Ҳаёт оқ ва қора ранглардан иборат. Шунингдек, синовлар ва сийловлардан ҳам. Инсон ундан гоҳ қанд, гоҳо панд ейди… Бу унинг тарбияси, атроф-муҳити, шарт-шароити, сабр-тоқатига, балки тақдирига ҳам боғлиқдир, эҳтимол.
Ҳаким Суннатиллаев (исм-фамилиялар ўзгартирилган – таҳририят) 1964 йилда Навоий вилоятининг Хатирчи туманидаги “Авоқли” маҳалласида туғилиб, шу ерда ўрта маълумот олади, ўсиб-улғаяди, уйланади. 5 нафар фарзандининг камолоти, оиласи тинчлиги, хотиржамлиги учун хотини иккаласи югуриб-елиб меҳнат қилишади. Бирин-кетин фарзандлари улғая бошлаганида, қизларнинг айни она маслаҳатига эҳтиёжи кучайган паллада хотини вафот этади.
Ота болаларининг қорнини тўйдиради, устини бутлайди, аммо она ўрнини босолмайди. Балоғат ёшидаги қизларнинг тарбиясида, ҳаётидаги она ўрнини ҳеч нима билан тўлдириб бўлмаслигини тушунади. Турмуш ўртоғининг вафотидан 2 йил ўтиб, яъни, 2013 йилда Қаноат Мамаюсуповага уйланади. Аввалига ҳаммаси изга тушгандай эди. Бу аёлидан ҳам бир нафар фарзанд дунёга келади. Аммо Ҳаким бора-бора Қаноат унинг болаларини ёқтирмаётганини, уйга келишса жанжал чиқараётганини фаҳмлайди. Аммо начора, фарзандларининг ҳам ота уйига келишга ҳақлари бор, хотинини ҳам ҳайдаб юборолмайди.
2021 йилнинг 18 июнь куни эрта тонгдан эр-хотин нонушта қилар экан, хотини унинг уч кундан бери ишга чиқмаётгани, қарзлари кўпайиб кетгани, қудасининг уйини таъмирлаб бериб, улардан олган қарзидан қутулиши лозимлигини айтади. Ҳаким нонуштадан кейин қудасиникига ишлагани кетаётганини айтиб, уйдан чиқиб кетади. Бироздан кейин қудаси Дилафруз опа қўнғироқ қилиб, Қаноатдан Ҳакимни сўрайди, унинг ҳалигача келмаганини айтади. Бу эса Қаноатнинг жаҳли чиқишига сабаб бўлади.
Катта ўғлининг қўли синганини эшитиб, аввало, уни кўргани кириб, кейин ишга ўтишни режалаштирган, аммо бу ҳақда хотинига айтиб ўтиришни лозим топмаган Ҳаким кун пешиндан ошиб, кечга яқинлашганида уйига қайтиб келади. Келади-ю бу иши хотинига ёқмаганини тушунади. Жанжал шу қадар авжига чиқадики, ҳатто қўшни аёл аралашса ҳам тинчишмайди. Хотинини тўхтатишга, бунинг оқибати яхшилик билан тугашига кўзи етмагач, бу масалага нуқта қўйиш учун Ҳ.Суннатиллаев Қаноатга ота-онасини чақиришини тайинлаб, ўзи кичкина қизи Севинч билан кўчага чиқиб кетади. Орадан бир-икки соатлар ўтгач уйига қайтиб келади. Аслида бу ўтган вақт ҳар иккаласи учун ҳам ҳовридан тушиб, ўз хатоларини англашига, мулоҳаза қилишларига етадиган пайт эди…
Аммо ундай бўлмади. Ҳаким уйига келган қайнонасига оиласидаги аҳволни, хотини ўгай болаларини ёқтирмаслигини, уларни ота хонадонига келтирмаслигини, бундан ташқари, ота сифатида улар билан яхши муносабатда бўлса, албатта, жанжал бошлашини, хотини учун болаларидан воз кечмаслигини айтади ва турмуш ўртоғини яна ҳақоратлайди. Ўз навбатида хотини ҳам эрталабки вазиятни эслатади, қарзлари кўпайиб кетаётганини айтади, ишқилиб, бир-бировни айблашда ортда қолмаслик учун ҳам бир-бирига мағзава ағдаришади. Қайнонаси вазиятни тушуниб, қизига насиҳат қилади. Аммо Қаноат онасининг ҳам гапларига қулоқ солмайди. Аксинча, жанжал авжига чиқади, жаҳл чиққанда ақл қочади, деганларидек, эр-хотин бесуяк тил ёрдамида бир-бирини шундай сўзлар билан ҳақоратлашадики, уларни эшитса, илон пўст ташларди, эҳтимол… Айниқса, Қаноатнинг ота-ўғилга бир хотин… каби жирканч гапни такрорлайвериши Ҳакимнинг сабр косасини нафақат тўлдиради, балки тошириб юборади – энди унинг на кўзи кўрар, на қулоғи эшитар эди…
Ҳаким қайнонаси ва қизининг кўз олдида аввал таъмирлашда ишлатиладиган бўёқ челакни хотинига ирғитади, сўнгра сўридаги гўштчопқични олади ва тиғли томонидан ушлаб, даста қисми билан хотинининг бошига ура бошлайди… Эр чопқидаги қонни кўргачгина, ҳушёр тортади ва ўзига келади. Қаноатнинг қонга беланган боши ва қимир этмай ётган ҳушсиз танасини кўриб, хаёлига келган ўлдириб қўйдим, деган фикрдан қўрқиб кетади. У қўлидаги чопқини супа тагидаги ҳовузга отиб юборади ва шошиб ўғлиникига кетади.
Қонга беланган Қаноатни жонлантириш бўлимига ётқизишади. Керакли барча тиббий муолажалардан кейин унинг ҳаёти сақлаб қолинади.
Суд залида Қаноат эрининг ишёқмаслиги, дангасалиги сабабли оиласида тез-тез жанжал бўлиб туриши, бундай пайтларда турмуш ўртоғи уни ҳақоратлаши, қўлига илинган нарса билан уришини айтди. Шундай бўлса ҳам унга даъвоси йўқлиги, қизининг отасига озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ жазо тайинламасликларини сўради.
Ҳаким эса қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини айтди.
Жиноят ишлари бўйича Хатирчи туман суди Ҳаким Суннатиллаевнинг ишини кўриб чиқиб, жазо тури ва миқдорини тайинлашда содир этган жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражасини, жабрланувчининг даъвоси йўқлигини эътиборга олиб, унга ўн йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади.
Тилга эрк бериш, жаҳлни жиловлай олмаслик, эр-хотин ўртадаги ўзаро ҳурматни сақламаслик шундай оғир оқибатларга олиб келди.
Ҳабибулло ТУХТАЕВ,
Жиноят ишлари бўйича Хатирчи туман суди судьяси,
Саодат МАТЁҚУБ қизи,
“Adolat” мухбири