ADOLAT 24

Касбида қандай муаммолар ҳал қилинмоқда?

Йилдан-йилга юртдошларимизнинг сиёсий онги, тафаккури, маданияти юксалиб бораяпти. Бу эса Янги Ўзбекистон фуқароларининг муҳим ислоҳотларга бефарқ эмасликлари нишонасидир.

Давлатимиз раҳбари томонидан халқимиз турмуш фаровонлигини ошириш учун катта ишлар амалга ошириб келинаяпти. Айниқса, Президентимизнинг ёшлар маънавиятини юксалтириш ва уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бўйича беш ташаббусни илгари сургани айни муддао бўлди. 

Мазкур ташаббусларнинг иккинчиси ёшларни жисмоний чиниқтириш, уларнинг спорт соҳасида қобилиятини намоён қилишлари учун йўналтиришга қаратилган. Депутатлик гуруҳимиз аъзолари хотин-қизлар ва ёшларнинг жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг ўтган даврида МФЙларда 290 та турли спорт мусобақалари ўтказиб, 9125 нафар фуқарони спорт билан мунтазам шуғулланишга жалб этдик. Ушбу спорт ўйинлари учун туман бюджетидан 50 000 000 сўм маблағ ажратилди. Жумладан, маҳаллалардаги “Ёшлар дафтари”га киритилган ва уюшмаган ёшлар ўртасида ўтказилган спорт мусобақаларида 11 910 000 сўм маблағ сарфланиб, 2175 нафар уюшмаган ёшлар қамраб олинди. Таълим муассасаларидаги ёшлар ўртасида уюштирилган спорт мусобақаларида 29 888 000 сўм маблағ сарфланиб, 3 210 нафар ёшлар қамраб олинган бўлса, 1 120 нафар хотин-қизлар ҳам соғломлаштириш тадбирларига жалб этилиб, мусобақаларга 8 202 000 сўм пул ажратилди. 

Депутатлик гуруҳимиз аъзолари 2021-2022 йилларда Президентимизнинг 3-7 ёшли болаларни мактаб­гача таълим муассасаларига кенг қамраб олиш юзасидан берган кўрсатмаларига асосан туманимизда аҳоли ўртасида тушунтириш ишларини олиб бордик. Халқ депутатлари туман Кенгашидаги “Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа инс­титутлари билан ҳамкорликда ишлаш масалалари бўйича доимий комиссия”нинг ўтган йил февраль ойидаги йиғилишида туман мактабгача таълим бўлими бошлиғи А.Янгибоев ахборотини эшитиб, ҳақиқатдан ҳам 3-7 ёшли болаларни боғчаларга қамраб олиш қониқарсиз ҳолатда эканлигини аниқладик. Ўтган вақт мобайнида депутатларимиз саъй-ҳаракати билан туманимизда мактабгача таълим муассасалари сони 24 тадан 159 тага кўпайди. 2017 йилда боғчаларга жами 2041 нафар ўғил-қизлар қатнаган бўлса, бугунга келиб улар сони 8 538 нафарга ошди. Бу жами туманимиздаги 3-7 ёшли 17 356 нафар боланинг атиги 49,2 фоизини ташкил этади. Биз туман бюджети ва тадбиркорлар ҳисобига янги боғчаларни ишга тушириб, шу йил охиригача 3-7 ёшли фарзандларимизнинг камида 70 фоизини мактабгача таълим муассасаларига қамраб олиш чораларини кўраяп­миз. 

Президентимиз аҳолининг ҳар бир мурожаатига эътибор қаратиш, муаммонинг ечимини топиб, норози кайфиятда юрган фуқароларни жамият ва давлатдан рози қилишга алоҳида эъти­бор қаратаяпти. 2022 йил 16 январь куни депутатлик гуруҳимиз ташаббуси билан халқ депутатлари туман Кенгашидаги “Таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, спорт ва ижтимоий ҳимоя масалалари бўйича доимий комиссия” йиғилишида туман халқ қабулхонаси мудири А.Ураловнинг ахборотини эшитдик. Унинг маълум қилишича, ўтган йили Президент Виртуал қабулхонасига жисмоний ва юридик шахс­лардан 7 760 та мурожаат келиб тушган. Бу ўтган йилга нисбатан мурожаатлар 2180 тага кўпайганини кўрсатади. Ушбу мурожаатларнинг 6656 таси қаноатлантирилган, 2432 тасига ҳуқуқий маслаҳат ва маълумот бериш орқали ҳал қилинган. 

Таъкидлаш керакки, айрим сектор раҳбарлари, ташкилотлар масъуллари томонидан айрим ҳолатларда амалдаги қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ иш ташкил қилинмаганлиги, мурожаатларни кўриб чиқиш жараёнига эътиборсизлик билан ёндашилганлиги, муаммонинг келиб чиқишига сабаб бўлаётган омиллар чуқур таҳлил қилинмаганлиги ва умумлаштирилмаганлиги оқибатида кўпгина соҳалар бўйича мурожаатлар сони ортиб бораяпти. Биз бундан тегишли хулоса чиқариб, энг аввало, одамлар билан кўпроқ юзма-юз мулоқотда бўлиб, уларни қийнаб келаётган муаммоларни ўз вақтида бартараф этишга эътибор қаратмоқдамиз. Шу билан бирга, мутасадди раҳбарларнинг ҳуқуқий онги, маданиятини ошириш учун тушунтириш ишларини кучайтирдик. Депутатлик гуруҳимиз йиғилиш­ларида ҳар бир мутасадди соҳа раҳбарининг ҳисоботини эшитиб, фаолиятига ҳуқуқий, холисона баҳо бериб бораяпмиз.

