ADOLAT 24

Зулфияхоним издоши

Тақдирланганлар орасида Андижон давлат тиббиёт институти талабаси, “Адолат” СДП фаоли Дурдонабегим Зайнобиддинова ҳам бор. 1997 йили зиёлилар оиласида туғилган Зулфияхонимнинг издоши чин маънода бунга муносиб. У Андижон шаҳридаги 4-мактабда ўқиб юрган вақтларидаёқ ўзининг интилувчанлиги, фанларни чуқур ўзлаштириши, ташаббускорлиги ва чаққонлиги билан тенгдошлари орасида ажралиб турарди. Қачон қараманг қўлидан китоб тушмасди. Айниқса, Ўзбекистон ва жаҳон тарихини ўрганишга қизиқиши баланд эди. Рус, инглиз ва немис тилларини болаликдан чуқур ўргангани сабаб ҳозирда уч тилда ҳам эркин мулоқот қила олади. 

Андижон тиббиёт коллежига ўқишга киргач, унинг ҳаётга қараши янада ўзгарди. Шифокор бўлиш орзусида ўз устида янада қаттиқроқ ишлай бошлади. Дадаси Сарварбекнинг айт­ганича бор, вақт унинг учун қадрли. Бўш вақт деган тушунча унга бегона. Доим янги бир ғоя устида ишлайди.

Дурдонабегим талабаликнинг биринчи йилиданоқ ўзини кўрсатди. Шу сабаб устозларининг эътиборига тушди. Фанларни аъло баҳоларга ўзлаштириш билан бирга тиббиёт соҳасида илмий изланишлар олиб борди. Ҳозирга қадар 1 та патент, 10 та рационализаторлик таклифларининг муаллифи. Қатор илмий мақолалари республика ва хорижий журналларда чоп этилди.

Ёш олима сифатида бир қатор танловларда ғолибликни қўлга киритди. Жумладан, 2018 йили Ўзбекис­тон Республикаси Фанлар академияси томонидан ўтказилган “Фан ва таълимни ривожлантиришда ёшларнинг ўрни” мавзусидаги республика конференциясида “Энг яхши инновацион ғоя” ва 2019 йили “ХХI аср – интеллектуал ёшлар асри” анжуманида “Энг яхши маъруза” номинация­­си ғолиби бўлди. 

2020 йили унинг меҳнатлари яна муносиб баҳосини топди. Андижон давлат тиббиёт институти томонидан қабул қилинган 8 та рационализаторлик таклифларига гувоҳнома берилди, Тошкент давлат стоматология институти томонидан ташкил этилган халқаро олимпиадада ҳам унга омад кулиб боқди. Ва яна қатор халқаро анжуманларда фаол иштирок этиб, ўз иқтидорини кўрсата олди.

Айни вақтда Д.Зайнобиддинова устози Ф.Икромова раҳбарлигида “Ҳомиладор аёллар қон-томир касалликларининг олдини олиш ва ҳозирги замонавий даволаш усуллари” мавзусида илмий иш олиб бормоқда. Мақсади ҳомиладор аёллардаги касалликларнинг олдини олиш орқали соғлом авлодни яратиш, тиббиётга замонавий даволаш усулларини кенг олиб киришдир. 

– Илмий изланишларим бу қадар юқори баҳоланишини кутмагандим, – дейди Дурдонабегим биз билан суҳбатда. 

– Ўтган ойда Президент стипендианти бўлдим. 8 март арафасида давлатимиз раҳбарининг қўлидан Зулфия номидаги Давлат мукофотини олиш менинг зиммамга улкан масъулият юклайди. Ўзбекистоннинг бахтли қизларидан бири сифатида қувончим чексиз. Бу барча Андижон қизларига берилган баҳо. Негаки, ютуқларимда тенгдошларимнинг ҳам ҳиссаси бор. Қолаверса, устозларим, ота-онамнинг менга бўлган ишончи натижаси бу.

Дурдонабегимнинг илмий изланишлари ҳақида қанча гапирсак оз. Бунга қўшимча спортнинг синхрон сузиш йўналишида янги марралар сари интилаётгани, хорижий тилларни ўрганиши ва гул парвариши борасида тенгдош­ларига ўрнак бўлмоқда. Орзулари бир олам тиниб-тинчимас қиз ҳали ютуқларим олдинда, дейди. Ўзбекистон спортчиларига доим ҳавас билан қарайди. Шу сабаб келажакда халқаро майдонларда юртимиз байроғини баланд кўтариш учун сузиш машғулотларида ҳам қатнашмоқда. Спорт маънавиятга ҳам ижобий таъсир кўрсатишига ишонади. Зеро, Зулфияхоним ҳаёти, маънавияти, садоқати ҳам ўзбек қизларига ҳамиша ўрнак.

Акбаржон НАЗАРОВ

Tegishli xabarlar

Журналистнинг рафиқаси бўлиш ҳам жасорат

admin

Қонундаги «тушунарсиз» модда у қандай мақсадда киритилган?

admin

Она тили умуммиллат мулкидир…

admin