Ижтимоий тармоқларда «Навоийда ҳайдовчи ЙПХ ходимига пора тариқасида берган 100 доллар пулини ютиб юборди», кейинроқ «Навоий шаҳрида йўл-патруль хизмати ходимига берган порасини ютиб юборган қонунбузарга чора кўрилди» сарлавҳали мақолалар эълон қилиниб, қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди.
Аниқланишича, Навоий шаҳар ҳудудида жойлашган «Қарнаб» кузатув блок постида 1-сменада хизмат олиб бориш учун жалб этилган ЙПХ инспектори сафдор Зафар Муҳаммадов Қарнаб – Навоий йўналишида ҳаракатланиб келаётган «Nexia-1» автомашинасини ҳайдовчи хавфсизлик камаридан фойдаланмасдан келаётгани сабабли тўхтатган. Ҳайдовчининг ҳужжатлари текширилганда тошкентлик ҳайдовчи М.А. давлат рақами белгисини ўзгартиргани аниқланган. ЙПХ ходими тегишли тартибда ҳужжат расмийлаштириб, автомашинани жарима майдонига олиб борган. Қоидабузар фуқаро М.А. эса ЙПХ инспекторига машинасини қайтариб бериш эвазига 1 миллион сўм пул таклиф этган.
М.А. ходимнинг бир неча маротаба пора бериш қонуний жавобгарликка олиб келиши ҳақидаги огоҳлантирувига қарамай, таклифини тўхтатмаган. Шундан сўнг сафдор З.Муҳаммадов вилоят ИИБ бошлиғи номига билдирги билан мурожаат этган. Эртаси куни фуқаро ЙПХ инспектори билан учрашиб, 100 долларни унга берган. У ҳолатни ўрганиш учун келган ходимларни пайқаган заҳоти пулни олиб ютиб юборган.
Тиббиёт ходимлари М.А.да эндоскопик текширув ўтказиб, ошқозонидаги 100 долларни олган. Ҳайдовчига нисбатан Жиноят кодексининг 211-моддаси 1-банди билан жиноят иши қўзғатилганлиги тўғрисидаги Навоий вилоят ИИБ ЙҲХБ ахборот хизмати томонидан хабар тарқатилган.
– Мазкур ҳудудда жойлашган «Қарнаб» кузатув блок пости чекка дашт, чўл ҳудудлари орқали вилоятимизни Самарқанд вилояти ва Қашқадарё вилояти билан боғловчи муҳим йўл бўлганлиги боис ЙПХ томонидан жиддий назорат остига олинган. Ушбу блок пост кўплаб контрабанда товарлар кириб келишининг олди олинишига хизмат қилади.
Юқоридаги ҳолатда ҳам қоидабузар фуқаро М.А. вазиятдан силлиқ чиқиб кетиш мақсадида ЙПХ инспекторини пора эвазига оғдириб, қилмишини яширишга уринган, – дейди Навоий вилоят ИИБ ЙҲХБ ахборот хизмати раҳбари Ф.Якубов.
Бугун коррупция тўғрисида мамлакатимизда кўп ва хўп гапирилмоқда, амалий ислоҳотлар олиб борилмоқда. Шунга қарамай, коррупция ҳолатлари кун сайин ортиб бормоқда. Бу эса, биринчи навбатда, пора берувчи ва олувчига нисбатан жазо чораларини кучайтириш зарурлигини кўрсатмоқда.
Шу боисдан партиямиз ўзининг Сайловолди дастуридан келиб чиқиб, коррупцияга қарши муросасиз муносабатни шакллантиришда, авваламбор, оиладан бошлаб тарбияни кучайтириш зарур, деб ҳисоблайди. Шу билан бирга, ОАВ орқали мазкур йўналишдаги тарғибот масалаларига алоҳида урғу бериш ҳамда аниқ чора-тадбирларни ишлаб чиқиш шарт.
Рустам ҲАЙИТОВ,
халқ депутатлари Навоий вилоят Кенгаши депутати
