ADOLAT 24

Илдизи билан қуритиладиган иллат

Ўзбекистон Республикаси Президенти 2021 йилнинг 6 июли­да “Коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш, давлат ва жамият бошқарувида коррупциявий омилларни кескин камайтириш ва бунда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади. Коррупцияга қарши курашиш тизими самарадорлигини ошириш, энг юқори даражадаги қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, мамлакатнинг халқаро майдондаги обрў-эъти­борини оширишга қаратилган мазкур фармон билан 2021−2022 йилларда коррупцияга қарши курашиш давлат дас­тури қабул қилинди.

Ушбу дастур доирасида бугунги кунда мамлакатимизда коррупциявий ҳолатларининг сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этиш, қолаверса, коррупцияга қарши курашиш тизимининг самарадорлигини ошириш орқали мамлакатимизда энг юқори даражадаги қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.

Бугун ҳеч муболағасиз айтиш мумкинки, Янги Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш соҳасида муҳим ташкилий-ҳуқуқий ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Шунингдек, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини оширишга, жамиятда коррупцияга муросасиз муносабатни шакллантиришга йўналтирилган тизимли чоралар қўлланилмоқда.

Мамлакатимизда коррупциянинг ҳар қандай кўринишига чек қўйишни, бу иллатни илдизи билан қуритишни ўзининг устувор мақсадларидан бири сифатида илгари суриб, самарали фаолият олиб бораётган «Адолат» социал-демократик партиясининг мамлакатимиздаги кўплаб ташкилотлар қатори Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги билан ҳамкорликда “Коррупция – тараққиёт кушандаси” шиори остида бир қатор тадбирлар ташкил этаётганлигини алоҳида таъкидлаш лозим.

Жумладан жорий йилнинг 11 март куни ФВВ академиясида «Қонун ва адолат устувор, жиноятга жазо муқаррар» ва «Коррупция – келажагимиз кушандаси» мавзуларида давра суҳбати ҳамда партия ташаббуси билан нашр этилган «Коррупция – ёшлар нигоҳида» китобининг тақдимоти бўлиб ўтди.

Тадбирда «Адолат» социал-демократик партияси Сиё­сий Кенгаши раиси Баҳром Абдуҳалимов, Ўзбекистон Рес­­публикаси Ҳарбий судининг судьяси Акмал Жонқобилов, Ўзбекис­тон Республикаси Коррупция­­га қарши курашиш агентлиги масъул ходими Ойбек Абдуғаниев, Ўзбекистон Рес­публикаси Ҳарбий прокурорининг катта ёрдамчиси, адлия полковниги Шерзод Ҳайит­ов, Тошкент Ҳарбий прокурорининг ўринбосари, адлия подполковниги Сардорбек Ёрматов, Тошкент Ҳарбий судининг раиси Жамшид Раҳмонов, «Адолат» СДП Сиё­сий Кенгаши Марказий аппарати масъул ходимлари, академиянинг профессор-ўқитувчилари, ҳарбий хизматчилар, курсантлар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Тадбирдан кўзланган асосий мақсад ёшларда коррупцияга қарши курашиш, фаол дунёқараш ва мус­таҳкам фуқаролик нуқтаи назарини шакл­лантирадиган чора-тадбирларни амалга ошириш, коррупцияга қарши курашиш мавзусида ижтимоий тадбирларга ёшларни кенг жалб қилиш, ёшлар ўртасида коррупцияга қарши курашиш мавзусида рес­публика миқёсида танловлар ва мусобақалар ўтказишга қаратилган масалаларни муҳокама қилишдан иборатдир.

Тадбирни «Адолат» социал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши раиси Баҳром Абдуҳалимов очиб, бугунги кунда коррупция фуқароларнинг ижтимоий адолатга, давлат органларига нисбатан ишончини сусайтираётгани, бу иллатнинг давлатимиз иқтисодий ўсишига салбий таъсир кўрсатиши, қолаверса, жамиятдаги маънавий муҳитни бузилишига олиб келиши хусусида тўхталиб ўтди. Шунингдек, коррупция – бу мансабдор шахс­лар томонидан давлат ҳокимияти ёки бошқаруви ваколатларидан фойдаланган ҳолда шахсий манфаатларни ёки бошқа шахс­лар манфаатини кўзлаб содир этиладиган жиноятлар йиғиндиси эканлиги, айни дамда коррупцияга қарши курашиш барча давлат ва жамоатчилик ташкилотлари ҳамда молиявий муассасаларда устувор вазифага айланганлигини алоҳида таъкидлади.

