ADOLAT 24

КУЧЛИ ВА САМАРАЛИ ТИББИЁТ ТИЗИМИНИ ШАКЛЛАНТИРИШ – ХАЛҚПАРВАР ДАВЛАТНИНГ ЭНГ АСОСИЙ ВАЗИФАСИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан очиқ мулоқот шаклидаги учрашувда сўзлаган нутқи (Давоми)

Иккинчи йўналиш – инсон ҳаётини сақлаб қолишда тезкор, аниқ ва ўта малакали ҳаракатлар талаб қилинадиган соҳа, бу – албатта тез тиббий ёрдам тизимидир.

Мисол учун, ўткир юрак инфаркти ёки инсультда дастлабки 1 соатда кўрсатилган малакали тиббий ёрдам ҳам инсон ҳаётини сақлаб қолишга, ҳам келгусидаги оғир асоратларни камайтиришга хизмат қилади. Лекин бу соҳада ҳам кўплаб муаммолар борлигини 1 мингдан зиёд мурожаатлар кўрсатмоқда.

Биргина мисол. Касби тумани тез тиббий ёрдам бўлими ҳайдовчиси Юсупов, Ғозғон бўлими фельдшери Набиев тез тиббий ёрдам машиналари эскириб, хизмат сифатига салбий таъсир кўрсатаётганини, жойларда реанимация машиналари етишмаслигини билдирган. Умуман, 200 дан ортиқ тез тиббий ёрдам станцияларидаги 3 мингга яқин машинанинг 75 фоизи “Дамас” автомобиллари бўлиб, уларнинг 670 таси эскирган ёки таъмирталаб аҳволда.

Ёки бугунги кунда бир туман ёки вилоятдаги тез тиббий ёрдам хизмати, масофаси яқин бўлса ҳам, бошқа ҳудуд аҳолисига хизмат кўрсатиши мумкин эмас. Мисол учун, Бухоро тумани “Соҳибкор” маҳалласига хизмат кўрсатувчи тез тиббий ёрдам пункти 19 километр узоқликда жойлашган ва етиб бориш вақти камида 25 дақиқани ташкил этади. Ваҳоланки, 8 километрда жойлашган Вобкент тумани тез тиббий ёрдам пунктидан ушбу маҳаллага 10 дақиқада етиб борса бўлади.

Тез тиббий ёрдам бригадасининг кечикиб келиши бўйича Халқ қабулхоналарига 2021 йилнинг ўзида 50 мингдан зиёд шикоят келиб тушган. Шу боис тез тиббий ёрдам сифатини яхшилаш, уларни аҳолига янада яқинлаштириш учун алоҳида дастур қабул қилинади.

Энг аввало, “103” тез тиббий ёрдам хизмати республика, вилоят, шаҳар ва туман даражасида ягона бошқарув тизимига бирлаштирилади. Энди Тошкент шаҳри тажрибаси асосида ҳар бир вилоятда тез тиббий ёрдам бўйича электрон автоматлашган бошқарув тизими жорий этилади.

Янги ташкил этиладиган диспетчерлик марказлари чақирувларни беморнинг аҳволи, касаллик тури ва даражасига қараб саралайди ҳамда шунга асосан тегишли тиббий бригадаларни йўналтиради.

Бундан буён тез тиббий ёрдам туман ёки вилоят чегарасига қараб эмас, балки беморгача масофанинг яқинлигига қараб хизмат кўрсатади. Шунингдек, туман марказидан 50-80 километр узоқликда жойлашган 24 та аҳоли пунктида алоҳида тиббий ёрдам бригадалари ташкил этилади. Улар барча зарур тиббий асбоб-ускуналар ва тез тиббий ёрдам машиналари билан таъминланади.

2022-2025 йилларда тез тиббий ёрдам тизимидаги барча “Дамас” ва бошқа эскирган машиналар замонавий автомобилларга алмаштирилади. Хусусан, 2022 йилда – 890 та, 2023 йилдан бошлаб эса, ҳар йили 450 тадан янги автомобиль, жумладан, реанимация машиналари олиб берилади. Натижада келгуси уч йилда тез тиббий ёрдам автопарки тўлиқ янгиланади. Бу мақсадлар учун 65 миллион доллар жалб қилинади.

Ушбу чоралар эвазига тез тиббий ёрдамда чақирувларга етиб бориш вақти 3 баробар қисқаради.

Учинчи йўналиш – сўнгги беш йилда 9 триллион сўм ҳисобидан 2 мингга яқин тиббиёт муассасаси қурилиб, таъмирланди. Шунингдек, 500 миллион доллар сарфланиб, 2 минг 500 та муассаса замонавий тиббий техника ва асбоб-ускуналар билан жиҳозланди. Лекин ичимлик суви, иситиш тизими бўлмаган, электр таъминоти яроқсиз мингдан зиёд тиббиёт муассасалари мавжуд. Соғлиқни сақлаш масканларининг шароитидан норози бўлиб, 700 дан зиёд мурожаат келиб тушгани ҳам буни тасдиқлайди.

