ADOLAT 24

Сахийлик – улуғлар сифати

Ўзбекистондаги Бухоро, Самарқанд, Насаф (Қарши), Хива, Шош (Тошкент), Термиз ва бошқа шаҳарлар бутун мусулмон Шарқидаги илмий-маданий марказлар қаторида машҳур бўлгани ўрта аср тарихий манбаларида баён этилган. Айниқса, кўҳна Сурхон диёри ҳам табаррук гўша бўлиб, бу ердан Абу Исо Термизий, Ҳаким Термизий, Варроқ Термизий каби буюк алломалар, авлиёлар, олимлар етишиб чиққан. 

Шунингдек, Сурхон заминида Султон Саодат мақбараси, Кокилдор ота, Хожа Самандар Термизий, Сўфи Оллоёр, Хожа Алоуддин Аттор каби улуғ зотларнинг зиёратгоҳлари жойлашган.

Термиз мамлакатимиздаги энг кўҳна шаҳарлардан бири бўлиб, бу ерда илк ўрта асрлардан бошлаб илм-фан ва маданият ривожланган. Ўрта аср манбаларида бу ердан етишиб чиққан юздан ортиқ олимлар ҳақида маълумотлар мавжуд. Улар илм-фаннинг турли соҳаларида, жумладан, ислом илмлари, табиий ва аниқ фанлар, тарих, адабиёт соҳаларида фаолият олиб боришган. Олимлар ва валийлар кўплиги боис Термиз шаҳрига “Мадинат ур-рижол” – “Авлиёлар шаҳри” деб ном беришган.

Термиз шаҳридан етишиб чиққан алломалар ат-Термизий нисбаси билан бутун дунёда машҳур бўлганлар. Ана шундай зотлардан бири – ҳадис илмининг “олтин асри”да фаолият юритган “Сиҳоҳи ситта” (“Олтита ишончли муҳаддис”) вакилларидан бири, буюк муҳаддис – Имом Термизийдир. 

Имом Термизийнинг тўлиқ номлари – Муҳаммад ибн Исо ибн Савра ибн Мусо ибн Заҳҳок ас-Сулламий аз-Зарийр ал-Буғий ат-Термизий бўлиб, куняларн Абу Исодир. Ҳижрий 209 (мелодий 824) йили Термиз яқинидаги Буғ қишлоғида ўрта ҳол оилада таваллуд топганлар. 

Ўрта аср муаррихи Абу Саъд Абдулкарим ас-Самъоний Имом ат-Термизийнинг Буғ қишлоғида туғилиб, фаолият кўрсатгани учун Буғий нисбаси билан ҳам аталгани ҳамда устозлари Имом ал-Бухорийнинг вафоти туфайли кўп йиғлаганларидан умрларининг охирида кўзлари ожиз бўлиб қолгани туфайли “Зарийр” лақабини олганларини қайд этган.

“Сунани Термизий” (“Жомиъ ат-Термизий”), “Аш-Шамоил ан-набавиййа” (“Аш-Шамоил ал-Муҳаммадиййа”) – Имом ат-Термизийнинг шоҳ асарларидан саналади. Ушбу асарларда сахийлик гўзал хулқлардан ҳисобланиб, сахийлик – пайғамбарлар сифати экани алоҳида таъкид­ланган.

Жумладан, Имом Термизий “Сунани Термизий” асарида “Сахийлик” деб номланган алоҳида боб ажратган ва мазкур бобда саховатга оид қуйидаги ҳадисни келтирган: “Сахий Аллоҳга яқин, жаннатга яқин, инсонларга яқин ва жаҳаннам оловидан узоқдир. Бахил эса, Аллоҳдан узоқ, жаннатдан узоқ, одамлардан узоқ ва жаҳаннам оловига яқиндир. Албатта, жоҳил сахий Аллоҳ таолога бахил обиддан кўра суюклироқдир”.

