ADOLAT 24

Бугуннинг гапи

Биз кейинги пайтларда матбуот ва ОАВни ривожлантириш, унинг эркинлигини таъминлаш ҳақида кўп гапираяпмиз. Бу бежиз эмас. Чунки матбуот ва сўз эркинлиги демократик ривожланишнинг ва фуқаролик жамияти шакл­ланишининг асосий шартларидан биридир. 

Таъкидлаш лозимки, бугунги кунда мамлакатимизда давлат ва нодавлат нашрлари учун бир хил шарт-шароитлар яратилган. Сўз эркинлиги тўлиқ таъминланган. Журналистлар учун ҳеч қандай ғов, тўсиқ, тақиқ йўқ. Бир сўз билан айтганда, ахборот майдонида ҳалол рақобат муҳити шаклланган. Сўз эркинлиги, матбуот эркинлиги – демократиянинг қон айланиш тизимидир, эркинликсиз бу тушунчалар фаолият кўрсата олмайди.

Собиқ шўро тузуми даврида Ўзбекис­тонда даврий матбуот тармоғи респуб­лика, вилоят ва туман миқёсида чиқадиган умумсиёсий ва тармоқ газеталари, шунинг­дек, янги журналлар ҳисобига кенгайди. Айни пайтда радиожурналис­тика ва тележурналистика ҳам таркиб топди. Лекин булар мустабид тузум кўзлаган сиё­сий, иқтисодий ва мафкуравий мақсадларга хизмат қилишга маҳкум эди. 

1991 йилдан то 2016 йилгача гарчи матбуот ва ОАВни “тўртинчи ҳокимият” дея кўкларга кўтарган бўлсакда, эҳтиёткорлик нуқтаи назаридан матбуот фаолияти бироз чекланди. Матбуотда танқидий чиқиш­лар камайиб кетди. Матбуот ва ОАВ мадҳиябоз­лик билан ўралашиб қолди. Ваҳоланки, бугун тинимсиз қораланаётган шўро даврида ҳам матбуот ўз мавқеи­­га эга бўлган. Матбуот таъсирида ҳатто ҳукумат ўз қарорларини бекор қилган пайтлар бўлган. 

Фуқаролик жамияти қуришдаги энг асосий омил сўз эркинлигидир. Сўз эркинлиги мавжуд давлатлардагина халқ жамиятни ташкил этади ва бу жамият барча жабҳаларни бошқаради. Шунинг учун мустақилликнинг 25 йили мобайнида ўзбек матбуотида сиёсий фаоллик ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмасди. Аслида эса матбуот маълум маънода ҳукуматга мухолифатда бўлиши лозим. 

Сўз ва фикр эркинлашса, юрт ривож­ланади, фаровонлашади ва ҳамма рози бўлган барқарор ўлкага айланади, норозиликлар келиб чиқмайди, чунки норозиликларга сабаб бўлиши мумкин бўлган муаммолар ҳақида гапирилади ва ечилади. Фикр ривожланган юрт тараққий қилади, фикр бўғилган юрт парокандаликка, қолоқликка юз тутади. Мана, сўз эркинлиги, фикр эркинлиги нега керак!

Буни яхши англаган Шавкат Мирзиёев ҳокимият тепасига келган дастлабки кунлардан сўз эркинлигига бирламчи эътибор қаратди. Матбуот эркинлашди. Ш.Мирзиёев бошқарувидаги илк 4 йилда виртуал воқеликда миллионлаб аудитория йиға олган мустақил интернет нашрлари шаклланди. Ижтимоий тармоқларда, аудиторияси айрим интернет нашрлариникидан ҳам каттароқ бўлган блогерлар жамоаси пайдо бўлди.

Бугун ОАВ жамиятдаги муаммоларни кўтариб чиқиш, одамларнинг ижтимоий ва сиёсий онгини юксалтириш, фаоллаштириш, фикрлаш, танқид ва таҳлил қилиш салоҳиятини оширишга хизмат қилувчи воситага айланди. Қолаверса, матбуот жамиятнинг юзи, ойнаси демакдир. 

