ADOLAT 24

Давлат бюджети харажатларининг самарадорлиги оширилмоқда

Юртимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар асосида ривожланиш янада жадаллашиб бормоқда. Бундай тараққиёт учун, албатта, давлат томонидан белгиланган дастур ва режаларнинг ижроси ўз вақтида таъминланиши зарур.

“Адолат” СДП фракция­сининг навбатдаги йиғилиши юқорида таъкидлаб ўтилган масалаларга қаратилиб, «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурида белгиланган вазифаларнинг 2022 йил I чорагида бажарилиши юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи эшитилди. Унда Дас­турда белгиланган вазифаларни бажаришда ҳукумат томонидан олиб борилаётган чора-тадбирлар кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, 2022 йилги Давлат дастури 7 та устувор йўналиш бўйича 100 та мақсад ва 398 та банддан иборат бўлиб, уларда белгиланган чора-тадбирларни амалга ошириш мақсадида 318 та қонун, фармон ва қарорлар ишлаб чиқиш кўзда тутилган. Давлат дастури ижроси доирасида жорий йилнинг ўзида умумий қиймати 55 триллион сўм ва 11,7 миллиард долларга тенг лойиҳаларни амалга ошириш назарда тутилган. Давлат дастурида белгиланган вазифалар кўлами ҳамда топшириқлар сонидан келиб чиқиб, шунингдек, унинг бажарилишини чуқур таҳлил қилиш ҳамда ижросини таъминлаш ишларини тўғри ташкил қилиш мақсадида Давлат дастурининг 398 та банди топшириқлар кесимида 607 та яхлит ва кичик банд­ларга тақсимланган ҳолда таҳлил қилинди.

2022 йилнинг I чорагида 59 та норматив-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатлар қабул қилинди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 12 та ҳужжатлари, Вазирлар Маҳкамасининг 7 та қарорлари, 4 та идоравий ҳужжатлар ва 36 та бошқа ҳужжатлар қабул қилинди.

Йиғилишда Давлат дастури ижросининг сифатли бажарилишига Вазирлар Маҳкамаси алоҳида эътибор қаратиб келаётгани ва ҳар ойда Давлат дас­тури бандларининг ижросини таҳлил қилиш ҳамда танқидий муҳокама қилиб бориш тартиби жорий этилганлиги алоҳида таъкидланди. Шунингдек, Давлат дастурини амалга ошириш учун масъул этиб белгиланган вазирлик ва идоралар раҳбарларининг белгиланган вазифалар ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш учун шахсий жавобгарлиги белгилаб қўйилганлиги депутатлар томонидан ижобий баҳоланди. 

Фракция аъзолари бажарилиш муддатлари кечикаётган банд­ларга алоҳида эътибор қаратишди.

Хусусан, Давлат дастурининг жами 607 та яхлит ва кичик банд­ларида назарда тутилган топшириқлардан 87 тасининг ижро муддати 2022 йилнинг I чораги этиб белгиланган. Шундан 64 та банд ва кичик бандлар тўлиқ бажарилди, 6 тасининг ижро муддати давлатимиз раҳбарининг топшириқларига асосан узайтирилди, 16 тасининг ижроси юзасидан ишлаб чиқилган тегишли ҳужжат лойиҳалари Ўзбекистон Респуб­ликаси Президенти Администрациясида, 1 таси эса Олий Мажлис Сенатида кўриб чиқилаётганлиги ҳақида ахборот берилди. 

Адолат ва қонун устуворлиги тамойилларини тараққиётнинг энг асосий ва зарур шартига айлантиришда давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан самарали суд назоратини ўрнатиш ҳамда фуқаро ва тадбиркорлик субъектларининг одил судловга эришиш даражасини ошириш мақсадида жорий йилнинг 24 февралида Олий суд, Судьялар олий кенгаши ҳамда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда “йўл харитаси” тасдиқланганлиги таъкидланди.

Иқтисодиёт тармоқларида бар­қарор юқори ўсиш суръатларини таъминлаш орқали келгуси беш йилда аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулотни – 1,6 баравар (1750 доллардан 2800 долларга) ва 2030 йилга бориб аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромадни 4 минг АҚШ долларидан ошириш ҳамда “даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар” қаторига кириш учун замин яратиш мақсадида Ўзбекистон Рес­публикаси Президентининг “Ўзбекистон Рес­публикаси Давлат бюджети харажатларининг самарадорлигини янада ошириш ва давлат молиявий назорати органлари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида” 2022 йил 14 февралдаги ПҚ–128-сон қарори қабул қилинди.

Мазкур қарор билан 2022 йилда Давлат бюджети харажатларининг самарадорлигини ошириш ҳамда молиявий назорат фаолиятини такомиллаштириш бўйича “йўл харитаси” тасдиқланди. Унга кўра, ажратилган субсидия ва эришилган натижалар тўғрисидаги маълумотларни очиқ эълон қилиш тартиби, бюджет қонунчилиги бузилишининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар белгиланганлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Давлат дастуридаги таълим ва тиббиёт йўналишларида амалга оширилаётган бандлар бўйича депутатлар томонидан бир қатор таклифлар берилди.

“Яшил макон” умуммиллий лойи­ҳасини самарали ташкил этиш, шунингдек, экилаётган кўчатларни парваришлаш ва суғориш тизимини назорат қилиш бўйича ҳам фракция аъзолари томонидан таклифлар илгари сурилди. Бу борада ҳамкорликда фаолият олиб бориш ва назоратни кучайтириш зарурлиги таъкидланди.

Йиғилиш якунида Вазирлар Маҳкамасининг “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид Давлат дас­турининг 2022 йил биринчи чорагида бажарилиши тўғрисидаги ҳисоботи фракция томонидан маъқулланди.

Миршод ҚЎЛДОШЕВ,

“Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати  

ижтимоий тармоқлар билан ишлаш бўлими бошлиғи

Tegishli xabarlar

РЕСПУБЛИКАНИНГ ТУРИЗМ САЛОҲИЯТИНИ ЖАДАЛ   РИВОЖЛАНТИРИШ ҲАМДА МАҲАЛЛИЙ ВА ХОРИЖИЙ ТУРИСТЛАР СОНИНИ ЯНАДА ОШИРИШГА ДОИР ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА

admin

Бургутни какликка айлантирмайлик

admin

Янги кун, янги мавсум, янги ҳаёт нафаси

admin