ADOLAT 24

Донорлик — кўнгилли ёрдам, хайрли эҳсон

Бир томчи қон ҳаёт демакдир. Кимнингдир кичик ёрдами ким учундир катта маънога эга, бебаҳо мурувват. Ўзгалар соғлиғи ва ҳаётини сақлаб қолиш учун қон берувчи кишилар қарори ҳар қандай таҳсинга лойиқ. 

Дарҳақиқат, кимгадир қон бериб унинг жонини сақлаб қолишга ўз ҳиссасини қўшиш шарафли иш ҳисобланади. Шу билан бир қаторда, тиббий нуқтаи назардан, қон беришнинг инсон организмига фойдаси кўп бор таъкид­ланган. Сабаби, донор инсон ўз қонининг маълум бир қисмини муҳтожларга берар экан, ўзининг организмида ҳам қон алмашиниши жараёнлари ижобий томонга ўзгариб, моддалар алмашиниши яхшиланиши ва танасида янги қон ишлаб чиқарилиши соҳа мутахассислари томонидан исботланган.

Ана шундай ҳар жиҳатдан самарали бўлган тиббий амалиётдан унумли фойдаланиш орқали фуқароларимизнинг саломатлигини сақлаш, турли касаллик­лардан азият чекаётган беморларга шифо улашиш ҳар доим ва ҳар жиҳатдан муҳим вазифа ҳисобланади.

Хабарингиз бор, кўп йиллардан буён «Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати ташаббуси билан анъанавий тарзда республикамиз ҳудудлари бўйлаб «Бор меҳримиз сенга, болажон!» шиори остида беғараз донорлик акцияси ўтказиб келинмоқда.

Мазкур донорлик акциясидан кўзланган асосий мақсад партиянинг аҳоли саломатлигини сақлаш, қолаверса, ёш авлодни жисмонан соғлом ва ақлан баркамол қилиб вояга етказишга қаратилган устувор мақсадларини амалиётга татбиқ этиш йўлида фуқароларни кўнгилли равишда қон топширишга чақириш ва шу орқали тиббий-ижтимоий кўмакка муҳтож болаларни қўллаб-қувватлаш, бемор болаларнинг ҳаётини сақлаб қолиш, шунинг­дек, жамиятда инсонпарварлик ва меҳр-оқибат ғояларини тарғиб қилишдан иборатдир.

Бундан ташқари, акция бемор инсонларга қон қуйиш учун хавфсиз қоннинг муҳимлиги, донорларнинг жамият учун зарурлиги, қолаверса, кўнгилли донорларнинг инсоният олдидаги хизматларини рағбатлантириб боришни ҳам қамраб олади.

Айни шундай эзгу мақсадларни кўзлаган партиянинг навбатдаги беғараз донорлик акцияси жорий йилнинг 16 март куни Респуб­лика Қон қуйиш марказида ўтказилди.

Партия Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати ва партиянинг Тошкент шаҳар кенгаши ҳамкорлигида ташкиллаштирилган акцияда партия тизимида фаолият олиб бораётган ходимлар, депутатлар, Тошкент шаҳар ИИБ, Миллий гвардия, Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бош бош­қармаси, Тошкент шаҳар Прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси ходимлари ҳамда кўп­лаб кўнгиллилар ва ОАВ вакиллари иштирок этишди. 

Айтиш жоизки, акцияда қатнашган кўнгилли донорлар 18 дан 60 ёшгача бўлган соғлом инсонлардир. Улар тиббий текширувдан ўтказилиб, шифокор тавсиясига биноан донор бўлишдек савобли ишда иштирок этдилар.  

Хайрли тадбирда ўзи ҳам донор сифатида иштирок этган партиянинг Тошкент шаҳар кенгаши раиси ўринбосари Ойбек Набиев мазкур акция унда ҳар сафар ижобий таассуротлар қолдириши билан қадрли эканлигини алоҳида таъкидлаб, жумладан, шундай деди:

– Соғлом киши учун қон топшириш, албатта, хавфсиз, шу билан бирга фойдалидир. Беғараз донорлик – кимнингдир саломатлиги, унинг ҳаёти учун ҳадя этиладиган бебаҳо неъмат. Айниқса, ушбу жараёнлар болаларнинг саломатлигига қаратилган бўлса, савоб қилишга янада кучлироқ ундайди. 

«Адолат» СДП Мирзо Улуғбек туман кенгаши раиси Айгул Пернебекова ҳам мазкур акция доирасидаги тадбирларда фаол иштирок этиб келмоқда.

– Акцияда донор сифатида қон топширдим, ҳозирда ўзимни яхши ҳис қиляпман – дейди Айгул Пернебекова. – Шуни айтиш керакки, донор бўлиш, аввало, инсоннинг ўзи учун фойдали. Партия ушбу акцияни авваллари йилига икки маротаба ташкил этар эди. Лекин сўнгги йилларда ушбу лойи­ҳада иштирок этишни истаган кўнгилли фуқароларимизнинг ортиб бораётганлиги сабабли мутахассислар билан маслаҳатлашган ҳолда тез-тез шундай тадбирларни ташкил этиб келмоқдамиз. Албатта, бу партиянинг хайр­­ли ташаббуси фуқароларимиз томонидан қўллаб-қувватланиб, оммалашаётганлигининг белгисидир. Зеро, донорлик – кўнгилли ёрдам, савоб, хайр­­ли эҳсондир. 

Тадбирнинг фаол иштирокчиларидан яна бири, «Адолат» СДП Тошкент шаҳар кенгаши матбуот котиби Меҳринисо Бобоназарованинг дил сўзларига қулоқ тутдик: 

– Айтиш керакки, бу галги жараёнларда эъти­рофга лойиқ жиҳатлар кўп бўлди. Кун давомида Қон қуйиш марказига ихтиёрий равишда ташриф буюриб, тиббий-ижтимоий кўмакка муҳтож болажонларимиз учун ўзининг меҳр-мурувватини, ҳаёт томчиси бўлмиш қонини улашиш истагида бўлган фуқароларимизнинг кети узилмади. Олижаноб фуқароларимизнинг ташаббускорлиги таҳсинга сазовордир. Ушбу акцияни ташкиллаштириш орқали болалар саломатлигига қўшаётган ҳиссамиздан биз ҳам мамнунмиз.

Тадбир якунида партия ташаббуси билан ташкил этилган акцияда кўнгилли равишда қон топширган фуқароларга партиянинг ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди.

Муродилло МАҲМУДОВ,

«Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши  Марказий аппарати мутахассиси

Tegishli xabarlar

Илм — тараққиётнинг бош мезони

admin

САЙЛОВОЛДИ УЧРАШУВЛАРИ ДАВОМ ЭТМОҚДА (Фарғона вилояти)

admin

Ўзбекнинг ғурури сотилмайди Францияда дўппимизни 5000 еврога сотишимизни сўрашди

admin