ADOLAT 24

Реклама қилинаётган дориларнинг таъсирига ишонасизми

Реклама бугун кундалик ҳаётимизнинг ажралмас бир бўлагига айланиб улгурдики, кўча-кўйда, жамоат транспортида, оила даврасида телевизор кўриб ўтирганда ҳам, албатта, қандайдир дори воситалари, биологик фаол қўшимчалар ва халқ табобати йўли билан даволаш ҳақидаги рекламаларга кўзимиз тушади.

Бундай рекламалар нафақат телевизор, радио, матбуотда, балки ижтимоий тармоқларда ҳам сизни таъқиб этади. Тўғри, телевидениенинг асосий даромад манбаи реклама эканини тушуниш мумкин. Лекин одамнинг ҳафсаласини пир қиладиган ҳолатлар кўп учраб туради. Шу боис, кўп сонли фуқароларнинг эътирозларидан кейин айнан телевидениедаги рекламаларни кузатиб, таҳлил қилиб кўрдим.

Ўрганишларим давомида ОАВларда берилаётган рекламаларнинг 50 фоиздан ортиғи айнан дори воситаси, биологик фаол қўшимча ёки бирор-бир халқ табобати билан боғлиқ эканлиги маълум бўлди. Агар рекламаларни кўрсангиз, сизда биргина дори воситаси ёки биологик фаол қўшимча инсонда оғриқларни, асаб тарангликларини ва ўнлаб дардларни даволар эканда, деган тасаввур уйғонади.

Реклама берувчилар ҳам анойи эмас, улар фойдаланаётган сўзларни ҳам таҳлил қилиб кўрдик. Дори воситалари ёки биологик фаол қўшимчалар рекламасида кўплаб дардлар санаб ўтилиб, охирида шу касалликларни даволашда ёрдам беради, дейилади. Халқ табобати вакиллари эса “бизга келсангиз ўзингизни енгил ҳис қиласиз”, дейишади.

Лекин истеъмолчи дори воситаси, биологик фаол қўшимча ёки халқ табобати билан боғлиқ рек­лама берувчига “мана, мен шуларни истеъмол қилдим ёки даволаш процедураларини ўтказдинглар, дардимга шифо бўлмади-ку”, дея эъти­роз билдирса, уларни жавобгарликка тортиб бўлмайди. Чунки рекламада фақатгина “даволашда ёрдам беради”, “ўзингизни енгил ҳис қиласиз”, деганга ўхшаш умумий ваъдалар берилган.

Эътибор берсангиз, бирорта рекламада аниқ бир дардни даволаймиз, “мана шу дори воситаси мана бу дардга шифо бўлади”, “сиз шу касалликдан тузаласиз” деган сўзни ишлатилмайди, аниқ ваъдалар берилмайди.

Хўш, ушбу вазиятга қандай ечим топиш мумкин? Муаммонинг ечими борми?

Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичида аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш масаласи давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бири сифатида кўрилаётганини бугун ҳаётнинг ўзи тасдиқлаб турибди. Бу масалага шахсан давлатимиз раҳбари алоҳида эътибор қаратмоқда.

Хусусан, март ойи охирида бу борада видеселектор ўтказиб, қатор вазифаларни белгилаб берди. Бугун ҳукумат томонидан аҳоли саломатлигини яхшилаш борасида берилган топшириқлар асосида жуда катта ташкилий ишлар амалга оширилмоқда.

Албатта, бу жараёнда дори воситалари, биологик фаол қўшимчалар ва халқ табобати билан боғлиқ рекламалар масаласи ҳам эътибордан четда қолмаслиги керак. Шу маънода, “Адолат” СДП фракцияси маҳсулотларни сертификатлаш жараёни, халқ табобати билан боғлиқ хизматларни лицензиялаш масалаларини парламент сўрови даражасига олиб чиқиш керак, деб ҳисоб­лайди.

Бир сўз билан айтганда, саломатликни моддий бойлик ва маблағ эвазига сотиб олиб бўлмайди. Мустаҳкам саломатликка эга инсонгина ўзини бахтли ҳис қилади. Шу нуқтаи назардан, фракциямиз аъзолари дориларнинг шифокор рецепти асосида берилишини йўлга қўйиш ҳамда дори рек­ламасини чеклаш лозим, деб ҳисоб­лайди.

Шуҳрат ПОЛВОНОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси ўринбосари

Tegishli xabarlar

Бугун КЎЧАДА Қолган ТАЛАБАдан… эртага нима кутамиз?!

admin

ОЗАР ДИЁРИДА 

admin

Янги кодекс — тадбиркорлар манфаатини ҳимоя қилади

admin