ADOLAT 24

Талабалар учун янги имкониятлар

Мамлакат тараққиётини таъминловчи стратегия ва мақсадларни самарали амалга ошириш, фақат ва фақат замонавий фикрлайдиган, ўз соҳасининг етук мутахассиси бўлган кадрларга боғлиқ. Шу боис мамлакатимизда таълим соҳасини ислоҳ қилиш орқали инсон капиталини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Сабаби, ривожланиш босқичини самарали босиб ўтган мамлакатларнинг 64 фоизи айнан инсон капитали сифатига, жумладан, аҳоли томонидан ишлаб чиқариш жараёни ва кундалик ҳаётда самарали ечимларни топиш учун тўп­ланган билим ва кўникмаларга боғлиқ бўлган.

Бунда узлуксиз таълим тизимининг якуний босқичи бўлган олий таълим тизими муҳим аҳамиятга эга. Сўнгги беш йилда юртимизда фаолият кўрсатаётган олий таълим муассасалари сони ҳамда қамров даражаси уч баробарга ошди. Ҳозирги кунда олийгоҳларимизда 510 минг нафар талаба кундузги таълим шаклида, 300 мингдан ортиқ талаба эса сиртқи ва кечки таълимда таҳсил олмоқда. Шундан 7,5 мингтаси чин етим ёки ногиронлиги бўлганлар, 4,5 мингтаси турли “дафтарлар”га киритилган оилаларга мансуб талабалардир.

Албатта, олий таълим сони ва қамровини ошириш борасидаги ишлар тизимли давом эттирилмоқда. Жумладан, 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси доирасида ёшларнинг олий таълим билан қамров даражасини 50 фоизга етказиш, ОТМлар сонини 200 тага, шундан 10 та салоҳиятли ОТМларни QS ва THE халқаро рейтингларига киритиш мақсад қилинган. Кўзланган мақсад аниқ, етук замонавий фикрлаш қобилиятига эга бўлган кадрлар сони ва сифатини ошириш.

Аммо бугунги дунё тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, фақатгина таълим бериш билангина инсон капиталини ривожлантириб бўлмайди. Талабалар ўқиши жараёнида ҳар сонияда ўзгариб бораётган, соҳалар тараққиёти ва жамиятдаги ёндашувлар билан ҳамоҳанг бўлиб, бевосита ишлаб чиқариш амалиётида ҳам фаолият юритиши лозим.

Олий ўқув юртлари талабалари бандлигини таъминлаш бўйи­ча устувор вазифаларга бағишланган давлатимиз раҳбари бош­чилигидаги видеоселектор йиғилишида ишлаш истаги бўлган талабаларга таълимдан узилмаган ҳолда ишлаш имкониятини яратиб бериш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб берилди.

Таҳлиллар натижасига кўра, бугунги кунда мамлакатимиздаги соҳа ва тармоқлар кесимида талабалар ишлаши мумкин бўлган 105 мингта вакант иш ўрни мавжуд. Жумладан, таълим ва хизмат кўрсатиш соҳаларида – 22 мингта, саноатда – 17 мингта, соғлиқни сақлашда – 9 мингта, қурилиш ва қишлоқ хўжалигида – 6 мингта, молия соҳасида – 3 мингта, алоқа ва IT соҳасида – 2,5 мингта иш ўринлари бор. Шунингдек, ректорлар олийгоҳларнинг йўналишига қараб, аҳоли ва тадбиркорларга пуллик хизматлар кўрсатиб, 5 минг нафар талабага қўшимча даромад олиш имкониятини яратиши мумкин.

Бу эса минглаб тўлов шартномаси асосида ўқиб, таълим олишга қийналаётган ёшларимизга ўзлари қизиққан соҳа бўйича олий таълим олиш имкониятини яратиб беради. Натижада эртамиз эгалари бўлган ёшларимиз нафақат назарий билим ва кўникмага, шу билан бирга, амалий тажрибага ҳам эга мутахассис бўлиб етишадилар.

Йиғилишда мутасаддиларга имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда ишлашга эҳтиёжи бор талабаларга ёрдам бериб, уларнинг бандлигини таъминлаш вазифаси юклатилди. Хусусан, белгилаб берилган вазифаларни тизимли ташкил этиш учун Бош вазир раҳбарлигида респуб­лика комиссияси, вилоят ҳокимлари бошчилигида эса ҳудудларда шундай комиссиялар ташкил этилади. Комиссия вилоят ҳокимлари ва ректорлар билан бирга вакант ўринларни таҳлил қилиб, ҳар бир вилоят бўйича биринчи, иккинчи ва учинчи курс талабаларининг камида 30-40 фоизини ишга жойлаш чораларини кўради. Бундан ташқари, битирувчи курслар талабаларининг келгусидаги иш жойини белгилаб олади ва уларни ҳақ тўланадиган 3-4 ойлик стажировкага юборади.

Бугунги кунда ҳеч кимга сир эмаски, айнан иқтидорли талаба ёшлар тенгқурларига чет тилини ўргатиш, касбга йўналтириш, бизнес маҳорат дарслари каби ўқув курсларини ташкил этиб, қўшимча даромад топиш орқали тенгдош­лари ҳаётда ўз ўрнини топишларига кўмаклашмоқда. Аммо уларда доимий равишда ёшлар учун қулай бўлган жой топиш ва уни ижарага олиш муаммо эди. Шу боисдан Президентимиз олийгоҳлардаги бўш хона ва иншоотларни талабаларга бепул ажратиш орқали уларда пуллик курслар, тўгараклар ва бошқа хизматлар ҳамда ишлаб чиқариш ташкил этиш орқали иш ўринлари яратиш бўйича ҳам мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берди.

Албатта, бундай тизимнинг ишга туширилиши, бир томондан, тўгарак очиш истагидаги ёшларни жой топиш муаммосидан халос этса, иккинчи томондан, минглаб ёшларни ортиқча вақт ва маблағ сарфламасдан ўзи таҳсил олаётган олийгоҳда курсларга қатнаб билим ва малакасини ошириш имконини беради.

Музаффара АБДИЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Tegishli xabarlar

Онлайн харидда алданмаслик учун 5 та муҳим қоида

admin

Жазо сиёсатидаги енгилликлар янги жиноятлар учун йўл очаяпти(ми?)

admin

Автомактабларга лицензияни ким беради?

admin