ADOLAT 24

Янги таҳрирдаги йўл ҳаракати қоидалари муҳокама қилинди

Сўнгги йилларда йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш ва унинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини тубдан такомиллаштириш масалалари фуқароларимиз, ваколатли давлат органлари, кенг жамоатчилик вакиллари, умуман олганда, жамиятимизни ўйлантириб келаётган муаммолардан бири ҳисобланади. 

2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида йўл инфратузилмасини такомиллаштириш ва хавфсиз ҳаракатланиш шароитларини яратиш орқали йўлларда авария ва ўлим ҳолатларини қисқартириш, шу жумладан, ҳаракатни бош­қариш тизимини тўлиқ рақамлаштириш ва жамоатчиликнинг ушбу соҳадаги ишларда кенг иштирокини таъминлаш бўйича вазифалар белгиланганлиги бежиз эмас.

Қолаверса, 1 майдан кучга кирувчи янги таҳрирдаги йўл ҳаракати қоидалари тасдиқланишида ҳам йўлларда хавфсизликни таъминлаш, ҳайдовчи ва пиёдаларнинг саломатлигини асраш кўзда тутилган.

“Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати, партиянинг Жиззах вилоят кенгаши, вилоят Ички ишлар бошқармаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси билан ҳамкорликда янги таҳрирдаги йўл ҳаракати қоидаларида назарда тутилган меъёрларни ўрганиш ва инсонлар ҳаётига хавф солаётган бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олишга қаратилган семинар ташкил этилди.

Мазкур семинарда “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати ҳамда партиянинг Жиззах вилоят кенгаши, Жиззах вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги депутатлар, партия фаоллари, талабалар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Тадбирни партия вилоят кенгаши раиси Ориф Шукуров кириш сўзи билан очиб берар экан, транспорт воситаларининг сони ва йўлларда ҳаракат жадаллиги йил сайин ўсиб бораётгани, бу эса, ўз нав­батида ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, йўл-транспорт қоидалари бузилишининг олдини олиш учун эътиборни кучайтириш лозимлигини тақозо этаётганига тўхталиб ўтди.

Тадбир давомида вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси катта инспектори Эркин Очилов, партия Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари Абдукамол Рахмонов, партия Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати Мафкуравий ишлар бошқармаси бошлиғи Фазлиддин Зияев ҳамда Жиззах шаҳридаги “Олмазор” МФЙ раиси Норбуви Шамсиевалар янги таҳрирдаги йўл ҳаракати қоидалари мазмун-моҳияти юзасидан батафсил маълумот бериб, йўл ҳаракати иштирокчиларининг бефарқлиги туфайли содир бўлаётган аянчли оқибатлар, инсонларнинг ҳаётдан кўз юмиши билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисалари тўғрисида статистик маълумотлар асосида мисоллар келтириб, барчани йўл ҳаракати қоидаларига амал қилишга чақиришди.

Дарҳақиқат, ҳар бир инсон хоҳ ҳайдовчи, хоҳ йўловчи бўлишидан қатъи назар, ўзининг ҳамда атрофдагиларнинг хавфсизлигини таъминлашга масъул эканлигини ёдимиздан чиқармаслигимиз лозим.

Тадбир сўнггида иштирокчилар соҳа ҳодимларидан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.

Ўктам ҚУРБОНОВ,

Жиззах вилоят кенгаши мутахассиси

Tegishli xabarlar

ҲУКМДАН ОЛДИН ОТИЛГАН ВАЗИР (Биринчи мақола)

admin

Маънавият ҳаётимиз гултожига айланади

admin

Конституциявий-ҳуқуқий макон яратилади

admin