ADOLAT 24

Шифокорлик касбининг  мақоми ва нуфузи янада ошади

Инсон учун бу дунёда саломатликдан кўра муҳим бойлик бўлмаса керак. Шу боис ҳам бугунги кунда мамлакатимизда аҳоли саломатлигини мус­таҳкамлаш, турли касалликларнинг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Зеро, “инсон қадри учун” деган эзгу тамойил замирида ҳам унинг соғлиғига бўлган эътибор мужассам. 

Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 24 мартдаги “Ўзбекистон Республикаси Президентининг соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармойиши соҳадаги кўплаб муаммоли масалаларнинг ечимига қаратилгани билан аҳамиятлидир. 

Президентимиз 18 март куни тиббиёт ходимлари билан очиқ мулоқот ўтказиб, муаммо ва таклифларни эшитди. Мулоқотдан сўнг юқоридаги фармойиш қабул қилиниб, еттита йўналишда вазифа ва масъуллар белгиланди. “Йўл харитаси”да бирламчи тиббий хизматларни аҳолига яқинлаштириш ва уларнинг тармоғини кенгайтириш, тиббий хизматлар сифатини ошириш, тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини яхшилаш, уларни замонавий тиббий ускуналар ва дори воситалари билан таъминлаш сингари масалалар ўрин олган.  

Жорий йилда 136 та, 2023 йилда 140 та янги поликлиникалар фаолияти йўлга қўйилади. Олис ва чекка маҳаллаларга махсус контейнерлар ўрнатилиб, маҳалла тиббиёт пунктларини ташкил этиш режалаштирилган. Тиббиёт соҳасини рақамлаштириш жадаллаштирилиб, замонавий технологиялар ва жиҳозлар билан таъминланади. Шифокорлик касбининг мақоми ва нуфузини ошириш, уларнинг ҳуқуқий-ижтимоий ҳимоясини кучайтириш борасида ҳам аниқ вазифалар белгиланган. Жорий йил 1 июндан бошлаб соғлиқни сақлаш тизими ходимларининг ойлик маошини малака тоифасига қараб 15 фоизгача ошириш, юқори технологик мураккаб операцияларни бажарган шифокорларга 25 фоиз устама тўлаш жорий этилади. Тиббиёт ходимлари фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашган, уларнинг ишига тўсқинлик қилган ҳамда тажовуз кўрсатган шахсларга нисбатан маъмурий ва жиноий жавобгарликни белгилаш мақсадида қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади.  

Дарҳақиқат, соғлиқни сақлаш соҳасида жиддий ислоҳотларга киришилди. Ҳудудларда маҳаллабай тизимда ишлаб, сифатли тиббий хизматларни аҳолига яқинлаштириш, одамларни соғлом турмуш тарзига ўргатиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Тўғри овқат­ланиш, жисмоний машқлар, касалликлар профилактикаси бўйича қўлланмалар ишлаб чиқилиб, оилаларга тарқатиш тадбирлари кўрилмоқда. Эътиборли жиҳати, юқори технологик жарроҳлик амалиётлари эндиликда вилоятларда ҳам йўлга қўйилмоқда. 2016 йилгача ихтисослашган марказлар сони 10 та ва ҳудудлардаги филиаллари 2 тани ташкил қилган бўлса, бугунги кунда жами 24 та ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари, уларнинг ҳудудлардаги 269 та филиаллари фаолият кўрсатмоқда.  

Натижада ҳудудлардаги юқори технологик операциялар улуши 55 фоизгача етказилди. Марказлар томонидан 2021 йилда илмий изланишлар натижасида 100 турдан ортиқ юқори технологик ташхислаш ва даволашнинг янги услублари ишлаб чиқилиб, амалиётга тат­биқ этилди. Имтиёзли тоифага кирувчи беморларнинг марказларда даволаниши учун Давлат бюджетидан 600 миллиард сўмга яқин маб­лағ ажратилиши 80 минг нафар беморга даволаниш имкониятини яратди. Натижада хорижий давлатлар тиббиётига мурожаат қилаётган беморлар 29 фоизга қисқаришига эришилди. Жарроҳлик амалиётларининг турлари республика марказларида 350 турга, вилоят марказларида 130 турга, туман марказларида 60 турга кўпайди. Аҳолига кўрсатилаётган ихтисослашган тиббий хизматлар кўлами кенгайтирилди. Сўнгги беш йилда хирургия ва шошилинч тез ёрдам марказларида буйрак ва жигар трансплантацияси жарроҳлик амалиёти йўлга қўйилди ва 700 нафардан ортиқ беморда буйрак, 17 нафар беморда жигар трансплантацияси муваффақиятли амалга оширилди. 2021 йилда Қорақалпоғистон Республикасида 8 нафар, Самарқанд ва Наманган вилоятларида 11 нафардан, Сурхондарё вилоятида 5 нафар, Навоий вилоятида 4 нафар, Бухоро вилоятида 3 нафар, Хоразм вилоятида 2 нафар, жами 44 нафар беморда буйрак трансплантацияси бажарилди. 

Шунингдек, 2022 йил якунига қадар барча ҳудудларда буйрак трансплантацияси амалиёти йўлга қўйилади, жумладан, яқинда Фарғона вилоятида ҳам ушбу амалиёт ўтказилди ва ижобий натижаларга эришилди. Мамлакатимизда йилига 500 нафар юрак туғма нуқсонли бемор болаларни замонавий усулда (окклюдер) даволаш ҳамда гематология маркази, Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунология марказида суяк кўмиги ўзак ҳужайраларини кўчириб ўтказиш амалиёти йўлга қўйилди. Натижада кўп йиллар давомида аҳолимизни қийнаб келаётган муаммолар ўз ечимини топди, чунки бу каби амалиётлар катта маблағ эвазига хориждаги клиникаларда бажарилар эди. Энг муҳими, аҳолининг барча қатламига малакали тиббий хизмат кўрсатилиши йўлга қўйил­­ди.

Давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган мазкур фармойиш соғлиқни сақлаш соҳасини бутунлай янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир. Зеро, бу каби ислоҳотлар Янги Ўзбекистон тараққиётида инсон қадрини улуғлашдек эзгу мақсадга хизмат қилади.  

Манзура САЛИМОВА,  

Олий Мажлис Сенати аъзоси

Tegishli xabarlar

“ЗАРАФШОН” — СЎЗ ДАРЁСИ

admin

Фаолият сарҳисоб қилинди 

admin

Товар айрибошлашдаги техник тўсиқлар бартараф этилади

admin