Тадбир давомида партия ташаббуси билан нашр этилган «Коррупция – ёшлар нигоҳида» китобининг тақдимоти ўтказилгани жараёнга ўзгача муҳит олиб кирди. 

– Мазкур китобнинг яратилиш тарихи ҳақида маълумот бериб ўтамиз, – деди «Адолат» СДП Сиё­сий Кенгаши раи­сининг ўринбосари Умиджон Сулаймонов. – Партиямиз томонидан Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида илгари сурилган ғоялар доирасида умумтаълим мактаблари (шунингдек, ихтисос­лаштирилган, махсус мактаб­лар) ўқувчилари онгига коррупциянинг жамият ривожига салбий таъсирини содда ва тушунарли қилиб етказиш ҳамда уларнинг ҳуқуқий билимларини ўстириш, коррупцияга қарши нафрат туйғусини уйғотиш мақсадида «Коррупция – ёшлар тасаввурида» иншолар танлови ўтказилди. Унда мамлакатимизнинг 8642 та умумтаълим мактабидан 445 мингдан ортиқ ўқувчилар ўз иншолари билан иштирок этишди. Аҳамиятлиси, иншолар танловининг якуни бўйича ҳудудлардан 84 нафар ўқувчи ғолиб деб топилиб, ушбу ўқувчиларнинг иншоларини саралаш ва жамлаш орқали «Коррупция – ёшлар нигоҳида» номли китоб чоп этишга эришилди.

Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокурорининг катта ёрдамчиси, адлия полковниги Шерзод Ҳайитов ўз чиқишида коррупция деб аталмиш иллатнинг давлат ва жамият ривожига кўрсатадиган салбий таъсири ва унинг олдини олиш борасида бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган чора-тадбирлар хусусида маълумот берди.

– Ислоҳотларни амалга ошириш доирасида фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилиниши, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти очиқлиги, жамоат ва парламент назоратини таъминлаш механизмлари такомиллаштирилди, шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва суд органлари фаолиятининг ҳуқуқий асослари ислоҳ қилинди, – дея алоҳида таъкидлаб ўтди Ш.Ҳайитов. – Бугун давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирлар изчил амалга оширилмоқда.

Тадбир якунида иштирокчилар томонидан жамият тараққиётининг асосий кушандаси ҳисобланмиш коррупцион ҳолатларга барҳам бериш борасида ўзаро ҳамкорликда фаолият олиб бориш, муаммога нисбатан муросасиз муносабатда бўлишга келишиб олинди.

Тадбир давомида «Адолат» СДП ташаббуси билан нашр этилган «Коррупция – ёшлар нигоҳида» китобининг тақдимоти даврага ўзгача муҳит олиб кирди. Академиянинг 5-босқич курсанти Улуғбек Ҳусановнинг “Коррупцияга қарши бирга курашайлик!” шеъри иштирокчиларда илиқ таассурот қолдирди.

Қуйида ёш ижодкор Улуғбек Ҳусанов қаламига мансуб, барчани ҳушёрликка, огоҳликка ва бирдамликка чорловчи “Коррупция­­га қарши бирга курашайлик!” шеърни эътиборингизга ҳавола этамиз.

КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ БИРГА КУРАШАЙЛИК

Эзгуликка етаклайди ҳалол меҳнат,

Қут-барака аримайди тотган ризқдан.

Ҳалол меҳнат ортидадир билгин роҳат,

Текин таом имлар фақат чин тузоқдан.

Тамагирлик қилма, ҳалол ишла доим,

Чиркин иллат асли билсанг порахўрлик.

Ҳалол яша, одамларга бўл мулойим,

Сахий бўлгин, ночорларга қил ғамхўрлик.

Порахўрлик қилма, бир кун кетар бошинг,

Юз ўгирар сендан ҳатто қон-қардошинг,

Манфаат деб сўнмасин-да, бахт қуёшинг,

Коррупцияга қарши бирга курашайлик.

Ният қилинг, олмасин-ей, ҳеч ким пора, 

Тамагирга қўллайликчи қаттиқ чора,

Муаммолар йўқоларми шунда зора,

Коррупцияга қарши бирга курашайлик.

Пул деб элда шармандалар бўлиб қолманг,

Таъмагиру порахўр деб ном ҳам олманг.

Оғримаган бошингизга ғалва солманг,

Коррупцияга қарши бирга курашайлик.

Улуғбек ҲУСАНОВ,

ФВВ академияси 5-босқич курсанти

«Адолат» СДП Матбуот хизмати

Tegishli xabarlar

ТОВЛАМАЧИ БЛОГЕР

admin

COVID-19га қарши вакциналар юзасидан саволларга жавоблар

admin

Талабалар учун янги имкониятлар

admin