Президентимиз Янги Ўзбекистоннинг янгича ислоҳотлари асосий йўналишларини ҳаётий мисоллар ва далил-исботлар билан асос­лаб, таҳлил қилиб, изоҳлаб берар экан, инсон ҳуқуқлари ва эркинлик­ларини, сўз эркинлиги ва матбуот эркинлигини ҳамда ошкораликни энг муҳим устувор йўналиш сифатида алоҳида таъкидлаб ўтади. Шу нуқтаи назардан, мулк шакли, адади, қамрови ҳамда мавзу йўналишидан қатъи назар, матбуот нашрларига ва электрон ОАВга мамлакатимиз ахборот майдонида эҳтиёж бор. ОАВ – бугун ҳақиқий халқ овози, тўртинчи ҳокимиятга айланиб бормоқда. Балки ҳали бу соҳаларда катта марраларга эришганимиз йўқдир, лекин эришган ютуқларни асло инкор этиш мумкин эмас.

Янги Ўзбекистоннинг шуҳрати кун сайин ортиб бормоқда. Жаҳон афкор оммаси мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ўзгаришлар, иқтисодий ютуқларни алоҳида эътироф этмоқда. Ўзбекистон халқ ва ОАВ билан тўғридан-тўғри, шаффоф мулоқотни йўлга қўйиш, уларнинг фуқаролик ва жамоатчилик фаоллигини қўллаб-қувватлаш борасида ортга қайтмайдиган сиёсат олиб бормоқда. Нодавлат ташкилотлари инсон ҳуқуқларига оид ҳар қандай нозик масалани миллий ва глобал даражада очиқ ва эркин муҳокама қилмоқда. Янги Ўзбекис­тонда фуқароларимиз интернет орқали ўз фикрларини эркин билдирмоқда. Албатта, улар орасида танқидий фикрлар ҳам бор, бундай фикрлар ҳар бир жамиятда бор ва бўлиши ҳам керак. Оммавий ахборот воситалари, блогерлар томонидан билдирилган танқидий фикр-мулоҳазаларни эса давлат органлари таҳлил қилиб, мавжуд муаммоларни ҳал этиш чораларини кўришга интилмоқда.

Давлатимиз раҳбари ҳам “Матбуот кимгадир аччиқ гапирса, ёқиши ёки ёқмаслиги ҳам мумкин. Бироқ биз бу йўлдан қайтмаймиз”, дея таъкидлаган эди. Илгари ҳукуматга қарши чиқиш­лари туфайли таъқибга учраган ва чет мамлакатларга чиқиб кетишга мажбур бўлган бир қатор журналистлар тўла оқланди. Улар айни пайтда ўз фаолиятини мамлакатда бемалол олиб бормоқда. Ҳозирги кунда танқидий фикр ва қарашларни “бўғиш” у ёқда турсин, аксинча, танқид ва сатира жарчиси бўлган “Муштум” журнали қайта тикланишининг ўзиёқ Янги Ўзбекистонда сўз эркинлигини таъминлаш стратегик вазифа сифатида белгиланганлигидан далолатдир. 

Бизнингча, матбуот ва ОАВда турли вазирлик ва идоралар ахборот ёки матбуот котибларининг ўз соҳаси бўйича чиқиш­лари етишмаяпти. Агар улар тез-тез кўриниш бериб турса, мамлакатимизда сўз эркинлиги ва очиқлик сиёсатининг мус­таҳкамланишига хизмат қилган бўларди. 

Оммавий ахборот воситаларимизни кузатиб борар эканмиз, ўзбек матбуоти бугун ҳадик ва лоқайдликни ортда қолдириб, фаол позиция­­ни эгаллаётганини ишонч билан айта оламиз. Буни кўрмаслик, сезмаслик мумкин эмас. Эркин ва теран фикр­лайдиган, ҳаётни ҳаққоний ва холисона ёритаётган газеталар ва журналистлар сафи тобора кенгайиб боряпти. Баъзан газеталарнинг адади камайиб кетишига уларда танқидий материалларнинг етишмаслиги сабаб бўляпти, деган иддаоларни эшитамиз. Лекин бугун мамлакатда чиқаётган исталган газетани варақлаган одам уларда ўта долзарб муаммолар дадил кўтарилаётганига гувоҳ бўлиши мумкин. Бу ҳам бўлса Президентимиз сиёсий иродасининг, сўз эркинлигига қаратаётган эътиборнинг нишонасидир. 