Шу боис тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини яхшилаш бўйича 2022-2025 йилларга мўлжалланган алоҳида дастур амалга оширилади. Бунда, энг аввало, 182 та оилавий шифокор пунктида ичимлик суви тармоғи, 450 дан ортиқ муассасада иситиш, 650 тасида электр тизими тўлиқ таъмирланади.

Шулар қаторида 1 минг 100 та тиббиёт муассасаси қайта қурилиб, жиҳозланади. 227 та туғруқ комплекслари таъмирланиб, уларга замонавий тиббий асбоб-ускуналар етказиб берилади.

Бундан ташқари, 39 та болалар шифохонасининг ҳолати ва улардаги шарт-шароитлар тубдан яхшиланади. Бу ишларга 6 триллион сўм маблағ жалб қилинади.

Шунингдек, туман ва вилоят тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини яхшилаш учун молиялаштириш манбалари ҳам кенгайтирилади. Жумладан, туман кўп тармоқли марказий поликлиникаларида кафолатланган тиббий хизмат турларига кирмайдиган бошқа янги хизмат турларини пуллик асосда ташкил қилишга рухсат берилади. Бунда пуллик хизматлардан келиб тушган маблағларнинг 75 фоизгача бўлган қисми малакали тиббиёт ходимларини рағбатлантиришга йўналтирилади.

Тиббиёт муассасаларига беғараз ёрдам доирасида берилган тиббий техника ва асбоб-ускуналардан пуллик хизматлар кўрсатишда фойдаланиш бўйича мавжуд тақиқ бекор қилинади. 1 июлдан бошлаб вилоят кардиология, офтальмология, урология, травматология, тери-таносил касалхоналарида койка ўрнига қараб эмас, балки беморнинг “даволанган ҳолатидан келиб чиқиб” молиялаштириш тартиби жорий қилинади ва ушбу шифохоналарга тўлиқ молиявий мустақиллик берилади.

Бошимиздан кечирган оғир пандемия синови санитария-эпидемиологик осойишталик хизматига бўлган муносабатни тубдан ўзгартириш зарурлигини кўрсатди. Шунинг учун ушбу тизимнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида 165 миллион долларлик дастур амалга оширилади. Бунда 2022 йил 1 майдан бошлаб санитария-эпидемиологик осойишталик хизмати учун туманларда 11 та янги бино барпо этилади, 190 та бино реконструкция қилиниб, мукаммал таъмирланади. Ҳудудий лабораториялардаги эскирган 9 мингта асбоб-ускуна тўлиқ янгиланади.

Яна бир муҳим масалага эътиборингизни қаратмоқчиман. Замонавий тиббиётда касалликни аниқлаш, диагноз қўйиш, даволаш билан боғлиқ барча жараёнларни рақамли технологияларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Шу боис бирламчи бўғиндан бошлаб тиббиётнинг барча соҳаларини рақамлаштириш ва IT инфратузилмасини ривожлантириш бўйича дастур қабул қилинади.

Мисол учун, ҳозирги вақтда шифокорлар иш кунининг ярмини фақат қоғоз ҳужжатларни тўлдириш билан ўтказади. Дастур доирасида жорий йилда 16 мингта ва 2023 йилда яна 13 мингта компьютер харид қилиниб, барча тиббиёт муассасалари тўлиқ жиҳозланади.

Соғлиқни сақлаш ходимлари IT технологиялари ва замонавий тиббиёт ускуналарида ишлашга тизимли ўргатилади. Бунинг учун 2022 йилда – 20 минг нафар, келгуси йилларда яна 100 минг нафар шифокор ва ҳамширалар IT парк ва марказларда манзилли ўқитилади.

Шунингдек, республикадаги мавжуд 11 та тиббиёт олийгоҳи, 27 та коллеж ва 47 та техникумда “рақамли тиббиёт” бўйича мутахассислар тайёрлаш йўлга қўйилади.

Ҳурматли шифокорлар!

Юқоридаги янги режа ва ташаббусларнинг барчаси тиббиёт сифатини ошириш, аҳолига қулай шароит яратишга қаратилган. Бунинг учун биз барча зарур чораларни амалга оширамиз. Лекин ушбу имкониятлардан самарали фойдаланиб, малакали тиббий хизматларни ҳар бир хонадонгача олиб кириш бевосита сизларга – тиббиёт ходимларига боғлиқ.

Агар биз тиббиёт ходимларининг машаққатли меҳнатига яраша муносиб шароит яратиб бермасак, уларнинг жамиятдаги обрў-эътибори ва нуфузини оширмасак, шифокорлар, ҳамширалар ўз ишидан манфаатдор бўлмаса, ислоҳотларимиз кутилган натижани бермайди. Шу боис тўртинчи йўналишдаги чора-тадбирлар бевосита тиббиёт ходимларини қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ.

Бу борада, энг аввало, соғлиқни сақлаш ходимларини моддий рағбатлантириш янада кучайтирилади. Ушбу масала юзасидан сиз, ҳурматли тиббиёт соҳаси вакиллари томонидан 3 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушган. Лекин аслида улар 500 мингдан зиёд барча тиббиёт ходимларининг таклиф ва истакларини ифода этади, десак, ҳақиқатни айтган бўламиз.