Абулуло Муборакфурий “Туҳфа ал-аҳвозий би шарҳ “Жомиъ ат-Термизий” асарида мазкур ҳадисни қуйи­дагича шарҳлаган: “Дарҳақиқат, сахий мўмин мол-давлатини керакли ўринга сарфласа, Аллоҳнинг раҳматига яқинлашади, жаннатга олиб борадиган йўлни қисқартиради ва одамларнинг муҳаббатини қозонади. Чунки инсонлар сахий одамларни яхши кўрадилар. Бахил эса, закот каби зиммасидаги фарз вазифаларни бажармагани учун Аллоҳнинг раҳматидан, жаннатдан узоқлашади, одамлар қалбида унга нисбатан ҳурматсизлик уйғонади”.

“Сахий” молни сарфлашда Аллоҳнинг розилигини ўз бойлигидан устун қўя оладиган кимсадир. Одамлар сахий инсонларни яхши кўрадилар, ундан фойда кўрмасалар ҳам, унинг сахийлигини ҳурмат қиладилар. “Бахил” ўз зиммасидаги фарз ва вожиб садақаларни беришдан бош тортадиган инсондир.

“Сунани Термизий” асарида садақа, эҳсон, хайр-саховат, закот ва кўмак беришга доир ҳадислар келтирилган. 

657-ҳадис: “Анас ибн Молик(розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди: “Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламдан: “Рамазон рўзасидан кейин қайси рўза афзалроқ?” деб сўралди. Айтдилар: “Рамазон таъзими (ҳурмати) учун Шаъбон рўзаси афзалроқ!”. Кейин: “Қайси садақа (эҳсон) афзалроқ?” дейилди. “Рамазонда берилган садақа (эҳсон)!” дедилар.

658-ҳадис: “Садақа Раҳмоннинг ғазабини сўндиргай ва ёмон(хунук) ўлимни даф этгай”.

664-ҳадис: “Одамлардан бири айт­дики: “Ё, Расулуллоҳ! Менинг онам вафот қилди. Унинг (руҳи) учун садақа (эҳсон) қилсам, унга фойдаси тегадими?”. Расули Акрам саллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳа” дедилар. Киши айтди: “Менинг бир мевазор боғим бор. Сизни шоҳид қилгайманки, уни онам (руҳи) учун садақа қилиб бердим!”.

Имом Термизий “Аш-Шамоил ал-Муҳаммадиййа” асарида пайғамбаримиз алайҳиссаломни шундай таърифлаганлар: “ …ҳаммадан зиёда сахий зот эдилар, ҳаммадан зиёда рост сўзлагувчи ва мулойим табиатли, шарафли хонадонлик зот эдилар…”.

277-ҳадис: Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) дедилар: “Жаноби Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам эҳсонда ва карамда бани башар жинси қила олмаган саховатни қилар эдилар. Ўзлари дарвешона ҳаёт кечирар эдилар. Лекин эҳсонда подшоҳларни ҳам шармисор этардилар. Бутун йил аҳволлари шу бўлар эди. Лекин Рамазони муборакда карамлари ҳаддан ташқари бўлар эди… Карамларидан ҳамма баробор наф олар эди”.

Имом Термизий эҳсон, садақа, саховат ва карамга доир энг ишонч­­ли ҳадисларни тўплаган. Ҳозирги кунда инсонлар ўртасида меҳр-оқибат, хайр-саховат, эҳсон ва карам кўрсатиш каби фазилатларни тарғиб қилиш ва тарқатишда у киши тартиб берган ҳадиси шарифларнинг ўрни беқиёсдир.

Неъматулло Муҳаммедов,

Ўзбекистон халқаро ислом академияси кафедра мудири, 

тарих фанлари доктори

Tegishli xabarlar

Муштарийлар билан ҳамкорлик керак

admin

Халқимиз кўнглидаги иш бўлди!

admin

Байрам табриги

admin