Албатта, танқид керак. Аммо бугунги кунда бутун дунёда энг долзарб бўлиб турган масала – маърифат масаласи. Дунё­даги бугунги талотўплар замирида ҳам айнан маърифатсизлик турибди. Маърифат – илм дегани, маърифат – маънавият дегани. Маърифат эса китоблар, газета-журналлар мутолаасидан бош­ланади. Ҳатто энг ривожланган давлатлар ҳам бугун маърифатга қайтадан мурожаат қилаётгани бежиз эмас. Шу ўринда ривожланган давлатлар матбуотдан воз кечяпти… дегувчиларга бир эътироз. Айрим нашрлар ўз умрини ўтаб бўлган бўлса бордир ёки онлайн шаклга ўтаётгани ҳам рост. 

Шу билан бир қаторда, бугун матбуот олдида бошқа муаммолар ҳам бор ва уларни, албатта, ечиш керак. Юртимизда номдор газеталардан тортиб, прокуратура ва суд, маҳаллий ҳокимлик органлари, турли вазирлик ва қўмиталар, сиёсий партиялару турли уюшмалар, нодавлат-нотижорат ташкилотлар ва ҳоказолар муассислигидаги газета-журналлар узоқ йиллардан бери нашр этилади. Аммо сўнгги йилларда муассислар ўз нашрларига етарли эътибор бермай қўйгани бор гап. Таъкидлаш керакки, аввало, ҳар бир нашр — муассиснинг минбари. Буни муассислар жуда яхши англайдилар ва бу минбардан истаганча фойдаланадилар. Моддий ва маънавий кўмакка келганда эса панжа орасидан қарайдилар. Акси бўлганида, юз минглаб аъзоларига эга бўлган сиёсий партияларнинг нашрлари ва бош­­қа йирик муассислари бўлган газеталар 2-3 минг нусхада чиқмасди. Газеталаримизнинг ҳар бири камида 100 минг нусхада чиқишига эришмасак, кўзлаган мақсадга етишиш қийин бўлади. 

Матбуот жамиятнинг юзи экан, соҳанинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш зарур. Биринчидан, бугун айниқса, газеталарни субсидия билан таъминлаш зарур. Матбуот бугунги Ўзбекистон учун ҳар қачонгидан ҳам зарур. Шу боис, унга бўлган муносабат, матбуот билан ишлаш шакллари ва механизмлари тубдан ислоҳ қилиниши шарт. Энг аввало, ҳукумат, партиялар, вазирлик ва ташкилотлар, ҳокимликлар газеталари аҳолига бепул тарқатилиши лозим. Чунки бу нашрлар ўз муассисининг тарғибот воситаси ҳисобланади. Қолаверса, газета чоп этиш харажатлари муассисни жуда қийин аҳволга ҳам солиб қўймайди. Бунинг учун бюджетдан алоҳида маблағ ажратилса, вақти келиб бу маблағлар нафақат ўзини оқлайди, балки иқтисодий жиҳатдан фойда келтиришни ҳам бош­лайди. Чунки газетага реклама берувчилар кўпаяди.

Хўш, сўз эркинлиги эртага қандай бўлмоғи керак? Матбуот ва ОАВ ўрни ҳақида сўз борар экан, бу ўринда гап қандайдир тарғибот-ташвиқот ҳақида эмас, балки одамларнинг дунёқарашини шакллантириш, уларнинг қалби ва онгида мустақил фикр уйғотиш ҳақида бормоқда. Чунки ҳозирги даврда, халқаро майдонда турли сиё­сий манфаатлар тўқнашаётган мураккаб бир шароитда фақат ўз фикри, ўз ҳаётий позициясига эга бўлган халқ ва жамият енгилмас кучга айланиб, ўз келажагини ўз қўли ва ақл-заковати билан қуришга қодир бўлади. Шу нуқтаи назардан миллий матбуот юртдошларимизни давлат қурилиши, ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий соҳадаги ислоҳотлар, мамлакатни демократик жиҳатдан янгилаш жараёнларидан хабардор қилиш билан бирга Ўзбекистон манфаати ҳар биримиз учун бирламчи эканини доимо англатиб турувчи асосий восита бўлиши керак. Шу ўринда, беихтиёр Америка давлатининг асосчиларидан бири, AҚШнинг учинчи президенти Томас Жефферсоннинг “Эркин газетасиз (матбуот) ҳукуматдан ҳукуматсиз матбуот афзал” деб айтган сўзлари ёдга тушади. Чиндан ҳам жамиятда аҳолига холис ахборот етказилишида, баҳс-мунозара ва фикрлар хилма-хиллиги орқали ҳақиқатни юзага чиқаришда эркин матбуотнинг ўрни беқиёсдир.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда матбуот эркинлигини таъминлаш соҳасида инқилобий ўзгаришлар амалга оширилди ва бу жараён изчиллик билан давом этмоқда. Агар 2019 йилда давлат ва нодав­лат ташкилотларидаги ахборот хизматларининг манбалари – расмий веб-сайт­лар, ижтимоий тармоқлардаги каналлар 559 тани ташкил этган бўлса, 2021 йилда бу рақам 2410 тага етди. Оммавий ахборот воситалари, жумладан, блогерларнинг танқидий чиқишларига вазирлик ва идоралар, ҳокимликларнинг ахборот хизматлари орқали тезкор муносабатлар билдириш амалиёти йўлга қўйилди. Бунинг тасдиғини давлат идоралари томонидан танқидий материалларга жавоб қайтариш кўрсаткичи 2018 йилда 12 фоизни ташкил этган бўлса, 2020 йил якунига кўра, қарийб 90 фоизга етгани мисолида ҳам кўриш мумкин.