Барчангизга маълум, бюджет ходимларининг маошини ҳар йили ошириб боряпмиз. Бу йил ҳам бюджет ташкилотлари қаторида тиббиёт ходимларининг ойлик иш ҳақини ҳам камида 10 фоизга оширишни режа қилганмиз. Бунга қўшимча равишда соҳа вакилларининг машаққатли меҳнатини янада рағбатлантириш мақсадида жорий йил 1 июндан тиббиёт ходимларининг ойлик маоши малака тоифасига қараб, яна 15 фоизгача оширилади. Юқори технологик мураккаб операцияларни бажарган шифокорларга эса яна 25 фоиз миқдорида устама тўланади.

Бундан ташқари, Тиббиёт ходимларини рағбатлантириш жамғармасига йилига 1,5 триллион сўм ажратилади. Ушбу маблағлар ҳисобидан алоҳида натижага эришган, ҳалол ва виждонан ишлаётган шифокор ва ҳамшираларга 100 фоизгача ойлик устамалар ҳам белгиланади. Янги иш бошлаган жонкуяр шифокорларга 1 миллион сўмгача махсус ойлик устама тўлаш тартиби жорий этилади.

Содда қилиб тушунтирадиган бўлсам, мисол учун, ҳозирги кунда олий тоифали шифокор 4 миллион сўм маош олса, энди иш ҳақининг ошиши ва янги устамалар ҳисобидан у 8-9 миллион сўмгача маош олиши мумкин бўлади. Ҳамширалар эса ҳозирги 1,5 миллион сўм ўрнига, тоифаси ва эришган натижаларига қараб, 3-4 миллион сўмгача ойлик олиши мумкин.

Яна бир масала – даволаш ва лаборатория ҳамширалари, санитар ходимлар, рентгенолог, фтизиатр, инфекционист, вирусолог, стоматолог каби алоҳида меҳнат шароитида ишлайдиган 100 мингдан зиёд тиббиёт ходимлари бир йилда икки марта ўз ёнидан пул тўлаб, мажбурий тиббий кўрикдан ўтади. Бу қанчалик адолатли?

Ушбу масалада ҳам 720 та мурожаат келиб тушган.

Ўз соғлиғини гаровга қўйиб, беморлар дарди билан яшаётган тиббиёт ходимларининг саломатлиги ҳақида авваламбор давлат ўйлаши керак эмасми?

Шунинг учун 2022 йил 1 майдан бошлаб барча тиббиёт ходимлари учун дастлабки ва даврий касбий тиббий кўрик бепул ўтказилади. Қон билан бевосита ишлаётган тиббиёт ходимлари гепатит “B” касаллигига қарши бепул эмланади.

Бундан буён тиббиёт ходимлари учун мазкур харажатлар тўлиқ бюджетдан қопланади ва бунга ҳар йили камида 100 миллиард сўм ажратилади.

“Инсон қадрини улуғлаш ва шифокор меҳнатини қадрлаш” тамойили асосида ҳар йили минг нафар бемор шифокорлар, айниқса, соҳада бир умр меҳнат қилган фахрийларга юқори технологик операциялар давлат ҳисобидан бепул ўтказилади.

Таъкидлаш жоизки, жойларда тиббиёт соҳаси вакилларига, айниқса, шошилинч ва тез тиббий ёрдам ходимларига нисбатан куч ишлатиш (тажовуз) ҳолатлари ҳам учраб турибди. Шифокорга қўл кўтариш, уни сўкиб, ҳақорат қилиш бизнинг инсоф-диёнатли, оқкўнгил, меҳр-оқибатли халқимизга муносибми? Бу бизга мутлақо ярашмайдиган ҳолатдир.

Энди тиббиёт ходимлари фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашган, уларнинг ишига тўсқинлик қилган ҳамда тажовуз кўрсатган кимсаларга нисбатан қонунчиликда алоҳида маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланади.

Ўзбекистонда “қонун – устувор, жазо – муқаррар” эканини ҳеч ким эсидан чиқармаслиги керак.

Бугунги анжуманда яна бир муҳим масалани алоҳида айтмоқчиман. Таниқли олимлар ва халқаро экспертларни жалб қилиб, Соғлиқни сақлаш кодексини ишлаб чиқишнинг вақти-соати келди. Бу муҳим ҳужжатда тиббиёт ходимлари ҳамда беморларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари илғор хорижий тажриба асосида қайта кўриб чиқилади, тиббиёт ходимларининг ҳуқуқий ҳимояси кучайтирилади, фуқароларнинг ўз соғлиғига эътибори ва масъулиятини ошириш механизмлари жорий этилади.

Бешинчи йўналиш – соғлиқни сақлаш муассасаларини малакали кадрлар билан таъминлаш билан боғлиқ.

Бугунги кунда республикамиз тиббиёт муассасаларида 8 мингга яқин тор соҳадаги мутахассислар ҳамда бирламчи тиббиёт муассасаларида 3 мингдан зиёд оилавий шифокорлар етишмайди. Айниқса, Сурхондарё, Тошкент, Қашқадарё, Фарғона вилоятлари ва Тошкент шаҳрида шифокорларга эҳтиёж анча юқори. Шунингдек, тизимдаги шифокорларнинг 45 фоизи, ҳамшираларнинг эса 40 фоизи малака тоифасига эга эмас.

