ADOLAT 24

Хуш қадаминг қутлуғ бўлсин, НАВРЎЗ!

Баҳор ўлкамизда само бағрида хуш насимлар эсиши, майин шаб­бодаларнинг ўйноқи тафти билан бошланади. Бундан замин бағрига ҳам илиқлик инади. Ана шундай пайт­да қаҳратон қишнинг қорлари орасидан нафис чучмомолар бош кўтаради ва улар баҳорнинг илк элчисига, хабарчисига айланадилар.

Шундан кейин булутлар орасидан мўралаган офтобнинг илиқ нурлари туфайли дала-даштларда, боғ-роғларда, ариқлар лабларида, умуман, замин бағрида яшиллик бўй кўрсатади. Шошқалоқ ёмғирлар еру кўкни тутади. Заминнинг чанқоқ ҳовурини тўйинтиради. Қиш уйқусидаги дов-дарахтларни ювинтиради. Уларга маъсумлик, гўзаллик, ўзига хос мусаффолик инади. Заминдаги яшиллик уларда ҳам намоён бўла бошлайди. Куртакларга жон киради. Боғлар янги тушган келинчакдек гўзаллашади. Турфа чечаклар, гуллар юз очади. Булоқларнинг сувларида одатдагидан кўра жўшқинлик пайдо бўлади. Каналлар, анҳорлар тўлиб-тошиб оқади. Ариқларга об-ҳаёт югуради. Заминни сувларидан баҳраманд этгиси келади. Юртимизда баҳор ана шундай бош­ланади. Бутун борлиқ ана шундай уйғониш палласига киради.

Ана шу жараёнларни улуғ шоир Муҳаммад Ризо Огаҳий ғазалларидан бирида шундай тас­вирлайди:

Боғу бўстон сайрига чиқ, гулъузор, келмиш баҳор,

Айлабон минг-минг тароват ошкор, келмиш баҳор,

Даштга файзу боғу бўстонларга ҳам зийнат бериб,

Бу жаҳонни қилмиш у жаннатшиор, келмиш баҳор.

Кўрки дарё мавжида абри баҳордан бир нишон,

Айламиш боғу чаманга дур нисор, келмиш баҳор.

Баҳор юртимизда нафақат табиатнинг уйғониши, ҳаётнинг янгиланиши, борлиқнинг ўзгариши билан боғлиқ жараёнлар сифатида, балки тантаналар, байрамлар, шодиёналарнинг бош­ланиши тарзида ҳам эътироф этилади. Эътибор беринг, туркий халқлар қишнинг сўнгги кунини ва баҳорнинг бошини “Қишнинг тўқсони” (яъни уч ойлик қиш)дан қутилиш куни сифатида нишонлашган. Шодиёна туну кун давом этган. Эндиликда бу шодиёналар сафидан 8 март — Халқаро хотин-қизлар байрами ҳам ўрин олди. Гарчи бу байрамнинг тантана қилиниши олис тарих билан боғланмаса ҳам бор таровати ила баҳор гўзалликларига, шодиёналарига уйғунлашди. Оналаримиз, опа-сингилларимиз, муҳтарама аёлларга эҳтиромнинг ифодасига айланди.

Баҳорнинг энг нуфузли байрамларидан бири Наврўз ҳисобланади. Шарқ халқлари томонидан янги йил сифатида улуғланадиган Наврўз мамлакатимизда энг азиз миллий байрам тарзида эъзозланади. Ҳамалнинг биринчи куни, баҳорий тенг кунлик деб аталадиган Янги кун — Наврўзни халқимиз неча минг йиллардан бери нишонлаб келмоқда. Унинг қадимийлигига кекса тарих гувоҳ. Улуғ мутаффаккир Умар Ҳайём “Наврўзнома” асарида бу куннинг пайдо бўлиши ва байрамга айланиши ҳақида бундай деб ёзади: “Исфандармуз ойида мевали дарахт ва ўсимликлар кўкара бошлайди. Офтоб бу ойда охирги Хут буржига етиб келади. Қаюмарс вақтни ўн икки бўлакка бўлди ва йил ҳисобининг бошланишини белгилади. Бу орада тарихдан бир минг қирқ йил ўтди ва офтоб Фарвардиннинг биринчисида тўққизинчи буржга кирди. Жамшид подшоҳлигининг тўрт юз йигирма биринчи йили ўтгач бу давр тугади ва қуёш ўз Фарвардинида Ҳамалнинг бошига қайтиб келди. Шундай қилиб, дунё мувозанатга келди. (Яъни, кун билан тун тенглашди.) Биз эслатган бу кунда у байрам ташкил қилди, унга “Наврўз” деб ном берди ва одамларга ҳар йили Фарвардин келганда байрам қилишни ва ўша кунни Янги (йил) деб ҳисоблашни, токи оламда қуёш бор экан, Наврўз ҳам барқарор бўлсин, деб буюрди”.

