хотирасини улуғлаш, уларнинг муборак зиёратгоҳ ва қадамжоларини обод қилиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди.
Натижада таълим, фан ва маданият масалалари бўйича Ислом ташкилоти (ISESCO) томонидан Тошкент шаҳри 2007 йилда Ислом маданияти пойтахти деб эълон қилинди.
Зиёрат туризмини келажакда барқарор ривожлантириш учун нималарга
эътибор бериш зарур?
Аввало, ҳар қандай давлат мустаҳкам маънавий пойдеворга эга бўлгандагина юксак тараққиётга эриша олади. Адолат ва маънавият ўзаро чамбарчас боғлиқ тушунчалардир. Шу нуқтаи назардан, жамиятда соғлом фикр ҳамда маънавий-ахлоқий муҳитни мустаҳкамлаш ва соғломлаштиришнинг самарали механизмларини ишлаб чиқиш керак.
Айни пайтда «Адолат» СДП давлат барча маданий, тарихий ёдгорликларни ва табиат ёдгорликларини рўйхатдан ўтказиши ва сақлаши, уларга маблағ ажратишини шарт, деб ҳисоблайди ҳамда тарихий қадриятларга асосланган «Жамиятда юриш-туриш, одоб-ахлоқ қоидалари»ни яратиш ва жорий этиш ғоясини илгари суради.
Ҳар бир халқнинг улуғ намояндалари, атоқли олимлари, мутафаккир ва шоирлари мероси умумий бойлик ҳисобланади. Инсонпарварлик ва эзгулик ғоялари билан йўғрилган ушбу маънавий меросни асраб-авайлаш ва бойитиш, улардан баҳраманд бўлиш лозим.
Шу билан биргаликда турли байрамлар ва тадбирлардан олдин зиёратчиларнинг сонини аниқлаш, уларнинг оқимини бошқариш, логистикасини ўрганиш, диний объектларни муҳофаза қилиш, диний ёдгорликларнинг тарихий аҳамиятини тарғиб қилиш, оммавий диний тадбирлар ўтказиладиган ҳудудларнинг табиий муҳитини муҳофаза қилиш, махсус тайёргарлик кўриш, зиёрат туризми маршрутларининг сертификациясини таъминлаш, зиёрат туризмини ташкил қилишда янги информацион технологиялардан самарали фойдаланиш, зиёрат туризми билан боғлиқ бўлган янги туристик маҳсулот ва хизматларнинг реклама ҳамда маркетингини ташкил қилиш керак.
Булардан ташқари, зиёрат туризмини ривожлантириш учун барқарор ривожланиш сиёсатини олиб бориш, унинг тарихий обидаларга ва атроф-муҳитга таъсири билан боғлиқ бўлган масалаларни кўриб чиқиш муҳим ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 январдаги “Моддий маданий ва археология мероси объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланишни такомиллаштириш тўғрисида”ги фармойишида 2018-2023 йилларда моддий маданий ва археология мероси объектларини муҳофаза қилиш, асраш, илмий тадқиқ этиш, тарғиб қилиш ва улардан фойдаланишни тубдан такомиллаштириш вазифаси белгиланган. Ҳозирги вақтда мамлакатимиздаги тарихий ва маданий мерос объектларини қайта тиклаш, уларнинг аслиятини сақлаб қолган ҳолда таъмирлаш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Бундай лойиҳаларнинг аксарияти Бухоро, Самарқанд ва Тошкентдаги тарихий ва маданий ёдгорликларга доир. Улар қаторида Сузук ота мажмуаси, Чашмаи Айюб, Калон масжидлари, Тоқи Заргарон мажмуаси, Мир Араб мадрасаси ва Баҳовуддин Нақшбанд, Абдулҳолиқ Ғиждувоний зиёратгоҳларини тиклаш ва таъмирлаш билан боғлиқ лойиҳаларни келтириш мумкин. Бугунги кунда уларнинг аксариятида тиклаш-таъмирлаш ишлари бошлаб юборилган ёки тугалланган.
Диний туризм, яъни одамларнинг маънавий эҳтиёжи ҳам меҳмонлар сони ортишига хизмат қилади. Мусулмон мамлакатлар аҳолисининг ортиб бориши ҳамда ривожланган мамлакатлардаги мусулмонлар диаспораси кўпаяётгани ушбу омилга эътибор қаратиш зарурлигини англатади. Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистон туризмнинг ушбу соҳасига индивидуал ёндашувдан фойда кўриши аниқ.