Шифокорларни малака ошириш курслари билан қамров даражаси бор-йўғи 25 фоизни ташкил этади.

Мавжуд аҳволни ўнглаш учун тиббиёт муассасаларини малакали кадрлар билан таъминлаш бўйича янги тизим жорий этилади. Бунинг учун 2022/2023 ўқув йилидан тиббиёт олийгоҳларига давлат грантлари асосида қабул квоталари ҳудудларда шифокорларга бўлган ҳақиқий эҳтиёждан келиб чиқиб мақсадли ошириб борилади. Фтизиатрия, гематология, нефрология, пульмонология, психиатрия, шошилинч тиббий ёрдам, лаборатория иши, юқумли касалликлар каби 15 та тор соҳадаги мутахассислик бўйича магистратурага давлат грантлари 4 баробар оширилади. 11 та тиббиёт олийгоҳида олти ойлик ихтисослашган курслар ташкил этилиб, ҳар йили 500 нафардан оилавий шифокорни ҳудудлардаги энг зарур тор соҳа мутахассислиги бўйича мақсадли ўқитиш дастури амалга оширилади.

Шунингдек, бакалавриат, магистратура ва клиник ординатура таълим тизими такомиллаштирилади. Хусусан, битирувчиларга қўйиладиган малака талаблари эҳтиёж юқори бўлган муҳим йўналишлар бўйича қайта кўриб чиқилади, ўқув режалари ва дастурлар, талабаларнинг билимини баҳолаш тизими халқаро стандартларга мослаштирилади, 11 та тиббиёт олийгоҳида алоҳида ўқув марказлари ташкил этилиб, улар замонавий симуляторлар билан жиҳозланади. Бунинг учун 250 миллиард сўм йўналтирилади.

Бундан ташқари, тиббиёт олийгоҳларининг магистратура босқичида ва бакалавриатнинг 5-6-курсларида ўқиётган талабаларга йўлланма асосида бирламчи ва тез ёрдам тизимида шифокор бўлиб ишлашга рухсат берилади. Бу орқали ҳар йили 7 мингга яқин талаба иш ҳақи олиб, таълимни амалиёт билан бирга олиб бориш имконига эга бўлади.

Амалиёт даврида йўналишини ўзгартиришга қарор қилган талабаларга ўқишни бошқа турдош мутахассисликлар бўйича давом эттиришга рухсат берилади.

Шу билан бирга, соҳа учун илғор медицинани чуқур тушунадиган, ахборот технологиялари ва чет тилларини яхши биладиган, бошқарув қобилиятига эга бўлган замонавий тиббиёт менежерларини тайёрлашга алоҳида эътибор қаратамиз.

Яна бир муҳим масала – хориждан нуфузли мутахассислар жалб қилиниб, тиббиёт соҳасида малака ошириш тизими мутлақо янги ёндашувлар асосида тўлиқ ўзгаради. Бунда 11 та тиббиёт олийгоҳида малака ошириш ва қайта тайёрлаш факультетлари, 23 та ихтисослашган марказларда махсус ўқув курслари ташкил этилади.

Шунингдек, йирик ва нуфузли хусусий шифохоналарда тиббиёт олийгоҳларининг клиник базалари ташкил этилиб, уларга ҳам шифокор ва ҳамширалар малакасини ошириш ҳамда қайта тайёрлашга рухсат берилади.

Шу муносабат билан Республика тиббий ходимлар касбий малакасини ривожлантириш ҳамда Ўрта тиббиёт ходимлари малакасини ошириш марказлари фаолияти тўлиқ қайта кўриб чиқилади. Бу ташкилотлар энди фақат замонавий методикаларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш билан шуғулланади.

Шу билан бирга, шифокорларнинг малака тоифасини олиш муддатлари қайта кўриб чиқилади. Бунда тоифасиз ходимлардан талаб этиладиган иш стажи 5 йилдан 3 йилга, биринчи тоифага – 7 йилдан 5 йилга, олий тоифага – 10 йилдан 7 йилга қисқаради.

Айтиш жоизки, бизда ҳамшира деганда кўз олдимизга фақат “укол” қилишни биладиган тиббиёт ходимлари келади. Лекин соғлиқни сақлаш тизими ривожланган мамлакатларда ўрта тиббиёт ходимларининг билим даражаси, малакаси ва масъулияти врачлардан кам эмас. Бизда эса ҳамма масъулият шифокорлар зиммасида қолиб кетган. Шу боис тизимда врачлар етишмайди. Ўрта тиббиёт ходимлари сони эса эҳтиёждан ортиқ даражада, яъни сони кўп, хизмат сифати паст.

Мисол учун, 2022 йилда – 20 минг нафар, 2023 йилда – 34 минг нафар ёшлар тиббиёт коллежи ва техникумларини тугатади. Лекин соҳада ўрта тиббиёт ходимларига бўлган эҳтиёж йилига ўртача 10 минг нафарни ташкил этади, холос.