Яна бир буюк аждодимиз Абу Бакр Муҳаммад ан-Наршахий “Бухоро тарихи” асарида қадимда Наврўз 21 мартда “Наврўзи кишоварзан” (“Деҳқонлар Наврўзи”) ва ундан беш кун кейин келадиган кунни “Оташпарастлар Наврўзи” тарзида нишонлангани ҳақида сўз юритса, бошқа бир тарихчи Абул Ҳасан Нишопурий “Хазоин ул-улум” асарида “Бухоро оташпарастлари Сиёвушга атаб ҳар бир эркак киши ҳар йили Наврўз куни қуёш чиқишидан олдин унинг қабри ёнида биттадан хўроз сўяди. Бухороликларнинг Сиёвуш ўлимига бағиш­лаб айт­ган марсиялари “оташпарастлар йи­ғиси” дейи­лади. Бу гаплар бўлганига ҳозир уч минг йилдан ортиқроқ вақт ўтди”, деб ёзади.

Улуғ алломаларимизнинг бу маълумотлари Наврўз байрамининг ниҳоятда қадимийлигидан, унинг байрам сифатида нишонланиб келинаётганига камида 4,5-5 минг йил бўлганлигидан гувоҳлик беради. Айни пайтда, бу маълумотлар Наврўз байрамининг нафақат қадимийлигини, балки унинг туб илдизлари, келиб чиқиши, тантана қилиниши юртимиз билан боғлиқлигини ҳам кўрсатади. Наврўз қайси замон, қандай даврон бўлмасин, юртимизда кимлар ҳукмронлик қилмасин, барча даврларда буюк қадрият сифатида улуғланиб келинган. Ўлкамизга қилинган босқинлар ҳам, бу байрамга нисбатан тақиқлар ҳам уни халқимиз, миллатимиз қалбидан ўчира олмади. Бу байрам юртимизда ҳаёт барқарорлигини, табиатнинг яшариш, янгиланиш қудратини, аждодларимизнинг ўлмас мероси бўлган урф-одатларимизни, қадриятларимизни намоён этувчи эзгулик тимсоли сифатида яшаб келмоқда.

Бу байрамнинг яна бир ўзига хос хусусияти шундаки, унда халқимизга, миллатимизга хос юксак инсонийлик, меҳр-мурувват, оқибат, қадр-қиммат, саховатпешалик, бағрикенглик, самимийлик каби олижаноб қадриятлар асрлар оша сайқалланиб, янгича маъно касб этмоқда. Мамлакатимиз мустақилликка эришганидан кейин, хусусан, кейинги 4-5 йил ичида бу байрамнинг шукуҳи янада ошди. Ҳар йили байрамни нишонлаш билан боғлиқ равишда давлатимиз раҳбарининг қарори эълон қилиниши бежиз эмас. Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 17 февралда “2022 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори байрамга тайёргарлик жараёнларини бошлаб берди.

Қарорда байрамни ўтказиш жараёнида Наврўз кунларида инсон ва табиат ўртасидаги уйғунлик, она-заминга меҳр ва эътиборни яққол акс эттирадиган, атроф-муҳитни асраб-авай­лашга, бугунги тинч ҳаётни қадрлашга, инсон қад­рини улуғлашга даъват этадиган маънавий-маърифий тадбирларни уюштириш белгиланди. Бу тадбирларда сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган туб демократик ислоҳотларни, халқимизнинг ҳаёти, қалби ва онгида юз бераётган ижобий ўзгариш­ларни Нав­рўзнинг азалий қадрият ҳамда анъаналарига уйғун ҳолда акс эттиришга эътибор қаратилди. Байрам муносабати билан Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва фахрийлари, кекса авлод вакилларини ҳар томонлама эъзоз­лаш, Меҳрибонлик ва Мурувват уйлари тарбияланувчилари, Саховат уйларида яшаётганлар, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”, “Меҳр дафтари”га киритилган ҳамда кўмакка муҳтож инсонларнинг ҳолидан хабар олиш, уларга беғараз ёрдам бериш билан боғлиқ хайрия тадбирлари амалга ошириладиган бўлди. Мамлакатимизда бошланган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасида белгиланган тадбирларни уюштириш, Наврўз умумхалқ байрами арафасида республикамизнинг барча ҳудудларида, ҳар бир кўча, маҳалла, туман ва шаҳарларида ободончилик ва кўкаламзорлаштириш билан боғлиқ умумхалқ ҳашарларини ўтказиш режалаштирилди.

Булардан ташқари, қарорда белгиланган тадбирлар доирасида юртимизда истиқомат қилаётган турли миллат ва элат вакилларининг Наврўз умумхалқ байрамини нишонлашга оид урф-одатлари, анъаналари ва қад­риятларини, улар ўртасидаги миллатлараро дўстлик ва тотувлик муҳитини мустаҳкамлаш бўйича амалга оширилаётган ишларни намойиш этиш, жойларда ҳунармандчилик кўргазмалари, кўчма савдо дўконларини, китоб расталарини ташкил қилиш, спортнинг миллий турлари бўйича мусобақалар ўтказиш, кўклам таомларини тайёрлаш ва уларнинг савдосини йўлга қўйиш, байрам тадбирларини матбуотда кенг ёритиш каби масалалар алоҳида таъкидланди. Бугунги кунда қарорда белгиланган тадбирларни амалга ошириш борасида кенг миқёсда ишлар олиб борилмоқда. Бу йилги Наврўз умумхалқ байрами мамлакатимизда “Ассалом, Наврўз — янгиланиш, меҳр-оқибат ва қадр-қиммат айёми!” деган бош ғоя остида ўтказилмоқда.