Депутатлик гуруҳимиз аъзоси Аббос Ҳасановнинг шу кеча-кундуздаги фаолияти сайловчиларни мамнун этаяпти. Депутат “Жизза” МФЙ хонадонларида бўлиб, аҳоли билан юзма-юз мулоқот уюштирганида Фарғона ахборот технологиялари олийгоҳининг 2-босқичида таълим олаётган Бекзод Фармонов оилавий аҳволи ночорлиги учун контракт пулини тўлашда муаммо бўлаётганлигини билдирди. Депутат Аббос Ҳасанов унга ёрдам қўлини чўзиб, шартнома пулини тўлашга ёрдам берди. Шу йилнинг январь ойи­­да маҳалланинг “Янги ҳаёт” кўчасидаги 450 метрли лой йўлга депутат ёрдами билан шағал ётқизилди. Хонадонбай ўрганишда Гулбаҳор Жумаева, Маҳбуба Сафарова, Муяссар Мус­тарова, Шаҳноза Шомуродова, Ҳусан Шодиев, Жуманазар Бегалов ва Муаттар Очиловаларнинг бетоблиги аниқланиб, уларнинг даволаниши учун Аббос Ҳасанов томонидан тиббий ордер олиб берилди. 

Депутат Сайёра Юсупова ташаб­буси билан туманимиздаги ўн бешдан ортиқ маҳаллада “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида белгиланган манзил ва йўл ёқаларида мевали ва манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилаяпти. Унинг бевосита бош-қош бўлаётгани, одамларнинг яшил бойлигимизни кўпайтириб, келажак авлодларга обод Ватан қолдириш борасидаги елиб-югуришлари боис 1800 туп ниҳол экилди. Бундан ташқари, депутат ёшларнинг маънавиятини, китоб­­га бўлган меҳрини ошириш мақсадида куни кеча 11-умумий ўрта таълим мактаби ўқувчилари ўртасида “Ёш китобхон” кўрик-танловини ташкил этди. Ушбу тадбир билимга чанқоқ ёшлар иштироки билан ҳақиқий байрамга айланиб кетди. 

Депутатлик гуруҳимиз аъзоси Дилафруз Набиева эса шу йил 15 февраль куни туман ёшлари ўртасида “Соғлом танда – соғлом ақл” шиори остида спортнинг волейбол, футбол, шахмат-шашка турлари бўйича депутат кубоги мусобақасини ташкил этди. Унда туман маркази ва маҳаллаларидаги 600 нафардан зиёд ёшлар иштирок этди. Спорт мусобақаларида фахрли ўринни эгаллаган жамоалар ҳомийлар томонидан рағбатлантирилди.

Шунингдек, депутат “Қамаши” МФЙ аҳолиси билан учрашганда Меҳридил Мавсумова бандлигини таъминлашда ёрдам сўради. Депутат кўмаги билан фуқаро Меҳридил Мавсумова жорий йилнинг 1 февралидан тумандаги 8-оилавий поликлиникага ишга жойлашди. Шунингдек, депутат ёлғиз аёл Хуршида Итолованинг хаста ўғлини даволатишга моддий ёрдам кўрсатди. Маҳаллада депутат ташаббуси билан жорий йилнинг ўтган кунларида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга оширишга ҳисса қўшиш мақсадида 1603 туп кўчат экилди. Маҳалладаги “Ёш адолатчилар” қаноти ёшлари ташаб­буси билан эса “Адолат боғи” барпо этилди. 

Депутатнинг энг катта душмани эъти­борсизлик, лоқайдлик, воқелик­лардан ўз вақтида огоҳ бўлмасликдир. Президентимиз ҳам бу ҳақда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш юзасидан ўтказилган видеоселекторда алоҳида қайд этиб ўтди. Дарҳақиқат, масъул раҳбарларнинг ўз лавозимини суиистеъмол қилиши, ишга масъулиятсизлик билан қараши ва ўзибўларчиликнинг чуқур томир отишида депутатлар ҳамда фаолларнинг лоқайдлиги ҳам иллатнинг кўпайишига сабаб бўлаётир. Президентимиз алоҳида эътироф этганидек, биз, халқ вакиллари Янги Ўзбекистон тараққиёти учун куюнишимиз, ўзимизни қийнашимиз, нохуш вазиятга олиб келувчи сабабларни таҳлил қилиб боришимиз зарур. 

Ҳуқуқий демократик, юксак тараққий этган Янги Ўзбекистонни бунёд этиш истаги билан яшаётган эканмиз, ҳар биримиз амалга оширилаётган ислоҳотларда фаол иштирок этишимиз лозим.

Алимардон Шоҳимардонов, 

халқ депутатлари Касби туман Кенгашидаги “Адолат” СДП 

депутатлик гуруҳи раҳбари 

Tegishli xabarlar

ТИНЧЛИК, ХАВФСИЗЛИК, БАРҚАРОРЛИК ВА ГЕНДЕР ТЕНГЛИК янги имзоланган қонун ана шу мақсадда қабул қилинди

admin

Онлайн харидда алданмаслик учун 5 та муҳим қоида

admin

ХАЛҚ ТАЪЛИМИНИ РИВОЖЛАНТИРИШГА ОИД ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА

admin