Бу масалани тўғри ҳал этиш учун ўтган йили оилавий шифокорларнинг 60 дан зиёд функциясидан 25 тасини ҳамшираларга ўтказиш, бунинг учун уларни ўқитиш тизимини қайта кўриб чиқиш бўйича қарор қабул қилган эдик. Лекин 11 та тиббиёт олийгоҳи ва 27 та тиббиёт коллежи ҳамда 47 та техникум бир-биридан ажраган ҳолда фаолият юритиб келгани сабабли ўрта тиббиёт ходимларини тайёрлашда сифат ўзгармаяпти. Шу боис ўрта тиббиёт ходимларини тайёрлаш тизими ҳам қайта кўриб чиқилиб, тиббиёт коллежлари ва техникумлари трансформация қилинади. Бунда хорижий ҳамкорлар билан халқаро илғор тажриба асосида ҳамшираларни тайёрлашнинг янги мактаби яратилади.

Оддий қилиб айтганда, жарроҳлик амалиётидан кейинги муҳим жараён, яъни беморнинг “оёққа туриши” учун (интенсив терапия ва реабилитация) барча даволаш ишларини бажара оладиган малакали ҳамшираларни тайёрлаш тизими йўлга қўйилади.

Энди барча тиббиёт коллежлари ва техникумлари олий таълим муассасаларига бириктирилади. Олийгоҳлар таълим ва амалиёт сифати учун бевосита масъул бўлади. Тиббиёт олийгоҳларининг клиникалари, республика тиббиёт марказлари, уларнинг филиаллари ва шифохоналар тиббиёт коллежлари ва техникумлари учун клиник база бўлиб хизмат қилади.

Олий таълим муассасаларининг барча кафедралари ўз йўналишида коллеж ва техникумларга замонавий ўқитиш методикаси ва технологияларини ўргатади, муаллимлар ва ўқувчиларнинг билимини ҳаққоний баҳолаб боради. Бунда коллеж ва техникумларнинг иқтидорли ўқувчиларини саралаб, уларни келгусида олий таълим муассасаларида ўқишини давом эттиришига шароит яратилади.

Олтинчи йўналиш – шифокорларнинг энг муҳим ва олижаноб вазифаси – бу албатта касалликни даволаш, шу тариқа инсонларнинг дардига малҳам бўлиш ҳисобланади.

Шу билан бирга, мен сизлардан соғлом турмуш тарзи орқали касалликнинг олдини олишга кўпроқ эътибор беришингизни сўрайман. Чунки, жисмоний машқлар билан мунтазам шуғулланадиган одам ҳеч қандай давога муҳтож бўлмайди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, инсон саломатлиги 19 фоиз – ташқи муҳитга, 20 фоиз – генетик омилларга, 9 фоиз – соғлиқни сақлашни ташкил этиш ва 52 фоиз турмуш тарзига боғлиқ.

Саломатлигимиз асосан ўз қўлимизда экан, жамиятда соғлом турмуш маданиятини янада оширишимиз зарур.

Ушбу масала бўйича алоҳида дастурни амалга оширишни бошлаганимиздан хабардорсиз.

Афсуски, тўғри овқатланмаслик ва ҳаракатсизлик оқибатида бугунги кунда аҳолимизнинг 75 фоизида ортиқча вазн борлиги, 30 фоизида эса холестерин ва қон босими юқори экани барчамизни ўйлантириши керак. Шунинг учун жорий йилдан бошлаб 17 мингдан зиёд тиббий бригада, 2 мингдан ортиқ оилавий шифокор пунктлари ва поликлиникаларнинг иш самарадорлигини баҳолаш бўйича рейтинг тизими жорий қилинади.

Рейтинг дегани шуки, энди тиббиёт ходимлари ўз ҳудудида аҳоли соғлиғини сақлаш ва касалликларнинг олдини олиш бўйича ўзига мажбурият олади. Бунда ортиқча вазнга йўл қўймаслик, тўғри овқатланишга амал қилиш, жисмоний фаолликни ошириш, зарарли одатлардан воз кечиш ва уларнинг натижасида келиб чиқадиган инфаркт, инсульт, қандли диабет, онкология каби касалликларнинг олдини олиш кўрсаткичлари асосий мезон сифатида белгиланади.

Ижобий кўрсаткичларга эришган тиббиёт ходимлари ҳар чоракда мукофотланади, йил якунида эса ҳар бир вилоятда энг яхши натижа кўрсатган поликлиникага мукофот ва совғалар берилади. Бу тажрибани жорий йилда пойтахтимизнинг Олмазор туманидаги 11 та ҳамда Наманган вилоятининг Уйчи туманидаги 12 та оилавий шифокор пункти ва поликлиникаларда бошлаймиз. Ушбу тажриба якуни бўйича бу янги тизимни 2023 йилдан бошлаб барча ҳудудларда жорий этиш юзасидан тегишли қарор қабул қилинади.

Ўз маҳалласида соғлом турмуш тарзини туну кун тарғиб қилган, бу борада шахсий намуна бўлган тиббиёт ходимлари ва жамоатчилик вакиллари учун алоҳида “Халқ саломатлиги посбони” кўкрак нишони таъсис этилади.