Наврўз байрамини бу йил мамлакатимизда кенг доирада нишонлашга, аҳолининг барча қатламларининг иштирокини таъминлашга эътибор қаратилди. Шу мақсадда байрам муносабати билан беш кунлик дам олиш кунлари белгиланди. Аҳолининг дам олиши, сайру сайёҳатлари учун темир йўл ва авиачипталар нархлари арзонлаштирилди. Дам олиш масканлари, парклар, боғлар халқимизга хизмат қилишга шай этилди. Байрам учун барча шароитлар яратилди. 

Наврўз кўп асрлар давомида шарқ мамлакатлари, жумладан, Покистон, Афғонистон, Эрон, Қозоғис­тон, Қирғизистон, Тожикистон, Ўзбекистон, Туркманистон, Озарбайжон ва бошқа давлатларда Янги йил байрами сифатида нишонланиб келинган. Эндиликда бу байрам руҳи умуминсоний ғоялари, ўлмас анъаналари, қадр-қиммати билан дунё халқлари ҳаётига ҳам сингиб бормоқда. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 2010 йил 23 февралдаги резолюциясига мувофиқ 21 март ҳар йили бутун дунёда Халқаро Наврўз куни сифатида тантана қилиниб келинмоқда. Бошқача айтганда, Наврўз эндиликда башариятнинг байрамига айланди.

Халқимиз Наврўзни ҳаётнинг бар­ча жабҳаларида улкан ўзгариш­лар, янгиланишлар, бунёдкорликлар учун йўл очиб берадиган улуғ кун сифатида эътироф этишади. Аждодларимиз янги кун, янги йилни ҳафтанинг қайси вақтида кириб келиши, қай тарзда бош­ланишини белгилаб, йил давомида содир бўладиган воқеа-ҳодисалар қандай кечиши хусусида хулосалар ёзиб қолдирганлар. Яъни “Наврўзнома”, “Солнома” каби тақвимларни яратганлар. Ана шулар орасида улуғ аллома Ҳаким ат-Термизийнинг “Солнома” ва “Наврўзнома” тақвимлари энг ишонч­­ли манбалар сифатида эъзозланади. Улуғ аллома бу тақвим китоблари хусусида “Кўп машаққатлар тортиб Наврўзи олам янги бўлиши бирлан шу йил ичинда бўладиган нарсаларнинг аломатларидан фаҳм қилиб, аҳволларидан хабар берадим, то илми нужумни бир ҳафтага келтирдим. Бу китобни токи ҳар ким ўқиса, тақвимга муҳтож бўлмас, қанча-қанча замон ўтса ҳам бу китоб эскирмас”, деб ёзади.

Аллома “Наврўзнома”да “Агар Нав­рўзи олам душанба куни кирса, Ойга тааллуқли бўлғай. Ул йил тўқлиқда кечгай, неъматлар кўп бўлғай, ёмғир, қор кўп ёққай. Ҳукмдорларга андак хавфлик бўлғай, савдогарлар ҳоли заифлашгай. Зироат ниҳоятда яхши бўлғай. Заифларгинг аҳволи хўб бўлғай. Катталар бисёёр мансабдорли бўлғайлар”, деб каромат қилса, “Солнома”да “Агар йўлбарс йили кирса, ҳукмдорлар ўртасида йил бошида бошланган низолар, гиналар йил охирида барҳам топғай. Ҳар фарзандки йилнинг аввалинда туғилса ботир, мард, чиройли ва ҳамиша давлатманд, улуғ бўлғай. Ҳар фарзандки йил ўртасида туғилса, очиқ юзли, хушхулқ, тавозъули бўлғай. Ҳар фарзандки йил охирида туғилса, дангаса, қўрқоқ, бемурувват бўлғай”, деб башорат этади. Буюк аждодимизнинг ушбу башоратлари айнан 2022 йилга ҳам тўғри келади. Демак, бу йилги Нав­рўз юртимизга, бутун башариятга қувонч, қут-барака, яхшиликлар олиб келишига умид ва ишонч уйғотади.

Аслида Наврўз табиатни, кун ва тунни мувозанатга келтирувчи айём сифатида улуғланади. Эндиликда у инсонларни, халқларни, мамлакатларни, умуман, бутун дунёда ҳаётни мувозанатга келтирувчи, барча яхшилик­ларни, гўзаллик­ларни қарор топтирувчи байрамга айланмоқда. Бундай пайтда қалбларда бир эзгу тилак янг­райди:

Хуш қадаминг қутлуғ бўлсин, Нав­рўз!

Камол МАТЁҚУБОВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист

Tegishli xabarlar

Шундай яшар одатда одам…

admin

Замонамизнинг академик ХАЙКАЛТАРОШИ

admin

Марказий Осиё – КАДҲК: минтақалараро ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари

admin