ADOLAT 24

Ўзбекистон —ноёб қўлёзмалар ватани

Ўмон Мудофаа вазирлиги қўмондонлик-штаб факультети талабаларининг мамлакатимизга сафари доирасида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида “Ўзбекис­тон тарихи ва унинг Ўрта Осиё минтақасидаги қўл­ёзмаларни асрашдаги ўрни” мавзусида семинар бўлиб ўтди. 

Мавзу юзасидан Фанлар академияси Шарқшунослик институти директори, тарих фанлари доктори, профессор Баҳром Абдуҳалимов араб тилида маъруза ўқиди. Олим маърузасида Ўзбекис­тон тарихининг минтақадаги ўрни ҳақида қимматли маълумотлар берди. Жумладан, араблар орқали кириб келган ислом динининг мамлакат ва минтақа тарихидаги ўрни ҳақида гапириб, Ўрта Осиё етиштириб берган қомусий олимлар, дин уламоларининг дунё цивилизациясига қўшган ҳиссасини таъкид­лади. Шунингдек, Ўзбекистон тарихининг хронологик ривожланиш босқичлари, унда ҳукм сурган давлатларнинг ривожланиш ва тараққиёт босқичлари ҳақида хорижлик меҳмонларга қимматли маълумотлар берди. 

Бундан ташқари, маърузада Шарқшунослик институтида сақланаётган қўлёзмалар фонди ҳақида ҳам йиғилганларга керакли маълумотлар берилди. 

Шарқшунослик инс­титутининг қўлёзмалар фонди 1943 йилда, ўша пайтдаги халқ кутубхонаси (ҳозирги Миллий кутубхона)нинг Шарқ бўлими асосида ташкил этилган. Шундан бош­лаб бу фондда қўл­ёзма манбаларни ўрганиш ишлари бош­ланган.

Бу ерда дастлабки иш қўл­ёзмаларни тавсифлаб, картотекалар тузиш бўлган. Дастлабки пайтда бу жойда мадрасаларни битирган домлалар ишлаган, улар араб ва форс тилларини пухта билган илмли кишилар ҳисобланган. Ўша даврда тузилган картотекалардан ҳозирга қадар фойдаланиб келинмоқда.

Дастлабки тавсифдан ўтган қўлёзмалар кейинги босқичда илмий тавсифланган. Бу аннотация характерида бўлиб, кўпроқ маълумот берилган. Кейинчалик мавзу каталоглари тайёрлана бошланган ва бу илмий тадқиқотчиларга енгиллик беради. 

Фондда 26 минг жилд қўл­ёзма, 40 минг жилдга яқин қадимги тошбосма услубидаги китоблар сақланади. Бундан ташқари, 5 мингдан зиёд асл нусхадаги тарихий ҳужжатлар бор. Шунингдек, микрофильм ва фотонусха фонд­ларимиз ҳам бор. Бу видео ва фотолар хориждаги фондларда сақланаётган китоб­лардан олинган.

Бу улкан мерос фаннинг турли соҳаларига оид. Хусусан, табобат, кимё, математика, тарих, ислом илмлари – аждодларимиз шуғулланган барча фан соҳаларига доир манбалар ўрин олган. Қўлёзма манбалар IХ асрдан бошлаб ХХ асргача бўлган даврга оид бўлиб, араб, форс, қадимги туркий ва бошқа шарқ тилларида ёзилган. 

Шунингдек, маърузада Шарқ­­шунослик инс­титутининг Ўмон давлати билан олиб бораётган фаол ҳамкорлиги ҳақида ҳам тўхталиб ўтилди. 

Маъруза сўнггида меҳмонлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

Маълумот учун, Ўмон Мудофаа вазирлиги қўмондонлик-штаб факультети талабалари Ўзбекис­тонга сафари давомида Ўзбекис­тон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида «Ўзбекис­тоннинг замонавий ташқи сиёсати» мавзусига бағиш­ланган брифинг ўтказилди. Шунинг­дек, улар Қуролли Кучлар академия­­си, Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти фаолияти билан танишди.

Ўз мухбиримиз 

Tegishli xabarlar

Шуҳратинг порласин токи бор жаҳон!

admin

ЎЗБЕКИСТОН СПОРТЧИЛАРИНИНГ НАВБАТДАГИ ЁЗГИ ВА ҚИШКИ ОЛИМПИЯ ВА ПАРАЛИМПИЯ ЎЙИНЛАРИДА МУВАФФАҚИЯТЛИ ИШТИРОК ЭТИШИ УЧУН ТАЙЁРГАРЛИК ИШЛАРИНИ ЖАДАЛЛАШТИРИШ ТЎҒРИСИДА

admin

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ ШАВКАТ МИРЗИЁЕВНИНГ ЕВРОПА ТИКЛАНИШ ВА ТАРАҚҚИЁТ БАНКИ БОШҚАРУВЧИЛАР КЕНГАШИ ЙИҒИЛИШИДАГИ НУТҚИ

admin