Еттинчи йўналиш – соғлиқни сақлаш тизими асосан касалликларни даволашга эмас, энг аввало, уларнинг олдини олишга қаратилган бўлиши зарур.

Аслида, жаҳон тиббиётида касалликлар профилактикаси – энг устувор йўналиш ҳисобланади. Бу борада Сирдарёда бошланган тажриба тиббиёт соҳасидаги кўплаб камчиликларни очиб берди. Вилоятдаги туман ва шаҳар шифохоналарида турли асаб касалликлари, сурункали бронхит, остеохондроз каби дарди бор беморлар стационар шароитда даволанмоқда. Ваҳоланки, улар туну кун шифокор назоратига муҳтож эмас.

Сирдарёдаги шифохоналарда ётган беморларнинг 30-40 фоизини амбулатор шароитда даволаш мумкин. Бу – касалхоналарнинг самарасиз харажатларини 40 фоизга қисқартириш имконини беради.

Шунингдек, бирламчи бўғинда маблағларнинг асосий қисми иш ҳақига сарфланиб, тиббий ёрдам кўрсатишга атиги 10 фоизи қолмоқда. Шу боис Гулистон шаҳридаги Республика шошилинч ёрдам илмий маркази филиали ва вилоят кўп тармоқли шифохонасини, унга туташ ёки унинг атрофида жойлашган 10 га яқин тор соҳадаги тиббиёт муассасаларини ягона кластерга бирлаштиришга қарор қилдик.

Бошқа ҳудудларда ҳам соғлиқни сақлаш инфратузилмасини пухта ўрганган ҳолда, бир йўналишдаги шифохоналардан воз кечиб, мавжуд шифохоналар негизида кўп тармоқли клиникалар ташкил этилади.

Бундан буён тиббиёт тизими “маблағни бевосита беморга сарфлаш” деган тамойил асосида молиялаштиришга ўтказилади.

Шунингдек, йил якунига қадар Сирдарёда тиббий суғурта тизимини тўлиқ йўлга қўйиб, келгуси йилларда барча ҳудудларда жорий этамиз. Шу билан бирга, бутун мамлакатимизда амал қиладиган ягона клиник протоколлар, кўрсатма ва стандартлар ишлаб чиқилади.

Тиббиёт соҳасида ягона тиббий маълумотлар базаси – “электрон соғлиқни сақлаш” ахборот тизими яратилади.

Тиббий-иқтисодий, статистик ва аналитик таҳлилларни ўтказиш имконини берадиган Миллий тизим жорий этилади.

Шу билан бирга, илғор хорижий тажриба асосида клиникаларни эмас, шифокорларни лицензиялаш тизимига босқичма-босқич ўтишимиз керак. Бу тизим йўлга қўйилса, тиббиёт ходимларини малака оширишга мажбурий юбориш талаб этилмайди. Балки улар ўз устида доимий ишлаб, тажрибасини оширишдан ўзлари бевосита манфаатдор бўлади.

Умуман, соҳадаги ислоҳотларни режали ва изчил давом эттириш мақсадида Жаҳон банки экспертлари билан бирга 1 октябрга қадар 7 та асосий йўналишни ҳам ўз ичига олган Соғлиқни сақлаш стратегияси ишлаб чиқилади.

Ҳурматли анжуман қатнашчилари!

Ўрни келганда, тиббиёт ходимларининг маънавияти, ахлоқ-одоби масаласига ҳам тўхталиб ўтмоқчиман.

Албатта, соҳа мутахассислари ўз касбини чуқур билиши шарт. Лекин, ҳар томонлама етук шифокор бўлиш учун бунинг ўзи етарли эмас. Шунинг учун тиббий таълим тизимига “Тиббиёт ходимларининг маънавий-ахлоқий қиёфаси” номли махсус курсни жорий этиш лозим.

Фурсатдан фойдаланиб, ижодкор зиёлиларимиз эътиборини бир масалага қаратишни истардим. Биз пандемия шароитида шифокорларимизнинг ўз касбига, муқаддас қасамёдига садоқати ва фидойилигига такрор ва такрор гувоҳ бўлмоқдамиз. Бунинг учун уларга барчамиз ва халқимиз номидан яна бир бор раҳмат айтамиз. Аммо эл-юрт орасида ҳурмат қозонган, чинакам матонат ва жасорат соҳиби бўлган шифокорлар образи тараннум этилган бадиий асарлар етарлича яратилмаяпти. Жонкуяр тиббиёт ходимларининг машаққатли ва шарафли фаолияти тасвирланган бадиий, саҳна ва кино асарлари, сериалларни кўпайтириш зарур, деб ўйлайман.

Муҳтарам дўстлар!

Бугунги очиқ мулоқотга тайёргарлик жараёнида келиб тушган муаммоларнинг ечимлари ва сизларнинг бугунги таклифларингиз бўйича қисқа муддатда қарорлар қабул қилинади. Уларда барча муҳим таклиф ва ташаббуслар, шунингдек, бугун билдириладиган фикр-мулоҳазалар ҳам ўз аксини топади. Бу мақсадлар учун 2022 йилда бюджетдан соҳага ажратилган 24 триллион сўмга қўшимча 3,2 триллион сўм бериш бўйича ҳисоб-китоблар қилинган.

