ADOLAT 24

Амир Темур — адолат тимсоли

 «Адолат» СДП томонидан улуғ аждодларимиз меросини кенг тадқиқ қилиш, ўсиб келаётган нав­қирон авлодни ота-боболаримизнинг ибратли ҳаёт йўлидан хабардор этиб, аждодларимизнинг мардлик, адолатпарварлик, инсонпарварлик фазилатлари билан тарбиялашга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. 

Ушбу эътиборнинг яна бир намунасини Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 686 йиллиги муносабати билан пойтахтимизда жойлашган Темурийлар тарихи давлат музейи тадбирлар залида партия ҳамда қатор ташкилотларнинг ҳамкорлигида ўтказилган «Амир Темур – адолат тимсоли» мавзусидаги маънавий-маърифий тадбир ва ушбу тадбир доирасидан ўрин олган профессор Тўлқин Алимардоновнинг «Амир Темур империяси» номли китобининг тақдимоти мисолида ҳам яққол кўриш мумкин. 

 Айтиш жоизки, Амир Темур — ўзлигимизни англаш, миллий анъана ва қадриятларимизни тиклаш борасидаги улуғвор ишларда халқимизга маънавий куч бағишлаб келаётган улуғ сиймолардан биридир. Айнан шунинг учун ҳам Соҳибқирон таваллуд топган кунни мамлакатимизда кенг нишонлаш, жойларда улуғ саркарда таваллудига бағишланган маънавий-маърифий тадбирларни юксак савияда ташкил этиш, буюк адолат тимсоли бўлган нодир шахснинг ибратли маънавий меросини оммалаштириш жамиятимизда адолат тамойилларини қарор топтиришни мақсад қилган «Адолат» СДП учун доимий анъанага айланган.

Мазкур тадбирда Ўзбекис­тон «Адолат» СДП Марказий аппарати, Тошкент шаҳар кенгаши ходимлари, Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фонди ҳамда Темурийлар тарихи давлат музейи жамоаси, Тошкент давлат шарқшунослик университети ҳамда Ўзбекистон Халқаро Ислом академияси профессор-ўқитувчилари, талаба-ёшлар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Тадбирда сўз олганлар Соҳибқирон Амир Темурнинг ҳаёт йўли, давлат ва жамият ривожига дахлдор фаолиятида «Куч – адолатда» шиорига асос­ланиб иш юритгани, шунинг­дек, ўз салтанатида адолат вазири лавозимини таъсис этиш орқали инсон қадр-қимматига бўлган эътиборнинг яққол намунаси сифатида нафақат ўша замон ҳамжамияти учун, балки бугунги кун ва келажак авлод учун ҳам ибрат кўрсатиб кетганини алоҳида таъкидладилар. 

– Соҳибқироннинг узукларида «Куч – адолатда» деган сўзлар ялтираб турар эди. Мана шу сўз Амир Темур салтанатини тутиб турган муҳим ўқ томирларнинг биттаси сифатида хизмат қилган, – деди Ўзбекистон халқ ёзувчиси, Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фонди раиси Муҳаммад Али. – Чунки қўлидаги узугига шундай сўзни ёзиб, фаолиятида ҳам адолатни, инсонпарварликни асосий шиорига айлантириш ҳолати тарихдаги бошқа амиру шоҳларда учрамайди. Шунинг учун ҳам адолат сўзи бизга бобомерос десак ҳам бўлаверади. Айнан шу боисдан ҳам биз доимо адолат тараф бўламиз, адолатга интиламиз. Шу нуқтаи назардан олиб қарайдиган бўлсак, «Адолат» социал-демократик партиясини ҳам ҳеч бир муболағасиз Амир Темурнинг орзу-истакларидан яралган десак, янглишмаган бўламиз. Сабаби, ушбу партиянинг ҳам бош мақсади, унинг шиорлари Соҳибқироннинг ғояларига ҳамоҳангдир. Маълумки, ҳар қандай мамлакатнинг тараққиёти, аҳолисининг фаровонлиги бевосита ўша муҳитда адолатнинг қарор топмоғига боғлиқ. «Адолат» СДП билан ҳамкорликда ўтказилаётган бугунги тадбиримиз ҳам айнан шуни мақсад қилган ва биз бу борада жойларда ҳали кўплаб тадбирлар ташкиллаштиришни режа қилганмиз.

Шунингдек, тадбир доирасида адолат элчиси ҳисобланган Соҳибқирон Амир Темурнинг ибратли ҳаётий фаолиятини ўзида мужассам этган асарлар, хусусан, «Темур тузуклари», қолаверса, сўнгги йилларда чоп этилаётган илмий-бадиий адабиётларнинг бугунги давр жамияти учун аҳамияти юзасидан мутахасcисларнинг фикр-мулоҳазалари эшитилиб, бу борада тадбир доирасида тақдимоти ўтказилаётган профессор Тўлқин Алимардоновнинг «Амир Темур империяси» номли китоби ўқувчилар учун муносиб туҳфа бўлганлиги қайд этилди. 

– «Адолат» социал-демократик партияси томонидан Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 686 йиллиги муносабати билан маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди. Ушбу тадбирда кўп­лаб тарихчилар ва партия фаоллари қаторида биз, талаба ёшлар ҳам иштирок этдик, – деди Тошкент шаҳар Юридик техникуми 1-курс талабаси Абдуллоҳ Ҳакимов. – Аҳамиятлиси, ушбу тадбир асносида биз Буюк Соҳибқирон Амир Темурнинг ибратли шахсиятидан яхшироқ бохабар бўлиш, ул зотнинг асарлари, хусусан, «Темур тузук­лари»да илгари сурилган инсонпарварлик ғояларининг бугунги давримиз учун аҳамиятини англаш имконига эга бўлдик. Қолаверса, тадбир жараёнида ёшларимиз ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан атрофлича жавоб олишди. Шунингдек, профессор Тўлқин Алимардоновнинг «Амир Темур империяси» асари, унинг яратилиши тарихи ҳақида муаллиф билан ижодий суҳбат ташкил этилди…

Маълумот ўрнида 9 апрель – Соҳибқирон Амир Темур таваллуд топган кун муносабати билан миллий давлатчилигимизнинг етук намояндаси, одиллик ва адолат элчиси бўлган буюк бобокалонимизнинг 686 йиллигига бағишланган маънавий-маърифий тадбирлар партиянинг Қорақалпоғистон Рес­публикаси ва вилоятлар кенгашларида ҳам кенг миқёсда ўтказилаётганлигини алоҳида қайд этиш лозим.

Адолат» СДП Матбуот хизмати

Tegishli xabarlar

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўттиз тўққизинчи ялпи мажлиси тўғрисида АХБОРОТ

admin

Илмлар Қомусини яратган аллома

admin

“Шукр қил” фильми премьераси ўтказилди

admin