ADOLAT 24

“АДОЛАТ”ЧИ АЁЛЛАР ҒАМХЎРЛИКДАН МИННАТДОР

Бу йилги 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни ҳар қачонгидан ҳам кўтаринки руҳда ва юқори савияда нишонланди. Байрамдан бир ҳафта аввал Президентимиз раислигида хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизимини янги босқичга кўтариш ва аёлларнинг жамиятдаги ўрнини янада юксалтириш ва мустаҳкамлаш, шунинг­дек, уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, оилавий зўравонликларнинг олдини олиш, гендер тенг­ликни қарор топтиришга қаратилган муҳим чора-тадбирлар юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди. 

7 март куни Халқаро конгресс марказида ташкил этилган тадбир ҳам кенг жамоатчиликда катта таассурот қолдирди. Тантанада иштирок этган давлатимиз раҳбари аёлларни самимий табриклаб, уларга юксак эҳтиромини билдирди. Бир гуруҳ опа-сингилларимизга фахрий унвон, орден ва медаллар топширилди, Зулфия номидаги Давлат мукофотига муносиб топилганлар ҳам тақдирландилар.

Ҳамма жойда бўлгани каби биз ишлайдиган “Адолат” СДП вилоят кенгашида ҳам Халқаро хотин-қизлар куни муносиб нишонланди. Бир пиё­­ла чой устида тадбир ташкил этилди. Унда сўзга чиққанлар юртимизда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамиятдаги мавқеи­­ни янада мустаҳкамлаш бўйи­­ча жуда кўп ишлар амалга оширилаётганлигини таъкидладилар. Бу, халқимизнинг азалий қадриятларига ва анъаналарига тўла мос келади. Қадимдан буюк аждодларимиз – саркарда ва сиёсатчилар, олиму фузалолар, шоир ва санъаткорлар ёнида ҳамиша оқила, жасур ва фидойи момоларимиз бўлишган. Уларнинг юксак ақл-заковати, теран фикр ва мулоҳазалари, Ватан равнақи ҳақида қандай қайғурганликлари тилларда дос­тон бўлган. 

Ҳозирги даврда ҳам хотин-қизларимиз мамлакат тараққиёти йўлида, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни муваффақиятли амалга ошириш мақсадида астойдил меҳнат қилмоқдалар. Улар, айниқса, таълим, тиббиёт каби бир қатор соҳаларда етакчи куч ҳисобланади. Шу билан бирга, юқорида тилга олинган видеоселектор йиғилишида ҳозиргача аёллар салмоғи кам жабҳалар борлиги қайд этилди. Ана шулардан бири давлат бошқаруви тизимидир. Президентимиз бу ҳақда сўзлаганда, айтган гаплари ёдимда муҳрланиб қолди: “Аёллар ишлаган ва раҳбарлик қилган жойларда тартиб, адолат, ҳалоллик, маданият юқори бўлиши ҳеч кимга сир эмас. Шу боис, ҳар бир вазирлик, давлат компанияси, банк ва бошқа идоралар бир-икки йил ичида ўз тизимидаги аёлларни раҳбарликка ўқитиб, камида 1 нафар ўринбосарини ҳам аёллардан қўяди”.

Бундан буён олий ўқув юртлари, тиббиёт марказларида ҳам худди шундай ёндашув бўлади. Солиқ, молия, банк, суғурта, иқтисодиёт идораларида аёллар улушини камида 30 фоизга етказиш лозим. Давлат бош­қаруви академиясида раҳбар аёлларни тайёрлаш бўйи­­ча алоҳида дастур амалга оширилади ва ҳар йили камида 100 нафар аёллар ўқитилади. 

Шундай экан, биз аёллар ҳам кўрсатилаётган ғамхўрлик­ларга амалий жавоб беришимиз даркор. Давлат ёки жамоатчилик ишидами, оиладами, фарзанд тарбиясидами, ҳамма соҳада намуна бўлишимиз талаб этилади. Бунинг учун эса билимимизни доимий ошириб боришимиз, ўқиб-ўрганишимиз зарур. 

Дилшода ТУРҒУНОВА,

Наманган вилоят кенгаши бош мутахассиси

Tegishli xabarlar

Аралаш сайлов тизими:  муҳим қоидалар ва демократик ёндашув

admin

Муаллимларга

admin

Чорак асрлик сарсонгарчилик барҳам топди

admin