Барчангиз тушунасиз, ҳозир дунёда содир бўлаётган мураккаб вазиятда соғлиқни сақлаш тизими учун бундай катта маблағларни излаб топиш албатта осон бўлаётгани йўқ. Биз халқимиз саломатлиги учун ҳар қанча маблағ ва куч-имконият сарфлашга тайёрмиз. Шахсан мен учун халқимиз саломатлиги ҳамма нарсадан устун ва қадрли.

Лекин тиббиёт соҳасига қаратилаётган эътибордан тўғри ва самарали фойдалана олаяпмизми? Мана шу савол мени кўп ўйлантиради. Бу савол сизларни ҳам қийнаши керак. Соҳа раҳбарлари ажратилаётган ҳар бир сўмнинг қадрига етиши, уларнинг самарасини барча одамларимиз ўз ҳаётида ҳис этиши лозим.

Бугунги кунда барча жабҳаларда, жумладан, тиббиёт соҳасида ҳам ҳар куни беқиёс илмий янгиликлар кашф этилаётгани, даволаш иши бўйича қандай янги технологиялар ва методикалар пайдо бўлаётганини ҳаммангиз кўриб-билиб турибсиз. Бинобарин, жаҳон илм-фани ва тараққиёти шиддат билан ривожланаётган ҳозирги мураккаб замонда кечаги билим ва тажриба билан узоққа бориб бўлмайди. Мана шундай кескин рақобат шароитида доимий ўқиш, изланиш, янгиликка интилиш – бу ҳар бир тиббиёт ходимининг масъулиятли бурчи, керак бўлса, ҳаёт мақсадига айланиши шарт.

Шу ўринда ўзимизга бир савол берайлик: Ибн Сино бобомиз қандай қилиб, ниманинг ҳисобидан буюк шифокор бўлди? Албатта, ноёб истеъдоди, беқиёс ақл-заковати билан. Лекин шунинг ўзи етарлимиди?

Маълумки, улуғ табиб Бухоро ҳукмдорини оғир дарддан даволайди. Шунда амир унга катта мол-дунё ва амал таклиф қилади. Ибн Сино бобомиз эса уларнинг барчасидан воз кечиб, фақатгина сарой кутубхонасидаги китоблардан фойдаланиш учун ижозат сўрайди. Ана шу китобларни ўқиб, ўз устида тинимсиз ишлаб, буюк аждодимиз оламшумул шуҳрат қозонади.

Такрор айтаман, тараққиёт ва юксалишга фақат илм, фақат таълим ва тарбия, фақат китоб орқали эришиш мумкин.

Мана шундай мисоллар барча тиббиёт ходимлари, айниқса, ёш врач ва ҳамширалар учун юксак ибрат намунаси бўлиб хизмат қилиши лозим.

Тиббиёт аҳли орасида касбий ҳалоллик ва поклик муҳитини мустаҳкамлаш, коррупция балосидан бутунлай қутулиш учун барчамиз – врач ва ҳамширалар ҳам, беморлар ҳам, раҳбар ва мутасаддилар ҳам биргаликда ҳаракат қилишимиз керак.

Шифокорнинг нафақат устидаги халати, энг аввало, кўнгли ҳам, қўли ҳам пок бўлиши лозим.

Унутманг, давлат тиббиёт тизимини ривожлантириш, соҳа ходимларини қўллаб-қувватлаш учун шунча катта маблағ ва ресурсларни сафарбар этаётган экан, энди бу борада ҳар қандай қонун бузилишларига, тамагирлик ва порахўрлик кўринишларига қарши қатъий кураш олиб боради.

Беморларни фақат дори билан эмас, балки меҳр билан, ақл билан даволаш ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Минг афсуски, соғлиқни сақлаш муассасаларида айрим шифокорларнинг аҳоли билан қўпол муомалада бўлиши, одамларни менсимаслик, ўз вазифасини суиистеъмол қилиши каби салбий ҳолатлар ҳамон учраб турибди. Бундай вазиятни ўзгартириш учун, аввало, тиббиёт ходимларининг маънавий дунёсини, беморлар билан мулоқот маданиятини юксалтириш зарур.

Донишманд адиблардан бирининг чуқур маъноли гапи бор: “Инсоннинг ҳамма нарсаси – қиёфаси ҳам, либоси ҳам, қалби ва фикри ҳам гўзал бўлиши керак”. Ўйлайманки, бу сўзлар авваламбор сизларга – тиббиёт аҳлига қарата айтилган.

Шахсан мен Президент сифатида сизларнинг машаққатли меҳнатингизни юксак қадрлайман. Қолаверса, шифокорнинг фарзанди бўлганимдан ғурурланаман. Шу сабабли барча тиббиёт ходимлари жамиятимизнинг энг маданиятли қатлами, зиёлиларимизнинг пешқадам вакиллари бўлишларини орзу қиламан.

Сизлар ана шундай юксак мақомга албатта муносибсиз.