Хавфсизлик ва қулайлик
Tуристларни кенг жалб қилиш учун уларга қулай шароит яратиб бериш зарур. Инклюзив муҳит туризмни ривожлантиришда ёрдам беради. Муҳимлиги шундаки, саёҳат қилиш учун ҳам вақти, ҳам маблағи бўлган кекса кишилар кўпинча инклюзив, яъни кексалиги, ногиронлиги бор одамлар учун ҳам алоҳида муҳит бўлишини талаб қилади. Қулайлик ва шароит бўлмаган тақдирда бундай сайёҳлар сони қисқаради. Шунинг учун туризмни ривожлантириш мақсадида ногиронлиги бop кишиларга ҳам шароитлар яратилган бўлиши керак.
Венеция шаҳрини эсга олайлик. У гарчи Италиянинг ўрта асрларга тааллуқли шаҳри бўлса ҳам, бу ерда ногиронлиги бор кишилар сайр қилиши учун йўллар кўп, шу ҳолат саёҳатни енгиллаштиради. Sage Traveling ташкилоти эътирофича, шаҳарнинг 50 фоиз қисми ногиронлар аравачаси юриши учун мослаштирилган. Венеция кўчаларига Италиянинг бошқа шаҳарларидан фарқли ўлароқ, чағиртош ётқизилмаган.
Эҳтимол, Ўзбекистонда шаҳарларни яхшироқ режалаштириш ногиронлиги бор одамлар учун инклюзив муҳит яратишга ёрдам берар. Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги фаолиятига оид тадқиқотдан маълум бўлишича, гарчи туризмни ривожлантиришга йўналтирилган муайян ташаббуслар бўлмаса-да, шаҳарларни ривожлантириш ва инсон ресурсларини юксалтиришга мўлжалланган лойиҳалар мавжуд. Тадқиқотчилар тахминича, ушбу лойиҳалар билвосита Ўзбекистонда туризм саноати ўсиши ва уни ривожлантиришга ҳам таъсир кўрсатиши мумкин.
Барқарор ва ақлли туризм
Сўнгги пайтларда “туризм” атамаси қулоғимизга “барқарор” ва “ақлли” сифатлари билан бирга тез-тез чалинмоқда. Барқарор туризм фойдани кўпайтириш ҳамда туризмнинг қадамжоларга кўрсатадиган салбий таъсирини камайтиришни мақсад қилиб олади. Бу одамлар ва бизнес юритувчи компаниялар мажбуриятларини яхшироқ англаб олиши билан характерланади.
Яқинда илгари сурилган “Европанинг ақлли туризм пойтахти” ташаббуси “ақлли туризм” воситалари, чора-тадбирлари, шаҳарларга тўртта тоифа: бақарорлик, ногиронлиги бор инсонлар учун махсус имкониятлар яратиб бериш, рақамлаштириш, маданий мерос ва ижодкорона ёндашув бўйича амалга оширилаётган лойиҳалардан хабардорликни кучайтиришни назарда тутади. Туризмни ривожлантириш стратегияси маҳаллий ҳамжамиятларни айни соҳа орқали қанчалик кўп қўллаб-қувватласа, у мамлакатда шунчалик барқарор бўлади. Олинадиган даромадлардан фойдаланишнинг энг яхши йўли ёдгорликларни таъмирлаш, ҳамжамиятни қўллаб-қувватлаш, одамларга ҳуқуқ ва имкониятлар бериш, камбағаллик даражасини пасайтириш кабиларга сарфлашдир. Барқарор туризм ҳам меҳмонларнинг, ҳам уларга мезбонлик қилувчи шаҳарларнинг хавфсизлигини таъминлаши, атроф-муҳитнинг ифлосланишига ва аҳоли тиқилинч бўлишига йўл қўймаслиги керак. Туристлар оқимини адолатли тақсимлаш ҳам барқарорлик учун муҳим аҳамиятга эга. Бу ривожланган мамлакатлар учун ҳам, ривожланаётган мамлакатлар учун ҳам бирдай муҳим.
Камолжон ШАДИМЕТОВ,
иқтисод фанлари номзоди,
“Адолат” СДП Фахрийлар кенгаши раиси