Ҳозирги вақтда интернет журналистикаси ҳаётимизга тобора чуқур кириб бормоқда. Рес­публикамизда фаолият юритаётган 1893 та оммавий ахборот воситасидан 638 таси ёки 33,7 фоизи интернет нашрлари – веб-сайтлар сифатида рўйхатдан ўтган. Шу ўринда, мамлакатимизда сўз ва матбуот эркинлигини таъминлаш мақсадида оммавий ахборот воситаларини рўйхатдан ўтказишда барча жараёнлар инсон омилисиз, электрон шакл­­да амалга оширилаётгани бу йўлдаги яна бир муҳим қадам бўлганини қайд этиш зарур.

Соҳада юксак малакали кадрлар тайёрлаш масаласи ҳам доимий эътибор марказида бўлиб келмоқда. Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети фаолият кўрсатмоқда, шунингдек, Тошкент давлат шарқшунослик университети, Самарқанд давлат чет тиллари институтида ҳам журналистика йўналиши бўйича кадрлар тайёрлаш, уларнинг малакасини хорижий давлатларда ошириш ишлари йўлга қўйилди.

Кейинги 5 йилда Ўзбекистонда ОАВни эркинлаштириш жараёнларини кузатиш давомида ушбу жараёнлар жадаллашганлиги ва ижобий характерга эга бўлаётганлигини кўриш мумкин. Энг аввало, сўз эркинлигини таъминлаш бўйича қонунчилик базаси такомиллаштирилди ва кейинги 5 йилда 12 та қонун ҳужжатлари, жумладан, 2018 йил апрелда Ўзбекистон Республикаси “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонунига қатор ўзгартишлар киритилди. Шунинг­дек, 2017 йил 11 августда Ўзбекистон Респуб­ликаси Президентининг “Матбуот ва ахборот соҳасида бошқарувни янада такомиллаштириш тўғрисида”ги ва 2019 йил 2 февралда “Ахборот соҳаси ва оммавий коммуникацияларни янада ривож­лантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонлари қабул қилинди. 

Хуллас, ОАВ – бугун халқ овози, тўртинчи ҳокимиятга айланиб бормоқда. Балки ҳали кўп чўққиларга етканимиз йўқдир, лекин силжишларни инкор қилиш мумкин эмас Инсон ҳуқуқлари соҳасида қилинган ишлар боис халқимиз ўз ғурурини англай бошлади. 

Ўзбекистон дунёда обрў орттирди. Бунда ОАВнинг ўрни ниҳоятда катта бўлди. Ахборотдан фойдаланиш ҳуқуқини таъминлаш, ахборот хилма-хиллигини барпо этиш ва ривожлантириш – бир томондан инсон ҳуқуқларига оид масала, айни вақтда миллий хавфсизликнинг асосий манбаларидан бири ҳисобланади. Амалдаги конституциявий тузумга қарши қаратилган ахборотларни ва қонун билан чекланган давлат сири ҳамда бошқа сирларга тааллуқли ахборотларни истисно қилган ҳолда, ҳар кимнинг фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги кафолатланган. Мамлакатда ижтимоий ҳаёт сиё­сий институтлар, мафкуралар ва фикрларнинг хилма-хиллиги асосида ривож­ланади. Бу иборалар Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 29-ва 12-моддаларига тегишлидир.

Tegishli xabarlar

ЖАРИМА БАЛЛАРИ: МАҚСАД ЖАРИМА ЭМАС

admin

САБОҚ

admin

Мен қанд миқдорини текширтирдим.  СИЗ-ЧИ? 

admin