Сизларни театр ва музейларда, концерт заллари ва кутубхоналарда янада кўпроқ кўришни истайман. Шу мақсадда республикамиз тиббиёт ходимларини давлат ҳисобидан театр ва концертларга бепул олиб бориш тизими ташкил этилади.

Халқимиз саломатлигини мустаҳкамлаш, миллий генофондимизни асрашда оналик ва болалик ҳамда оилани муҳофаза қилиш, ҳар томонлама баркамол авлодни вояга етказиш – бизнинг устувор вазифамиздир.

Бу борада, аввало, эртага она бўладиган ёш қизларимизга оилавий турмуш асосларини, бола парвариши ва тарбиясини ўргатиш бўйича ҳам ҳали кўп иш қилишимиз керак.

Ҳар қандай соҳа, жумладан, тиббиёт тизимининг эртанги ривожи ҳам ёшларга боғлиқ эканини ҳаммамиз яхши биламиз. Шу мақсадда соғлиқни сақлаш соҳасига кириб келаётган ёш шифокор ва ҳамшираларга кенг йўл очиб бериш, амалда ўзини оқлаган устоз-шогирд анъаналарини давом эттиришни бугун ҳаётнинг ўзи талаб этмоқда.

Маълумки, нафақат қадимги тарихда, балки яқин ўтмишда ҳам мамлакатимизда Восит Воҳидов, Ўктам Орипов, Ёлқин Тўрақулов каби машҳур шифокорлар ўз мактабларини яратганини ёши улуғ инсонлар яхши биладилар.

Бугунги кунда шифокорларимиз орасида Ўзбекистон Қаҳрамонлари, академиклар, кўплаб фан докторлари ва профессорлар бор. Улар ҳам ўзларининг илмий, тиббий-амалий мактабларига асос соладилар, деб ишонамиз. Бунинг учун қандай шароит ва имкониятлар керак бўлса, давлатимиз барчасини яратиб беришга тайёр эканини яна бир бор таъкидлайман.

Ҳурматли анжуман иштирокчилари!

Бугунги очиқ мулоқот, унда билдирилган аччиқ, аммо ҳаққоний ва холис фикрлар барчамиз учун ҳар томонлама фойдали бўлди, десак, тўғри бўлади.

Сизлар билан мана шундай янгича шаклда тиббиёт соҳасидаги муаммо ва камчиликлар, устувор вазифалар ҳақида батафсил фикрлашиб олдик. Кўпгина масалаларни ҳал этиш бўйича амалий ечимларни топдик. Уларни бажариш учун, ҳеч шубҳасиз, шифокорларнинг ўз устида ишлаши, иш услуби ва дунёқарашини ўзгартириши, замонавий билим ва кўникмаларни ўзлаштириб бориши, масъулияти ва жавобгарлиги ҳал қилувчи аҳамиятга эга.

Олдимизда турган бундай улкан ва долзарб вазифаларни амалга оширишда лоқайдлик, бепарволик ва сусткашликка йўл қўйишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Чунки гап инсон ҳаёти, инсон саломатлигини асрашдек ҳал қилувчи масала устида бормоқда. Ишонаманки, Ўзбекистон тиббиёт ходимлари бунга албатта қодир. Сизлар пандемия давридаги оғир шароитда халқимиз соғлиғини асраб қолиш учун чинакам қаҳрамонлик ва жасорат кўрсатганингиз бунинг яққол исботидир. Буни нафақат халқимиз, балки жаҳон ҳамжамияти ҳам эътироф этмоқда.

Ўйлайманки, бугунги анжуман мамлакатимизнинг тиббиёт соҳасини ривожлантириш йўлида туб бурилиш бўлиб хизмат қилади.

Айни вақтда аҳолимизнинг соғлиғини сақлашдек ғоят муҳим, таъбир жоиз бўлса, ҳаёт-мамот масаласини фақат биргина вазирликнинг зиммасига юклаб, қолганлар томошабин бўлиб четда турмаслигимиз керак. Бу барча соҳа раҳбарлари, ҳокимлар ва вазирлар, депутат ва сенаторларнинг, кенг жамоатчилик, бир сўз билан айтганда, ўзини шу юрт тақдирига дахлдор деб билган ҳар бир инсоннинг вазифаси ва бурчига айланиши шарт.

Азиз шифокорлар!

Ишончим комилки, бутун дунёда “тиб илмининг султони” деб шуҳрат қозонган буюк Ибн Синонинг ворислари бўлган сиз, азизлар билан бирга Янги Ўзбекистоннинг кучли ва самарали тиббиёт тизимини шакллантиришдек олдимизда турган улуғвор вазифани албатта муваффақият билан адо этамиз.

Барчангизни кириб келаётган Наврўз айёми билан чин дилдан табриклаб, эзгу ва хайрли ишларингизда ҳамиша ютуқ ва зафарлар ёр бўлишини тилайман.

Tegishli xabarlar

Ҳошим Арслонов: “Фариштага айланиб, учиб кетаман… ”

admin

САЙЛОВ ҚОНУНЧИЛИГИ янада халқчил ва демократик нормалар билан бойитилмоқда

admin

Ҳақиқатни аниқлашда гувоҳ кўрсатмаларининг аҳамияти

admin